Ўзбекистонда миллий журналистиканинг ривожланиши бўйича Ўзбекистон Журналистлар Уюшмасининг II миллий маърузаси

Азиз ҳамкасблар, ҳурматли журналистлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари!

Эслатиб ўтамиз, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2022 йил 27 июндаги қарори билан тасдиқланган “2022-2023 йилларда оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш ҳамда журналистика соҳасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари дастури”да ҳар йили Ўзбекистонда миллий журналистиканинг ривожланиши бўйича Ўзбекистон Журналистлар уюшмасининг миллий маърузасини тайёрлаш ва эълон қилиш белгиланган.

Ушбу ҳужжат ижроси доирасида 2023 йили Ўзбекистон Журналистлар уюшмасининг ­I миллий маърузаси эълон қилинди. Шу орқали мамлакатимиз миллий медиа соҳаси ривожи йўлида амалга оширилаётган ишларга яна бир бор назар ташлаш, соҳада амалга оширилган ишлар ҳақидаги маълумотлар билан тўлиқроқ танишиш, таҳлил қилиш, эришилган ютуқларни эътироф этиш имкониятлари яратилди. Шунингдек, журналистика соҳасида юзага келган муаммо ва камчиликлар ҳамда уларнинг ечими, Уюшма олдида турган долзарб масалалар, шунингдек, Ўзбекистонда миллий журналистикани ривожлантириш бўйича янги режа ва дастурлар  бўйича оммага, шу жумладан, ОАВ вакилларига кенг ахборот тақдим этилди.

Таъкидлаш жоизки, эътиборингизга ҳавола этилаётган Уюшманинг мазкур II миллий маърузаси ҳам  айни мақсад йўлида Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ҳамда Ўзбекистон Миллий медиа бирлашмаси билан ҳамкорликда, шунингдек, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси бошқаруви аъзолари ва ҳудудий бўлимлари раҳбарлари, уюшма ҳузурида фаолият юритаётган ижодий кенгашлар масъуллари, соҳа экспертлари, бир сўз билан айтганда, кенг журналистлар жамоатчилиги таклиф ва тавсиялари асосида, кўмаги билан тайёрланди.

Ўтказилган айрим тадбирлар ва соҳага оид ислоҳотлар самараси

Барча соҳада бўлгани каби юртимизда миллий журналистикани ривожлантириш, очиқликни, матбуот ва сўз эркинлигини таъминлаш, медиа соҳа учун кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, бир сўз билан айтганда, Янги Ўзбекистоннинг янги журналистикасини яратиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Ўтган бир йил ичида ҳам соҳа ривожига қаратилган бир қатор ишлар бажарилиб, турли тадбирлар ўтказилди. Жумладан, журналистика таълим йўналиши (бакалавриат, магистратура) бўйича дуал таълим шаклида журналистика соҳасида энг янги инновациялар, холис, тезкор ва креатив нуқтаи назар, профессионал билим ва кўникмаларга эга кадрлар, етук мутахассислар тайёрлаш мақсадида Тошкентдаги Халқаро Нордик университети ва “UzReport” ахборот агентлиги ҳамкорлигида “UzReport” журналистика, медиа ва коммуникациялар академияси ташкил этилди. Ушбу академияга ўқишга қабул қилинган талабалар айни пайтда мухбир, сухандон, оператор, монтаж устаси, техник ходим, контент-менежер, овоз муҳандиси, SMM-ёрдамчи сингари замонавий медиа касбларни эгалламоқда. Мазкур таълим даргоҳининг фаолият бошлаши медиа соҳа учун кадрлар тайёрловчи олим таълим  муассасалари ўртасида рақобатни кучайтиради.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан 2024 йил январь ойидан  “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси негизида  “Jadid” газетаси нашр этилиши йўлга қўйилди. Мазкур нашр Ватан ва халқ манфаатлари йўлида жон фидо қилган жадид боболаримиз ҳаёти ва фаолиятини кенг тарғиб этишда ўзига хос тафаккур майдони бўлиб хизмат қилмоқда.

Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси муассислигида “Ватан” номли ижтимоий-сиёсий, илмий-маърифий журнал таъсис этилди ва 2024 йил март ойида унинг 1-сони ўқувчилар қўлига етиб борди. Ушбу журнални таъсис этиш орқали журналистлар,  зиёлилар, сиёсатшунослар, олим ва ёзувчилар учун Ватан ва Миллатга муҳаббатни изҳор этадиган минбар яратилди, дейиш мумкин. Айни пайтда мазкур нашр саҳифаларида давлатимиз раҳбари томонидан амалга оширилаётган ҳаётбахш ислоҳотлар, шунингдек, азиз ва муқаддас Ватанимиз тарихи акс этган таҳлилий мақолалар, юртни мадҳ этувчи асарлар эълон қилиб борилмоқда.

Хабарингиз бор, 2024 йил бошида Хавфсизлик кенгашининг навбатдаги кенгайтирилган йиғилишида Президентимиз миллий контент яратиш масаласига алоҳида эътибор қаратди. Айтиш мумкинки, ана шу эътибордан сўнг оммавий ахборот воситаларида миллий контентни бойитишга қаратилган ишлар жонланди. Бу борада фаоллик кўрсатган ижодкорларни рағбатлантириб бориш мақсадида Уюшма томонидан ўтказиладиган “Олтин қалам” танлови рағбатлантирувчи номинациялари қаторига “Маънавиятни юксалтириш, ватанпарварлик туйғулари тарғиб этилган энг яхши материаллар учун”, “Миллий урф-одат ва анъаналаримиз акс этган энг яхши материаллар учун” каби йўналишлар киритилди. Жорий йилнинг май ойида ўтказилган “Олтин қалам” XVIII Миллий мукофоти учун халқаро танловда мазкур номинация ғолиблари муносиб тақдирланди. Бундан руҳланган ОАВ ходимлари бор ғайрат-шижоатини ишга солиб, миллий контентни бойитиш, салбий ахборот хуружларига қарши самарали курашиш, шунингдек, олиб борилаётган ислоҳотларни кенг тарғиб қилиш ва миллий манфаатларимизни ахборот маконида ҳимоя қилишга оид таҳлилий материалларни кўпайтиришга муносиб ҳисса қўшмоқда.

Интернет нашрлари ҳамда ижтимоий тармоқларда миллий контентни кўпайтиришга ҳисса қўшиш, журналист ва блогерларни рағбатлантириш мақсадида Уюшма томонидан “Энг яхши миллий контент” танлови ҳам ўтказилди. Мазкур танлов саккизта – “Китобхонлик тарғиботига бағишланган энг яхши материаллар учун”, “Ёшлар маънавиятини юксалтиришга қаратилган энг яхши материаллар учун”, “Интернет тармоғида эълон қилинган энг яхши миллий контент учун”, “Долзарб мавзулардаги энг яхши танқидий-таҳлилий материаллар учун”, “Болаларни китобхонликка қизиқтирган блог-постлари учун”, “Ижтимоий тармоқларда ёшлар тарбиясига оид эълон қилинган материаллари учун”, “Миллий урф-одат ва анъаналаримиз акс этган энг яхши материаллар учун”,  “Facebook” ижтимоий тармоғида миллий контентни кўпайтиришга қўшган ҳиссаси учун” номинациялари бўйича ташкил этилди. Ушбу танловнинг эълон қилиниши интернет нашрларида фаолият юритаётган журналистлар ҳамда ижтимоий тармоқ фаоллари (блогерлар)нинг миллий контент яратишга иштиёқи  ошишига,  интернетнинг миллий сегменти миллий урф-одат ва анъаналаримиз акс этган материаллар, ўзбек тилини улуғлаш, китобхонлик тарғиботи, ёшлар маънавиятини юксалтиришга чорловчи блог-постлар билан бойишига туртки берди, десак хато бўлмайди.

Ўзбекистонда Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Халқ дипломатияси маркази ҳамда Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси ҳамкорлигида жорий йилнинг 21-23 август кунлари бир қатор тадбирлар, жумладан, “Марказий Осиё овози: миллий макондан минтақавий макон сари” мавзусида Марказий Осиё журналистлари форуми ўтказилди. Мазкур халқаро тадбирда Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон Республикасидан келган журналистлар, республикамиз марказий ОАВ вакиллари, блогерлар, қардош халқлар маданият марказлари ходимлари ҳамда талабалар иштирок этди.

