Талабалар овози

Журналистикага ҳавас қилиб, қалбида ижодга меҳр уйғонган ёшлар бугун юртимизда жудаям кўплиги кишини қувонтиради. Уларнинг аксарияти олий ўқув юртларида журналистика йўналишида таҳсил олиш билан бирга, тез-тез таҳририятимизга келиб, университетда олган назарий билимларини амалиётга татбиқ этишга, шахсий кузатишлари жараёнида туғилган фикр-мулоҳазаларини мақола шаклида газетада эълон қилишга интилишади.

Газетамизнинг ўтган ҳафтадаги 23-сонида ЎзМУ журналистика факультети ва “Жаҳон адабиёти” журнали қошидаги маҳорат мактабида таҳсил олаётган талабаларнинг ижодий ишларидан айримларини эътиборингизга ҳавола этган эдик. Бугунги сонимизда ҳам юртимиздаги олий ўқув юртларининг журналистика факультетларида таҳсил олаётган бир қанча бўлажак журналистларнинг ижодидан намуналар беряпмиз. Уларни ўқиб, ёш ижодкорларнинг ўй-кечинмалари ифодаси, тил ва услуби, ёзиш маҳорати ҳали бироз қиёмига етмаганини сезиш мумкин бўлса-да, келажакда уларнинг қалами борган сари чархланиб, миллий матбуотимизнинг кўзга кўринган, халқнинг дарду қувончлари, ташвиш­ларини дадил қаламга оладиган етук журналистлар бўлиб шаклланишига ишонамиз.

 ТАҲРИРИЯТ

Матбуот бизга керак!

Ҳозирги кунда “газета ва журналлар бизга керакмас, янгилик бўлса интернетдан ҳам билиб олаверамиз” каби гап-сўзлар тез-тез қулоғимизга чалинади. Айни дамда одамлар телефонга қаттиқ боғланиб қолганини инкор этолмаймиз. Ижтимоий тармоқлар ўз гирдобига ёш-у қарини бирдек тортиб кет­япти. Бундан ташқари, телеграмда янгилик улашувчи каналлар ҳам жуда кўп. Ҳамма янгиликни ижтимоий тармоқлар орқали билиб олаётган экан, газеталар энди ўз ўрнини интернетга бўшатиб берса ҳам бўлаверади, деган фикр тўғрими?

Йўқ, албатта.

Биринчидан, газеталар ОАВнинг энг дастлабки ва ишончли воситаларидан биридир. Шу боис жаҳоннинг тараққий этган давлатларида ҳам газеталарнинг ўзига яраша ўрни, мавқеи ва энг муҳими, ўз ўқувчилари бор.

Иккинчидан, газеталар фақатгина янгилик улашибгина қолмай, бизни эзгуликка чорлайди. Ундаги ибратли ва ҳаётий ҳикоя­лар ёшларни тўғри йўлга бошлайди. Бундан ташқари, биз газета ёрдамида санъат, адабиёт, тарих каби соҳалардаги билимларимизни янада оширишимиз мумкин. Ҳаётимизда содир бўлаётган ижтимоий ўзгаришлар газеталарда журналист ва соҳа вакиллари томонидан батафсил ёритилади. Уларнинг ижтимоий тармоқлардан яна фарқи шундаки, биз муаллиф нега бундай фикр юритгани, бу ўзгаришнинг қанчалик муҳим ёки муҳим эмаслиги, бизга фойдаси бор ёки йўқлиги ҳақида мушоҳада қиламиз. Демак, газеталар бизга ахборотларни етказибгина қолмай, бизни ўйлашга, фикр юритишга ҳам ундайди.

Учинчидан, газеталарда халқимизнинг дардлари ва муаммолари, миллий қадрият ва анъаналаримиз ҳам қаламга олинади.

Фикри ожизимча, одамлар лифт ихтиро қилингани учун зинапоялардан, телевизор бор дея театрлардан, видеоқўнғироқ бўлгани учун дийдор кўришишдан воз кечмаганидек, интернет қанчалик ривожланса ҳам, газеталардан воз кечиши мумкин эмас. Тўғри, минг афсуски, бугун аксарият ёшлар газета ўқишмайди. Ҳамма қўлидаги телефон билан овора. Аммо бу газеталарнинг кераксизлигидан эмас, аксинча, ундан узоқлашганларнинг хатосидир.

Асилбек ЖАЛОЛОВ,

ЎзЖОКУ талабаси.

Мени таъсирлантирган асар

Мактабда таниқли ўзбек ёзувчиси Ўткир Ҳошимовнинг “Урушнинг сўнгги қурбони” ҳикоясини ўқиб, бу адибнинг ижодига меҳр қўйганман. Кейинчалик унинг кўплаб асарларини ўқиб чиқдим, жумладан, “Икки эшик ораси”ни ҳам.

