Файзулла Мўминовнинг илмий мактаби
Бугун яна ҳимоя. Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети тадқиқотчиси Эргаш Боборажабов “Ўзбекистонда спорт сайтлари: пайдо бўлиши, фаолият юритиши ва ривожланиш тенденциялари” мавзусида филология фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) диссертациясини ҳимоя қилмоқда. Ўзбекистонда спорт журналистикаси мавзусидаги биринчи иш. Тарихга муҳрланган лаҳзалар. Одатда, журналистика илми ҳақида сўз кетса, соҳа олимлари орасида филология фанлари доктори, профессор Файзулла Мўминов номи алоҳида тилга олинади. Ўзбекистонда спорт журналистикаси соҳасидаги биринчи илмий ишга домла раҳбарлик қилган. Мўминов томонидан ўрганиш учун тақдим этилаётган мавзуларнинг аксарият қисми янги, замонавий ва долзарб.
Миллий ва хорижий журналистиканинг энг долзарб масалалари кун тартибига қўйилар экан, жаҳон олимлари томонидан яратилаётган энг сўнгги ўқув адабиётлари, дарслик, қўлланма ва луғат каби ресурсларни домланинг шахсий кутубхонасидан топиш мумкин. Бу жой илмга ҳавасманд ҳар қандай тадқиқотчи бир марта кирдими, ўрганилаётган мавзусига дахлдор ўқув адабиётига кўзи тушади ва қайтариш шарти билан уни қўлга киритади. Магистратурада таҳсил олаётган қизим: “Мўминовнинг уйларига бордик, одам шунчалик ҳам китобга, илмга меҳр қўядими, ҳамма ёқ китоб, луғат, диссертация, автореферат, манба, тугалланмаган ишлар…” дея ҳайрат билан қайтди. Бу ҳайрат 20-25 йиллар илгари менда ҳам бўлган эди.
Устознинг қўлларида бакалаврда, магистратурада таҳсил олдик. 1995 йил ЎзМУ журналистика факультетида профессор Мўминов ташаббуси ва бошчилигида халқаро журналистика бўлими очилди. Дастлаб, пойтахтнинг турли олий ўқув юртларидан тил биладиган, соҳани тушунадиган ёшлар йиғилган бўлса, 1996 йил 15 нафар талаба ўқишга қабул қилинди. Устозни шу йили таниганман. Энг қаттиққўл домла сифатида ҳар шанба “Жаҳон журналистикаси асослари” фанини кутардик ва жим туриб маърузаларни тинглардик. Дарслар жуда қизиқарли ва фактларга бой бўларди. Мўминовнинг дарси пайтида 3-қаватдаги маъруза залида пашша учгани билинмасди. Устознинг “Журналистика ижтимоий институт сифатида” деб номланган китобини ўқисам, ўша даврдаги дарслар кўз олдимдан ўтаверарди. У пайтда бу китоб ҳали ёзилмаган, ҳар бир мавзу бўйича домла дарсда янгидан-янги маълумотлар, қизиқарли фактлар, журналистика соҳасининг бугуни ва келажаги хусусидаги илмий фаразлар билан кирарди. Бугун ўйлаб қарасам, ўша йиллардаги дарслар мени илмга етаклаган экан. Халқаро журналистиканинг алоҳида таълим йўналиши сифатида ўқитилиши Файзулла Мўминов номи билан бевосита боғлиқ. Бугун устоздан сабоқ олган ўнлаб ёшлар соҳанинг турли қатламларида фаолият олиб боришмоқда.
Файзулла Мўминов 1950 йилда Бухоро шаҳрида туғилган. Домла эртакнамо шаҳарнинг қоқ маркази, айниқса, ота ҳовлиси жойлашган Лабиҳовуз ҳақида ҳаяжон билан гапиради. Аммо инсоннинг қалбида туғилиб ўсган жой учун нимадир қилишим керак, деган ўй ҳамиша бўлади. Файзулла Мўминов билан бўлиб ўтган суҳбатларда бу ҳақда кўп гапирардилар. Журналистика илмига, журналист кадрлар тайёрлашга умрини бағишлаган олим Бухоро давлат университетида сабоқ бера бошлади. Бир йил ўтгач, журналистика ва ахборот хизмати соҳасига талабалар қабули бошланди. Биринчи йил жуда оғир бўлди. Журналистикада ўқийдиган талабалар бошқа йўналишдагилардан фарқ қилиши тайин. Улар билан ишлаш, мулоқот қилиш, уларнинг саволларига жавоб бериш, эътироз ва шикоятларини қондириш осон бўлмаган. Соҳа олимлари, профессор-ўқитувчилар пойтахтнинг ўзида тақчил бўлиб турган бир пайтда, вилоятда бу масалани ечиш мураккаб эди. Шу боис Файзулла Мўминов деярли барча фанлардан маърузаларни ўз зиммасига олди. Шогирди, филология фанлари доктори, профессор Башорат Жамилова уларга ёрдам берди. Пойтахтдан мени, филология фанлари номзоди О.Тошбоев, қорақалпоғистонлик олима, фан доктори Т.Машариповани дарсларга таклиф қилди. Бухородаги етакчи оммавий ахборот воситаларининг малакали ижодкорлари ва илм қилиш истагидаги истеъдодли ёшлар жалб этилди. Келгуси йил Бухоро давлат университетини илк журналистлар тугатади.