Тадбирда Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси в.б. Холмурод Салимов  томонидан Марказий Осиё медиамаконига мўлжалланган ягона ахборот платформасини ташкил этиш, ушбу ахборот воситасида тақдим этиладиган материалларни бир вақтнинг ўзида Марказий Осиё халқлари тилида эълон қилиш имкониятларини яратиш, Марказий Осиё давлатлари таниқли журналистлари ҳаёти ва фаолияти, ижодига бағишланган “Марказий Осиё журналистлари” китобини нашр этиш таклифи ўртага ташланди. Форумда муҳокама қилинган мавзулар бўйича билдирилган таклиф ва тавсияларни минтақавий ҳамкорлик даражасида амалга оширишга келишиб олинди.

Соҳа олимлари жанрлар журналистга ўз материалига мос кўринишни танлаб олиши, воқеаларни муайян шаклда кўрсатиб бериши учун зарурлигини таъкидлайди. Улар ҳар бир жанр муайян ахборий вазифанинг ечимини топиш учун қўлланилиши, жанрлар бўйича ихтисослашиш ҳам мумкинлиги хусусида фикрлар билдирган.

Маълумки, бугунги кунга келиб босма оммавий ахборот воситаларида эълон қилинаётган материаллар орасида эссе, очерк, фельетон каби жанрларда ёзилган ижодий ишлар камайиб кетмоқда. Бунинг сабаблари қаторига миллий медиа майдонимизда тенденциялар ўзгариши, турли жанрларда материаллар тайёрлайдиган ижодкорлар камайиб бораётгани, қолаверса, журналистика касбини танлаган баъзи ижодкорларимизда бу борада билим, малака ва маҳоратнинг етишмаслигини ҳам қўшиш мумкин.

Айни ҳолат миллий журналистикамиз ривожига, унинг ранг-баранглигига соя солади. Хўш, нима қилиш керак? Фурсатни бой бермасдан, медиа соҳанинг турли жанрларида ўқишли материаллар ёза оладиган устозлар ҳаётлигида “Устоз-шогирд” анъанаси асосида бу борада уларнинг тажрибаларини ёшларимизга ўргатиш, йигит-қизларнинг қизиқишини ошириш  бўйича бир қатор ишларни амалга оширишимиз зарур ва муҳим. Ана шу ишлар доирасида устозлар, “Олтин қалам” танлови ғолиб ва совриндорларининг турли жанрларда маҳорат билан ёзилган энг сара материалларидан намуналар йиғиб,  “Олтин қаламли журналистлар” китобини нашр қилиш ташаббуси илгари сурилди. Бу ғоя тажрибали журналистлар томонидан қўллаб-қувватланди. Яқин кунларда чоп этилиши кутилаётган мазкур китоб талабалар, оммавий ахборот воситалари таҳририятларида энди иш бошлаётган ижодкорлар, турли ёшдаги қаламкашларга  мўлжалланган бўлиб, унда 50 нафарга яқин устоз журналистларнинг ўнга яқин жанрларда ёзилган материаллари жамланмоқда. Журналистикада ижодий услубга эга бўлиш, доимий равишда касбий маҳоратни ўстириш муҳим саналади. “Олтин қаламли журналистлар” китоби медиа соҳани танлаганлар, умуман, ижодкорларга бу борада зарур манба-қўлланма сифатида хизмат қилади.

Оммавий ахборот воситаларида узоқ йиллардан бери фаолият олиб бораётган, шунингдек, айни кунда кексалик гаштини сураётган устоз журналистларнинг тажрибалари, ҳаёт ва ижод йўли билан медиа соҳа вакилларини, жамоатчиликни таништириш, соҳадаги мавжуд муаммоларга уларнинг эътиборини қаратиш, камчиликлар ечими бўйича таклиф-тавсияларини олиш,  миллий журналистикамизнинг бугунги ҳолати, унинг ривожи йўлида амалга оширилаётган ишлар, долзарб масалалар хусусида фикр алмашишни йўлга қўйиш мақсадида Уюшма томонидан  “Устозлар нима дейди?” дастури-кўрсатувини тайёрлаш йўлга қўйилди.

