“Онам қаттиқ бетоб, лекин театрга бормасам бўлмас эди…”

ёхуд Ўзбекистон халқ артисти Рихси Иброҳимованинг саҳнадаги ва ҳақиқиқий ҳаёти ҳақида биз билган ва билмаган ҳақиқатлар

 

Газетамизнинг бу галги меҳмони 70 йилдан буён саҳна билан сирлашиб келаётган, ва қутлуғ 86 ёшни қарши олаётган севимли халқ артисти — Рихси Иброҳимова. У актёрлик фаолиятини талабалик даврида, Ҳамза номидаги Ўзбек Давлат академик драма театри (Ҳозирги Ўзбек Миллий академик драма театри)да бошлаган. Ўтган йиллар давомида Рихси опа томонидан жонлантирилган кўплаб мукаммал ва пухта образлар томошабинлар юрагидан жой олди. Дарҳақиқат, Гули, Феруза, Жамила, Офелия, Эмилия, Корделия каби ҳар томонлама мураккаб образларни меъёрига етказиб ижро этиш ҳар қандай санъат кишисига ҳам насиб этавермайди.

Биз мунис ўзбек оналарининг жонли тимсоли бўлган Рихси аянинг 70 йиллик ижод йўллари, ҳаёт синовлари, кечинмалари ҳамда бугунги кино ва театр тўғрисидаги фикрлари билан қизиқдик.

 

— Театр дарғаларидан бири Турғун Азизов билан суҳбатларимизнинг бирида у киши сиз ҳақингизда гапирганда “Островский номидаги театр ва рассомлик санъати институтининг актёрлик факультетидан фақат икки киши — Шукур Бурҳонов ва Рихси Иброҳимова ҳали дип­лом олмай туриб машҳур бўлган” деган эди. Ёшликдан элнинг назарига тушиш тақдирингизга битилган экан-да.

— Иккинчи курсда ўқиб юрган кезларимда Турғун Азизов биздан юқори курсда ўқирди. У киши мени ўша пайтларимдан танирди. Кунлардан бир куни Чеховнинг “Ваня тоға” асарини саҳналаштириш жараёнида кампир ролига битта қиз етишмайди. Шунда улар иккинчи курсда ўқиб юрган талаба, яъни мени чақиришади. Ва мен ўша асарда Турғун Азизовнинг энагаси – кампир ролини ижро қилганман. Ўша пайтда мендан катта курсда ўқийдиганлар ҳам бўлган. Турғун аканинг айтишича, уларнинг мазкур пьесага, кампир образини ўйнаш учун одам топилмаганда Гутманович: “Сизларга жуда яхши ижрочи топиб бераман” деб мени тавсия қилган экан.

Ўша пайтлар мен моҳир ўқитувчи-педагог Софьия Михайловна Гутманович қўлида таълим олардим. Ҳар икки уч йилда Москвада театр декадаси бўларди. Унда ўзбек театрлари ҳисобот топширарди. 1956-1957 йиллари мазкур декадага ёшларни кўрсатмоқчи бўлишган. Миллий театрдан мени, опера ва балет театридан Бернора Қориева, Рус драма театридан Тамара Ованесянцларни танлаб олишган. Тошхўжа Хўжаев эса мени К. Яшиннинг “Йўлчи юлдуз” пьесасидаги Гуласал образига олганлар. Мен ўзимга топширилган ролни бор маҳоратим билан ижро қилдим. 1957 йилнинг ноябрида собиқ Иттифоқ драматик театрларининг Москвада ўтган фестивалида Миллий театрнинг “Йўлчи юлдуз” ва “Жазоир, менинг ватаним” спектакллари биринчи даражали дипломлар билан тақдирланди. Ижрочилардан жами ўн тўрт киши мукофотланган. Улар орасида мен ҳам бор эдим. Етакчи мутахассислар мени “Ёшлар орасида энг таҳсинга лойиқ ва умидли актриса”, дея эътироф этишган.

— Кино ва театр. Уларни баъзан “эгизак фарзандлар”га қиёслашади. Сиз ана шу “эгизаклардан” қай бирида ўзингизни кўпроқ эркин ҳис қилгансиз?

