Газеталар қачон бепул тарқатилади?

“Янги Сирдарё” газетаси чин мухлислари учун шундай ташаббус билан чиқди

Озиқ-овқат дўконига кирдим. “Оқ қанд борми?” — сўрайман сотувчи опадан. У бўлса жим. Ҳайрон бўлиб қарасам, опа ҳайрат нигоҳлари билан қўлимдаги газеталарга тикилиб сўради.

— Қўлингиздаги қандай газеталар?

— Буларми, “Янги Сирдарё” ва “Hurriyat” газеталари. Ўқисангиз бераман, — дедим-да жавобини кутмасдан “Янги Сирдарё” газетасининг 3-4 та нусхасидан тутқаздим. — “Hurriyat”дан бера олмайман. Ўзи бир нусха.

— Қанча бўлади буларнинг нархи?

— Ҳеч қанча. Ўқийман деганларга текин.

— Ростданми? — сўради ишонқирамай у.

— Ростдан.

— Бу газеталар ҳали ҳам нашр этиляптими? Анчадан бери кўрмагандим. Мен республика ва вилоятимиз нашрларини мунтазам ўқиб, кузатиб борар эдим. Уларнинг ҳали ҳам нашр этилаётганидан бехабар эканман.

— Албатта, нашр этиляпти. Хоҳласангиз, ҳар ҳафта Сизга олиб келаман. Фақат бир шартим бор.

— Қанақа шарт?

— Дўконингизда газета қўйишга жой ажратасиз ва савдо қилганларга бир донадан берасиз. Мен эса одамларнинг газетамизни олишига қараб, ўқилишига қараб, нечта десангиз, ҳар ҳафта олиб келаман.

— Текингами?

— Ҳа.

 

Сотувчи опа билан шу тахлит оғзаки “шартнома” туздик. Ўйладимки, одамлар ҳозир газетага чанқоқ. Бунга шу каби бир қанча воқеалар асно гувоҳ бўлдим. Фақат аксарият одамлар глобаллашган, интенсивлашган ва ахборотлашган даврда адабий, илмий, ижтимоий-сиёсий газеталар нашр этилаётганлигидан ҳам бехабар. Одамларга бугун газеталар янгиланган янгилик.

Қолаверса, бу ҳам газеталар рекламасининг (таҳририят зарарига бўлса-да) бир тури, лекин одамларнинг маънавий савиясини оширишнинг самарали  усулидир.

Шу воқеадан кейин бир қанча дўкон эгалари билан шу тахлит келишувга эришдим. Бир китоб дўкони эгаси билан дўкон ёнида махсус китоб ва газеталар ўқийдиган жой ташкил этяпмиз.

Бугунги кунда Сирдарё вилояти ҳокимлиги ва бир қанча ташкилотлар раҳбарларининг қабулхоналари, кутубхоналарда, Халқ қабулхоналарида, умуман, одамлар кутиш жойларида газеталар қўйиладиган махсус жойлар ташкил этиш урфга кириб бормоқда. Бу тажриба анъанага, оммавий маданиятга айланса, ажаб эмас…

Қолаверса, кўпгина давлатларда, жумладан, энг ривожланган мамлакатларда газеталар халққа бепул тарқатилади.

Аэропорт ва вокзаллар, меҳмонхоналар, метро ва катта-кичик дўконларда турли нашрларни бепул олиб кетиш мумкин. Қандай қилиб дейсизми? Ахир гезаталар ўз-ўзидан чоп этилиб қолмайди-ку! Унга қанча қоғоз, чоп этиш ҳаражатлари, таҳририятнинг ойлик маошлари… булар ҳамма жойда бор. Фақат бунинг учун ана шу бепул тарқатиладиган газеталар учун олдиндан маблағлар ажратиб қўйилади. Бу давлат томонидан бўлиши мумкин ёки ўша манфаатдор компания, ташкилотлар бўлсин.

Албатта, пуллик нашрлар ҳам йўқ эмас.

Хўш, бу жаҳоний тажриба нега бизда йўқ? Неага қўллаб-қўввутланмайди? Айтайлик, Маҳаллалар уюшмаси, Маънавият ва маърифат марказлари, “Ўзбекистон ҳаво йўллари”, “Ўзбекистон темир йўллари”, Туризм вазирлиги кабилар матбуот нашрларига эътибор қаратсалар бўлмайдими?