Ўтган бир йил давомида Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги бош ташкилотчилигида ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда журналистика соҳаси ривожи йўлида бир қатор ишлар амалга оширилди. Хусусан, 2023 йил 15-16 август кунлари Тошкентда  “France 24” Франция халқаро янгиликлар телеканали журналистлари Полина Чубар ва Антуан Кормери иштирокида ўқув-тренинглари ташкил этилди. Уларда фактларни текшириш учун ишончли манбалар, фактчекингда эътибор қаратиш лозим бўлган жиҳатлар, фейк янгиликларни фарқлаш, энг биринчи манбани қисқа фурсатда топиш йўллари ҳақида “France 24” тажрибаси асосида маълумотлар берилди. Шунингдек, ахборот тарқатишда аниқ мақсад белгилашнинг журналистик фаолият учун аҳамияти тушунтирилди.

2023 йил 28-29 август кунлари “Тараққиёт стратегияси” маркази ҳамда АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) билан ҳамкорликда гендер масалалари ва унга боғлиқ воқеликларни турли ижтимоий тармоқлар, шунингдек, оммавий ахборот воситалари орқали ёритиш мезонлари юзасидан ўқув-тренинг ўтказилди.

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан ЮНЕСКО, Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, “Ўзбекистон Республикаси замонавий журналистикани ривожлантириш маркази” ННТ, “Янги медиа таълим маркази” ННТ, Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш фонди билан ҳамкорликда 2023 йил 23-27 октябрь кунлари “Медиасаводхонлик ҳафталиги” ташкил этилди.

2024 йил 6-8 май кунлари Франциянинг Ўзбекистондаги элчихонаси, Франциянинг ОАВни ривожлантириш агентлиги (CFI), АОКА ва бошқа мутасадди ташкилотлар ҳамкорлигида Тошкент шаҳридаги “Panarams” меҳмонхонасида минтақавий форум ўтказилди. Форумда Ўзбекистон, Тожикистон, Қирғизистон, Қозоғистон ва Франция давлатларидан 120 нафар иштирокчи, 40 нафар спикер, шу жумладан, журналистлар, медиа-ташкилотлар вакиллари, медиа-экспертлар, мутасадди давлат органлари масъуллари, шунингдек, таниқли медиа ходимлари, мутахассислар қатнашди.

2024 йил 27-30 май кунлари Тошкент шаҳрида АОКА бошчилигида ҳамда Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ) кўмагида давлат органлари ва ташкилотлари очиқлигини таъминлаш, турли фейк ва дезинформацияларга биргаликда курашиш масалалари юзасидан тажриба алмашиш мақсадида ТДТга аъзо мамлакатлар вазирлик ва идоралари матбуот котибларининг “Ахборот хизматлари 2024: миллий ва хорижий тажриба” мавзусидаги қўшма ўқув-семинари ташкил этилди. Тадбирда ТДТга аъзо мамлакатлардан юз нафардан ортиқ мутахассислар иштирок этди.

Соҳага оид қонунчилик

Таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда  медиа соҳага оид қонунчилик базаси яратилган. Янгиланган Конституциямизда оммавий ахборот воситаларининг фаолиятига тўсқинлик қилиш ёки аралашиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлиши белгилаб қўйилди.

Шубҳасиз, мазкур норманинг мамлакатимиз асосий қонунида мустаҳкамлаб қўйилиши оммавий ахборот воситалари соҳаси вакилларининг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишни янада кучайтиради.

Умуман олганда, сўз эркинлиги ва оммавий ахборот воситаларининг самарали фаолиятини таъминлашнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш мақсадида мамлакатимизда ўндан ортиқ қонунлар, жумладан, “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”, “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”, “Ахборот олиш кафолатлари ва эркинлиги тўғрисида”, “Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида”, “Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида”, “Ахборотлаштириш тўғрисида”ги ва бошқа қонунлар амалда мавжуд эканлиги журналистик фаолиятни эмин-эркин юритиш имкониятларини бермоқда. Айни кунда соҳага оид қонунчиликни такомиллаштириш бўйича ишлар давом эттирилмоқда.

Очиқликни таъминлаш йўлида

Айни кунда Ўзбекистонда 2340 дан ортиқ оммавий ахборот воситаси фаолият юритмоқда. Бу рақам 2016 йилга нисбатан медиа тузилмалар 55 фоизга ошганини кўрсатади. Уларнинг 65 фоизи нодавлат ОАВ ҳисобланади. Интернет-нашрлар ҳам жадал ривожланиб, 738 тага етгани эса уларнинг аудиторияси муттасил ортиб бораётганидан дарак беради.