Романда Тошкент яқинидаги қишлоқлардан бирининг чорак асрлик ҳаёти ҳақида ҳикоя қилиниши асносида бутун ўзбек халқининг уруш йилларидаги матонати ва жасорати тасвирланади. Воқеалар ўтган асрнинг 40-йиллари арафасида бошланади, уруш йиллари ва ундан кейинги даврда давом этади, 1966 йилдаги Тошкент зилзиласи билан тугайди. Китоб бир қатор ўзига хосликларга ҳам эга. Муаллиф, биринчи навбатда, урушни қоралайди, унинг инсоният бошига оғир кулфатлар олиб келиши моҳиятини очади, унинг жароҳатлари одамларга озор етказишини кўрсатади. Шу билан бирга муаллиф уруш йилларида оддий одамларнинг ватанпарварлиги, бардоши, матонатини кўрсатади.

Романдаги қаҳрамонлар ҳам бир-бирини тўлдириб, асарга ўзгача кўрк бағишлаган. Ундаги Ориф оқсоқол, Ҳусан Дума, Комил табиб каби қаҳрамонлар ўзининг ёрқин феъл-атвори, ажабтовур қилиқлари ва фазилатлари билан барчамизга ўрнак бўла олади. Муаллиф, айниқса, Ориф оқсоқол образини маҳорат билан тасвирлаган. У — айни чоғда ҳақиқатни юзга айтишдан чўчимайдиган шартаки, жасоратли одам.

Кимсан Ҳусанов образи ҳам ажойиб. У мард, танти, ориятли йигит. Аммо урушда ҳалок бўлади. Ўлими олдидан жасорат кўрсатиб, бир неча фашист­ларнинг капитанини ўзи билан бирга сув тубига ғарқ қилиб олиб кетади. Аёл образлар ҳам бир-бирини тўлдириб, ўзбек аёлининг матонатини яққол очиб берган. Масалан,  Қора амма тимсолида жуда меҳрибон, фарзандлари учун жонини беришга тайёр она образи гавдалантирилган. Робия тимсолида эса софлик, ҳалоллик, маънавий баркамоллик сифатлари жуда яхши очиб берилган.

Хулоса сифатида шуни айтиш мумкинки, бу асар ҳаётийлиги, табиийлиги билан ажралиб туради. Роман халқ ҳаётининг муҳим жиҳатларини очиб бериши, одамларимизнинг гўзал ва баркамол маънавий қиёфаларини кўрсатиши билан катта бадиий қиммат касб этади.

Гулираъно НАЗАРОВА,

ЎзДЖТУ талабаси.

Жамоат транспортининг афзалликлари

Транспорт шаҳар ҳаётининг асосидир. Юртимизда аҳоли ҳамда мансабдор шахсларга жамоат транспортларидан фойдаланиш­лари учун кўпроқ тавсиялар берилмоқда. Сабаб нима? Албатта, хавфсизлик, тирбандликнинг камайиши ҳамда ҳаво ифлосланишининг олдини олиш. Бунинг учун бизга жамоат транспортлари зарур. Жумладан, улар ишончли, қулай ва манзилга тез етиб борадиган бўлиши керак. Аҳолига бу қулайликни яратиш учун эса бир қанча чора-тадбирлар ишлаб чиқиш лозим деб ўйлайман.

Масалан, автобекатларда автобусларнинг келиб-кетиш вақтларини, ҳаракат жадвалини олдиндан кўрсатувчи махсус электрон қурилмалар ўрнатилиши ҳамда улар овозлаштириш тизими билан жиҳозланган бўлиши зарур. Бу кўзи ожиз ёки ёши катта инсонларга қулайлик яратиш билан бирга, йўловчиларнинг автобус қачон келишини билолмай жиғибийрон бўлишининг олдини олади. Шу билан бирга ушбу тизимли қурилмани бир неча тилларда яратиш лозим. Бу нафақат аҳоли, балки чет эллик сайёҳлар учун ҳам қўл келади.

Иккинчи масала бевосита туризм билан боғлиқ. Қадимий шаҳарлар —Самарқанд, Бухоро, Хива сингари Тошкент кўчаларида ҳам туристларга кўзимиз тушади. Уларни манзилларига етказиш, саёҳатларини самарали ташкил этиш учун махсус автобуслар қўйилиши лозим. Бу нафақат уларга қулайлик яратади, балки келгусида туризмни ҳам бевосита ривожлантиришга ҳисса қўшади.

