Журналист маҳорати

узоқ йиллик изланиш, меҳнат ва таълим самарасидир

Ҳар бир соҳада бўлгани каби, журналистикада ҳам устоз-шогирд анъаналари азалдан мавжуд. Олий ўқув юртида назарий билимларни эгаллаган ёшларга иш фаолиятининг дастлабки кунларидан бошлаб тажрибали амалиётчиларнинг  йиллар давомида шаклланган иш услуби ва тажрибасини ўрганиш, маҳорат сирлари билан таништириш яхши натижа беради. Шу маънода бугун журналист кадрлар тайёрлайдиган ўқув юртларида назарий билимлар амалий кўникмалар билан уйғун ҳолда мустаҳкамланаётгани, газета ва журналлар таҳририятларида, телевидение ва радиода устоз журналистларнинг маҳорат мактаблари ташкил этилаётгани айни муддаодир.

Бундан йигирма йил аввал “Ўзбекис­тон адабиёти ва санъати” газетасида Ўзбекистон Миллий университети журналистика факультетида таҳсил олаётган иқтидорли талабалар учун махсус маҳорат мактаби  ташкил этган эдик. Унга қўлида қалами бор, матбуотда хабар ва мақолалари билан кўриниб турадиган, ижодкорликка мойил ёшларни танлаб олдик. Машғулотлар  ижодий иш ёзиш, муаллифларнинг турфа мазмундаги хат-хабарларини нашрга тайёрлаш, таҳрир санъатини ўрганиш, факт  ва рақамлардан фойдаланиш, таҳририят почтасини кузатиб боришдан иборат бўлди.

2010 йилдан бошлаб, машғулотлар факультетда, турли таҳририятларда, жумладан, “Жаҳон адабиёти”, “Шарқ юлдузи”, “Гулистон” журналларида  ҳам ўтказилди. Мактаб ўқувчиларининг энг яхши ишлари (хабар, мақола, эссе) республика газеталарида мунтазам чиқиб турди. “Ёшлар овози”, “Маърифат”, “Ўзбекистон овози”, “Адолат”, “Миллий тикланиш”, “Тошкент ҳақиқати” газеталарида махсус саҳифалар эълон қилинди. “Шарқ” нашриётида мактаб тингловчиларининг энг яхши мақолаларидан иборат “Гуллаётган дарахт” тўплами чоп этилди.

Ўтган йиллар ичида маҳорат мактабимизда 250 дан ортиқ бўлажак ҳамкасбларимиз таҳсил олди. Улардан икки нафари Ўзбекистон Республикаси Президенти стипендиясига, уч  нафари Зулфия номидаги Давлат мукофотига, 6 нафари халқаро “Олтин қалам” мукофотига муносиб кўрилди, 30 дан  ортиғи Ўзбекистон Республикаси Касаба уюшмаси, Ёшлар иттифоқи, республика Журналистлар уюшмаси танловларининг ғолиблари бўлишди. Маҳорат мактабимизнинг кўплаб тинг­ловчилари бугун Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигида, давлат ва хусусий телеканалларда, етакчи газета ва журналларда, вазирлик ва идораларнинг ахборот хизматларида самарали фаолият юритмоқда.

Кейинги беш йил ичида ЎзМУ журналистика факультети ва “Жаҳон адабиёти” журнали ўртасидаги ижодий келишувга биноан, маҳорат мактаби машғулотлари журнал таҳририятида ўтказилмоқда. Қуйида маҳорат мактабида таҳсил олаётган  талабаларнинг ижодий ишларидан айрим намуналарни эътиборингизга ҳавола этмоқдамиз.

Аҳмаджон МЕЛИБОЕВ,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист,

“Маҳорат мактаби” раҳбари.

ҲАРАКАТ

Келажагимни тасаввур қила оламан.  Бу ўзимга боғлиқ. Ота-онамга ҳам.

Журналистикага келишимдан аввал кўп нарсаларни бошқача тасаввур қилган эканман, мана, орадан  уч йил ўтиб, ўзимни, келажагимни бироз кеч бўлса-да, англай бошладим. Сабаби,  мен қизиққан,  ўйлаган нарсалар бош­қача эди,  бу ерда ота-онам хоҳлаганлари учун ўқияпман, Худо хоҳласа, ўзим қизиққан соҳага яна қайтаман. Бунда менга… журналистика ёрдам беради.

Ҳаётда ҳар куни  кутилмаган ҳодисалар бўлиб туради. Буни биламан. Мен анг­лаган ҳақиқат — фақат орзу билан яшаб бўлмас экан,  ширин туш ва орзуларни рўёбга чиқариш учун  кўп заҳмат чекиш, муттасил ҳаракат қилиш керак экан. Бунга мен тайёрман.

