Генералнинг совғаси

Ўзбек генерали Собир Раҳимовнинг Иккинчи жаҳон уруши фронтларида кўрсатган жасорати, ҳарбий соҳадаги салоҳияти таниқли саркардалар томонидан эътироф этилган.

Генералнинг ҳаёт йўлини хаёлимга келтирсам, кўзимга ёш қалқийди. Юрагим жизиллаб кетади. Оҳ, дейман, оҳ! Қанча ватанпарварлар, миллатпарварлар ҳақни деб, оҳдан ёнган. 1937 йилги “Катта қирғин” қурбонларининг сонини бармоқ билан санаб бўлмайди. Қирғиннинг тегирмонидан омон чиқиб, ноҳақ қийноқларнинг таъмини тотиб кўрган, синовларига чидаб, озодликка чиққанлар қалбида нафратнинг ёнгани рост.

Собир Раҳимовни ҳам бу қирғин четлаб ўтмади. Унинг “Таржимаи ҳоли” ёзилган шахсий варақани ўқий бошладим. “Раҳимов Собир Умарович 1902 йил 25 январда Тошкентда туғилган. Миллати — ўзбек. Хотини — Раҳима Ҳасанова. 1922 йилдан 1925 йилгача Озарбайжоннинг Боку шаҳридаги бирлашган ҳарбийлашган мактабни тугатиб келган Собир Раҳимов 1927-1930 йилларда алоҳида ўзбек отлиқ аскарлар полкида хизмат қила бошлади. 1930 йил Москвадаги ҳарбий академияда малакасини ошириб қайтди.

1937 йилги “Катта қирғин”да 19-ўзбек тоғ-отлиқ аскарлар дивизиясининг ўнлаб олий ва ўрта даражадаги зобитлари бирин-кетин турли бўҳтонлар билан қамоққа олиниб, мисли кўрилмаган қийноқларга солиниб, таҳқирларга дуч қилинган. Жумладан, 1938 йил 17 март куни Собир Раҳимов ҳам қамоққа олинган. Бу вақтда оила аъзолари сифатида турмуш ўртоғи Раҳима Ҳасанова ва унинг онаси Шосирўй ҳам рўйхатда келтирилган.

Шунга қарамай, 1938 йил 28 март куни унга ЎзССР Жиноят кодексининг 57-моддаси (чет эл жосуси) ва 67-моддаси (аксилинқилобий ташкилот аъзоси) моддаларини қўллаб қарор чиқарилган. 1938 йил 1 апрелдан терговчилар уни қийноқларга солиб, тергов жараёнларини ўтказган. Собир Раҳимов ўзига қўйилган сохта айб­ловларни тан олмаган.

1939 йил 30 апрель куни Собир Раҳимовнинг Берия номига ёзган аризаси бахтли тасодиф туфайли ёки собиқ ҳарбий сафдошларининг шарофати билан унинг қўлига етиб боради. Мазкур ариза инобатга олингач, 1939 йил 17 май куни қайта бошланган тергов 29 июнда тугатилиб, унга қўйилган айб­ловлар тасдиғини топмаганлиги сабабли, 1939 йил 9 октябрда озодликка чиқарилган.

1940 йилга келиб, Собир Раҳимов яна армия сафига хизматга тикланган. 1941 йил июнь ойидан Собир Раҳимов мотоўқчилар полкининг командир ўринбосари лавозимида майор унвонида хизматни бошлаган.

Генерал Собир Раҳимов Иккинчи жаҳон урушида Белоруссия фронти қўшинлари таркибида Барановичи, Слоним, Белосток, Грауденц шаҳарларини, Белоруссия ва Польшани озод қилишда қатнашади. 1945 йил 26 март куни Ғалаба кунига оз муддат қолган вақтда, Гданск шаҳрини озод қилишда кузатув пунктига келиб тушган снаряд парчасидан боши яраланиб, ҳушига келмасдан госпиталда вафот этди. 1965 йил 6 март куни унга Совет Иттифоқи Қаҳрамони унвони берилди”, деб ёзилган таржимаи ҳолида.

Ҳа, уруш ўзидан қолдирган асорати билан қалбларда узоқ яшаркан. “Уруш, номинг ўчсин дунё­дан!” деб ҳайқиргим келади. Даҳшатли уруш! Сен бобомни, отамни, энг яқин қариндош-уруғларимни абадий комингга тортиб кетдинг, уларни ёруғ дунё­даги барча азиз ва лазиз туйғулардан бебаҳра қилдинг, орзу-армонларга лиммо-лим қалбларни юлиб олдинг!

Ахир уларнинг қалблари ҳам яшаш орзулари билан тўлиб-тошган эди. Сенинг даҳшатли, изтиробли, инсонларнинг қони билан йўғрилган тарихингни варақлаб, халқим қаҳрамонлигини, матонатини, ўчмас тарихингда қолдирган изини ахтараман.

