Икки эл фарзанди
(Атоқли адиб Носир Фозиловни ёд этиб)
2019 йил 1 июнда умр йўлдошим Носир Фозиловнинг 90 йиллик таваллуд тўйларини нишонламоқчи, элга ош бериб, хурсандчилигимизни ёру дўстлар, қариндошлар билан баҳам кўрмоқчи эдик. Аммо ниятимизга ета олмадик. У киши бетоб бўлиб қолдилар. Муолажалар наф бермади. 2018 йил 13 январь куни… Аллоҳнинг иродаси экан, Яратганга омонатларини топширди, начора.
90 йилликларини уларсиз нишонлашимизга тўғри келди.
Бу сафар таваллуд айёми биринчи бўлиб туғилиб ўсган жойлари Туркистонда нишонланди.
Юртдошлари Носир акани жуда ардоқлашар, иззат-икром кўрсатишар, Туркистонга бориб қолсалар, ўтқазишга жой топишолмас, дарҳол бирор мактабда учрашув ташкил қилишар, оқсоқоллар, дўст-ёрлар, ўқитувчи-ю ўқувчилар жам бўлиб, саволга тутишар, ҳаётлари ва ижодлари ҳақида, ёзган асарлари тўғрисида саволлар ёғдиришарди. Устоз ним табассум билан бу саволларга иложи борича батафсил жавоб берарди.
2019 йил апрель ойида Туркистондан таклифнома келди. Носир Фозилов таваллудининг 90 йиллиги муносабати билан 27 апрель куни Туркистон шаҳрида ўтадиган “Икки эл фарзанди” мавзусидаги халқаро адабий-маърифий анжуманга бир гуруҳ ёзувчи, шоирлар ва оила аъзолари таклиф этилгандик.
Ўшанда, аниқроғи 27 апрель куни тонг саҳарда 16 кишидан иборат делегация йўлга отландик.
Делегация сафида Ўзбекистон халқ шоири Тўлан Низом (охиратлари обод бўлсин, улар ҳам бугун ҳаёт эмас) Қорақалпоғистон халқ ёзувчиси Муродбой Низанов, ёзувчи, таржимон Меҳмонқул Исломқулов, филология фанлари номзоди, доцент Адҳамбек Алимбеков, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, шоир, таржимон Янгибой Қўчқоров, “Шарқ юлдузи” журнали бош муҳаррири Сирожиддин Рауф, ёзувчи Қўчқор Норқобил, “ХХI аср” газетаси бош муҳаррири Норқобил Жалил, ёзувчи Юсуф Абдуллаев, ёзувчи Шодмонбек Отабоев, педагогика фанлари доктори, профессор Сафо Матжон, Қозоқ маданият марказидан Ҳамза Холмуратов ва оиламиз аъзолари бор эди.
* * *
…Туркистон шаҳридаги маданият саройи… Кираверишда ўнг томондаги ёнма-ён қўйилган столларга Носир аканинг китоблари, асарлари босилган газета ва журналлар чиройли қилиб териб қўйилган. Меҳмонлар шу ерда тўхтаб, китобларни кўздан кечириб, кейин залга киришяпти.
Катта зал жуда шинам безатилган эди. Гилам тўшалган саҳна четига анвойи гуллар қўйилган. Саҳнанинг орқа деворига арчазор тоғлар фонида Носир Фозиловнинг узоқларга виқор ила тикилиб турган суратлари туширилган панно ўрнатилган. Анжуманга йиғилганларнинг кўзлари меҳр ва соғинч билан боқади суратга.
Мен эса шундай инсон билан умр кечирганимдан қалбим фахр-ифтихорга тўлиб ўтирибман. Бу ҳурмат-иззатни, эҳтиромни, ардоқни кўриб, ич-ичимдан йиғи келади. Кўзим жиққа ёшга тўлади.
2019 йил Ўзбекистонда Қозоғистон йили, “Адабиётлар дўстлиги — халқлар дўстлиги” шиори остида ўтяпти бу анжуман.
Умр йўлдошим бу дўстликни мустаҳкамлашга озмунча ҳисса қўшдиларми? 60 йиллик умр бахшида этилди. Бу самарасиз кетмади. Ҳозирги эъзоз, иззату эҳтиром бежиз эмас.
