Маърифат ёғдусида

Зиёлилар фаолияти ҳар кун, ҳар лаҳза маърифат нурига айланиши шарт. “Маърифат улашиб” лойиҳаси доирасида ўтказилаётган маънавий-маърифий тадбирлар ана шу эзгу мақсадларга хизмат қилишини изоҳлашга ҳожат бўлмаса керак. Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари инс­титути миллий тадқиқот университетининг Бухоро табиий ресурсларни бошқариш институтида бу тадбирга алоҳида ҳозирлик кўрилди. Талабаларимиз, асосан, ирригация ва қишлоқ хўжалиги йўналишида таҳсил олсалар-да, бадиий адабиётга қанчалик ошно эканликларини, турли асарларни қизиқиш билан мутолаа қилишларини намойиш этмоқдалар.

Пойтахтимиздан ташриф буюрган Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари Сувон Мели, Тўлқин Эшбек ва Исломжон Қўчқоров институтимиз мутасаддилари билан биргаликда эрта тонгдан, аввало, Олот, Ғиждувон, Вобкент туманларидаги қатор мактабларга йўл олдилар. Бу масканларда ҳам “Маърифат улашиб” лойиҳаси доирасида ўтказилган маънавий-маърифий тадбирлар ўқувчиларда катта қизиқиш уйғотди, албатта.

Куннинг иккинчи ярмида институт катта залида ташкил этилган тадбирда талабалар фаол иштирок этдилар. Улар адабиётимизда ёрқин из қолдирган Мир Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Муқимий, Завқий, Абдулла Қодирий, Чўлпон, Ойбек, Абдулла Қаҳҳор, Ғафур Ғулом, Пиримқул Қодиров, Одил Ёқубов, Саид Аҳмад, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Ўткир Ҳошимов, Худойберди Тўхтабоев, Оқилжон Ҳусан, Тоғай Мурод, Муҳаммад Юсуф каби атоқли ёзувчи-шоирларнинг бетакрор асарлари ҳақида сермазмун суҳбатларни мароқ билан тингладилар.

— Китобга ошно инсон маънан етук бўлади, – деди адиб ва шоир Тўлқин Эшбек. — Президентимиз Шавкат Мирзиёев алоҳида таъкидлаганидек, “Китоб ўқиган, ўзининг устида ишлаган одамда қанот бўлади. У бефарқ бўлмайди. Унинг кучи билимида бўлади. Мана, нима учун китоб ўқинглар деймиз. Китоб ўқисангиз, тафаккурингиз ошади, дунёқарашингиз янада кенгаяди”.

Она тилимиз жилоларини атоқли адиб Пиримқул Қодировнинг “Тил ва эл” илмий бадиаси ва шоир Эркин Воҳидовнинг “Сўз латофати” китобидан ўқиб ўрганиш мақсадга мувофиқдир. Истиқлол йилларида юртимизда бетакрор маънавиятимиз ҳақидаги энг ёрқин ва теран фикр-мулоҳазалар ана шу асарларда ўз ифодасини топган. Бу асарларни том маънода замонамиз маънавиятининг гултожи десак арзийди. Маънавий бойликларимизни асраб-авайлаш ва ёш авлод қалбига жо этиш учун, аввало, уларнинг мазмун-моҳиятини теран англамоқ зарур. Бу асарни қанчалик чуқур ўргансангиз, шу қадар маънавий юксакликка эришаверасиз. Асрлар давомида миллий қадриятларимиз, бебаҳо маънавий бойликларимизни асраш ҳамда ривожлантиришда адабиёт, айниқса, халқ оғзаки ижодининг ўрни жуда катта бўлган. Эртаклар, достонлар замирида, асосан, миллий ўзликни ифода этувчи, қадриятларимизни қадрловчи ғоялар мужассам эканини изоҳлашга ҳожат йўқ. Ўзбек халқ мақоллари ҳам битмас-туганмас маънавий хазина ҳисобланади. Ана шу мақоллар ҳақида сўз юритганда, аввало, тегишли манбалар билан танишиб, сўнг асосли гапириш мақсадга мувофиқдир.

Миллий тафаккуримиз хазинасига бебаҳо ҳисса бўлиб қўшиладиган, бугунги ва эртанги ҳаётимизнинг энг муҳим устувор йўналишларини ўзида мужассам этаётган китоблар биз учун, аввало, янги ва яқин тарихимизнинг ҳали биз тўла англаб етмаган кўплаб қирраларини яна бир бор кашф этишга асос бўлади. Шу билан бир қаторда кўпгина асарлар жамиятимиз тараққиёт фалсафасини, мамлакатимиз ва халқимиз келажаги, унинг равнақини белгилаб берадиган муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилади. Шундай экан, эртанги кунга умид ва ишонч туйғуси билан қарайдиган барча замондошларимиз, айниқса, дунёқараши муносиб шаклланаётган ёшлар давримиз солномасига айланаётган китобларни теран нигоҳ ила ўқиб ўрганишлари мақсадга мувофиқдир.