— Албатта, театр. Сўзсиз! Кинодагиларнинг ҳаммаси ҳам театрда ўйнай олмайди. Театрда одамлар билан жонли мулоқот бор. Сизни саҳнада томоша қилиб ўтирган ўнта бўладими, юзта бўладими томошабинга юрагингизни бериб роль ўйнашингиз керак. Бу эса ижодкордан катта маҳорат, санъат, иқтидорни талаб қилади. Театр сизга ана шу сабоқларни беради. Йиллар давомида тарбиялайди. Ижод бу – театр. Битта саҳна асарини тайёрлаш учун камида тўрт-беш ой кетади. Катта асарлар бўлса ундан ҳам кўп вақт кетиши мумкин. Сиз шу вақт давомида тилингиз, сўзингиз, кийимлар, ўзини қандай тутиш каби барча жараёнларга тайёргарлик кўрасиз. Қайта ва қайта ишлайсиз. Айтишадику, кинодаги хатоларни монтажда тўғрилаб кетиш мумкин, аммо театрдаги хатоликни томошабин кечирмайди.

– Кинодаги хатони “монтажда тўғирлаш мумкин, лекин театр саҳнасида йўл қўйилган хатони тўғирлаб бўлмайди” деган гапингиз, тўғриси худди биз – газетчиларга ҳам тааллуқли экан. Негаки, ҳозир минг хил турли сайтлар, блоклар кўпайиб кетган замон. Улардаги хатони, пала-партишлик­ларни эртасига ҳам, кейин ҳам тўғирласа бўлади. “Редактировать” деган тугмани босиб, истаганча қўшимча қилиш мумкин. Ёки бутунлай ўчириб ташласа бўлади. Лекин газетада чоп қилинган нарсанинг ҳечам иложиси йўқ. Чоп этилдими, тамом! Худди саҳнада роль ўйнаб бўлингани каби. Шу эсимга тушди, Рихси опа.

Энди устозлик ҳақида. “Устоз отангдан улуғ” деган гап бор халқимизда. Бугун сиз ҳам ана шундай баланд рутбадасиз. Лекин сизнинг устозларингиз кимлар бўлишган, шу ҳақида гапириб берсангиз…

— Ўзбек театри мавқеини, саҳна санъатини кўкка кўтарган устозларнинг ҳар бири бир дос­тон. Ваҳоланки, уларнинг аксарияти олийгоҳларда таҳсил олмаган. Хўш, унда уларни элга танитган омил нима? Бу устозлар биттагина сўз маъносини, талаффузини томошабинга тўғри етказиб бериш учун ҳафталаб машқ қилганини кўрганмиз. Олим Хўжаев, Сора Эшонтўраева, Наби Раҳимов, Шукур Бурҳоновларни соғина бош­лаганимда, шогирдларим қалбидаги меҳр булоғи ташналигимни қондиради. Ўзим ҳам улардек устоз бўлишга, ҳар бир ёшга тўғри йўл кўрсатишга чоғланаман. Устозларимиз ролларни шунчаки ижро этишмаган. Образларида ҳарорат ва виждон нафаси уфуриб турарди. Биз ҳам улардан ибрат олиб, ролимизни юрак титроғи, қалб қўри билан ўйнардик. Олим ака Хўжаев билан саҳнага чиққанимда истеъдоднинг беқиёслигини ҳис қилганман. У ҳақиқий “Навоий” эди. Мен ҳам ўзимни чинакам “Гули”дек ҳис қилар, саҳнада мақсадга эришганимдан қувонардим. Мени театрга етаклаб келган Яйра опа Абдуллаева, Сора Эшонтўраевадан жуда кўп сабоқ олдим. Уларни Аллоҳ раҳмат қилган бўлсин. Улар билан бирга ижро этган ролларимиз, кўпгина асарлар магнит тасмада ёзиб қолдирилмаган. Ўша вақтларда ўйналган “Бой ила хизматчи”, “Мирзо Улуғбек”, “Гамлет”ни ёшларга кўрсатишнинг имкони бўлганида эди…

— Беҳбудий бобомиз таъбири билан айтганда, “Театр – бу ибратхонадир”. Шу ибратхона ҳаёт давомида сиздан нималарни тортиб олди-ю, нималарни ҳадя этди?