Анжуманни жировчи йигит дўмбира чалиб, Носир оғага бағишланган қўшиқ билан бошлаб берди. Филология фанлари доктори, академик Қулбек Эргўбек кириш сўзи билан анжуманни очди. Шундан сўнг Тошкентдан келган меҳмонлар ва қозоғистонлик ижодкор ёру дўстлар бирин-кетин саҳнага кўтарилиб, дил сўзларини айта бошлашди. Улардан айримлари ҳамон эсимда.
Ўзбекистон халқ шоири, раҳматли Тўлан Низомга биринчи бўлиб сўз берилди. У киши Носир аканинг фазилатлари-ю хислатлари, адабиётга, халқлар дўстлигига қилган хизматлари ҳақида гапириб, охирида “Кўприклар кўп дунёда” деган шеърини ўқидилар. Носир акани адабиётлар ўртасидаги кўприкка менгзадилар. Залда гулдурос қарсаклар янгради.
Кейин Қорақалпоғистон халқ ёзувчиси Муродбой Низанов сўзга чиқиб асарларининг таржима қилиниши ва чоп этилишидаги Носир оғанинг хизматлари ҳақида гапириб: “Мендан қачон “Устозинг ким?” деб сўрашса, жавобим доим бир хил: икки устозим бор дейман, бири — китоб, бири — Носир оға. Айниқса, ёзувчилик фаолиятимда Носир оғадек бағрига тортган, ўз отамдек бўлиб бошимни силаган бошқа инсон йўқ. Носир оға ҳамроҳлигида жуда кўп сафарларга чиққанман. У кишининг шарофати билан таниқли ёзувчи, шоирлар билан танишганман, бир дастурхондан нон-туз татиганман” деди.
“2002 йили ЮНЕСКО ҳомийлигида Ғабит Мусрепов таваллудининг 100 йиллигига бағишланган анжуман ўтказилганди. Унга Ўзбекистондан Носир оға, Қалдибек Сейданов ва (Носир оғанинг тавсияси билан) мен чақирилган эдик, — деб фикрини давом эттирди Муродбой Низанов. — Поездда кетяпмиз. Носир оғанинг қизиқ-қизиқ ҳангомаларини соғинганман. Ичим қизиб кетяпти. Охири баҳона топдим.
— Носир оға, чой-пой ичмаймизми? – дедим пастдаги ўринга энгашиб.
— Эй кўзи қисиқ қорақалпоқ, – деди Носир оғам кулиб. — Илгариги ёшлар “ичкарида отам ўтирибди, уй тепасига чиқа олмайман” деб, том устидаги қорни курашга ботина олмай, отасининг бирор жойга чиқишини пойлаб ўтиришар экан. Сен бўлсанг, сакраб тепамга чиқиб олдинг-да, яна “чой ичмаймизми?” деб менга иш буюргинг келади-я! Дамламайсанми ичгинг келса? – дедилар.
— Бир оғиз сўзингиз, – деб сакраб тушдим-да, чой дамлаб келдим. Яна ҳангома дўкони очилди, гурунг савдоси қизиди. Носир оға Ғабиден ва Ғабит оғалар ҳақида гурунг бериб, бизни роса кулдирдилар.
Хуллас, Носир оға ҳақидаги хотираларим жуда кўп.
Ўзи эмас, ўзгаларнинг муваффақиятидан боладай қувона оладиган, шогирдларини ўз боласидек билиб, бошини силаб, авайлаб юрадиган бундай бағрикенг инсонни мен умримда учратган эмасман”.
Муродбой сўзини “Носир оға мен учун ўлган эмас” деган шеъри билан якунлади.
Бетоблигига қарамай, ҳурмати, инсоний бурчи юзасидан Олмаотадан атайлаб анжуманга етиб келган, Қозоғистонда хизмат кўрсатган маданият арбоби, Давлат мукофоти соҳиби, ёзувчи Собит Дўсановнинг хотиралари бутун зални жунбишга келтирди.
