Чўллар кийганда атлас

Мунира РАМАЗОНОВА

Муаллиф ҳақида:

Мунира РАМАЗОНОВА —1985 йили Когон шаҳрида туғилган.

2003 йили Бухоро шаҳри Алишер Навоий номидаги 4-мактабни тугатгандан кейин К.Беҳзод номидаги Миллий Рассомлик ва дизайн институтининг санъатшунослик факультети бакалавр ва магистратура босқичида таҳсил олган.

“Дориломон кунлар шукуҳи”, “Менинг жоним Маржоним” номли бадиий-публицистик ва шеърий китоблари нашр этилган.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.

ҚИШЛОҒИМ

Бепоён қучоғи гўзал қишлоғим,

Қозоқ даштларига туташ саҳроси.

Суянчим, таянчим, ардоқли боғим,

Дунёда бормикан сендан аълоси?

 

Ёшлигим кўксингда олиб, бехатар,

Дарё-ю азимга чорлаган нурсан.

Уммонга айлангин, дейсан ҳар сафар,

Сершовқин Тошкентдан қошингга келсам.

 

Ҳар тонг Бухорога бергайсан салом,

Ҳазрат Нақшбандга туташ йўлларинг.

Сени қўллаб турар Мир Кулол бобом,

Сени ёрлақайди Етти Пирларим.

 

Она кўксидаги гўдак каби шод,

Яйрайман, бағрингга бош қўйган чоғим.

Яшнайвер, яйрайвер, бўлавер обод,

Меҳр сарчашмаси — она қишлоғим.

 

ЕТТИ ПИРИМ ҚЎЛЛАСА

Мақсад сари шошгайман,

Дарё каби шошгайман.

Чўққилардан ошгайман,

Етти пирим қўлласа.

 

Ғиротим учмоққа шай,

Йўлга гуллар тўшалгай,

Орзуларим ушалгай,

Етти пирим қўлласа.

 

Яқин келолмас ғаним,

Бут бўлгай дастурхоним,

Нурга тўлар ҳар оним,

Етти пирим қўлласа.

 

Чўллар кийганда атлас,

Юлдузлар қилгай ҳавас,

Осмонлар ҳам бўлгай паст —

Етти пирим қўлласа.

 

Илмда ҳам, ишда ҳам,

Баҳорда ҳам, қишда ҳам,

Яратгаймиз тушда ҳам —

Етти пирим қўлласа.

 

Доғ туширмай шаънимга,

Нур бериб ҳар онимга.

Бел бўлгум Ватанимга.

Етти пирим қўлласа.

 

Миноралар чертар тор,

Тўдакўл айтар алёр,

Ўлкамдан яшнар баҳор —

Етти пирим қўлласа.

 

Боғлардан кетмас кўклам,

Кўчалар обод, кўркам.

Музаффар яна ўлкам,

Етти пирим қўлласа.

 

Кўрмоқда бутун дунё

Ўзбекистон асрини.

Қурмоқдамиз учинчи

Ренессанснинг қасрини.

 

БУХОРО МИНОРАЛАРИ

Кўрган не-не ёмғирларни,

Кўрган не-не қорларни,

Чўғ пуркаган ҳаволарда,

Қатра сувга зорларни.

Елкалари чўққилардек

Тегиб турар осмонга.

О, уларнинг матонати

Тенгдир буюк достонга.

 

Ватансевар қўриқчидек

Кеча-кундуз бедордир.

Улар улуғ боболарим

Даҳосидан ёдгордир.

 

Қанча боқмай, тикилмайин,

Сира тўймас кўзларим.

Қаддин кериб турар гўё

Боболарим ўзлари.

Паноҳ бўлмиш қанча-қанча,

Амирларга, хонларга.

Бу заминни безаб кетган

Не-не улуғ жонларга.

 

Бухоронинг кўрки улар,

Ер юзига сайқалдир.

Улар азиз боболарим

Шавкатига ҳайкалдир.

 

Бир-биридан салобатли,

Бир-биридан муҳташам.

Еру кўкда бундай мумтоз

Обидалар камдан-кам.

 

Шул боисдан ҳали-ҳануз

Мафтун этар жаҳонни.

Жаҳон аҳли тугатолмас,

Ўқиб бундай достонни.

 

Гувоҳ бўлган улар қанча

Қирғинларга, ғовларга,

Кўкрагини қалқон қилган

Қонхўр, ёвуз ёвларга.

 

Улар қанча ёвузларнинг

Режаларин пуч қилган.

Муқаннаю сарбадорлар

Билагига куч берган.

 

Ибн Сино, Рудакийлар

Минораларга боққанлар.

Бухорийлар дунёга илм

Машъалини ёққанлар.

 

Эҳҳе, қанча босқинчилар

Билмади ўз ҳаддини.

Ҳатто қаттол Фрунзе ҳам

Буколмади қаддини.

 

Бухорога бормай қачон

Шошиламан саломга.

Шошиламан, кўҳна Арк-у

Минораю Калонга.

 

Қадим кентнинг фахри улар,

Юртим ифтихорлари.

Бухоронинг минораси —

Бухоро байроқлари!

ИФТИХОР

Ал-Бухорий аждодим,

Муқаддасдир тупроғим.

Фитрат — мангу фарёдим,

Дилда “Чўли Ироғим”.

 

Халқ ижоди — термалар,

Лапарлардан завқ олдим.

Сўзга чечан халқимнинг

Ижодидан лол қолдим.

 

Алпомиш, Гўрўғлини

Ёд айтган боболарим.

Қулоғимда жаранглар,

Дўмбира, наволарим.

 

“Девону луғотит турк”

Кошғарийдан меросдир.

Ҳар битта сўз, ибора

Туркий тилимга хосдир.

 

Аждодлардан қолгандир

Билга Ҳоқон достони.

Шундан мангу сўлмагай

Адабиёт бўстони.

 

Навоийнинг гулшани

Ижодга бермоқда зеб.

Бобур, Машраб, Муқимий

Нидо чекди элим деб.

 

Шеърларида дунёнинг

Тамаддуни бўлган жам.

Боболарим ортидан

Дадил боргаймиз биз ҳам.

 

Нурга тўлсин келажак,

Илмли бўлсин ҳар ким.

Ўз ўчмас меросингдан,

Омон бўл, она халқим.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

six + eleven =