Ўзбекистон-Россия: Давлатлараро ҳамкорлик тарихида янги саҳифа очилди

Жорий йилнинг 26-27 май кунлари бўлиб ўтган олий даражадаги Ўзбекис­тон-Россия музокараларининг самарали натижалари икки давлатнинг кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтиришга интилишини тасдиқлади ва давлатлараро муносабатларда янги саҳифа очди.

Халқаро экспертлар таъкидига кўра, мазкур ташриф икки томонлама муносабатларнинг бугунги кундаги юксак даражаси, ўзига хос хусусияти ва  давлатлараро ҳамкорликнинг барча соҳа ҳамда йўналишларини қамраб олгани билан аҳамиятли бўлди.

Ли ЮНЦЮАНЬ,

Хитой Давлат кенгаши ҳузуридаги Тараққиёт тадқиқотлари маркази Европа ва Осиё ижтимоий тараққиёт институти директори:

— Президент Владимир Путиннинг Ўзбекистонга давлат ташрифи Россия раҳбарининг инаугурациядан сўнг Марказий Осиёга илк ташрифи бўлди. Бу Ўзбекис­тон ва Россия ўртасидаги муносабатлар юксак даражада эканлигини кўрсатади.

Россия Ўзбекистоннинг анъанавий ҳамкоридир. Мамлакатлар икки томонлама муносабатларни 2005 йилдаёқ стратегик шериклик ва иттифоқчилик даражасига кўтарган.

Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида оқилона, мус­тақил ва мутаносиб ташқи сиёсат олиб борилмоқда. Ўзбекистон қўшни давлатлар билан ҳам, минтақадан ташқаридаги йирик ҳамкорлари билан ҳам кўп қиррали ҳамкорликни ривожлантирмоқда.

Расмий Тошкент ва Москва ўртасида савдо-иқтисодий ҳамда инвестициявий ҳамкорликни янада ривожлантириш учун кенг имкониятлар яратилганини таъкид­лаш керак. Амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар туфайли Ўзбекис­тон хорижий инвесторлар учун жуда жозибали ҳамкорга айланди. Бу икки мамлакат халқларининг тараққиёти ва фаровонлиги манфаатлари йўлида ҳамкорлик қилиш учун энг кенг имкониятларни очиб беради.

Ўзбекистон ва Россия раҳбарларининг музокаралари кун тартибидан стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва маданий-гуманитар алоқаларни ривожлантириш масалалари ўрин олди.

Икки томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга қаратилган янги келишувларга эришиш нафақат икки давлатнинг иқтисодий ривожланишига, балки бутун Марказий Осиё барқарорлиги, хавфсизлиги ва тараққиётига хизмат қилиши шубҳасиз. Шу муносабат билан Ўзбекистоннинг прагматик ташқи сиёсати Марказий Осиё минтақаси хавфсизлиги ва барқарор ривожланишининг кафолати ҳисобланади.

Ремко РЕЙДИНГ,

“Совет шон-шараф майдони” жамғармаси директори: (Нидерландия)

— Россия Президенти Владимир Путиннинг Тошкентдаги “Ғалаба боғи” ёдгорлик маж­муасига ташрифи собиқ иттифоқ ҳудудидаги кўп­лаб одамлар учун Иккинчи жаҳон уруши хотираси муҳимлигини таъкидлайди.

Иккинчи жаҳон урушида Ўзбекистон халқи жуда катта қурбонлар берди, бу урушда америкалик аскарлардан кўра, кўпроқ ўзбек аскарлари ҳалок бўлган.

Нидерландиянинг Лёйсден шаҳрида “Совет шон-шараф майдони” жойлашган ҳарбий қабристон ҳудудида 865 нафар Иккинчи жаҳон уруши қурбонлари дафн этилган.

Улар орасида фашистлар режими томонидан қатл этилган кўп­лаб руслар ва ўзбекистонлик 101 та аскар ҳам бор. Урушдан кейин бу қабристон ташландиқ ва унутилган эди.