Ёшлар, албатта, ана шундай атоқли адиблар, шоирлар, олимлар ва бошқа зиёлилардан ибрат олиб камолга етадилар.

Тадбирда талабалар ижодкорлардан ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олганларидан сўнг, институт кутубхонасига Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан янги китоблар туҳфа этилди.

Тадбир адабиёт ва китобхонлик мавзусига бағишланган “Заковат” интеллектуал ўйинига уланиб кетди.

— Асосан, ирригация ва қишлоқ хўжалиги сирларини пухта эгаллаётган талабаларнинг маънавий етуклиги, атоқли ёзувчи-шоирлар ҳаёти ва ижоди ҳақида шу қадар пухта билимга эга эканликлари қувонарли ҳол, — деди ҳайъат раиси, филология фанлари доктори, профессор Сувон Мели. — Улар ҳатто шоир Тўлқин Эшбекнинг кеча ижтимоий тармоқларда ёритилган “Бухоро мадҳида”, “Бухорои шарифда ўчмас излар”, “Минораи калон” сарлавҳали шеърларигача ўқиб-ўрганганлари қанчалик зукко ва фикри теранлигини кўрсатади.

Кечки пайт талабалар турар-жойи ҳовлисида катта гулхан ёқилди. Олов атрофида истеъдодли талабалар бадиий чиқишларини давом эттирдилар. Шеърхонлик ва баҳрибайтлар барчага хуш кайфият бахш этди. Дилрабо куй-қўшиқлар даврага янада файз киритди.

Институтимизга ташриф буюрган турли соҳа вакиллари, албатта, бу масканда амалга оширилаётган ишларга катта қизиқиш билан қарайдилар. Айтиш жоизки, айни пайтда инс­титутимизда 3859 нафар талаба таҳсил олади. Мамлакатимиз иқтисодиётининг йирик драйверларидан бўлган қишлоқ ва сув хўжалиги соҳасига етук кадрларни тайёрлаб бераётган институтимиз порлоқ истиқболига эга олий таълим муассасаларидан бири ҳисобланади. Ўтган ўқув йилининг ўзида АҚШнинг Иоша, Ваёминг университетлари, Испаниянинг Валенсия Политехника университети, Германиянинг Гумбольдт номидаги Берлин университети, Венгриянинг Обуда, Сзегед ва Венгрия қишлоқ хўжалиги ва табиий фанлар университети, Хитойнинг Ланчжоу, Шанхай университетлари ва Малайзиянинг ИНТИ Халқаро университети каби дунёнинг 20 дан ортиқ етакчи ОТМлари билан ўзаро илмий ва таълимга оид ҳамкорлик йўлга қўйилди.

Институтимизда ҳар ойнинг охирги сешанба куни “Маънавият куни” сифатида белгилаб қўйилган. Бу куни асосий эътибор талаба-ёшларнинг маънавий қиёфасини бойитишга қаратилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат стипендияси соҳиби Ҳусниддин Сафаров, Ислом Каримов номли давлат стипендияси соҳиби Муҳриддин Тойиров, Беруний номли давлат стипендияси соҳиблари Суҳроббек Ўлмасов, Илҳомжон Ҳамроев каби фаол талабалар бу борада барча тенгдошларига ўрнак бўлмоқда.

“Маънавият кунлари” доирасида 2023-2024 ўқув йили давомида 77 та маънавий-маърифий, маданий ва тарбиявий тадбирлар, тарғибот-ташвиқот ишлари ўтказилди. Театр, музей, тарихий масканлар, муқаддас қадамжолар, табиат масканларида ўтказилган 50 дан ортиқ маърифий суҳбат ва шеърхонликлар талабаларда катта қизиқиш уйғотди.

Жорий ўқув йилида ўтказилган “Ислоҳотлар билимдони” кенг тармоқли республика кўрик-танловида 4-босқич талабамиз Салоҳиддин Абдураимов Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг “Фахрий ёрлиғи” билан тақдирланган бўлса, Шоҳзод Орипов олий таълим масканимиз томонидан таъсис этилган Абдулла Орипов номидаги махсус стипендия совриндори бўлди.

Файзулло ҲАМИДОВ,

Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш

институти — миллий тадқиқот университетининг

Бухоро табиий ресурсларни бошқариш институти

Ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий

ишлар бўйича биринчи проректори.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

twelve − 9 =