“Кўзи тиригидаёқ донишманд бўлиб танилган, номи афсонага айланган миллати ўзбек, қалби қозоқ Носир Фозилов икки эл — ўзбегу қозоқнинг умум фахри эди. У Мухтор, Собит, Ғабит оғалар каби мумтоз адибларимизнинг асарларини ўзбек тилига маҳорат билан таржима қилди. Менинг “Арвона” насрий асаримни ўзбекча сўзлатди. Қозоғистонда ўтадиган адабий анжуманлар, қаламкаш дўстларнинг таваллуд тўйларининг барчасига келади. Жумладан, 2000 йили менинг ҳам 60 йиллигимга келган. 2010 йилда, бетоб бўлганлигига қарамай, 70 ёшлик тўйимда ҳам иштирок этиб, Абай номидаги опера ва балет театрида ўтган ижодий кечамга ўзига хос мутойибали гапи билан ўзгача файз бағишлагани, “XX аср” тетралогиям ҳақида: “Собит майда-чуйда мавзуларни эмас, миллатнинг юз йиллик қисматини “ХХ аср” асарида якқалам қилди. Энди бу ёғига навбат йигирма бир, йигирма иккинчи асрларга” деб ҳаммани кулдирганини эслаб юрамиз.
2017 йили Тошкентда ўзбек тилида нашр этилган бир жилдлик асарларимнинг тақдимот кечасида отахон адиб Носир оға: “Эй менинг ўзбекларим, қозоқ бовурларингизни ҳурмат қилинглар! Ўзбекка қозоқдан яқин дўст йўқ. Улуғ халқ қозоқ билан йўлдош бўлсангиз, йўлда қолмайсиз”, дея тўлқинланиб, оталарча теран маъноли сўз айтган эди. Юртга қайтаётганимда, оға мени бағрига босиб, сўнгги учрашув эканлигини кўнгли сезгандай, кўзида ёш ила хўшлашувди…
Хўш бўл, хўшлашишга тил бормас азиз, асил оғам!”
“1994 йили Носир оға Қозоғистон Президентининг “Тинчлик ва маънавий ҳамжиҳатлик учун” мукофотини олиш учун Тошкентдан Олмаотага келганди, – дея сўз бошлади ёзувчи Мархабат Бойғут. — Мукофотни топшириш тантанаси Республика саройида бўлганди. Носир оғамиз саҳнага мийиғида кулиб чиққанини телевизор экранида кўрганимдаёқ “Айланайин оғатойим, одатдагидай, бир нимани ўйлаб чиқди-ёв” деган фикр кўнглимдан ўтиши билан у киши элбошига ўзбек пичоғини совға қилди. Бизда удумга кўра совғага пичоқ олган одам уни сотиб олиши керак. Ўшанда Президентнинг киссаси қуруқ бўлганидан, чақани ёнидагилардан олиб берганди.
Мукофотни олиб, Олмаотадан қайтган Носир оғани Чимкент вокзалида кутиб олдик. Вилоятимизнинг тўнғич ҳокими Марс Фозил ўғли Уркинбоев оғани қабул қилиб, мукофот билан қутлади, елкасига тўн ёпди, совға-салом берди.
Шундан сўнг оғани ресторанга таклиф қилиб, чой бердик. Официант қиз ҳисоб-китоб қилгани келганида, Носир оға: “Мархабат иним, чойнинг пулини ўзим тўлайман”, деса бўладими? “Нега сиз тўлар экансиз?! Сиз бизга табаррук меҳмонсиз, қўйинг!” дедим. “Билмасам, Президентнинг киссасида чақаси ҳам бўлмагач, сен ҳам қийналиб қоласанми деб ўтирибман-да”, деди оғам боладай беғубор кулиб…
Энди Носир оғамизни соғиниб, унинг ҳазилларини қўмсаб яшашдан ўзга чорамиз йўқ.”
Шу пайт мени саҳнага таклиф қилишди ва Мархабат оға иккимизнинг кўксимизга “Дўстлик” ҳамжамиятининг “Дўстлик” медалини тақиб қўйишди. Оға менга Носир устознинг асарлари босилган журнални совға қилдилар. Бундан кўнглим тоғдай кўтарилди. Бу умр йўлдошимга ва менга кўрсатилган яна бир эҳтиром эди. Ташаккурлар билдириб саҳнадан тушдим.
Шу тариқа ўзбекистонлик ва қозоғистонлик ижодкор дўстлари бирин-кетин саҳнага кўтарилиб, устоз ҳақидаги хотираларини, дил сўзларини, у кишининг ҳангомалари-ю ҳазил-мутойибаларини айтиб, залдагиларни ҳайратлантириб, кулдиришди.