Ўзимиз ҳам доимий тарзда жамоат транспортида юришни одат қилсак, зарур бўлмаган ҳолатларда шахсий автомобилдан фойдаланмасак, атроф-муҳит ва ҳавонинг тозалигини сақлашга муносиб ҳисса қўшган бўламиз. Бу нафақат ўзимиз, балки ён-ат­рофимиз ва жамиятимиз учун ҳам фойдалидир.

Муроджон МАҲМУДОВ,

ЎзДЖТУ талабаси.

Тунги клублар керакми?

Келажак авлодни соғлом ва баркамол қилиб тарбиялаш йўлида эътибор қаратишимиз лозим бўлган масалалар бисёр. Улар орасида шундай бир масала борки, унга бугун жамоатчилик эътибор қаратиб, тегишли чоралар кўришни бошламас экан, келажак авлоднинг маънавий қиёфасини камол топтириш муаммога айланиши мумкин.

Айни дамда мобиль телефонингизни қўлингизга олиб, интернет орқали жонажон шаҳримиз бўйлаб дам олиш масканларини қидирсангиз, сизга йигирмага яқин тунги клублар манзили тақдим этилади.

Фикримча, бундай жойларнинг бир донаси ҳам ортиқча, аслида. Яхшилик йўлида хизмат қилмайдиган ҳар қандай нарсанинг ёмонлик ўчоғига айланиши эҳтимоли юқори бўлади. Тунги клублар ҳақида ҳам шундай дейиш мумкин.

Хўш, тунги клубларнинг ижобий тарафи борми? Менимча, йўқ. Бунга яққол мисол: оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлар орқали эълон қилинган нохуш хабарлар, одатда, тунги клублар номи билан алоқадор ҳолда тақдим этилади. Яъни, тунги клублар ҳақидаги ижобий хабарларни деярли эшитмаймиз.

Минг афсуски, тунги клублар енгилтабиат аёллар ва оғуфурушларнинг мижоз овловчи масканига айланиб қолган. Вояга етмаган айрим йигит-қизларнинг ўша ерларда вақт ўтказишаётгани эса хавотиримизни икки карра оширади.

Шундай экан, ёшларимизни тунги клубларга боришдан асрайлик. Бундай клуб­лар фаолиятига тезроқ барҳам берайлик.

Бахтиёр ЭРКИНБОЕВ,

ЎзМУ журналистика

факультети талабаси.

Имкониятлар эшиги

Бугун Янги Ўзбекистонда ҳаётнинг барча соҳалари чуқур ислоҳотлар майдонига айланган. Бу борада ижтимоий соҳанинг асоси ҳисобланган таълим тизимидаги ўзгаришлар, айниқса, таҳсинга лойиқ. Сўнгги йилларда таълим тизимининг барча босқичларини замонавий талаблар асосида қайта ташкил этиш бўйича амалий ишлар жадал олиб борилмоқда.

Инчунин, амалга оширилаётган ислоҳотларнинг асосий қисмини, албатта, олий таълим тизимидаги янгиланишлар ташкил этади. Юртимиздаги ёшлар билимли ва ўз соҳасининг етук мутахассиси бўлишлари учун кенг имкониятлар ва имтиёзлар яратилди. Мисол қилиб оладиган бўлсак, олий ўқув юртига ўз билими билан кирган абитуриент ўқишни давом эттиришга имконияти етмаса ёки соғлиғида муаммолар бўлса, давлатимиз томонидан унга имтиёзли грантлар ажратилади. Шу билан бирга, юртимизда олий таълимнинг магистратура босқичига шартнома асосида ўқишга кирган хотин-қизларнинг контракт пуллари ҳам давлатимиз томонидан тўлаб берилаётгани таҳсинга сазовордир.

Бундан ташқари, олий ўқув юртлари ва таълим тизимининг қуйи бўғинлари ўртасидаги узвийликни кучайтириш мақсадида академик лицейлар олий ўқув юртлари тасарруфига ўтказилиши, шунингдек, техникумлар ҳам бевосита ўз йўналиши бўйича турдош олий ўқув юртлари ва тармоқ корхоналарига бириктирилиши — яна бир муҳим янгиликлардан бири бўлди.

Ёдингизда бўлса, мамлакатимиз раҳбари ўз фаолиятини бошлаган кезларида юртимиздаги академиклар, етакчи олимлар, умуман, илм аҳли билан учрашгандилар. Улар билан дилдан суҳбат қилгандилар. Бу бежиз эмас, албатта. Президентимиз томонидан олиб борилаётган бундай хайрли ишлар, эзгу мақсадлар мамлакатимиз тараққиётини белгилаб берувчи салоҳиятли кадрлар тайёрлашга кенг имкониятлар яратиши шубҳасиз.

