Шоаҳмад отанинг ўн еттинчи фарзанди

Бешафқат фронт ёш болаларни ҳам аяб ўтирмас, хусусан, ота-онаси ўлган ё бедарак йўқолган етим-есирларнинг аҳволи жуда оғир эди. Ўлим ва муҳтожлик балоси ҳаммани таҳликага солаётган бир давр. Меҳр ва парваришга зор гўдакларни уруш аланга олаётган жойлардан тинчроқ жойларга эвакуация қилиш ва меҳрибонлик уйларига жойлаштириш масаласи ечимини кутмоқда.
Тошкентдаги “детдом”лар ҳам оғир аҳволда эди. Бола кўп, жой йўқ. Фақат етим-есир ёхуд ғарбий районлардан эвакуация қилинган норасидалар ҳисобиданми? Йўқ.
Афсус, меҳрибонлик уйлари ота-онаси тирик гўдакларни ҳам қабул қилишга мажбур бўлган. “Олмасангиз, ўлиб қолади. Боқолмайман!”
Шундай вазиятда Тельман номли артелнинг (заводнинг) ишчиси (уста-чилангар) Шоаҳмад Шомаҳмудов ва унинг турмуш ўртоғи Баҳри Акромова қандай иш тутгани кўпчиликка аён — бу икки “ҳазрати инсон” ҳақида кўп ёзишган. Биз эса қуйида улуғ мартабали ОТА-ОНАнинг ўн еттинчи фарзанди, фарзандларнинг кейинги тақдири тўғрисида тўхталиб ўтмоқчимиз.
Икки мўътабар зот уруш йиллари ўн учта етимнинг бошини силаб, вояга етказгани айтилади. Шоаҳмад ота 1952-62 йилларда яна учта муҳтож болани уйига олиб келган. Баҳри ая навбатдаги меҳрга зорларни ҳам бағрига сиғдирган ва жами қабул қилинганлар 16 тага етган.
Олтмишинчи йилларнинг бошида дарвозани кимдир тақиллатди.
— Ким у? – дея бориб очди уй эгаси.
— Ассалому алайкум!
— Келинг, меҳмон. Ва алайкумассалом. Танимайроқ турибман?
— Мен, мен… бағрингизда жой борми?
— Нима?
— Бағрингизда менга ҳам жой борми, ота? Етимман. Биламан, уруш пайти ёш болаларни қабул қилгансиз. Парваришга муҳтож ўн учта болани. Урушдан кейин яна учтасини асраб олдингиз. Ана, тўртинчиси келди умид билан. Ҳайрон бўляпсизми, ким экан бу кап-катта…
Шоаҳмад ота юрагида ғалати ҳислар уйғонаркан, йигирма беш ёшлар чамасидаги башанг кийинган, бироқ ҳазин жилмаяётган йигитга бошдан-оёқ разм солди.
— Узоқдан келган журналистман, “партшкола”да ўқийман, исмим Ражаб, – деб ўзини таништирган бўлди меҳмон. — Анчадан бери “бир борай, “меҳр даргоҳи”ни зиёрат қилай”, дейман-у… бугун журъат этдим. Оилам бор, уй-жойим, ўзимга яраша молу давлат… Худога шукр! Отахон, энди сизга савол: нимам йўқ? Аниқроғи, кимим?
Ота ҳаммасини тушунди. Эшикни каттароқ очди. Юрагига ишоралаб:
— Манавининг эшиги ҳам, – деди меҳр ва самимият билан. — Киринг!
Бағирлашдилар.
— Раҳмат, ота, раҳмат! – дер эди йигит кўз ёшини тутолмай.
Шоаҳмад отанинг юраги ҳам аллатарз уряпти. “Ўз оёғи билан ким келди?”
— Молдован, қозоқ, чуваш, украин, иккита яҳудий, иккита татар, учта рус ва бешта ўзбекка, мана, тожик қўшиляпти, Худо хоҳласа.
— Тожикмисиз? Ўзбекча гапиряпсиз-ку!
Бола асраб олиш азалдан бор. Лекин оғир йилларда Шоаҳмад ота ва Баҳри ая кўрсатган том маънодаги “жавонмардлик” ўша вақтлардаги бутун советлар мамлакатида “ғайриоддий тажриба” деб баҳоланди. Улардан ибрат олиб, эвакуация қилинган етим болаларни парваришлаш республикамизнинг бошқа ҳудудлари, шунингдек, қўшни республикаларда ҳам одатга айланди.
— Ҳайратомуз одамийлигингиз билан биз, тожиклар томонда ҳам машҳурсиз, ота.
— Ростданми?
— Энди… муроду муддаомни билдингиз.
— Болам, кирайлик!
— Меҳр деган туйғунинг нақадар ҳаётбахшлигини шу ерда — сизнинг уйингизда англай дегандим-да, отажон. Онам уйдамилар?
Шоаҳмад ота ичкарига қараб:
— Онаси! – деб қичқирди.
— Лаббай! – дея ойнаванд уйларнинг биридан чиқди Баҳри ая.
— Тожик болангни қабул қилвогин.