25 йилдан ортиқ вақтдан бери “Совет шон-шараф майдони” жамғармаси ушбу аскарларнинг тақдирига эътибор қаратиш, уларнинг шахсини аниқлаш, оилаларини топиш ва хотирасини абадийлаштиришга ҳаракат қилмоқда.

Биз Ўзбекистон ва Россия ҳукуматларининг ушбу аскарлар хотирасини асраб-авайлаш борасидаги саъй-ҳаракатларимизни қўллаб-қувватлаганини, шунингдек, урушдан кейин отасиз ва бобосиз яшашга мажбур бўлганлар, урушда ҳалок бўлган аскарлар ва уларнинг яқинларига бағишланган музей ташкил этганини юксак қадрлаймиз.

Тадқиқотларимиз асосида Ўзбекистон ҳукумати Нидерландияда ҳалок бўлган 101 нафар аскарга “Ғалаба боғи”да махсус бурчак ажратди. Бу фашист­лар Германиясига қарши биргаликда курашган халқларимиз ўртасидаги тарихий алоқаларнинг инкор этиб бўлмас исботи, шунингдек, мамлакатларимиз ўртасидаги замонавий ҳамкорликнинг ажойиб намунасидир.

 Виктор КИМ,

Тожикистон Миллий фанлар академиясининг Фалсафа, сиёсатшунослик ва ҳуқуқ институти илмий ходими:

– Давлат раҳбарининг инаугурация маросимидан кейинги дастлабки қадамлари ҳамиша жаҳон ҳамжамиятининг диққатини тортади. Шу боис Президент Владимир Путиннинг ташрифи Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги икки томонлама муносабатларни ривожлантиришда муҳим воқеа бўлди.

Ўзаро муносабатлар ривожига 2000 йилда, биринчи марта Россия Президенти этиб сайланганидан сўнг Владимир Путин Ўзбекистонга илк ташрифини амалга оширганида ҳам кучли туртки берган эди.

Томонларнинг барқарор савдо-иқтисодий ва сармоявий фаоллиги фонида ҳудудлараро ҳамкорлик, таълим ва спорт соҳаларида ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш эътиборни тортмоқда.

Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги барқарор икки томонлама муносабатларнинг асоси икки давлат сиё­сатидаги манфаатлар ва устуворликларнинг мос келишидир.

Россия раҳбарининг илк хорижий сафарлари географияси шуни кўрсатадики, Россия ташқи сиёсатининг устувор йўналишлари белгилаб берилган ва Ўзбекистон унда доимо алоҳида, муҳим ўрин тутади.

Ражеш Меҳта,

БРИКС савдо-саноат палатаси ижрочи директори: (Ҳиндистон)

— Президент Шавкат Мирзиёев Президент Владимир Путиннинг Ўзбекистонга ташрифи икки давлат ўртасидаги кенг қамровли стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларида янги босқични бошлаб берганини алоҳида таъкидлади. Самарали музокаралар ва сермазмун мулоқотлар натижасида эришилган келишувлар ва имзоланган ҳужжатлар Ўзбекистон етакчисининг фикрларини амалий тасдиқлади.

Эътиборли жиҳати шундаки, ташриф доирасида томонлар янги юқори марра, яъни яқин истиқболда ўзаро савдо ҳажмини 30 миллиард долларга етказиш бўйича келишувга эришди. Россияда ташкил этиладиган Ўзбекистоннинг тўлақонли савдо ваколатхонаси, ишга туширилаётган қўшма Инвестиция платформаси ушбу мақсадга эришишда муҳим роль ўйнайди.

Мулоқотлар чоғида томонларнинг ўзаро ҳамкорликни янада бойитиш, ҳали тўла фойдаланилмаган салоҳиятни самарали ҳаракатга келтиришга бўлган интилиши яққол кўзга ташланди. Ўзбекистон ва Россия етакчиларининг самимий ва ўзаро ишончга асос­ланган муносабатлари икки давлат ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишда муҳим ва мустаҳкам асос бўлмоқда.

