Пудина — афсонавий қишлоқ

Пудина —ажойиб ва ғаройиб жойлардан бири бўлиб, бу мўъжазгина қишлоқча Қашқадарёнинг Косон туманида жойлашган.
Тарихда Пудина номи машҳур бўлиб, ўз даврининг кучли илм марказларидан ҳисобланган. Бу қишлоқда жуда зийрак ва Ислом динининг тарғиботчиси бўлган Қусам исмли шайх аллома яшаб ўтган. Ул зотга аталган мақбара ҳам қурилган.
Пудинадаги тарихий зиёратгоҳ жой Қусам шайх ота қадамжосидир. Бу муборак жойга кўплаб сайёҳлар ташриф буюради.
Ҳа, Қусам шайх ота — ибн Муҳаммад Қусамнинг ҳаёти ва фаолияти Пудина қишлоғи билан боғлиқ. Тарихий манбаларда қайд этилишича, Қусам шайх Туркистонда Аҳмад Яссавий хонадонида (қиз томонидан эварасидир) туғилган бўлса-да, умрини Пудина ҳудудида ўтказган. У Аҳмад Яссавий ҳазратларининг неваралари — Гавҳар Шаҳнозбегимдан туғилган бўлиб, отаси бухоролик Ҳусайн шайх Атоий авлодларидан, яъни Хонзода Муҳаммад Хожадир.
Пудинанинг маданий марказлардан бўлишида Қусам шайхнинг хизматлари беқиёс. Пудина мактабида Саййид Амир Кулол, Шамсиддин Кулол, Баҳоуддин Нақшбанд ва бошқа алломалар таълим олган.
Қусам шайх ҳазратлари ҳақида улуғ шоир Абдураҳмон Жомий ўзининг “Нафаҳот-ул-унс” асарида: “Муҳаммад Қусам Атоий туркий шайх бўлиб, Аҳмад Яссавий авлодидандур, Баҳоуддин Нақшбанднинг устозидир”, — дея қайд этган.
Мутафаккир шоир Алишер Навоий эса ўзининг “Насойим ул-муҳаббат” асарида уни “Шайхлар шайхи” деб эътироф қилган.
Қусам шайх ислом илми билимдони бўлиб, номи етти иқлимга ёйилган.
Қусам шайх меъморий ёдгорлигидаги энг қадимги мақбаралар XI-XIII асрларда барпо этилгани аниқланган.
Қусам ота мажмуаси безатилиши нуқтаи назаридан Шоҳи Зиндадаги Али Насафий амалий нақшинкорлигига яқинлиги билан ажралиб туради. Бу ёдгорлик Марказий Осиё меъморчилигининг энг қадимий ва ноёб намуналаридан биридир. Таъкидлаш лозимки, Қусам шайх мажмуаси услуби XIV асрга хос бўлиб, Темурийлар меъморчилик услубини намоён этади.
Илм ва маърифат нури таралиб турган бу тарихий ва улуғвор гўшада туғилишнинг ўзи мен учун ҳам катта бахтдир. Пудина ана шундай гўзал тарихи, ғаройиб ёдгорликлари ва меҳрибон, оқ кўнгил инсонлари билан жуда файзли маскандир.
Жасмина БАХТИЁРОВА,
Ўзбекистон Миллий
университети 2-босқич талабаси.