Улашилган маърифатнинг бўй-басти

Ҳар қандай миллатнинг маънавий қиёфаси унинг таълим даргоҳларида, у ердаги маърифий муҳитда намоён бўлади. Халқнинг тафаккур тарзи акс этган маънавий обидаларда кўзга ташланади. Бугунги кунда мамлакатимизда бўлиб ўтаётган “Маърифат улашиб” лойиҳаси дастурларида ҳам ёшларни китобга, адабиётга, маърифатга етаклаш бош мақсад сифатида кўзланган. Хусусан, олий таълим даргоҳлари ташкилотчилигида шоир ва ёзувчиларнинг мактабларга, маҳаллаларга ташриф буюриши кўпчиликда қизиқиш уйғотгани шубҳасиз.
Ана шундай тадбирлардан бири Тошкент педиатрия тиббиёт институти ҳамда Тошкентдаги Технология, менежмент ва коммуникация (ТМС) институти ҳамкорлигида ўтказилди.
Мамлакатимизда соғлом ҳаёт тарзини тарғиб этиш маркази саналган ушбу даргоҳда шоир ва ёзувчиларнинг кутиб олиниши ўзига хос мазмун-моҳият касб этди. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари, шоир ва публицистлар Абдурасул Жумақул, Тоҳир Долиев ва Гўзал Бегимлар билан бўлиб ўтган учрашувлар ўзига хос қизғин ва мароқли кечди. Маънавият ва маърифат тадбирида Тошкент педиатрия тиббиёт институти ректори, профессор Ботир Даминов қатнашди. Бўлажак тиббиёт ходимлари бўлмиш институтнинг талаба-ёшлари билан бўлиб ўтган адабий учрашувни институт раҳбари олиб борди. Олий таълим даргоҳи ҳудудида ижодкорлар яхши ният билан дарахт кўчатлари ўтказишди.
— Бу дарахт “Hurriyat” дарахти, — дея ҳазил қилди Абдурасул Жумақул.
— Буниси “Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги”дан, — деди Тоҳир Долиев.
— Демак, мана шу арча — Гўзал арча!
Ана шундай жўшқин тадбир доирасида талабалар ўртасида ўтказилган “Заковат” интеллектуал ўйинлари ҳам ёшларнинг ўқишдан бўш вақтларини мазмунли ўтказаётганининг амалий натижаси ўлароқ намоён бўлди.
Талабалар турар-жойида уюштирилган “Ош чемпионати” институт ректори Ботир Даминов бошчилигидаги ҳакамлар ҳайъати томонидан юксак баҳоланди.
Талабаларнинг яшаш жойида ташкил этилган ижодий учрашув жонли суҳбат тарзида ўтказилди. Ушбу суҳбат гулхан атрофидаги мушоирага уланиб кетди. Бу ерда нафақат инсоннинг вужуди, балки унинг руҳияти ва қалби билан иш кўрувчи инсонлар ҳам фаолият олиб бориши талабаларнинг билим ва савиясида ёрқин акс этди. Талабалар орасида спорт бўйича чемпионларнинг, бадиий ижодга, санъатга иштиёқмандларнинг борлиги таниқли ижодкорларни қувонтирди.
Учрашувда адибларнинг ҳаёти, ижоди ва асарлари тўғрисидаги видеоролик намойиш этилиб, уларнинг чиқишлари тингланди ҳамда шоир-ёзувчилар ва тадбир иштирокчилари ўртасида дебат кўринишида мулоқот ташкил этилди. Шунингдек, учрашув доирасида адибларнинг ҳаёти, ижоди ва асарлари бўйича ташкил этилган онлайн-викторина ғолиблари тақдирланди.
Тадбир якунида адибларнинг сара асарларидан иборат китоблар институтга тақдим этилди. Олий ўқув юрти масъуллари томонидан адибларга ҳам эсдалик совғалар топширилди. Тошкент педиатрия тиббиёт институтининг ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича биринчи проректори Муборак Аҳмедова тадбирнинг фаол жонкуярларидан бўлганини алоҳида таъкидлаш жоиз.
