Ёшлик ўтса ҳамки, дил ҳисга тўлар
Александр Пушкин таваллудининг 225 йиллиги
Мангу ҳодиса
“Пушкин мангу яшовчан, доимий ҳаракатдаги, бир нуқтада тўхтаб қолмайдиган, яъни интиҳосиз, балки жамият онгида мунтазам янгиланиб борадиган ҳодисалар сирасига киради. Даврлар бу ҳодиса ҳақида ўз фикр–мулоҳазаларини айтадилар, уни қанчалик тўлиқ тушуниб етсалар ҳам ўзларидан кейинги даврларга янада янги ва ҳаққонийроқ фикрларни қолдиради, ҳеч бир давр ҳеч қачон у ҳақида ҳамма гапни айтиб тугата олмайди…”, деб ёзган эди рус танқидчиси В.Белинский.
Чиндан ҳам А.С.Пушкин адабиётни юксакларга олиб чиққан “Россиянинг пешқадам шоири” (у 20 ёшидаёқ бу шарафли номга сазовор бўлган эди), ҳаётлигида даҳолик мақомини олган ижодкор сифатида адабиётда реализм ва халқчиллик тамойилларини, қатор адабий жанрларнинг шаклланиши ҳамда тараққиётини белгилаб берди. Пушкин ижоди жаҳон адабиёти ривожида, шубҳасиз, катта аҳамиятга эга.
XXI асрга — инсоният ақлга сиғмас кашфиётлар қилган ва айни пайтда қайсар ўсмир каби ҳануз уқубатли эҳтиросларга асир бўлиб қолаётган замонга Пушкин ҳурфикрли эрксевар шоир сифатида дадил кириб келди. Ва айни шу сифатлар унинг шеъриятини замонавийлаштирди, долзарблигини таъминлади. Замонлар, мафкуралар ўзгарди, мустабид тузумлар барҳам топди, дунё неча марта эврилди — Пушкин эса ўша-ўша — бошини мағрур тутиб, рост сўз билан “юракларга олов ёқиб” турибди. Ўтган икки асрнинг нари-берисида рўй берган воқеалар, бўронли, тўфонли даврларда ҳам унинг шеърияти завол топгани йўқ, мероси рус маданияти ҳудудидагина қолиб кетмади, умумжаҳон маданиятининг бир бўлагига айланди. Бу меросдан биз ҳам кўпдан бери баҳрамандмиз.
Чунончи, Пушкин шеърларини ўзбекчалаштиришга XIX аср охирида қўл урилган экан. Шундан кейинги бир юз йигирма беш йил мобайнида бу жараён тўхтагани йўқ. Орадаги фарқни ўзбек таржима мактабининг шаклланганида, ривожланиб боргани ва такомиллашганида кўриш мумкин.
1936 йилда шоир вафотига 100 йил тўлиши муносабати билан машҳур ўзбек шоир ва адиблари унинг асарларини ўзбек тилига таржима қилишга киришдилар. Таржимонлар ичида Чўлпон, Ойбек, Ҳамид Олимжон, Миртемир, Усмон Носир, Уйғун ва бошқа атоқли ижодкорлар бор эди.
Шоир асарларини таржима қилиш кейинги даврларда ҳам давом этди. Бунда Зулфия, Мамарасул Бобоев, Иззат Султон, Шуҳрат, Ҳамид Ғулом, Асқад Мухтор, Рамз Бобожон, Туроб Тўла, Одил Раҳимий, Қодир Мирмуҳамедов, Маъруф Ҳаким сингари ижодкорлар номини алоҳида айтиб ўтиш керак.
Ўзбек адабиётининг кейинги авлод вакиллари — Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Муҳаммад Али, Абдулла Шер, Мирпўлат Мирзо, Мирза Кенжабек ва бошқа ижодкорлар буюк шоирнинг шеърларини ўзбекчага маҳорат билан таржима қилдилар. Пушкиннинг айрим шеър ва достонлари қайта-қайта таржима этилмоқда.
Ўзбек китобхонлари жаҳон адабиётининг бу тоза булоғидан ҳамон баҳраманд бўлмоқда ва бу давомли жараёндир. Қуйида улуғ шоир шеърларидан қилинган таржималарни ҳукмингизга ҳавола этишдан бахтиёрмиз.
Таржимон.
Александр ПУШКИН
Булбул ва атиргул
Баҳор, намозшомда, сокин боғ ичра
Шарқ булбули куйлар атиргул узра.
Аммо гул билмайди, парво қилмайди,
Ошиқ дил розидан маст-у мудрайди.
Куйлармисан ҳиссиз чиройга шундай?
Эсинг йиғ, о, шоир, ниятинг қандай?
У тингламас, туймас шоирни ҳаргиз,
Қарайсан, гул яшнар, чорлайсан — сассиз.
* * *
Сизни севар эдим: севгим, эҳтимол,
Сўниб қолмагандир кўксимда ҳали.
Аммо энди сизга у келмас малол,
Истамайман, бошқа хафа қилгали.
Сизни севар эдим унсиз, умидсиз,
Гоҳ журъатсиз, рашкда ўртаниб гоҳо.
Сизни севар эдим чин дилдан, нафис,
Бошқага ҳам шундай суйдирсин Худо.
* * *
Саҳройи оталар, маъсум аёллар
Кўнгилга ғойибдан йўллаб хаёллар,
Талотўплар аро тутгувчи маҳкам
Илоҳий дуолар тўқиган бир дам.
Аммо таскин бермас менга ҳеч бири,
Гўё такроридай туюлар бари
Рўза кунидаги руҳоний сўзин.