…Майнинг оромбахш тонги. Енгил сабо вужудларга ажиб бир ором бағишлаб, дарахт учларини енгил тебратиб, гўё аллалаётгандек эсиб турибди. Дарахтларга тикиларканман, уларнинг яшиллиги кўзимни яшнатади. Бўйлари ҳам ҳар хил: бири паст, бири баланд. Япроқлари шаббода билан ўйнашиб, қиқирлайди. Қиқирлаш баробарида сизни-да ўзига шерик бўлишга ундайди. Қушлар эса ўз тилларида нималарнидир чуғурлайди.

Кўксимни тўлдириб нафас оламан. Тонгнинг илиқ, мусаффо ҳавосидан тўйган вужудим енгил тортади. Беихтиёр мовий осмонга қарайман. Бепоён кенгликларга бағрини бериб ястаниб ётган осмон кўм-кўк, тип-тиниқ. Қуёш беланчагидан аста бош кўтариб,  нурларини соча бошлайди. Унинг заркокил нурлари дарахт учларида, шудринг намиқиб турган майсаларда кўзни қамаштиргандай жилоланади.

Майнинг тўққизинчиси — Хотира ва қадрлаш куни. Севимли шоиримиз Эркин Воҳидовнинг ажиб бир шеъри ёдимга тушди:

 

Йўқ, сен ўзинг гулсан, Ватанинг — чаман,

Улғай, асл зотинг унутма сира.

Билки, қадр билмак аслида — Ватан,

Ватаннинг маъноси боқий хотира.

 

Шеър хаёлимни ўтмишга чорлайди. Ўша кунларни эслайман. Тўққизинчи май… Кўкраклари орден-медалларга тўла отахону онахонларни кўриб, уларга ҳавасим ортарди. Уларнинг ёшлиги Иккинчи жаҳон урушининг қонли жанггоҳларида ўтгани кўз олдимизга келса, оҳ тортиб қўярдик. Хотираларини айтиб беришса, кўзимиз ёшга тўлиб кетарди. Мус­тақилликдан олдин бу кунни қандай кутиб олардик? Нишонлашимиз қанақа бўларди? Хотира деган сўзнинг моҳиятига унчалик эътибор бермасдик.

Истиқлол туфайли бу сўзнинг мағзини чақиб олдик. Тўққизинчи май — Хотира ва қадрлаш куни деб эълон қилинганлигига ҳам анча бўлди.

Дарвоқе, генерал-майор Собир Раҳимовнинг Иккинчи жаҳон урушида кўрсатган жасоратлари ҳақида китоблар ёзилган, фильмлар яратилган. Унинг буюк номига бўлган садоқат Хотира ва қадр­лаш кунида халқимизнинг нигоҳида ёрқин намоён бўлди.

Иккинчи жаҳон уруши жанггоҳларида Собир Раҳимов командирлик қилган 37-ўқчилар дивизиясида минглаб жангчилар ва командирларнинг кўрсатган қаҳрамонликлари тарихда муҳрланиб қолган. Шундай жасур инсонлардан бири Сурхондарё вилоятининг Сариосиё туманида истиқомат қилган Хуррам Ашуровдир.

Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси бўлган юртдошимиз 1965 йилларда Денов тумани ички ишлар бўлимида йўл хизмати ходими сифатида меҳнат қилган. Собир Раҳимов командирлик қилган 37-ўқчилар дивизиясининг кўзга кўринган разведкачиси, кейинчалик Тошкентга — Собир Раҳимов тумани Ички ишлар бўлимига ишга таклиф қилинган. Хуррам Ашуров билан 1985 йилда Тошкентда учрашганман. Ўша пайтларда у Собир Раҳимов фондини ташкил қилган эди. Юртдошимиз генерал Собир Раҳимовнинг Иккинчи жаҳон урушидаги жасорати, ҳарбий соҳа билимдони бўлгани ва бошқа кўпгина фазилатлари ҳақида сўзлаб берганди.

— Шарқий Пруссиянинг Грауденц шаҳрини олиш учун дивизиямиз тайёргарлик кўраётган пайтлар эди, — деб ҳикоя қилганди Хуррам Ашуров. — Разведкачиларимиз бир неча марта шаҳардаги ҳолат ва ҳудудда қандай қисмлар борлигини билишга уриниб кўрди. Бироқ кутилган натижага эришолмадик. Атроф миналаштирилган, газандалар навбатдаги ҳужумга қаттиқ тайёргарлик кўрарди. Шунда шахсан дивизия командирининг ўзига учрашдим.