— Тортиб олинган нарса, Аллоҳнинг иродаси экан, бу устозларим. Ота-онамдан ажралган кунларим ҳам айнан театрда роль ижро қилганман. Бу — оғир… Лекин бу — ижод, санъат. У фидо­йиликни таълаб қилади. Фарзандларимиз касал бўлганда ҳам қўни-қўшниларга ташлаб театрга келган кунларимиз бўлган. Эҳтимол, театр ўша пайтларда биздан вақт нуқтаи назаридан меҳримизни кемтиб олгандир. Аслида шу жараёнлар ҳам бир ибрат. Нима учун? Ёмонни кўрмагунча яхшининг қадрига етмайсан.

Театр ҳадя қилганларга келсак. Аввало, устозларим. Кейин эса шон-шуҳрат, халқ меҳри, эътирофи. Мен мана шу саҳнада маликаниям, гадони ҳам ўйнадим. Роль танламадим. Ўзимга берилган каттами-кичикми асарларни вужудим билан ўйнашга, томошабинга нимадир беришга ҳаракат қилдим. Ва буни уддалай ололдим, деб ўйлайман. Ҳар бир ўйнаган ролимдан, у гоҳ салбий, гоҳ ижобий бўлсин, у ердаги қаҳрамонлардан, уларнинг характеридан ўзим учун сабоқ олдим. Қалбимга, юрагимга ҳар битта қаҳрамонимнинг хислатлари “багаж” бўлиб йиғилиб борди. Ҳақиқий баҳони эса албатта, томашабин беради. Кўп ижодий учрашувларда, халқ орасида мухлислар талаби билан бир асаримиздан парчами, монологми айтиб берамиз. Қисқа фурсатда денгиздек жўшиб турган оламонни йиғлатиш, хаёлга толдириш, баъзан кулдириш актёрнинг маҳоратига боғлиқ. Актёр тинг­ловчиларини ўз дарди таъсирига тушира олганида, оддий одамлар ҳам санъат, маънавият, сўзнинг қудратини ҳис қилиб, санъаткорнинг маҳоратига таҳсин ўқиганига кўп гувоҳ бўлганмиз.

— Ҳамон ижод, санъат ичидасиз. У билан яшамоқдасиз, санъатдан, театрдан айро эмассиз. Бугунги кино ва театр санъатига 10 балли тизимда баҳо қўйиш имкони бўлганда, қандай баҳо қўйган бўлар эдингиз?

— Қийин савол бўлибди. Биласизми, бугун кино санъатида ўзгаришлар кетяпти. Тошкент халқаро кинофестивалининг тикланиши ҳам катта иш бўлди. Агар баҳолаш лозим бўлса 10 баллик тизимда 5 балл билан баҳолардим. Театр эса мени анча ўйлантириб қўяди. Баланд қўйсам ҳам, паст қўйсам ҳам виждоним қийналади. Баланд баҳо қўйсам томошабинлар, халқнинг эътирозига сабаб бўлишим мумкин. Қани драматургия, зўр асарлар, тарихий образлар, дейишади? Паст баҳоласам “Ўзинг шу соҳада ишлаб, шунинг нонини еб шу баҳони қўйдингми” дейиш­лари мумкин. Яхшиси, театрга баҳо бермай қўя қолай.

Театр репертуари қадриятларимизни, ўзлигимизни акс эттирувчи спектакллар билан бойиши учун бугун моҳир драматурглар керак. Театримизда Ҳамза, Комил Яшин, Абдулла Қодирий, Уйғун, Иззат Султон, Одил Ёқубов, кейинги пайтларда Усмон Азим, Эркин Хушвақтов, Шароф Бошбеков сингари драматурглар асарлари қўйилди. Айни паллада ҳам Эркин Воҳидовнинг “Олтин девор”, Саид Аҳмаднинг “Уфқ” сингари миллийлигимизни акс эттирадиган асарлар керак. Президентимиз ишончини оқлаш йўлида янги ҳаётимизга монанд, салмоқли асарларни кўрсата олишимиз учун менимча, ёзувчи билан санъаткор алоҳида-алоҳида эмас, бир-бирига боғланиб яшаши лозим. Яна бир жиҳат, турмуш тарзимиз яқин бўлган қўшни давлатлар билан ҳамкорликда спектакллар яратиш керак. Уларнинг биттадан яхши асарини олсак ҳам репертуаримиз анча бойийди. “Ҳазрати аёл” спектаклини қозоқлар билан, “Иймон” спектаклини Қирғизистонда ўзбек-қирғиз тилида ўйнаганмиз. Театрда ўзларининг ташаббуси билан спектакллар саҳналаштираётган ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш керак.