Эътиборли жиҳати, мамлакатимиз медиаси халқаро ахборот маконига интеграциялашмоқда. ЎзМТРК ва бир қатор хусусий телеканалларнинг кўрсатувлари дунёнинг кўплаб мамлакатларига узатилади.

Бугун бутун дунёда нафақат сиёсий зиддиятлар, балки мафкуравий курашлар ҳам ҳар қачонгидан таранглашган. Одамларга ёлғон ва туҳматлардан иборат ахборотларнинг тарқатилиши аянчли оқибатларга олиб келиши мумкин.  Шу боисдан ҳам бугун медиа тузилмаларда холис ва ҳаққонийликка асосланиб иш юритилиши жуда муҳим.

Айни кунга келиб давлат ва нодавлат ташкилотларнинг оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлиги анча яхшиланди. Вазирлик ва идораларда ташкил этилган матбуот хизматлари фаолияти тубдан ислоҳ қилиниб, матбуот котибларининг мақоми оширилди. Ҳозирги пайтда вазирлик ва идораларнинг матбуот хизматларида 1500 нафардан ортиқ ходим фаолият юритмоқда.

Давлат органлари раҳбарларининг оммавий ахборот воситалари ва жамоатчилик олдида ҳисобот бериш механизми йўлга қўйилди, турли масалалар, жумладан, долзарб масалалар юзасидан мунтазам брифинглар, матбуот анжуманлари ўтказилмоқда. Очиқлик кўрсаткичларини аниқлаш ва уни илғор халқаро стандартлар асосида баҳолаш амалиёти йўлга қўйилди.

Мавжуд муаммолар

Ўзбекистон Журналистлар уюшмасининг ўтган йили эълон қилинган I миллий маърузасида бир қатор муаммоларни келтирган эдик. Уларнинг айримлари ечим топди. Қуйидаги масалалар эса ҳамон долзарб аҳамият касб этиб турибди.

Жумладан, ҳозирги кунда янгиланаётган Ўзбекистонимиздаги маҳаллий, хусусий ва хорижий таълим даргоҳларида 4 мингдан зиёд йигит-қиз медиа соҳа йўналишлари бўйича таҳсил олмоқда. Бу яхши кўрсаткич. Аммо таҳлиллар ҳамма битирувчилар ҳам ўз мутахассислиги бўйича ишга жойлаша олмаётганини кўрсатмоқда. Ўқиш давомида уларнинг барчаси етарли даражада билим ва малакага, тажрибага эга бўлмоқда, деб бўлмайди. Шу боис, Олий таълим, фан ва инновациялар ҳамда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирликларидан мазкур масалага жиддий эътибор қаратиш сўралади.

Энди сўзимизни касбий фаолиятимизга оид айрим мулоҳазалар билан давом эттирсак. Гап шундаки, баъзи ҳамкасбларимиз касб этикаси кодекси қоидалари, оммавий ахборот воситаларига оид қонунчилик талабларига ҳар доим ҳам риоя этмаяпти.

Айрим журналист ва блогерлар томонидан ижтимоий тармоқларга инсоннинг шахсий маълумотлари, унинг шаъни ва қадр-қимматига дахл қиладиган, баъзан очиқдан-очиқ зўравонлик ва ҳақорат кўринишидаги пост ва изоҳларни жойлаштириш ҳолатлари учраётгани ҳам ташвишли.

Шу ўринда, журналист ва блогерларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш борасидаги ишларни давом эттириш лозим, деб ҳисоблаймиз.

Босма нашрлар ҳақида

Албатта, миллий журналистикамизнинг бугуни ва эртасини, истиқболини босма нашрларнинг иштирокисиз тасаввур этиб бўлмайди. Негаки, газета ва журналларнинг ўрни, аҳамияти кераклилиги ортиқча исбот талаб қилмайдиган ҳақиқатга айланиб улгурган. Бу шунинг учунки, биринчидан, босма нашрлар ўзининг узоқ асрлик тарихига эга. Иккинчидан, журналистиканинг муҳим бўғини ҳисобланган ҳолда дунёда телевидение ва интернет нашрлари ҳам ўрнини боса олмайдиган қадриятларга эга ҳисобланади. Ҳатто газета-журналлар берадиган нарсани китоблар ҳам бера олмайди. Негаки, босма нашрлар ҳар қандай замон, даврлар бўлмасин, у ҳаётда, жамиятда воқеликни кенг мушоҳада ва таҳлил билан, сўзнинг бетакрор имкониятларини ўзига жо қилган тарзда ёритиб бериши ҳамда тарихга муҳрлаши билан алоҳида ажралиб туради. Бу эътирофларга исбот сифатида бугунги кунда ҳам мисли кўрилмаган даражада техника, интернет ривожланган, телеканаллар, радиоканаллар ниҳоятда катта имкониятларга эришган мамлакатларда ҳам ҳамон миллионлаб нусхада нашр этилаётган газета-журналларнинг мавжудлигини келтириб ўтиш мумкин.