Дилнура ЭРГАШҚУЛОВА,

ЎзМУ журналистика

факультети талабаси.

“LETHARGIC”лар масъулиятни ҳис қилмайдими?

Офтоб бойнинг қасри-ю камбағалнинг харобасига бирдек нур сочгани каби, таълим даргоҳларида ҳам барчага баробар илм олиш учун шарт-шароитлар яратилган. Бироқ ёшларнинг аксарияти бундан унумли фойдаланмайди. Кимдир доим машғулотларга кечикиб боришни одат қилса, кимдир дарс пайтида ором олишни яхши кўради, яна бирининг ҳамроҳи — дангасалик. Чет эл медицинаси бунга “Lethargic” (энергия ва иштиёқ етишмаслиги) дея ном берган. Умумий қилиб айтганда, бугун биз “Lethargic” бўлиб қоляпмиз, масъулиятсизлик, мақсадсизлик касаллиги вужудимизни чулғаб олмоқда. Хўш, нега шундай? Нима учун олдимизга юксак марралар, мақсадлар қўйишга чўчиймиз? Нега мақсадимиз томон илдам ва шахдам қадамлар ташлашда толиб қоляпмиз?

Келинг, бу ҳақда мулоҳаза юритишдан олдин талабаларнинг ўй-фикрларига қулоқ тутайлик:

Жалолиддин:

— Кеча соат учгача “Pubg” ўйнабмиз, мана энди ухлаб қолибман. Соат саккиздан ўтибди, кечикдим. Барибир дарсга киритмайди. Ўзи бугун икки пара дарс бўлса, бир парагагина бориб нима қилдим? Яхшиси, уйқуни давом эттириш керак.

Аббос:

— Университетга кириб ҳам ҳеч нима ўзгармади. Яна ўша гап: “дарсга кечикма”, “уйга вазифани бажар” — тугамайдиган иш бу. Бу йил биринчи йил бўлса. Уйимдагилар харажатларимни қоплаб туришибди. Маза қилиб ўйин­-кулги қилиб қолиш керак.

Дилбар:

— Ҳали университетга кетишимга бир соат бор, бўянишим, сочимни турмаклашим керак. Оқ кўйлагимни кеча кийгандим, бугун қанақа кийинсам экан-а?

Санжар:

— Контракт тўловига ҳам оз қолди. Дарсдан чиқиб ишга боришим керак. Яна эртага съёмкам ҳам бор, чарчаб қоламан. Эртага бормай қўя қоларман дарсга.

Маржона:

— Стипендия тушишига оз қолди. Ҳаво ҳам исий бошлади. Янги туфли олишим, яна “парфюмерия”ларимниям янгилашим керак.

Руслан:

— “IELTS”им бўла туриб, чет элга кетолмасам. Тўғри, бу ерда грантда ўқияпман, ишлаяпман, уйимга ҳам пул жўнатаман, лекин битиргач, 4-5 миллион сўм ойликка яшаб бўлармиди? Қизил паспортимни ҳам олдим. Энди бир амаллаб ота-онамни кўндириб олсам, ўқув йили тугаши билан Дубайга ишлагани кетаман.

Юқорида санаб ўтилганлар деярли барча университет талабаларининг хаёлини банд қилган ўйлар. Айрим талабалар танлаган ОТМларида омади келиб кириб қолгани учун ўқийдилар. Сабаби, уларнинг ягона мақсади олий маълумотли бўлиш ва яхши ишда ишлаш. Қайси университет бўлиши эса аҳамиятсиз. Гўё талаба бўлгач, кўзланган мақсадга эришилган ва энди олдинга ундовчи иккинчи мақсад йўқ.

Абитуриентлик даврида эса ижтимоий муҳит таъсири юқори бўлади, яъни ўқишга кириш учун тайёргарлик кўраётганлар ўзлари каби мақсади бир ёшлар билан ҳаракат қилиб, имтиҳон учун етарлича билим ва кўникмаларга эга бўладилар, рақобатларда тобланадилар.

Пауло Коело “Алкимёгар”ида айтганидек: “Агар бирор нарсага чин кўнгилдан эришишни истасанг, бутун коинот сени унга етиштириш пайида бўлади”. Қилинган ният, қўйилган мақсад, албатта, амалга ошади, агарда собит қадамлар ва ишонч билан ҳаракат қилинса. Олдимизга катта мақсадлар қўйишдан, ушалмасдек кўринган орзулар қилишдан қўрқмаслик зарур. Ким бўлиб туғилганингнинг аҳамияти йўқ, аммо ким бўлиб ўлишинг ўз қўлингда.

Машҳура БУРҲОНОВА,

ЎзДЖТУ талабаси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

14 − 11 =