Муҳиба СУЮНОВА

КИМ ТУШУНМАЙДИ?

Ҳаёт нега бундай бешафқат дея нолийдиган инсонлар  бор. Менингча, бу — катта хато. Бошига оғир бир синов келса, негалигини ўйламай, нуқул  арз-дод қилади, синовдан ўтгач, бу дунёда мендан бошқа бахтли йўқ, деб  босар-тусарини билмай қолади.

Инсон зотини тушуниш қийин — на иссиққа чидайди ва на совуққа. Балки хато ўйлаётгандирман.  Аммо  шу саволга жавоб тополмайман. Нега бундай бесабрмиз, енгил-елпи ўйлаймиз? Ютуқларимизни-ку, кўз-кўз қиламиз, аммо хато-камчиликларимиздан кўз юмамиз, бир дўст юзимизга очиқ айт­­са, ундан хафа бўламиз. Бирор ҳолат ёки муаммонинг туб илдизи ҳақида ўйламаймиз. Инсон зоти асли шундай яралганми, дейман-да.

Мени ўйлантираётган яна бир муаммо шуки, кўплар ҳеч бир ҳаракат қилмай ҳам катта натижани кутишади. Қозонга масаллиқ тушмаса, овқат қаердан пайдо бўлади? Бола оилада тўғри тарбия қилинмаса, у одобни қаердан ўрганади? Боғ қилишни ўйлаган одам кўчат экса-ю, уни суғормаса, мева емайди. Наҳотки буни тушунмаймиз?

Бу мушоҳадаларимни бир даврада айтган эдим, суҳбатдошларимдан бири мени ҳеч балони тушунмасликда айблади.

Дилсўз НАБИЕВА

ОРЗУЛАР УШАЛАДИГАН ЮРТ

Кўпинча ўзимга ўзим савол бераман: “Мен  яна уч йилдан кейин қандай натижаларга эришаман, беш  йилдан кейин ўзимни қандай тасаввур қиламан, ўн йилдан кейин-чи? Бошқаларнинг ҳавасини келтирадиган  ютуқларим бўладими? Бунинг учун нима қилишим керак?”

Бу саволлар тез-тез, турли ҳолатларда, масалан, тенгдошларимнинг ютуқларига гувоҳ бўлганимда ёдимга тушиб туради.  Аммо хаёлимдаги  ўша “мен”га эга бўлиш учун бугун қанчалик ҳаракат қиляпман? – бу тўғрида деярли ўйламайман. Чунки ҳаракатимдан ўзим қониқмайман.  Тўғри тушунинг, бу  — вақтни бекорга ўтказмоқдаман, деганим эмас. Университет, республика миқёсида маълум ютуқларга эришдим, меҳнатимга яраша эътироф этилдим, атрофимда менга ҳавас қиладиганлар, “Бизга ҳам сизнинг йўлингизни берсин”, дейдиганлар йўқ эмас.  Аммо хотиржам бўлишимга ҳали эрта. Лофга  йўйманг-ку, фақат атрофимдагилар эмас, дунёнинг нариги чеккасидаги бир орзуманд қиз ҳам ҳавас қиладиган инсон бўлишим керак.

Мен ким бўлмоқчиман: аввало, инсон номига тўлақонли муносиб инсон! Кейин мамлакатимиз қизлари ҳавас қиладиган, улар идеалидаги Мухлиса Абдужалилова!

Шундай бўлади ҳам. Чунки биз бугун гўзал орзулар ушаладиган мамлакатда яшамоқдамиз.

Мухлиса АБДУЖАЛИЛОВА

ЙЎЛ КЎП, АММО…

Бу ҳақда узоқ ўйладим. Авваллари ҳаётдан норизолик ҳисси бўларди менда. Ўша кайфиятдаги фикрларим энди унутилди. Ҳозир ҳаммасидан мамнундекман, шукроналик туйғусини туймоқдаман. Аммо умр сувдек оқмоқда. Шу ёшга етгунга қадар  йўлимда учраган турли инсонларни кўрдим, кузатдим, тингладим, баҳслашдим. Лекин кўпларидан  қониқмадим. Ота-онамдан, устозлар-у яқин дўстлардан ва ҳатто ўзимдан ҳам.

Нега дейсизми? “Нима учун қониқишинг керак, сен ўзинг улардан нима  изладинг”, демоқчимисиз? Таажжубингизни тушунаман. Менинг дунё,  инсонлар, инсоний муносабатлар, меҳр-оқибат ҳақидаги тасаввурларим ўта ғўрлигидан бўлса керак бу. Мукаммал инсон ҳақидаги орзуларимиз ҳамон орзулигича қолаётганидандир, балки?!