Бу нарсаларни ким, қачон ўйлайди?

Бир туман маҳаллалар уюшмасига бордик. Эътиборимни тортган жиҳат жавондаги “Маҳалла” газетасининг тахламлари бўлди. Қарадим. Газетанинг 2 та сонининг 100 га яқини. “Буни қайси ташкилот олиб келади сизларга?” — дея сўрайман. “Топшириш далолатномаси бор”, деб қўлимга тутқазди. “Сурхондарёда тезкор матбуот хизмати” МЧЖ” деб ёзилган экан. Тезкор матбуот бўлса, газеталарни нашрдан кейин икки ҳафтада етказадими? Энди бу газеталар қачон маҳаллаларга етиб боради? Етиб борадими ўзи? Саволлар кўп. Жавоб берадиган томон эса сукутда!

“Маҳалла” газетасини таҳририятнинг ўзи етказиб берувчи ташкилотлар билан шартнома тузиб, вилоятларга етказилишини таъминлар экан. Муаммо йўқ. Бироқ Сирдарё вилоятига газетанинг 2 та сони мутлақо бошқа вилоятнинг матбуот хизмати томонидан, боз устига, бир жойга берилишини қандай тушуниш лозим?

Бундай ҳолат яқинда вилоятимизда ташкил этилган “Ishonch” ва “Ishonch-Доверие” газеталари таҳририяти жамоасининг ўз муштарийлари билан яқиндан мулоқот қилиш асносида ташкил этилган “Ишонч кунлари” йиғилишида ҳам эътирозларга сабаб бўлди.

Муштарийларнинг айтишларича, “Ishonch” ва “Ishonch-Доверие” газеталари бир ҳафтада бир маротаба етказиб берилар экан. “Газеталаримизнинг ўзбекча нашри ҳафтасига уч бора, русчаси бир маротаба нашр этилади. Нега бир ҳафтада бир марта етказиб берилади?” дея эътироз билдирди газета бош муҳаррири ўринбосари Жаҳонгир Наҳанов ушбу газеталарни муштарийларга етказиб берувчи Матбуот тарқатувчи раҳбарига. Жавоб эса яна йўқ!

Юқоридагилардан келиб чиқиб, қуйидаги таклиф ва тавсияларни айтмоқчи эдик.

— Юртимизда нашр этилаётган барча газеталар ўз газеталари ўқирманларини кўпайтириш учун муайян савдо дўконлари билан ҳамкорликда фаолият юритсалар. Бунинг учун таҳририят ҳисобидан қўшимча газета нашр этишга тўғри келади, албатта. Бироқ шу орқали халқимизнинг газеталарга бўлган қизиқиши, мутолаага бўлган меҳри ортса, ажабмас. Бироз вақт ўтгач, балки шу туфайли одамларнинг ўзлари газеталарни қидириб, оммавий обуна бўлишга интилиб қолишар…

— Республика нашрлари газеталарнинг вилоятларга тарқатилишида ҳар бир вилоятнинг почта бўлимлари билан ҳамкорликда фаолият юритсалар мақсадга мувофиқ. Шунда газеталар ўз вақтида етиб боради ҳамда халқимиз юртимизнинг турли ҳудудларида содир бўлаётган ижобий ўзгаришлардан воқиф бўлади. Бошқа вилоятларнинг ёки пойтахт матбуот тарқатувчилари “минг марта тезкор” бўлса ҳам, улар бошқа вилоятлар газеталарини бир манзилга етказиб бериш билан кифояланади, холос…

Ушбу фикрлар кимлар учундир эҳтимол эриш туюлар. Бироқ бизнингча бу ишларни амалга ошириш учун озгина эътибор ва масъулият керак, холос. Бугун барча вилоятларда ташкил этилаётган “Маърифат улашиб” лойиҳаси доирасида ҳам газеталар хусусида кўпроқ фикр-мулоҳазалар бўлса, ўринли бўлар эди. Зеро, муҳтарам Юртбошимиз таъкидлаганларидек, “Маънавият бошқа соҳалардан ўн қадам олдинда бўлиши лозим”. Газеталар эса маърифат, маънавият улашишнинг бирламчи ва асосий бўғинларидан биридир.

Баҳром БОЙМУРОДОВ,

Ўзбекистон Журналистлар

уюшмаси аъзоси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

13 − 3 =