Шу нуқтаи назардан сўнгги йилларда мамлакатимизда босма нашрларнинг ўрни, имкониятларини янада ошириш юзасидан ҳукуматимиз томонидан маълум саъй-ҳаракатлар қилинганини айтиб ўтиш керак.

Аммо босма нашрларнинг аксарият ҳолларда қўллаб-қувватланмаётгани, муассисларнинг бу борада ўз вазифаларини бажармаётгани, кўплаб туманларда ҳокимликлар нашрларининг чоп этилмай қолгани, ҳатто айрим республика газета ва журналларининг 1000-2000 ададда чоп этилаётгани жуда ачинарлидир.

Ўзбекистонда 10 мингдан зиёд ўрта таълим мактаблари, яна шунча маҳаллалар, 200 дан зиёд олий таълим муассасалари, бир неча юз мингдан зиёд турли ташкилот ва корхоналар, беш ярим миллиондан кўпроқ хонадонлар бўлишига қарамай, болалар нашрлари ҳисобланган “Ғунча”, “Гулхан”, “Тонг юлдузи” ёки “Саодат”, “Қишлоқ ҳаёти”, “Жамият”, “Hurriyat” сингари газета ва журналлар адади 4-5 минг нусхада ҳам чоп қилинмаётир.

Хўш, бундай аҳволни ўнглаш мумкинми? Албатта, мумкин. Аммо айни масала бўйича турли фикр ва таклифлар мавжуд. Айримлар бозор иқтисодиёти, газета ва журналлар ўз кунини ўзи кўрсин, рақобатбардош бўлсин дейди. Назаримизда, одамлар асосий информацияни ижтимоий тармоқдан, қўлидаги телефондан олаётган бир пайтда бу усул орқали босма нашрлар ривожланиши мушкул.

Бир гуруҳ масъуллар эса республика аҳамиятига эга газета ва журналларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашнинг аниқ механизмларини яратиш лозимлигини илгари суради. Вилоят ва туман газеталарини, айтайлик, 4-5 минг нусхада чоп этиш учун маҳаллий бюджет ҳисобидан молиялаштириш зарурлигини таклиф этади.

Вақтли матбуот нашрларининг обуначиларга ўз вақтида етказилишини таъминлаш учун ҳам почта хизматларининг фаолияти тубдан ислоҳ қилиниши лозим. Чунки пойтахтда чоп этилган газета ва журналлар жойларга 10-15 кунлаб кечикиб олиб борилиши босма нашрлар нуфузини туширмоқда.

Албатта, масаланинг бошқа жиҳатлари ҳам йўқ эмас. Хусусан, бугун кўпгина босма нашрларнинг ўқишлилиги, уларда ёритилаётган материаллар муштарийни қизиқтирадиган даражада деб бўлмайди. Бунинг учун нашрларнинг умумий савиясини ошириш, муаллифларга рисоладагидек қалам ҳақи тўлаш, газета-журналларда ишлаётган журналистларга давр талаб қиладиган даражада ойлик-маошлар бериш керак бўлади. Бу масалаларни ҳал қилиш учун матбуот нашрларининг обунасини кўпайтириш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш зарурияти туғилади. Яна бир масала: бугун ОАВда эълон қилинган танқидий ва таҳлилий материалларга муносабат билдириш, қонунчиликда белгиланган тартибда жавоб бериш масаласи оқсоқланганча қолмоқда. Агарда матбуот нашрларида кўтариб чиқилаётган танқидий мақолаларга вазирлик ва идоралар, қўмита ва агентликлар, ҳокимликлар томонидан ўз вақтида чора-тадбир белгиланадиган бўлса, газета-журналларнинг жамиятда тутган ўрни, нуфузи, аҳамияти янада ошарди. Энг муҳими, “Тўртинчи ҳокимият” деб аталмиш матбуот нашрлари жамиятда кўзгу вазифасини ўтаб, кўпгина муаммоларнинг ечилишига ҳисса қўшган бўлар эди. Афсуски, бу борада ҳам шунчаки кўзбўямачилик, юзакилик ҳолатлари ҳукмронлик қилиб турибди. Чунки журналистлар томонидан кўтариб чиқилаётган муаммоларни кўриб кўрмасликка олиш, жавоб йўлланганда ҳам номигагина жавоб хати юбориш ҳолатлари кўп учрамоқда.