— Айтишларича, ўзбек кино ва театрининг етук актёри, қалбга яқин кўпгина роллари билан томошабинлар кўнглидан жой олган Абдураим Абдуваҳобовни ўз ўғлингиздек яхши кўрган экансиз. Ҳатто бир суҳбатингизда “Мен қандай она бўлдим билмадим, лекин у ўғилликни ортиғи билан бажарди”, – деганингизни эшитганман.

— Ҳа, шундай. Биз Aбдураим Aбдуваҳобов билан нафақат саҳнада, ҳаётда ҳам она-боладек яшадик. Бирор кўрсатувга чақиришса, кексалигим сабаб телевидение маъмурияти менга машина юборишмоқчи бўлишарди. Шунда Aбдураим: “Машина керак эмас, онамни ўзим олиб бораман!”, деб ёрдамни рад этарди. Қайтишда эса “Кўчамнинг бошигача олиб келдингиз, бу ёғига уйгача ўзим кетаман”, десам, “Онажон, сизни елкамда кўтариб юрганим йўқ-ку! Уйингизга кирганингизни кўзим билан кўрай, кўнглим тинч бўлади”, дерди. Умуман, ҳар томонлама ўрнак бўладиган инсон эди.

Минг афсус, мен ростдан ҳам ўғлимдан айрилдим! У каби санъаткорлар минг йилда бир келади! Абдураим “Шум бола”ни ўйнаб, ёшлигиданоқ ўзига ҳайкал қўйиб бўлганди. Ҳурмат қиладиган яна бир жиҳатим шуки, у умри давомида бировни ғийбат қилмади, бировга ғийбат ҳам қилдирмади! Ўзини тоза сақлади. Қалбини асради. Одамларга беминнат ёрдам берди. Эвазига эса “Дуо қилсангиз бўлди!”, дерди раҳматли. Мана, ортидан ҳам дуо қилиб ўтирибмиз. Шунчалик шошиб яшадики, ўлими билан ҳам бизларга дарс, сабоқ бериб кетгандек!

— “Дарахт бир жойда кўкаради”. Салкам 70 йилдан буён саҳна билан сирлашиб келаётган Рихси Иброҳимованинг меҳнат дафтарчасида бугунги Ўзбек Миллий академик драма театрига ишга қабул қилингани ҳақидаги ёзув бор, холос. Адашмасам сиз фақатгина мана шу даргоҳда ишлагансиз?

— Мен театрга 17 ёшимда келганман. 30 ёшимгача ўзбек театри дарғалари билан битта саҳнада бош ролларни ижро этишдек юксак шарафга эришдим. Боя суҳбатимиз бошида айтдим. Не-не буюк устозлар, зиёлилар даврасида ижод қилдим. Аввало, касбга, улуғ даргоҳга бўлган садоқат менда кучли бўлган. Менга кўп театрлардан таклифлар бўлган. Бироқ мен шу даргоҳни деганман. Устозларимнинг ўгитлари, дуолари, сабоқлари кезиб юрган шу муаззам даргоҳни ташлаб кетишга виждоним йўл қўймаган. Баъзан театрнинг залларини, саҳналарини кузата туриб устозларим билан хаёлан сирлашаман. Диллашаман. Уларнинг пок руҳлари ҳамон мени қўллаб-қувватлаб тургандек бўлади. Шу пайтларда ёшлигимга қайтиб қолишни, Офелия, Жамила, Ферузабону сингари ролларни ҳозирги тажрибам, маҳоратим билан қайтадан ижро этишни истаб қоламан. Аммо…

— Сизни телевидениеда кўрган инсон борки, ўз онасини эслайди. Буни ўзингизга ҳам айтиб туришса керак?

