Йиғлаётган дарахтлар

Собиржон ИНОМОВ

Муаллиф ҳақида:
Собиржон Иномов — 1950 йил 21 майда Пискентда туғилган. ТошДУ (ҳозирги ЎзМУ)нинг журналистика факультетини тамомлаган.
Унинг “Қўмсаш”, “Нажот кўп­риги”, “Тун бағридаги шарпа”, “Ҳаёт иншоси”, “Чинорлар узоқ яшайди”, “Кўзлари нигорон”, “Йўл бўйлаб”, “Соқов хотин”, “Эгали уй”, “Осмоннинг устуни”, “Йўл — умр, йўл — ҳаёт”, “Бедор қалб туҳфалари”, “Ортга қайтмас умр”, “Чархпалак дунё”, “Қисмат битиги” каби китоблари чоп этилган.
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси ва Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг аъзоси.

 

(Ҳикоя)

Каналнинг оқими бўйлаб шаҳардан чиқаверишда олисдан якка тепа кўзга ташланади. Шу тепаликка чиқилса бас, қишлоқ бор бўй-басти билан намоён бўлади. Қадимда бу замин катта дарёнинг ўзани бўлган экан. Шу боис ерлар тошлоқ, сувлоқ. Озгина қазилса бас, сиртига сув сизиб чиқади.

Тепаликда мўъжазгина бўлиб кўринган бу қиш­лоқни билмайдиган одам ўрмонзор, деб хаёл қилиши аниқ. Бу ерда нима кўп, дарахт кўп. Уларнинг аксарияти мевали: қандак ўрикми, ҳар донаси тухумдай ҳосил қиладиган чилонжийдами, олмами, туксиз, тукли шафтолими, ерга тушганда тарс-турс ёрилиб кетадиган пўстлоғи юпқа ёнғоқми — э, ҳаммасидан бор. 30-40 йиллар оралиғида вояга етган ёшлар қишлоқни мевали боғ, деб атай бошлаганлар шу важдан.

Ўткир ака ҳовлида йиғ-тер билан андармон бўлиб юрганди. Мактабга етмай изига қайтган набираси Рустамжон гап топиб келди:

— Бобожон, сиз эккан дарахтларни биров моторли арра билан кесмоқчи. Шуни айтгани келдим.

Ўткир аканинг буғдой рангга мойил чеҳраси бирдан докадай оқарди. Пастки лаби уча бош­лади. Чап кўкрагида оғриқ сезди. Туфлисини кия­ётганида боши айланди. Бундай ҳолат энди бўлаётгани йўқ. Кўникиб қолган. Ўзини маҳкам тутиб кўчага чиқди.

— Бобожон, мен ҳам, — эргашди набираси Рустамжон орқасидаги папкани тепароқ кўтариб оларкан.

Ўткир ака уст-бошига разм солди — уй кийимида кетаяпти экан. Ҳа, нима қилибди, қишлоқчилик, қолаверса, ҳозир тошойнага термулиб, пардоз-андоз қиладиган фурсатми? Бу ёқда оёғи остидан ел ўтмаганлар у бир вақтлар эккан дарахтларга сўрамай-нетмай арра солаётганида…

Ўткир ака катта-катта қадам ташлаб кетаётиб, илгариги куч-қуввати йўқлигини баралла идрок этди. Пешонасидан муздек тер чиқиб кетганди. Эҳ, у пайтлар. У йигитлик онларини хўрсиниш билан эслади: “Шу дарахтлар ниҳолларини олисдан елкамда келтиргандим. Сўнг мол-ҳолдан асраш учун атрофига баланд сим тўр тутгандим-а! Одамлар молдан ҳам ёмон-да”.

Ўшанда Ўткир ака олийгоҳни энди битириб, колхозга ҳосилот бўлиб ишга келганди. Очиқ бир таноб жой ҳам унинг назаридан четда қолмаганди. Кўклам бошланди дегунча дов-дарахт экишдан бир муддат тинмасди. Ҳаммани бир тўп бўлса-да, мевали дарахт экишга ундарди.

Улар яқинлашиб қолишганида ёнғоқ дарахтининг ерга яқин битта шохи кўча томонга қулаб тушди. Ўткир ака гўё ўзи қулаб тушгандай бир мункиб кетди. Кўзларидан ўт чақнади. Аррачи йиқилган ёнғоқ шохини саранжомлаш учун пастга тушди. Яна аррани қўлга олди.

— Тўхта! — Ўткир ака зарда билан хитоб қилди. Бироқ аррачи эшитмади. Ерда ётган ёнғоқ шохига тиғ солди. Ўткир ака бор кучини тўплаб чопдими ёки катта қадам ташлаб етиб олдими — билмади. Аррачининг ёнида ҳозир бўлди. Тиғ тутган ингичка қора қўлларини маҳкам тутганча четга олди. Аррачи арвоҳга дуч келгандай бир сапчиб тушди:

— Амаки, нега мени ушлайсиз? Қўлингизни арра кесиб кетса…

— Мана, сенга қўлларим керакми? Шуларни кесақол! Лекин дарахтларимга тегма, тушундингми? Акс ҳолда, кўзларинг кўр бўлиб қолади! Булар қишлоқнинг кекса-ю ёшини ҳосилидан баҳраманд қиляпти-я!