Халқаро муносабатлар

Ўтган бир йил давомида Уюшма томонидан хориж медиа тузилмалари билан ҳамкорлик алоқаларини ривожлантиришга ҳам жиддий эътибор қаратилди. Жумладан, 20 нафарга яқин соҳамиз вакиллари, ёш журналистлар хориж мамлакатларига  билим ва малака ошириш, тажриба алмашиш учун юборилди. Жумладан, Россия Федерациясининг Астрахан шаҳрида 2023-2024 йиллари ўтказилган “Каспий медиафоруми”да Жиззах вилояти телерадиокомпанияси ходими Дилшод Жўраев, Уюшманинг Навоий вилояти бўлими раиси Отабек Аслонов, “Ишонч” ва “Ишонч-доверие” газеталари таҳририяти мухбири Ғуломжон Мираҳмедов иштирок этди.

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси ва Умумхитой Журналистлар ассоциацияси ўртасида 2023 йил 15 июнда тузилган ҳамкорлик келишуви ижроси доирасида Уюшма аъзоси бўлган уч нафар ёш журналист — Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги (ЎзА) Президент “POOL” маркази етакчи муҳаррири Беҳруз Худойбердиев, “Янги Ўзбекистон” – “Правда Востока” газеталари таҳририяти маданият ва маърифат бўлими мудири Сабина Алимова, “Ренессанс” телеканали мухбири Нурулло Расулов, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси етакчи мутахассиси Гулзайнаб Зулҳайдарова, “Наманган садоси” газетаси бош муҳаррири ўринбосари Улуғбек Рўзматов Хитойда ўқув-семинар машғулотларида қатнашиб, ҳамкасблар билан тажриба алмашиш имкониятларига эга бўлди.

Жорий йил бошида Туркия Республикасининг мамлакатимиздаги элчихонасининг сўрови ҳамда Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси тавсиясига асосан 2024 йил 9-12 февраль кунлари “Hurriyat” мустақил газетаси мухбири Ислом Асилбеков Туркия Республикасида уч кунлик медиа-турда иштирок этди.

2024 йил 20-25 апрель кунлари Уюшма раиси в.б. Холмурод Салимов бошчилигида бир гуруҳ журналистлар – “Ишонч” ва “Ишонч-Доверие” газеталари таҳририяти бош муҳаррири Ҳусан Эрматов, “Тонг юлдузи” газетаси бош муҳаррири Феруза Одилова, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги Халқаро ахборот таҳририяти шарҳловчиси Азиза Алимова, Уюшма ҳузуридаги Ёш журналистлар кенгаши раиси Шуҳрат Ориповнинг Озарбайжонга ижодий сафари уюштирилди. Сафар давомида  Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси билан Озарбайжон Матбуот кенгаши ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

2024 йил 22-27 май кунлари ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш ва тажриба алмашишни йўлга қўйиш мақсадида Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси в.б. Холмурод Салимов, “Янги Ўзбекистон” ва “Правда Востока” газеталари таҳририяти бош муҳаррири Салим Дониёров ҳамда ёш журналист, “Гулхан” журнали масъул котиби Азим Ахтамовнинг  Ҳиндистонга сафари ташкиллаштирилди. Деҳли шаҳрида “Олтин қалам” XVIII Миллий мукофоти учун халқаро танловда “Чет эллик журналистнинг Ўзбекистон ҳақидаги энг яхши материали учун” номинацияси бўйича 2-ўринни қўлга киритган Ҳиндистоннинг “The Economic Times” газетасининг дипломатик муҳаррири Дипанжан Рой Чаудҳурига танлов статуэткаси, дипломи ҳамда пул мукофоти тантанали равишда топширилди. “The New Indian Express” газетаси фаолияти билан яқиндан танишиш жараёнида айни журналистика тенденциялари ва йўналишлари бўйича фикр-мулоҳазалар алмашилди. Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси ва  Ҳиндистон Пресс клуби (Press Club of India) ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Айни кунда Уюшма томонидан дунёнинг ривожланган давлатлари медиа ташкилотлари билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Соҳа ривожига доир янги режалар

Биринчидан, Уюшма томонидан миллий журналистикани ривожлантиришга оид 2030 йилгача бўлган асосий режаларни акс эттирувчи “Йўл харита” ишлаб чиқиш.