Мен бу гапларни тинглаб, хаёлимда гўё умр йўлдошим орамизда ўтиргандек, бу ҳангомаларни, қизиқ-қизиқ гапларни ўзлари гапириб бераётгандек бир кўзимга ёш келиб, бир кулимсираб ўтирибман. Шундай садоқатли дўстларингиз, шогирдларингиз бор экан, Сиз ҳамиша барҳаётсиз, икки элда азиз бўлдингиз, Аллоҳ охиратда ҳам азизу мукаррам қилсин, деб ўзимга ўзим тасалли бераман.
Носир Фозиловнинг яхши кўрган яна бир укалари, шогирдлари, ёзувчи, шоир Абдураҳим Пратов елиб-югуриб хизмат қиляптилар. Сўзга чиққан ҳар бир меҳмонга совға-салом топширяптилар. Қалби тоза, меҳр-оқибатли, одамгарчилиги зўр, устозларга, дўстларга садоқатли бу инсон 2018 йилнинг 7 февралида умр йўлдошимнинг юртдошлари оила аъзоларимизни ва бир гуруҳ ёзувчиларни Туркистонга хотира тадбирига таклиф қилишганида, тадбирни ташкил қилишда ва ўтказишда жонбозлик кўрсатиб, Тошкентга келиб делегацияни бошлаб борганлар.
Устозлари оламдан ўтгандан кейин ҳам биздан хабар олишни канда қилмадилар. Ҳозиргача йўқлаб турадилар.
Бу инсонни ҳамиша дуо қиламан.
Носир аканинг қадрдон укаларидан бири, филология фанлари доктори, академик Қулбек Эргўбекдан ҳам беҳад миннатдормиз. Анжуманни чиройли қилиб бошқариб, меҳмонларга навбати билан сўз беряптилар.
Сўзга чиқувчиларнинг кети узилмасди. Ҳамма устоз ҳақида дил сўзларини айтгиси келарди. Лекин анжуманга ажратилган вақт ниҳоясига етиб борарди. Шунда анжуманни бошқараётган Қулбек Элгўбек залдагиларга мурожаат қилиб: “Ҳурматли меҳмонлар, анжуман иштирокчилари, Носир оға ҳақида қанча гапирсак шунча оз, ҳали анжуманимиз давом этади. Ҳозир тушлик қилиб олиб, меҳмонларимизни Қарноқ қишлоғидаги тарихий музейга олиб боришимиз, Аҳмад Яссавий мақбарасини зиёрат қилдиришимиз, сўнгра Эски Иқон қишлоғидаги Миртемир музейига ташриф буюришимиз керак”, деб анжуманга якун ясади…
* * *
Носир Фозилов таваллудининг 90 йиллиги Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида ҳам муносиб нишонланган эди. Ёзувчилар уюшмасининг “Ижод” фонди ҳомийлигида “Носир Фозилов замондошлар хотирасида” ва “Танланган асарлар” китобларини нашр қилиб, устознинг руҳларини шод этишди. Бундай ҳурмат-эътибор учун Уюшма раҳбариятидан миннатдормиз.
2019 йил 27 ноябрда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг мажлислар залида Носир Фозилов таваллудининг 90 йиллиги ҳамда Турсунбой Адашбоев таваллудининг 80 йиллиги биргаликда нишонланди.
Тадбирга Туркистондан бир гуруҳ ижодкорлар ташриф буюришди. Улар сафида филология фанлари доктори, академик Қулбек Эргўбек, Қозоғистонда хизмат кўрсатган маданият арбоби, ёзувчи Мархабат Бойғут, “Ижод” бирлашмасининг раиси, шоир Абдураҳим Пратов, ёзувчи Суннатуллоҳ Акрам, шоира, таржимон Соатой Камол қизи, Кориз қишлоғидаги мактабнинг адабиёт ўқитувчиси Шоира Жалилова, устознинг биринчи муаллимлари Поччахон амакининг қизлари, адабиётчи Тамара Қудретовалар бор эди.