Собир Раҳимов мен билан анча суҳбатлашди. Хайрлашаётганимизда эса елкамга қоқиб, омад тилади. Ўша куниёқ Грауденцга йўл олдим. Шаҳарга яқинлашганим сари ишончим ортиб борар, Собир аканинг, сиёсий бўлим бошлиғи полковник А.Смирновнинг, дивизиянинг кўз тикиб тургани менга мадад бағишларди.

Шаҳарга киришдан олдин бироз тўхтаб, қиладиган ишларимни яна бир бор режалаб олдим. Яқин жойдаги уйни кузата бошладим. Бойнинг уйи бўлса керак, деб ўйладим уни. Узоқдан сим тўсиқлар, немисларнинг мудофаа чизиқлари кўриниб турарди.

Бинога бирин-кетин фашист солдатлари кира бош­лади. Санадим: бир, икки, уч… саккизта. Чиқиш­ларини сабрсизлик билан кута бошладим. Орадан анча вақт ўтгач, немислар бинодан чиқишди: бир, икки, уч… етти. Туртиниб, кулишиб узоқлашди улар. Саккизинчиси қани? Наҳотки бир ўзи қолган бўлса? Бино томон югурдим. Эшикни очдим. Бу мен ўйлаган бойнинг уйи эмас, аслида, пивохона экан. Ичкарида чол ва аёл гаплашиб ўтирарди. Барваста немис офицери тик туриб, пиво симираяпти. “Хенде хох!” — дедим ичкарига кира солиб. Немис нима қилишини билмай, карахт бўлиб қолганди.

— Қўлингни кўтар! — дедим русчалаб. У шундагина ўзига келди, шекилли, шошилиб ханжарга ёпишди ва ҳужум қилди. Автомат қўндоғи билан уриб, ханжарини учириб юбордим. Олиша кетдик. Немис жуда бақувват эди.

Ичимлик кучини кўрсатди, шекилли, уни йиқитдим. Вақт зиқ. Бирортаси келиб қолишидан қўрқиб, шошилиб қўлларини боғладим-да, елкамга олиб уйдан чиқдим. Юз қадамлар юргандан кейин ўқ овози эшитилди.

Уни судрай бошладим. Ортимдан фашистлар келарди. Немис офицерининг погонини юлиб олдим. Қарасам, камарим йўқ. Қўлларим қон. Ханжар билан ҳамла қилганда, камаримни кесиб кетган бўлиб, жароҳат олган эканман. Камарим эса қолиб кетган. Офицерни отиб ташлаб, унинг сумкаси билан камарини ечиб олиб белимга боғлаб, немислар яқинлашиб қолгач, чекиндим. Чангалзор оралаб ўз пози­циямизга етиб олдим.

Генерал-майор Собир Раҳимовга маълумот бердим. Офицерлик сумкаси ва “погон”ни топширдим. Собир ака шошиб сумкани очди. Бир менга, бир сумкага қаради. Мени маҳкам қучди.

— Раҳмат, — деди. Хурсанд бўлиб, кетишга рухсат сўрадим. Уч-тўрт қадам босганимдан кейин генералнинг товуши эшитилди.

— Ўртоқ старшина!

— Эшитаман, ўртоқ генерал!

— Бу нимаси? — дея у камаримга ишора қилди.

Пешонамдан тер чиқиб, тутила-тутила воқеани айтиб бердим.

Собир ака кулиб юборди ва ўзининг беш юлдузли ярқираб турган камарини узатди.

— Мендан сенга эсдалик совға бўлсин.

— Раҳмат, Собир ака, — дедим хурсандчилигимни яшира олмай.

Сариосиёлик Хуррам Ашуров Деновда йўл хизмати ходими бўлиб ишлаганида ҳам, Тошкент шаҳрида Собир Раҳимов тумани ташкил этилгач, Ички ишлар бўлими бошлиғи ўринбосари бўлиб фаолият юритганида ҳам генерал Собир Раҳимов совға қилган камарни узоқ йиллар мағрур тақиб юрди. Ёшлар билан тез-тез учрашиб, камарнинг тарихини айтиб беришдан асло чарчамасди.

Хуррам ака Собир Раҳимовнинг сўнгги кунини оғир ўйга толиб эсларди.

— Генерал-майор Собир Раҳимов 1945 йилнинг 26 март куни жанг бораётган майдоннинг кузатув пунктига тушган снаряднинг портлашидан оғир жароҳат олиб вафот этганди, — дерди Хуррам Ашуров.

Афсуски, Хуррам Ашуровнинг ҳаётдан ўтганига ҳам анча йиллар бўлди. Бироқ жасорат сўнмайди, деганларидек, Ватан ўғлонлари халқимиз қалбида, Ватанимиз кўксида абадий барҳаётдир.

Насриддин ИСМОИЛОВ,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

four × 2 =