Ўзбекистон ва Россия вакиллари энергетика, металлургия, нефть-кимё, машинасозлик, тоғ-кон саноати, қишлоқ хўжалиги, логистика, фармацевтика, сунъий интеллект, олий таълим, ҳудудлараро ҳамкорлик ва бошқа кўплаб йўналишларда янги лойиҳаларни амалга оширишга келишиб олгани яқин келажакда икки томонлама муносабатлар изчил суръатларда ривож топишидан далолат беради.

Шерадил БАКТИГУЛОВ, Қирғизистон Президенти ҳузуридаги Стратегик тадқиқотлар миллий институти илмий ходими:

— Бундан 20 йил аввал, 2004 йил июнь ойида Тошкентда Ўзбекистон ва Россия ўртасида асосий давлатлараро ҳужжатлардан бирига айланган Стратегик шериклик тўғрисидаги битим имзоланган эди. Ҳужжат ўзаро ҳам­­­­корликнинг асос­лари ва йўналиш­ларини белгилаб берди.

Ўсиб бораётган икки томонлама ҳамкорлик кўрсаткичларидан бири — бу  ўзаро товар айирбошлаш бўлиб, у аллақачон ўн миллиард АҚШ долларлик довондан ошган.

Икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик кўплаб соҳаларда, жумладан, энергетика, аэрокосмик, кимё муҳандислиги, таълим, транспорт, инфратузилма, қишлоқ хўжалиги ва бошқаларда ҳам изчил ривож­ланишини кутиб қоламиз. Зотан, Ўзбекистон ва Россия иқтисодиёти бир-бирини тўлдиради.

Президент Владимир Путиннинг Тошкентга давлат ташрифи унинг 2024 йил март ойида давлат  раҳбари сифатида қайта сайланганидан кейин Ўзбекистон учун алоҳида аҳамиятга эга. Жорий йилнинг май ойида Владимир Путин ўзининг инаугурация маросимидаги нутқида Россия ташқи сиёсатида Марказий Осиё давлатлари билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш устувор йўналиш эканлигини тасдиқлади.

Президент Шавкат Мирзиёев 2016 йилда Ўзбекис­тоннинг минтақадаги қўшнилари билан ҳамкорлиги устуворлигини эълон қилган эди. Кўриб турганимиздек, ҳар икки президентнинг ташқи сиёсат йўлида ўхшаш стратегик қарашлари мавжуд.

Қолаверса, Ўзбекистон Россиянинг Марказий Осиё минтақасидаги стратегик ҳамкори ва иттифоқчисидир. Икки давлат ўртасидаги муносабатлар ишончли ва дўстона сиёсий мулоқот билан ажралиб туради. Ҳукуматлараро жуда яхши мулоқот ўрнатилган. Унинг ишончлилигини ҳар икки давлат ҳукумат раҳбарлари даражасида Қўшма комиссия тузилгани тасдиқлайди. Қўшма комиссия доирасида икки томонлама фаолиятнинг барча масалалари бўйича саъй-ҳаракатлар мувофиқлаштирилмоқда.

Шу  ўринда  қайд этиш керакки, Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги муносабатлар жуда мус­таҳкам, президентлар Шавкат Мирзиёев ва Владимир Путин эса ишончли дўстлардир. Шунинг  учун, ишонч билан  айтиш мумкинки, икки давлат раҳбарлари раҳнамолигида Ўзбекис­тон ва Россия ўртасидаги ҳамкорликни мувофиқлаштириш бўйича стратегик шериклик бугунги кунда ўзининг энг яхши тарихий даврини бошдан кечиряпти.

Энг муҳими, бундай ҳамкорлик нафақат Ўзбекистон ва Россия аҳолиси, балки, бутун Марказий Осиё халқлари фаровонлигини оширишга ҳар томонлама таъсир кўрсатмоқда.

“Дунё” АА

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

three × 4 =