Аммо пичирлайман кўпроқ кундан-кун
Йиқилганни қўллар ғойибдан бу куч:
Ҳаётим меҳвари! Ҳавойи руҳ, пуч
Хиёнатдан асра — минг бошли илон.
Қуруқ сафсатадан кўнглим бегумон.
Бироқ кўрсат, Эгам, гуноҳларимни,
Укам эшитмайди айтган гапимни,
Итоат, сабр бер, меҳру муҳаббат,
Тирилтир қалбимда имоним абад.
Фозил Хонга1
Янги жасоратинг лойиқ шарафга,
Йўл солибсан бизнинг шимол тарафга,
Бунда баҳор қисқа бўлур ҳукмрон,
Аммо Ҳофиз, Саъдий номлари достон.
Ярим тунда бизнинг ўлкамиз сари
Келибсан, энди из қолдир, дил очгил.
Мисли хаёлотдир Шарқнинг гуллари,
Шимол қорларининг устига сочгил.
Ҳофиздан2
(Фурот яқинидаги лагерь)
Ҳарбий шонга бўлма асир,
О, йигитча, расида!
Қонли жангга кирмоқ надир
Қорабоғ тўдасида!
Билгум: сенга етмас ажал,
Қиличзорда Азроил
Ҳуснинг пайқар ва шу маҳал
Шафқатга бўлар мойил!
Қўрқаман, аммо: урушда
Сендан кетгай тоабад —
Тортиниш, сипо юриш ва
Хотиржамлик ҳам уят!
* * *
Кеча оқшом гўзал Лайло
Кетиб қолди қилмай парво.
Деган эдим: “Тўхта, қаён?”
Деди суриб мени бир ён:
“Қара, бошинг оппоқ-ку қор”.
Маҳмадона, билмас не ишқ,
Жавоб бердим: “Ҳар бошда бор!
Неки эди қоп-қора мушк,
Энди бўлди кофур, дилдор”.
Аммо Лайло кулди тугун
Гапларимга хўп беаёв:
“Биласан-ку, — деди гулгун, —
Мушк сепарлар келин-куёв,
Кофур эса тобут учун”.
LVI ода
(Анакреондан)
Оқариб, тўкилади
Сочлар — бошим шукуҳи,
Тишларим лиқиллади
Ва сўнди кўзим чўғи.
Оз қолди ширин умр,
Энди куним санайман:
Ҳисобли дунё ахир,
Шарпам кутар жаҳаннам,
Тирилмасмиз биз асло,
Унутдир у ёқ мангу:
Ҳаммага очиқ, аммо
Борса келмас йўлдир бу.
LVII ода
(Анакреондан)
Нега менинг қадаҳим бўм-бўш?
Чаққон бола, қуйгил менга май.
Фақат ўткир май бўлмасин, хўш,
Тоза сув ҳам қўшгин эринмай.
Биз саклармас, истамайман ҳеч,
Майхўрлик бу, дўстларим, кулфат:
Йўқ, май тотиб, куйлайман ҳар кеч
Ё қургайман чин дилдан суҳбат.
* * *
О, йўқ, яшаш жонга текканича йўқ,
Ҳаётни севаман, яшагим келар,
Кўнгил ҳали тамом чўкканича йўқ,
Ёшлик ўтса ҳамки, дил ҳисга тўлар.
Ҳали завқу шавқин сақлагай қалбим
Кўнгилнинг тизгинсиз истакларига,
Хаёлларнинг гўзал тушлари учун,
Туйғуларга асир, бари-барига.
* * *
Теран дарёлар
Оқарлар сокин.
Чин авлиёлар
Яшайдилар жим.
* * *
Бегона юртларнинг содда мафтуни,
Айблар эдим мен ўзни доимо,
Дедим: Ватанимдан топгумми уни —
Қайда соғлом ақл, қайда бор даҳо?
Қани олижаноб қалбли фуқаро,
Сурурли, оташин, эркин ва холис?
Қани аёл — ҳиссиз эмас, дилрабо,
Қани ёндиргувчи гўзал, олов қиз?
Самимий суҳбатдош топайин қайдан,
Ёрқин, маърифатли, қувончли — қайдам?
Кимга юкунайин самимий дилдан?
Кўнглим қолган эди Ватандан ёмон —
Кеча Голицин3ни учратган замон
Муросага келдим Ватаним билан.
* * *
Уйланиш дардида шоҳнинг ҳабаши4,
Боёнлар ичида юрди хўп ҳабаш,
Боён қизларини кўрди кўп ҳабаш.
Ҳабаш келин топди, битирди ишни:
Қора қарға топди сутдек оқ қушни.
Ҳабаш-чи, қоп-қора кучукча ўзи,
Хоним-чи, оқ кучук — боённинг қизи.
* * *
Аҳвол қалай, оғайни чалиш?
Шаккок каби рангинг оқармиш,
Ҳурпайибди сочинг ҳам тикка!
Ё қиз билан чиқиб бир четга,
Тутилдингми девордан нари,
Шунда сени ўғри сингари
Қувишдими қоровуллари?
Ё қўрқдингми оч арвоҳлардан,
Ёки оғир, чўнг гуноҳлардан,
Илҳом дардин чекармисан сен,
Ҳали шеър ҳам битармисан сен?
Менинг эпитафиям
Бу ерда Пушкин ётар: навқирон соз бағрида,
Севиб ва эркаланиб сурди
шўх давру даврон,
Яхшилик қилмагандир,
лек юрди қалб амрида,
Худо хайрини берсин, яхши инсон.
ҲУМОЮН таржималари.