Бошқа йўл йўқ-ку!
ХХI аср — ахборот технологиялари асри. Хўш, замонавийлик деганда, ҳақиқатан ҳам телевизор, телефон, компьютер, интернет олами ва турли электрон ўйинларига муккасидан кетиш тушуниладими? Боласи йиғлаган вақтда унга егулик ва меҳр бериб, тарихимиз, қадрият, урф-одатларимиз ҳақида эртаклар айтиб бериш ўрнига, уни “овутиш” мақсадида телефон бериб қўйган “ОНА”лар замонавий инсонлар ҳисобланишадими? Биз бугун кимларни тарбия қилишни хоҳлаймиз? Келажак авлодни ватанпарвар, ўз тарихи билан фахрланадиган, миллий қадриятларини ҳимоя қиладиган кишилар бўлиб етишувини хоҳлаяпмиз-у, лекин уларга бизнинг урф-одат, қадриятларимиз нималарда акс этишини ўргатишга келганда эса… “ортиқча вақтимиз йўқ”.
Узр, лекин баъзи инсонларнинг шу ҳолатини денгиз тошбақаларига ўхшатаман. Денгиз тошбақалари бир оролга чиқиб тухумларини қўйишаркан ва ушбу қирғоққа қайтишмас экан. Митти тошбақачалар кўзларини очиши биланоқ ҳаёт синовларига дуч келишади, денгизгача етиб боришлари керак. Телевизорда кўргандим. Ажойиботлар олами ҳақидаги кўрсатувдан. Тухумдан чиққан жажжи тошбақаларнинг кўпи денгизга — халоскор ҳаётга етиб боришолмайди. Чунки денгиз қирғоғидан уммонгача анча масофа бор. Етиб боргунларича уларни ов қиладиган қушлар бор… Шу боисдан ҳам уларнинг кўпчилиги бу дунёни жуда эрта тарк этишади. Биз ҳам том маънода ёшларнинг дунёдан ажралиб қолишига, маънавий жиҳатдан ҳалок бўлишига билиб-билмай эътиборсиз, лоқайд яшаётганга ўхшаймиз.
Болалик. Эрта тонгдан оналаримиз пиширган тухум, сутли қуймоқ каби нонуштанинг ёқимли исидан уйғониб, апил-тапил овқатланиб кўчага қараб югуриш. Чиллак, ҳаппак, солай-солай, варрак учириш, мерганлик ўйинларидан тортиб қувлашмачоқ, арғимчоқ учиш, ўртага туш ва коптокли ўйинлардан сўнг, кеч тушгач, беркинмачоқ ўйинларини ўйнаб бўлишгандагина оналарининг қистовлари-ю оталарининг дашномлари билан уйга кириш. Бир кунда барча ўйинларни ўйнаб улгурганларини ота-оналарига мақтаниш. Болалик, беғуборлик табиатнинг болалар учун ҳадя этган ажиб туҳфасидир. Уни замонавийлик ниқоби остига беркитиб йўқ бўлиб кетишига йўл қўймайлик, азиз ота-оналар, катталар, дея ҳайқиргим келади.
Ҳа, халқимизда “бола бўлса, шўх бўлсин!”, “болалигим — пошшолигим” деган нақллар, гаплар бор. Лекин болалик фақат ўйинқароқликдан иборат эмас. Айтишларича, одам боласи 7 ёшгача ўргангани бутун умри давомида асосий пойдевор вазифасини ўтар экан. Демак, фарзанд тарбияси, болага бўлган муносабат, эътибор жуда муҳим.
Бироқ… боланинг қўлига у 6 ойлик бўлганидан телефон тутқазиб қўйиш, унинг хархашасидан қутулиш учун бола айтган нарсани сотиб олиб бериш билан муаммо ҳал бўлмас. Аксинча, ўйин ҳам, эркалатиш ҳам, қаттиққўллик ҳам ўз меъёрида бўлсин экан.
Яшириб нима қиламиз, бугун аксарият ёшлар сира-сира қўлига китоб ушламай қўйди. Газета-журнал мутолаасини-ку, гапирмай қўя қолайлик. Чунки на ота-она, на мактабда ўқитувчи: “Сен қайси газета-журналга обуна бўласан, нимани ўқишни хоҳлайсан?” деб сўрамайди. Баҳона бўлса бор: Мажбурий обуна!
Таассуф. Минг афсус!
Болаларни маънавиятга, яхшиликка, саводли бўлишга қайтариш эса шарт. Кеч бўлди. Аммо бошқа йўл йўқ-ку!
Адиба ШАРИФОВА,
Гулистон давлат педагогика институти талабаси.