Аррачи нотаниш кексанинг важоҳатидан чўчиб, ноилож ўзини четга олди.

Ўткир ака қалтираб титраётган қўлларини муштлаганча яна аррачига юзланди:

— Сенга ким рухсат берди?

— Ана, ўзи, — деди аррачи синиқ оҳангда.

— Ҳой бола, нега аррангнинг товуши чиқмай қолди? Тезроқ қимирла. Кечгача бу чириган дарахтларни қулатиб ташламасанг, улгуролмаймиз. Эрталаб заказчиклар етиб келади, — деди чўзинчоқ юзи сариққа мойил, ёш бўлса ҳам қорни бесўнақай осилган, оёқ-қўллари калта, бўйнига сиқиб бўйинбоғ боғлаб олган йигит.

— Мана бу амаки, — аррачи кўзининг қири билан Ўткир акани кўрсатди, — рухсат бермаяпти.

— Ие, бу одам ким, нега бизнинг ишимизга бурнини суқади?

Аррачи билмаслигини аён қилиб, яна елкасини учирди.

— Сен ишингни қил, кўчадаги ҳар бир одамнинг дийдиёсига қулоқ тутсанг, бир ойда ҳам бу ишни тугатолмайсан.

— Ҳали кўчадаги одам бўлдимми? — Ўткир аканинг бирдан зардаси қайнаб кетди. — Мен идорада ишлаб, шу дарахтларни экканимда, сен энангнинг қорнида ҳам бўлмагансан, тирранча!

Бу орада уч-тўрт қишлоқ қариялари арра товушини эшитиб, идора яқинига етиб келганди. Ўткир ака куппа-кундузи овоз чиқармай ич-ичидан ўксиб-ўксиб йиғлаётганидан ҳайратда қолишди. Ҳамқишлоқларининг ёнига кириб ҳамдард бўлишга ўзларини чоғладилар. Шунда бир қария тилга кирди:

— Ҳой бола, сен ўзи кимсан, бу ерга қаёқдан келдинг? Сўраш, исташ йўқ, дарахтларга ўзбошимчалик билан арра солдиряпсан.

— Ишбилармон! — қўрслик билан жавоб берди бўйинбоғли йигит. — Ўзим шаҳарда яшайман. Мана шу жойларни дарахт-парахти билан сотиб олганман.

Ўткир аканинг оёқ-қўлларида бирдан ғойибдан куч пайдо бўлди. Шаҳарликка бир ҳатлаб етди. Унинг ёқасидан маҳкам қисганча деди:

— Дарахтнинг бир шохини ҳам кестирмайман. Ерда ётгани учун товон тўлайсан. Ўзи умрингда лоақал бир туп ниҳол экканмисан? Сендақа ишбилармонлардан ўргилдим!

Бўйинбоғли йигитнинг нафаси бўғилиб, ранги докадек оқарди. Бир силтаниб ғазабнок рақибидан узоқлашмоқчи бўлди. Лекин ниҳол экиб кўкартиришга қодир Ўткир аканинг қўллари ҳали бақувват, ушлаган жойини узиб олгудек чайир эди.

— Ўткирбой, ке, қўй, набиранг тенги бола экан, — деди қариялардан бири гапга аралашиб. — Қиш­лоқдагиларни, чамаси, бўш-баёв, нима қилсам бўлаверади, деб ўйлаган, шекилли. Лекин биз бу ердаги ҳар бир туп дарахт учун жавобгар эканлигимизни, қишлоғимиз ҳар ким билганини қиладиган тажриба майдони эмаслигини бу болага тушунтириб қўямиз ҳали. Шунгаям Худодан инсофу тавфиқ сўрайлик.

Ўткир ака андек бўшашди, қўлини “ишбилармон”нинг ёқасидан туширди. Ёвқараш қилганича нари кетди.

Шаҳарлик қийшайиб қолган бўйинбоғини тўғрилаётиб, нима қиларини билмай томошабин бўлиб турган аррачига бутун заҳрини сочди:

— Нега безрайяпсан? Ҳализамон ҳақини сўрайсан, ҳеч бўлмаса, кесган шохингни майдалаб, бир ёқли қилмайсанми? Майли, қолганига…

— Бунга ҳам тегмайди! — деди Ўткир ака қаттиқ ва зардали овозда. — Ўзим саранжомлайман. Бу дарахтларнинг ўлиги ҳам, тириги ҳам меники.

Шаҳарлик лом-мим демади. Аррачини машинасига ўтқазиб кўздан ғойиб бўлди.

Йўл ёқасидаги муаззам мевали дарахтлар омон қолганларига хурсанддек эдилар. Ўзларининг халоскорларига миннатдорчиликларини билдираётгандек япроқлари билан тинимсиз чапак чалар, аҳён-аҳёнда эрталабки қалин шудринг томчи бўлиб ерга думалар, халоскорлари каби дарахтлар ҳам гўёки йиғлаётгандек эдилар…

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

1 × three =