Ҳамма инсон бир хил бўлишга мажбур эмас, албатта. Бу ҳаётнинг ёзилган, лекин амал қилинмайдиган қонунлари кўп экан. Ҳамма яхши инсон бўлишни истайди. Аммо бунга эришиш учун ёлғондан,  чидамсизликдан, иғво ва туҳматдан ҳам бемалол фойдаланади. Бир қарасанг, ҳалол-покликдан сўз очади, бир қарасанг, бутунлай бош­­қа бир қиёфада.

Биз шундай ҳаётда яшашга мажбурмиз. Ҳар ким ўз йўлидан юради ва, албатта, фақат ўзининг йўли тўғри, деб ҳисоблайди.

Лобар ТЎРАЕВА

ХАТОДА ҲАМ ХАТО БОР

Инсон зоти борки,  умрида бир марта бўлса ҳам хатога йўл қўяди. Кимдир ёлғон гапириб, яна кимдир бировнинг ҳақига хиёнат қилиб ёки кимгадир ортиқча ишониб хато қилади.

Оила муқаддаслигини англамаган ҳолда турмуш қуриб, кейин ажрашиб, болаларини сарсон қилаётганлар, иймонли инсонларни алдоқ оловида ёндириб, ўзлари ялло қилиб юрганлар, бировларнинг бахтини ўғирлаётганлар, бу ишлари оғир гуноҳлигини тан олмаётганлар қанча? Бу ҳақда гап очилгудек бўлса, “Ҳа, энди, бир хатолик ўтибди-да”, дейишади юзингизга қараб.

Аслида, хатога йўл қўйишнинг ёмон жойи йўқ. Адашган, янглишган одам кейинчалик бу хатони такрорламасликка интилади. Аммо у  ўз манфаатлари, нафси учун хато қилаётган бўлса-чи?

Дилрабо АБДУКАРИМОВА

ГЎЗАЛ ЁЛҒОН

Гапнинг очиғи шуки, ҳаётда аччиқ ҳақиқатдан кўра ширин ёлғонни афзал кўрадиганлар кўп. Атрофимиздаги ҳақиқатгўй дўстлардан чин юзимизни яширамиз. Кимгадир ёқиш учун ўзимизни алдаймиз, ўзлигимиздан кечамиз, имон-эътиқодимизга путур етказамиз.

Дунё яралибдики, шундай. Кимдир ундан яхши мақсадда, яна кимдир эса ёмон мақсадда фойдаланади. Ёлғоннинг ҳам яхшиси бўладими, деб ўйлашингиз табиий, албатта. Ҳа, бўлади. Оналаримиз дастурхонда бирор тансиқ егулик бўлса-ю,  кўпчиликка камлик қилса, албатта, “Менинг қорним тўқ, яқинда овқатланган эдим”, дейишади. Ҳаётимизда кўп бор  бетоб инсон ҳолидан хабар олгани борганмиз. Беморнинг аҳволи ёмонлигини кўриб турсак ҳам, унга “Аҳволингиз анча яхши, юзингизда касаллик аломати йўқ, тузалиб кетасиз” деймиз. Мантиқан олиб қаралса, бу ҳам ёлғон. Аммо шу қадар гўзал ёлғонки, бунга ҳатто ҳавас қилса бўлади.

Кўнгил олиш – савобли иш. Аммо бу билан ёлғон гапириш мумкин, деган фикрдан йироқман. Ҳар бир сўзнинг, гўзал ёлғоннинг ҳам  ўрни бор. Фитна қўзғовчи, яқинлар орасини бузувчи, оилаларни бахтсиз, фарзандларни етим қилувчи, ярамас кирдикорларни яширишга хизмат қиладиган ёлғонлардан Яратганнинг ўзи асрасин.

Зилола ҚАҲРАМОНОВА

КУЗНИНГ ТАЪСИРИ

Ёшим йигирмада. Негадир хаёлпараст бўлиб боряпман. Балки улғайиш ёқмаётгандир. Балки атрофимдаги одамлар, умуман, бу ҳаёт менга ишончсиздек кўринаётгандир. Инсоннинг ёши улғайган сари ақли тўлишиб боради, дейишади, мени эса ақл-идрок тарк этаётгандек.

Ўйлаб қоламан: нега шундай, нимани, қандай ҳақиқатни излаяпман? Бу ҳолат фақат менга тегишлими ё бошқаларда ҳам борми?

Бу саволларга жавоб излаб  ўзимни ўзим таҳлил қила бош­лайман. Олдинги шошқалоқ, салга жаҳл қиладиган, катталарнинг маслаҳатини  кераксиз насиҳатдек қабул қиладиган эрка қиздан асар ҳам қолмаяпти. Феъл-атворимдаги  қусурларим, хатоларим билан юзма-юз келиш осон эмас экан. Ақлим ва қалбим ўртасида сарсон жангчиман. Аммо ўзимни оқлаш бироз устунлик қилади. Чунки ҳамма ҳам хато қилади. Бу менинг ҳам ҳуқуқим деб қўяман. Шундай дейман-у, бундай  таскиннинг таъсири узоққа бормайди.