Иккинчидан, ҳар йили маҳаллий ва хорижий  фотожурналистлар ўртасида “Янги Ўзбекистон фотожурналистлар нигоҳида” танлови ўтказиш. Ушбу танловга тақдим этилган энг сара фотоматериаллар кўргазмасини Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда, шунингдек, хорижий давлатларда ташкил этиш.

Учинчидан, ёш журналистларнинг билим ва малакасини, соҳага қизиқишини ошириш, уларнинг ижодий фаолиятини қўллаб-қувватлаш мақсадида ҳар йили Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида “Бўстонлиқ семинари”ни ўтказиш.

Тўртинчидан, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси муассислигида чоп этиб келинаётган “Hurriyat” газетаси журналистларнинг эркин минбари эканлигини инобатга олиб, унинг иқтисодий имкониятларини қўллаб-қувватлаш, таҳририят моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, ҳар йили газета обунаси ташкиллаштирилишини таъминлаш мақсадида маблағ ажратиб бориш.

Бешинчидан, миллий журналистикамизнинг халқаро медиа маконга интеграциялашган ҳолда ривожланишини таъминлаш, илғор халқаро тажрибаларни ўзлаштириш мақсадида ҳар йили дунё медиа соҳаси тажрибали ва таниқли журналистлари, медиатузилмалар масъуллари  иштирокида Тошкентда долзарб мавзуларга бағишланган халқаро медиафорумлар ўтказиш.

Олтинчидан, оммавий ахборот воситалари вакиллари ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, саломатлигини мустаҳкамлашга кўмаклашиш мақсадида ҳар йили 27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни байрами арафасида спортнинг бир қатор турлари бўйича “Уюшма кубоги” спорт мусобақаларини ўтказиш.

Еттинчидан, уюшма ва унинг ҳудудий бўлимлари қошида фаолият олиб бораётган “Маҳорат” мактаблари ҳамда “Ёш журналистлар” тўгаракларини битириб, оммавий ахборот воситаларида (камида икки йилдан буён) ўз ижодий ишлари билан қатнашиб келаётган ёшларни олий таълим муассасаларининг журналистика йўналишлари бўйича ўқишга ОАВ ва Уюшма тавсияси асосида имтиёзли қабул қилиш чораларини кўриш.

Саккизинчидан, оммавий ахборот воситаларининг роли ва журналистларнинг касбий фаолияти ҳимоясини янада кучайтириш бўйича иш олиб бориш.

Тўққизинчидан, марказий ва ҳудудий ОАВ вакилларини  хорижий мамлакатларга билим ва малака ошириш, йирик медиа тадбирларда қатнашиш учун юбориш.

Ўнинчидан, оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда холис ахборотларни ўз вақтида бериб бориш орқали ёлғон маълумотлар тарқалишининг олдини олиш.

Ўн биринчидан, мамлакатимизда бугунги ислоҳотлар талабига жавоб берадиган ижтимоий масъулиятли оммавий ахборот воситаларини шакллантириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш.

Ўн иккинчидан, интернетнинг глобал ва миллий сегменти ривожланиш тенденцияларини доимий ўрганиб бориш, миллий контентни ривожлантириш механизмларини такомиллаштириш бўйича таклифларни шакллантириш.

Мамлакатимиз миллий медиасини янги ва юқори босқичга олиб чиқишга қаратилган юқоридаги вазифалар  юртимиз оммавий ахборот воситаларида фаолият юритаётган журналистлар жамоатчилиги билан биргаликда, уларнинг хоҳиш-иродаси, таклиф ва тавсиялари асосида амалга оширилади. Айни жараёнда соҳамизнинг барча вакилларини, шунингдек,  журналистикамиз фаоллари ҳамда устозларни уюшма атрофида янада жипслашиш ва бирлашишга чорлаймиз.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

eighteen + seven =