Тошкент педиатрия тиббиёт институтида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, болалар шоираси Кавсар Турдиеванинг узоқ йиллардан буён фаолият олиб бориши ушбу даргоҳда Сўзнинг, Адабиётнинг қадри баланд эканлигининг ифодаси бўлгани ҳолда, тиббиёт ходимлари орасидан ҳам шоир ва ёзувчилар етишиб чиқишига туртки бўлаётгани бежиз эмас.
“Маърифат улашиб” лойиҳаси доирасидаги навбатдаги учрашувлар Сирдарёнинг Боёвут туманидаги қатор мактаб ва маҳаллаларда давом этди. Ушбу тадбирларда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари, шоир ва адибларимиз Тоҳир Долиев ва Гўзал Бегимлар иштирок этди.
Адиблар Боёвут туманидаги умумтаълим мактабларига ташриф буюрар экан, ушбу учрашувлар ҳам ижодий мушоҳада ва мунозараларга бой бўлди. Технология, менежмент ва коммуникация институти ташкилотчилигида ўтказилган ушбу учрашувлар ёшлар қалбида адабиёт, шеърият ва она Ватанга бўлган меҳрни кучайтириш мақсадида ташкил этилди.
Боёвут туманининг чекка ҳудудларидан ҳисобланган “Навбаҳор”, “Янгиобод”, “Қаробчи” ва “Анорзор” ва бошқа маҳаллаларидаги 9 та умумтаълим мактаби ўқувчилари 48, 4, 31, 32, 33, 38, 7, 52 ва 53-мактабларга йиғилдилар. Бу ерда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоира, таржимон ва публицист Гўзал Бегим ўқувчилар билан маърифий суҳбат ўтказди. Шоира миллатимизнинг истиқболи илмда, китобхонликда эканлигини алоҳида таъкидлаб, китоб ҳар қандай инсонга энг садоқатли дўст бўлишини эътироф этди. Бунинг учун эса ўсиб келаётган ёш авлод ҳозирдан она Ватан ва ўз келажаги учун билим ва маърифатдан пойдевор қўйиши лозимлигини яна бир карра таъкидлади.
Шундан сўнг Гўзал Бегим йиғилганларга янги ёзган шеърларидан ўқиб берди. Мактаб ўқувчилари орасидаги ёш ҳаваскорлар ҳам ўз ижод намуналаридан ўқиб, таниқли шоирадан ижодий маслаҳат ва тавсиялар олдилар. Абдурасул Жумақул, Гўзал Бегим ва Тоҳир Долиев ижод намуналари киритилган шеърий тўплам — “Биллур қирғоқлар” китобини дастхатлари билан фаол ўқувчиларга тақдим этдилар.
Ушбу ижодий учрашувларнинг мантиқий давоми 15 май куни Тошкент Технология, менежмент ва коммуникация институтининг асосий биносида бўлди. Адиблар даставвал “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида институт ҳудудига мевали ва манзарали дарахт кўчатлари ўтқаздилар. Сўнгра талабалар даврасида бўлиб ўтган шеърият кечасида адибларимиз адабиётнинг миллат ривожида ва ёшлар ҳаётидаги ўрни ҳақида қизғин суҳбат уюштирдилар. Шоир ва ёзувчилар ўз китобларини ҳамда ТМС институти ҳомийлигида чоп этилган “Биллур қирғоқлар” тўпламини талабаларга дастхатлари билан туҳфа этар эканлар, жадид боболарнинг фикрларини таъкидладилар: “Ҳар қандай миллатни жаҳолат ботқоғидан қутқарадиган нарса, бу — унинг миллий тили ва адабиётидур”.
— Бугун 7000 дан ортиқ талаба таҳсил олаётган таълим даргоҳимизга юртимизнинг таниқли ижодкорлари ташриф буюриши том маънода адабиёт байрамидир. Талаба-ёшлар ижодкорлар билан бевосита юзма-юз суҳбат қилганларидан сўнг келажакдаги орзуларини мақсадга айлантирадилар, эртанги кун қаршисида ўзларини йўқотиб қўймаслик учун билим ва маърифат билангина кучли бўлиш мумкинлигини англаб оладилар деб ўйлайман. “Маърифат улашиб” лойиҳасининг натижаси ўлароқ келажакда бизнинг ўқув даргоҳимизни битирган ёшлардан ҳам эл-юртимизнинг корига ярайдиган улуғ инсонлар етишиб чиқса, деб умид қилиб қоламиз, — деди институт ректори Азизбек Валиханов ўз чиқишида. Мазкур институтнинг ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича биринчи проректори, профессор Азизхон Тилляхаджаев ҳамда илм даргоҳининг ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича бўлими бошлиғи Сурайё Парпихаджаевалар адабий учрашувларга бош-қош бўлишди.