Ёлғон билан яшаш… Очиғини айтсам, ёлғонларимнинг энг хатарлиси – ўзимни алдаганларим,  энг ёмони — виждон азоби экан. Саноқда адашасан, бармоқларинг етмайди. Бўғзингга нимадир тиқилади. Жуда оғриқли. Хаёлларим  тарқоқ. Кимдир менга паришонсиз деса, йўқ, бу — кузнинг таъсири деб жилмайиб қўяман. Бу – жилмайиш эмас, навбатдаги ёлғон.

Дурдона ҲАЙИТОВА

МУКОФОТ

Баъзан  инсон ўзи билан ёлғиз қолганида хатолари ҳақидаги ўй-фикрлари хуруж қилиб, қўрқув исканжасида қолади. Бенжамин Франклин айтганидек: “Тажриба қиммат мактаб, лекин аҳмоқлар учун бош­­қа мактаб бўлмаса-чи?” Хатоларини ўзининг ожизлиги меваси деб биладиган инсоннинг хаёллари арқоннинг тугунига ўхшайди — ўйлаган сари тугунлар чигаллашиб бораверади.  Баъзи инсонлар ўзининггина эмас,  бошқаларнинг  арқонидаги тугунларни ҳам ечиш йўллари ҳақида бош қотиради.

Дунё тарихида шундай хатолар бўлганки, улар тинчликка, эзгуликка сабаб бўлган. Ва яна шундай хатолар ҳам бўлганки, улар мамлакатлар, миллатлар орасига нифоқ солган. Буюк олим Альберт Эйнштейнга  мамлакат президентлигини таклиф қилишганда,  у бу лавозимни рад этган. Агар у бу таклифни қабул қилганида, бугун у инсонлар хотирасида машҳур олим сифатида ёдга олинмаслиги ҳам мумкин эди.

Мен хато қилишдан, инсонлар тасаввурида ёмон инсон бўлишдан қўрқардим. Хатоларим ҳақида шу қадар кўп ўйлардим, аммо ҳаётдаги  катта хатойим — уларни англаб, тан олишни хоҳламасдим. Ҳаётимдаги ўзимни кечира олмайдиган энг катта хатойим – ота-онамга фарзандлик ҳурматимни, уларни  яхши кўришимни айтмаганим, айта олмаганимдир.

Ота-онам  меҳрибон инсон бўлишган, аммо менинг хотирамга  болалигимнинг ширин хаёллари, ўйинқароқликлар билан ўтган дамларим эмас, отам ҳар сафар спиртли ичимлик истеъмол қилиб келиб, онамга, бизга озор беришлари кўпроқ муҳрланган. Қалбимда ҳар куни яхши ота қиёфасини гавдалантирардим, аммо шайтон суви уларни аёвсиз ювиб юборарди.  Бир сафар отам жаҳл қилганларида, уларга “Сиз сабаб болалик қандай бўлишини ҳис қилмай ўсдим”, деб юборганман. Бу шаддодлигим отамга қаттиқ таъсир қилди, менга ҳам.

Тўғри, у вақтларда оиламизда синовли кунлар ҳукм сураётган эди. Мен ич-ичимдан ўзимни оқлаш учун,  ёш эдинг, ҳамма ҳам хато қилади, бунда сенинг айбинг йўқ, ҳозир оилада оғир кунлар,  деб ўзимга ўзим  таскин беришга уринсам-да, аммо отамни ҳеч қачон тушунмаганим, уларнинг жаҳллари — аслида, менга бўлган муҳаббатлари эканлигини англамаганимни, ўша бахт кушандасини ичишларига болаликда ўгай онадан кўрган жароҳатлари сабаб эканлигини билиб турсам-да, буни тан олмасдим. Отам мени яхши кўрганликларини фақатгина уларни касалхонага олиб кетишаётганида ва ўша куни тез ёрдам машинасида уйга руҳсиз-жонсиз олиб келишганида тушуниб етганман. Бу иқрор умримни пушаймонликда ўтказишим кераклигини эмас, аксинча, хатоларимни англаб етишим менга ҳаётда яшашимда асосий мақсад нима бўлиши кераклигини, инсон фақат ўзининг ҳиссиётлари оламида яшаши керак эмаслигини ўргатди ва  мени маънан улғайтирди.

Хатолардан оқилона фойдаланиш бизга хатойимиз учун берилган мукофотдир.

Шаҳноза НОРМЎМИНОВА

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

eighteen + twelve =