Қирғизистондан ҳам ижодкорлар, Турсунбой Адашбоевнинг қадрдонлари, оила аъзолари етиб келишди.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг раиси Сирожиддин Саййид устозлар ҳақида эҳтиром билан кириш сўзи айтиб, анжуманни очдилар. Шундан сўнг бирин-кетин сўзга чиққан академик Наим Каримов (уларни ҳам Аллоҳ раҳмат қилсин), ёзувчи Мархабат Бойғут, академик Қулбек Эргўбек, педагогика фанлари доктори, профессор Қозоқбой Йўлдошев, ёзувчи Муродбой Низанов, филология фанлари номзоди, профессор Раҳматилла Баракаев ва бошқалар Носир Фозилов ва Турсунбой Адашбоевларнинг ўз ижодлари билан миллий адабиётимизга қўшган ҳиссалари, халқлар дўстлигини мустаҳкамлашдаги хизматлари ҳақида, ёш ижодкорларга кўрсатган ғамхўрлик ва жонкуярликлари ҳақида самимий дил сўзларини изҳор қилдилар. Видеороликлар намойиш этилди. Меҳмонларга совға-саломлар, китоблар тақдим этилди. Тадбир жуда файзли ўтди.
Мана энди яна 2024 йил январь ойида Туркистондан хушхабар келди. Юртдошлари севимли ёзувчилари Носир Фозиловнинг қадрларини юксакларга кўтариб, эъзозу эҳтиром кўрсатиб, номларини абадийлаштириш учун туғилган жойларида янги қурилган икки қаватли, 450 ўринли мактабга номларини беришга, мактаб ҳовлисига бюстларини ўрнатишга қарор қилишибди. 2024 йилнинг сентябрь ойида устоз таваллудининг 95 йиллиги муносабати билан катта тантаналар уюштирилар экан.
Бу ишнинг бошида турган Туркистон шаҳар ҳокимлигидан, тадбиркорлар Тажибек Мусаев ва Ержан Мусаевлардан, Туркистон шаҳар маданият маркази раиси Баҳодир Ирисметовдан, раис ўринбосари, журналист Шомирза Мадалиевдан, филология фанлари доктори, академик Қулбек Эргўбекдан ва бу ишга ҳисса қўшган барча азиз инсонлардан миннатдормиз ва таъзим қиламиз.
Болаларнинг севимли ёзувчиси бўлган Носир Фозилов болалар ва ўсмирлар ҳаётидан ёзилган қисса ва ҳикоялари билан, устозлари, сафдошлари, шогирдлари ҳақидаги ҳангомалари, хотиралари, воқеий ҳикоялари билан ҳамда қозоқ, қорақалпоқ ёзувчиларининг асарларидан қилган таржималари билан кенг китобхонлар оммасига танилдилар.
Талабалик йилларидаёқ таржима билан шуғуллана бошлаган адиб мумтоз қозоқ ёзувчилари Собит Муқонов, Ғабит Мурсепов, Ғабиден Мустафинлардан тортиб, ҳозирда ижод қилаётган ёзувчиларнинг асарларигача 40 дан зиёд китобларни маҳорат билан ўзбек тилига ўгириб, адабиётлар ўртасидаги олтин кўприк номини олдилар.
Носир Фозилов ёзган ва таржима қилган асарлар неча авлод фарзандларини эзгулик руҳида тарбиялаб, халқимизга яшаш, қуриш ва курашда ёрдам бермоқда.
У кишининг машаққатли ва шарафли хизматлари муносиб қадрланди.
Мамлакатимизда “Хизмат кўрсатган санъат арбоби” фахрий унвонига, икки карра Давлат мукофотига, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг Ғафур Ғулом номидаги мукофотига, “Эл-юрт ҳурмати” орденига сазовор бўлди.
Қозоғистон ҳукумати томонидан Қозоғистон Президентининг “Тинчлик ва маънавий ҳамжиҳатлик учун” халқаро мукофоти (бу улкан эътирофга Марказий Осиёдан Чингиз Айтматов ва Носир Фозилов лойиқ кўрилган), Қозоғистон Ёзувчилар уюшмасининг Бейимбет Майлин ва “Алаш” номли халқаро мукофотлари билан тақдирландилар.
Бугун Носир Фозилов орамизда жисман йўқ бўлсалар-да, ёзган асарлари, таржималари, қилган яхши амаллари билан ҳамиша барҳаёт.
Муборак ФОЗИЛОВА.