— Онажон, ман омадам! – деди кулиб меҳмон.
— Хуш кепсиз, болажоним. Буржимуллоданмисиз?
Тожиклар яшайдиган Бўстонлиқнинг Буржимуллосидан Шоаҳмад отанинг қариндошлари, таниш-билишлари келиб туришарди. Улардан бири бўлса керак, деб ўйлаганди Баҳри ая.
Эрининг ота-боболари буржимуллолик. Тоғли жойда ҳаёт кечириш қийин бўлгач, бўлажак қайнотаси Шомаҳмуд ўн тўққизинчи асрнинг иккинчи ярмида Тошкентга келиб, аввал чоракор, кейинчалик темирчи устага шогирд тушган. Ишга кириб, артелнинг илғор чилангарига айланган. Тошкентлик қизга уйланиб, 1890 йилда ўғил кўрган, ягона ўғли (Шоаҳмад) улғайгач, отаси ишлаган заводда унинг касбини давом эттирган.
Ота-онасининг вафотидан кейин Шоаҳмад ёлғизланиб қолади. Қариндошларининг қистови билан Буржимуллога кўчиб кетмоқчи ҳам бўлади-ю, Баҳри деган бир қиз…
Маҳалладоши Баҳри у пайтда заводнинг энг ёш ишчиси эди. Ишга бориб-келишида яхшигина ҳамроҳ. Бир куни шаҳарда ҳеч кими қолмагани боис ишдан кетиши-ю, отасининг қишлоғига бориб, деҳқончилик қилишини айтганди, қиз:
— Ҳеч кимим йўқ? Мен-чи? – деди кулиб.
Сўнг Баҳри хайр ҳам демасдан дарвозалари томон чопди.
Шоаҳмад тимқора сочини қирқ кокил қилиб майда ўрган кўркамгина қиз чопиб кетган томонга беихтиёр тикилиб қолди.
Тақдир экан, унга уйланди.
Баҳри қатор-қатор бола туғиб бермаган бўлса-да, унинг шарофати билан эри ҳақиқий маънодаги “қаҳрамон ота”га айланди.
Ўн еттинчи фарзандига “тожик болам” деб исм қўйди Баҳри ая. Ҳақиқий она-бола бўлишди.
Турли миллатга мансуб болаларни фарзандликка қабул қилган бу хонадонга бағишлаб машҳур адиб Раҳмат Файзий “Ҳазрати инсон” романини ёзган — бу маълум. Асардаги Маҳкам ака — ҳақиқий ҳаётдаги Шоаҳмад ота эканлигини ҳам ҳамма билади. Ана, Маҳкам ака болалар уйига боряпти. Ундан сўрайдилар: “Ўғил бола олмоқчимисиз ё қиз болами? Ёшроқ бўлсинми ё эслироғими?”
Нима, бола танлаши керакми? У мол бозорига келмади, инсон боласини сўроқлаб келди!
Йўқ, танлайди. Энг нимжон, энг ҳоли хароб болани фарзанд қилиб олади…”
Бу романдан бир иқтибос.
Шоаҳмад ота эса шаҳар етимхонасига қандай боргани-ю, қандай вазиятга дуч келганини Баҳри аянинг “тожик боласи”га шундай ҳикоя қилганди:
“Маъсум гўдаклар катта бинонинг бир четида, кўзлари жавдираб ўтиришарди. Ҳар бири қаноти қирқилган чумчуқни эслатар, маъюс ва умидвор нигоҳлардан юрак эзиларди. Кўзларда чуқур бир мунг. Ота-онасини соғинган болажонлар!
“Яхшисини танлаб олинг”, деди етимхона мудири. Мен бўлсам ранг-қути ўчган, энг озғин ва афтодаҳол болачани танладим. Қўлини тутиб, етимхонадан чиқаётганимда, бошқа бир болакай оёқларимни қаттиқ қучоқлади-да: “Амакижон, мениям опкетинг, ҳамма ишингизни қиламан, йўқ деманг, илтимос”, деди йиғи аралаш. “Эртага келиб, сениям опкетаман, хўпми?” дедим унга. Ваъдамни бажардим. У ҳам ўғлим бўлди”.
Кўчаларда тиланчилик қилиб юрган Сарсанбайни, ўққа тутилганлар орасида тирик қолган Абрамни, вокзалда синглиси Лесяни адаштириб қўйган Остапни ва яна Марикани, Сашани, Лёшани, Галяни, Ренатни, Дзидрани кўрамиз романда. Ўқиганмиз бу асарни. Яна ўқиймиз.
Шу асар асосида суратга олинган “Сен етим эмассан” фильмини яна кўргимиз, Шоаҳмад ота ва Баҳри ая ҳақида яна эшитгимиз келади.
Рус, молдован, еврей, татар, чуваш… Турли дин, миллат ва элатга мансуб зурриёт. Ака-ука, опа-сингилларни одамийлик дини, инсонийлик таомили бирлаштирганди! Қоравой, Неъмат, Муаззам, Ҳакима ва Улуғбек сингари ҳаммаси энди маҳалланинг ўзбек болалари: Ҳабиба, Шуҳрат, Холида, Йўлдош, Рафиқ, Раҳматулла, Самуғ, Ҳамидулла… Ҳаммаси ўзбекчани ўзбекдай билади. Биттасининг (Вованинг) номи русча, холос.