— Ёшим улғайганидан кейин театр, кино, ҳатто радиода ҳам менга она ролини таклиф қила бошлашди. 30 йилга яқин она образида намоён бўляпман. Қанча оналар сиймосини шакл­лантирган бўлсам, уларнинг ичида юрагимга энг яқини “Дунёнинг ишлари”даги Она образи. Қаерга бормай, ким билан суҳбатлашмай, албатта, шу образ тилга олинади. “Сиз онамга ўхшайсиз”, деганларнинг аксари мана шу ролимга меҳр қўйгани аниқ. Зеро, бу асарда бошқаларидан фарқли ўлароқ, оналарга хос фазилатлар ғоят кенг мужассам бўлган. Бир онанинг ҳаё­тида дунё­нинг турфа ишлари акс этади. Образ муваффақияти, аввало, муаллиф маҳоратида, қолаверса, меҳр-шафқатининг чеки йўқ, оила сирини кўчага чиқармаган андишали аёл — ўзимнинг Мукаррамхон онам қиёфасига кириб олганимда бўлса керак.

Нафақат менинг онам, балки кўплаб ўзбек оналарига хос бўлган мушфиқлик, жонсараклик, болажонлик уфуриб тургани учун ҳам бу образни халқимиз эъзозлайди. Ўзбек аёлларининг зийнати бўлган хислатларни ёшларимиз қадрлаши, ўзида ҳам мужассам этиши керак. Раҳматли Ўткир Ҳошимов ийманибгина “Рихси опа, “Дунёнинг ишлари” асаридаги она образи энг яхши кўрган ролим дегансиз, янги китобимга шу гап­ларингизни киритсам, майлими?” деганида, “Сиз шундай асар ёзасизку, мен рози бўлмайманми?!” деганман. Яна шундай асар ёзилиб, она ролини яратиш керак бўлса, бажонидил ўйнайман.

— “Ҳар қандай вазиятда ҳам театрни дедим, ўзимни қўлга олдим”. Раҳматли отангиз ва онангиз вафотлари арафасида ҳам ўзингизда куч топиб, мустаҳкам ирода билан, касбингизга бўлган чинакам садоқат билан ўзингизга топширилган ролларни ўйнашда давом этган экансиз…

—1964 йилнинг май ойлари… Онам қаттиқ бетоб, тўғрироғи, ўлим талвасасида. Бошларида ўтирибмиз. Отам такбир айтиб ўтирибди (Отам масжидда азон айтарди. Онам ҳар гал “Эшитинглар, отанг азон айтяпти, овози бирам ёқимли-да” дерди). Шу куни театрда “Олов” спектаклида Рафиқа ролини ўйнашим керак эди. Жамоа аҳволимдан хабардор. Лекин спектаклни қолдириб бўлмайди. Аксига олиб, меҳмонлар таклиф этилган экан. Бош режиссёримиз Александр Гинзбург икки энлик хат юборибди: “Ҳурматли Рихси, илтимос, бугун жуда масъулиятли спектакль. Ўрнингда бошқа одам йўқ. 7.30 да машина уйингга боради ва яна қайта олиб бориб қўяди. Келиб ўйнаб кет. Соғлик тилайман”.

Спектаклнинг ҳам куладиган, ҳам йиғлайдиган жойлари бор эди. Йиғлайдиган ўринларда маза қилиб йиғлайману, кулиш қийин. Хуллас, бир амаллаб ролимни ўйнаб, гримимни ҳам артмай, машинани уйга шоширдим. Онам жон таслим қилаётган экан. Дадам: “Онаси, мана қизинг келди, кўзингни оч”, деди. Қўлида Қуръон, кўзларида ёш, онамнинг қулоқларига “Биздан рози бўл”, деб пичирлаб турибди. Онам бир чуқур нафас олди-да, жим бўлиб қолди…

…“Менинг Бухором” фильмини Москвага олиб кетаётганимизда отамнинг дуоларини олиш учун уйга бордим. Бироз тоби қочган кунлар эди. Гуллаб турган настаринимиз тагидаги диванда ётган экан. “Нафасим сиқяпти”, деди. Оғзига тутганим бир қошиқ қатиқ лабларида қолди. Эртага йўлга чиқишимизни айтиб, фотиҳа сўрасам, кўзларимга тикилиб туриб, “Қачон қайтасан?” деди. Кўпи билан бир ҳафта, ролимни ўйнаб бўлсам, вақтлироқ келаверишимни айтдим. Қўлларини фотиҳага очганча, узоқ туриб, яна “Қачон келасан?” деди.