Ушбу адабий-маърифий тадбир “Ош байрами”га уланди ва талаба-ёшлар ўртасидаги суҳбатлар қозон ўчоқларда тайёрланган ош ёнида ҳамда дастурхон атрофида байрамона тус олди. Мамлакатимизнинг турли вилоятларидан ташриф буюрган талабаларнинг нафақат тафаккур ва дунёқараши, балки урф-одатлари ҳам турлича эканлиги улар тайёрлаган ошда намоён бўлди.
Бугунги тезлашган ахборот замонида ёшларни китоб ўқишга, шеър ва романлар мутолаа қилишга рағбат уйғотиш мақсадида ташкил этилган “Маърифат улашиб” тадбирлари бугун ўзини қай даражада оқлайди, деган савол туғилади. Негаки, бугун шоир ва ёзувчига китоб ёзиб халқ ўртасида танилиш бирмунча мураккаб эканлигини, одамлар кўпроқ қисқа-қисқа “SMS” ва ахборотларни ўқишга мослашгани одамни мушоҳадага чорлайди.
Дарҳақиқат, Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Шукур Холмирзаев, Ҳалима Худойбердиева каби машҳур адибларимизнинг номи, довруғи, асарлари ёзилиб бўлинган-у, адабиёт бугун байроқдорларсиз қолгандек таассурот уйғотаётган бир пайтда “Маърифат улашиб” лойиҳасига давлат сиёсати даражасида эътибор берилаётгани юқоридаги саволнинг ижобий жавобига айланмоқда. Аслида, ҳамма ўзи учун керакли бўлган маънавий маълумотларни фақат телевидениедан ва босма ахборот воситаларидан олиб яшаган замонлар ўтмишга айланиб улгурди. Чунки айнан ўша даврларда одамлар матбуотга, китобга боғланмаслигининг иложи бўлмаган, ана шу маънавий воситаларгина халқни чинакам ҳаёт билан боғлаган. Бугун эса ҳар кимнинг қўлида биттадан ахборот ташувчи восита — мобиль алоқа қурилмаси борки, бу одамларни бир қадар ҳақиқий адабиётлардан узоқлаштираётгани ҳам бор гап. Ана шундай маънавий хатар таъқиб қилаётган бир замонда “Маърифат улашиб” лойиҳасининг жорий этилгани, шоир ва ёзувчиларнинг ёшлар орасига гуриллаб кириб боргани, адабий гурунглар ўтказиб, талаба-ёшларга келажак учун маёқ бўлаётгани фақат яхшиликлардан, эзгуликлардан дарак беради.
“Бирор кишига китоб сотсангиз, унга шунчаки қоғоз, сиёҳ ва елим эмас, балки унга янги ҳаёт сотган бўласиз”, — дейди улуғлар. Бу мақолада эса сотилган китоблар ҳақида эмас, туҳфа этилган китоблар ва руҳий-маърифий билим ҳақида гап бордики, ушбу учрашувлар кимнингдир орзуларини, ҳаётини, фикрини зарра қадар эзгулик йўлида ўзгартирса, демак, ушбу лойиҳа ўзини оқлаган бўлади. Зотан, улашилган маърифат идрокка ва юракка етиб боргандагина ўз бўй-бастини кўрсатади.
Ҳаммамиз севиб ўқийдиган Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” романида ажойиб бир эпизод бор: Отабекнинг олдига кирган Кумуш: “Фузулий яхши китоб, мен ҳам ёлғиз қолған кезларимда бу китобдан бошимни ололмас эдим”, — дейди. Кўряпсизки, ёзувчи шу бир оғиз гап орқали ўша давр одамларининг китобхонлик даражасини акс эттира олган. Зотан, бугунги “Маърифат улашиб” лойиҳаси учрашувлари ҳам миллатнинг эртаси учун маънавий нақшдир.
Зебо МАТЁҚУБОВА