Бола касал бўлади. Боласи касал одамнинг ҳолини тасаввур этинг.
Шоаҳмад ота нима қиларди? Баҳри ая-чи? Йиғламсираган кўйи: “Ўзинг асра!” дея илтижо қиларди эр-хотин. Қўни-қўшни таажжубда: “Бегона болагаям шундай меҳр қўядими одам?”
Дарвоқе, улар Раҳматуллани етимхонадан касал ҳолида олишган. Дўхтирлар тирик қолишига ишонмасди. Аввало, Худо-ку, эр-хотиннинг ўта ғамхўрлиги уни ҳаётга қайтарган.
Болалар бирин-кетин вояга етишяпти. Ўқитиш ташвиши, ишга жойлаштириш, узатиш-у уйлантириш…
Шоаҳмад ота тўнғичини ўқитди — олий маълумотли Рафиқ Ангренда ўз бахтини топди, тўрт фарзанд кўрди. Раҳматулла (татар) онасини қидириб топиб, у билан яшади, бироқ умрининг охиригача бир оёғи том маънодаги меҳр даргоҳи — отасининг “катта ҳовлиси”да эди. Муаззамада ҳам тўртта, Ҳабибада учта, Йўлдош билан Эргашда иккитадан фарзанд бор эди. Ота Қоравой, Шуҳрат, Холида, Ҳалимадан ҳам набира кўрди. Самуғ, Улуғбек, Ҳакима, Қоравойларнинг тўйини кўриш эса пешонасида йўқ экан.
У дунёдан ўтган йили (1970) энг кенжаси Ҳакима 18 ёшда (бу даргоҳга тушганида у бир ойлик чақалоқ) эди.
Оиланинг икки фарзанди — Ҳамидулла ва Муаззама севиб турмуш қуриб, тўрт фарзанд кўриб, бахтли ҳаёт кечирдилар.
18 йил эри билан Тельман номидаги заводда ишлаган Баҳри ая Акромова 1987 йилда (саксон тўрт ёшида) оламдан ўтди. 1978 йилда хонадонга келин бўлиб тушган Жамила опа кўзларига ёш қалқиб чиқаркан: “Қайнонам суратида ўз онамнинг суратини кўрганман”, деганди. У келинларининг ҳам меҳрибон онаси эди.
Фарзандлардан Ҳалима ва Йўлдошга узоқроқ умр насиб этгани, бугунги кунда Холида (Ольга Тимонина) Тошкентда ҳаёт кечираётгани — тўқсонга қараб кетаётган онахоннинг Жарариқ маҳалласида яшаётгани айтилади.
“Бобом ва бувим асраб олганлардан деярли қолмади, лекин уларнинг фарзанд ва набиралари билан борди-келдини канда қилмаганмиз”, дейди хонадон тўнғичининг ўғли, яъни Шоаҳмад отанинг набираси Тоҳир Шомаҳмудов.
Холида опа бир неча йил аввал: “Ойим тез-тез тушимга кирадилар, ойим жаннатдалар…” деган экан журналист дўстимиз Фозил Жабборовга.
“Жаннати она”нинг “тожик боласи” ҳам энди орамизда йўқ.
Дарвоқе, оиланинг ўн еттинчи фарзанди тўғрисида бошқалар билганми?
Билган.
Табассум билан: “Тўрт кишини хабардор қилмасак бўлмайди”, деганди хонадоннинг янги аъзоси.
1964 йили собиқ “партшкола” (Тошкент олий партия мактаби)да катта йиғилиш бўлиб ўтган. Шоаҳмад ота ва унинг турмуш ўртоғи иштирокидаги йиғилишни собиқ Марказқўмнинг идеология бўйича ўша вақтдаги котиби бошқарган. Сўз тожик журналистига берилганда, у биринчи қаторда ўтирган фахрий меҳмонларга шундай деб мурожаат этган:
— Отажон ва онажон! Мен ҳам уруш йилларининг бир етимиман. Илтимос қиламан, турли миллатга мансуб ўн олти фарзандингиз қатори мен тожикни ҳам…
“Болажоним!” дея уни бағрига босади Шоаҳмад ота. “Меҳрибоним, жигарпорам”, дейди Баҳри опа “тожик боласи”нинг пешонасидан ўпаркан.
Бутун зал оёққа турган.
Қарсаклар остида ўн еттинчи фарзанд отасига тўн ва тожикча (гулли) дўппи кийдиради. Онасининг елкасига оқ рўмол ташлайди.
“Кенжатой” кейинчалик онажонга оқ кўйлак ҳам олиб берган. Оқ рўмол ва оқ кўйлагини онажон умр бўйи асраган.
Холида опани эслаймиз. “Ойим тез-тез тушимга кирадилар. Бошларида оппоқ рўмол…”
Муҳаммад ШОДИЙ