Бу сафар тез қайтишимни айтдим. Негадир мени қўйиб юборгилари келмай, “Майли, омон бўлгин, болам, мен сендан розиман, омадингни берсин”, дедилар. Қўллари пешонасигача етиб бормади, кўнглим ғаш тортди. Ҳовли атрофини кетмон билан тартибга келтираётган акам: “Хавотир олма, дадам яхшилар, ҳали шу туришда ҳам кўп яшайдилар”, дея кўнглимни кўтарди. 50–60 қадамча юргандим, акамнинг “Рихсихо-о-о-н” деган чақириғидан юрагим шув этиб, ортга ўгирилдим. Овозида титроқ бор эди. Юзига фотиҳа тортиб, отамнинг жон берганига ишора қилди. Эртасига эрталаб ҳамдардликка етиб келган бутун театр жамоаси самолётга билет ташлаб кетишди. Мендан ташқари, ҳамма поездда кетган экан. Уч кунлик маросимни ўтказиб, улар билан бир вақтда Москвага етиб борганман…

— Чернобилда ҳам бўлган экансиз. У ерда яратган Нодирабегим образингиз муваффақият қозонган, бироқ соғлигингизда шундан сўнг муаммолар пайдо бўлган, деб эшитгандик.

— Битта орзуим бўлар эди, ўз пайтида, ёшим тўғри келганида, Нодирабегимни ўйнай олмаган эдим. Нодирабегимнинг ҳаёти, бутун бошидан ўтганлари, ғазалиёт ва шеъриятини жуда яхши кўрардим, аммо ролини ўйнамагандим. 1987 йилда шу орзуим ушалди. Шу йили Россиянинг Владивосток шаҳрига сўнг Украинадаги Чернобилга ҳам бордик. Ўз истагим билан борганман. Нодирабегим (Л.Б.Гладких. “Сўнгги тун”) образини рус тилида ўйнаганман. Фидойилигим ортидан нурланиш касаллигини орттириб, соғлигимга анча путур етган, ҳатто “ана кетди, мана кетди” бўлганман. Уч марта операция бўлдим. Яратганнинг қудрати билан яна саҳнага қайтдим. Нодирани топдим, бироқ соғлигимни йўқотган эдим. Орадан йиллар ўтиб, ёшим катта бўлганидан кейин, ўзимизда Нодирабегимнинг оналик даврини ҳам ўйнадим.

— Она ватанимиз мустақиллигининг 32 йиллик байрами кунларида мухлислар ва газетхонларга тилакларингиз…

— Мустақиллик берган ёруғликлар мен учун ҳам кутилмаган бахт бўлди. Айниқса, миллий қад­риятларимиз тикланганига шукроналар қиламан. Янги асрда янги Ўзбекистонда яшаяпмиз. Тинчликнинг қадрига етишимиз керак. Келажак сиз – ёшларники. Ватан шаънини янада баланд­ларга кўтаришда юртбошимизга камарбаста бўлиш лозим. Зеро, дунё илмларига ўз ҳиссасини қўшадиган, жаҳон тан оладиган ўғил-қизлар воя­­га етишини ҳамда “Булар қайси миллат фарзанди, қайси бахтли онанинг дилбанди экан?” деса, ўзбек аёллари, оналари ғурурдан кўкси тоғ бўлиб “Булар — менинг фарзандим”, дея шодлиги оламга сиғмайдиган замондошларимиз кўп бўлишини истайман.

“Hurriyat” газетаси ўқувчиларига, барча юртдош­ларимизга эса фақат омад тилайман.

Ислом АСИЛБЕКОВ суҳбатлашди.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

3 × two =