Кўплар Файзулла Мўминовни қорақалпоқ журналистика илмининг “маънавий ҳомийси” деб таърифлашади ва соҳа олимлари кўпайишига ҳисса қўшган олим сифатида тилга олишади. Чиндан ҳам шундай. Устоз бу диёрга тез-тез сафар қилади. Экологик жиҳатдан қийин аҳволда яшаётган эл сифатида уларни қўллаб-қувватлашни бурчи деб билади. Баъзан ҳафталаб қолиб кетади. Қорақалпоғистонлик талаба-ёшлар билан бўлган мулоқотлар ҳар доимгидек қизиқ ва мароқли. 2021 йилда Файзулла Мўминовнинг масъул муҳаррирлигида, асосан, қорақалпоғистонлик олимлар томонидан журналистика факультетлари талабалари учун “Журналистика ва оммавий коммуникация асослари” дарслиги нашр этилди. Бу китобнинг битта боби ёзилишига мениям таклиф этишди. Ф.Мўминовнинг саъй-ҳаракати билан ҚорДУ журналистика кафедраси мамлакатдаги илмий салоҳият энг юқори бўлган илмий масканга айланди. Бунда устознинг катта хизмати ва ҳиссаси катта бўлди.
Журналистика соҳаси бугунги кунда илмий нуқтаи назардан ўрганиш керак бўлган турли йўналишларда, хусусан, миллий публицистикамиз тарихи, журналистика назарияси ва амалиёти, ПР назарияси ва амалиёти, замонавий хорижий журналистика, аудиовизуал журналистика, интернет журналистикаси каби тармоқларда ривожланмоқда. Ўзбекистонда журналистика алоҳида соҳа сифатида ўқитилар экан, бунинг учун муайян ўқув адабиётларига эҳтиёж туғилади. Йиллар давомида қатор ўқув қўлланмалар яратилган бўлса-да, мамлакатда журналистика соҳасидаги биринчи дарслик — “Жаҳон журналистикаси тарихи” Ф.Мўминов таҳрири остида муаллифлар ҳамкорлигида тайёрланди ва ҳозиргача талабалар томонидан асосий манба сифатида фойдаланилади.
Бугунги кунгача профессор Файзулла Мўминовнинг 30 дан ортиқ шогирди фан доктори, фан номзоди илмий даражасини олди. Домла билан бўлиб ўтган суҳбатларда: “Мен фақат битта курсга курс мураббийси – куратори бўлганман, 40 дан ортиқ талаба ўқирди, уларнинг орасидан Наргис Қосимова, Саида Юлдашбекова, Башорат Жамилова, Насиба Абдуллаева, Зебо Аҳророва кабилар илмий иш қилишди”, дея севиниб гапиради.
Олимнинг олим бўлиши оиласига, турмуш ўртоғига ҳам боғлиқ, албатта. Йиллар давомида бирга яшаш асносида одам бир-бирини ўрганади. Файзулла Мўминов Фотима опа билан журналистика факультетида танишди, оила қуришди, 3 ўғил, 1 қизли бўлишди. Домла билан суҳбатлар жараёнида: “4 фарзандни дунёга келтирган, уларни улғайтирган, менга оталик бахтини берган аёлимдан бир умр миннатдорман”, дея тез-тез такрорларди. Илм йўлида улар доим баҳсда эдилар. Тўғри, баъзан бу баҳслар кескин тус олар, аммо бунда бир ҳикмат бор экан. Турмуш ўртоғига ҳавас билан раҳматли Фотима Мўминова фан номзоди, фан доктори, доцент, профессор бўлдилар. Қатор китоблар ёзилди. Икки олимнинг китоблари бугун ҳам фойдали, керакли ва қўлма-қўл ўқиляпти. Журналистикада Мўминовлар сулоласининг ишини қизи Шаҳноза Мўминова ҳам давом эттиряпти. Журналистика амалиётида жуда фаол. Шу билан бир қаторда журналист-талабаларга ҳам сабоқ беради.
Файзулла Мўминов ЎзМУ журналистика факультетида катта лаборант, ўқув газетаси муҳаррири, ўқитувчи, катта ўқитувчи, доцент, катта илмий ходим, профессор, кафедра мудири, факультет декани, кейинчалик ЎзДЖТУ, ЎзЖОКУда масъул лавозимларда ишлади. 1995-1999 йилларда Ўзбекистон Республикаси Президенти девонида масъул ходим сифатида фаолият олиб борди. 2018 йилда Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ташкил этилгач, илмий ишлар бўйича проректор лавозими домлага топширилди. Университетнинг тамал тошини қўйишда устознинг алоҳида ўрни бор. Ҳозирда домла Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ҳузуридаги илмий даражалар берувчи Илмий кенгаш раиси сифатида ҳимояларда ўзининг дадил, жўяли ва кутилмаган фикрлари билан ҳар доимгидек фаол. Тўғрисини айтиш керак, олим халқининг энг катта бойлиги — уларнинг талабалари, ёзилган китоблари, соҳа ривожи йўлидаги илмий изланишлари. Устоз умрини илмга бағишлади. Қаерда ишламасин, таълимни, илмни тарк этмади. Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ташаббуси билан ёзилган 10 жилдлик илмий-оммабоп нашрнинг I ва X жилдлари, “Жаҳон журналистикаси тарихи”, “Журналистика ижтимоий институт сифатида”, “Журналистика социологияси” каби ўнлаб асарларга қўл урди. Бугун ҳам кейинги 5-10 йилликка мўлжалланган қўлёзмалар иш столида турибди.
Ҳозирда профессор-ўқитувчилар зиммасида оғир ва айни пайтда масъулиятли соғлом ва баркамол авлодни тарбиялаш вазифаси турибди. Олий таълим соҳасига замонавий ахборот ва педагогик технологияларни кенг жорий этиш, дарс жараёнида интерактив усуллардан оқилона фойдаланиш, турли манбалардан олинган маълумотларни, таъбир жоиз бўлса, билимларни илмий нуқтаи назардан таҳлил қилиб, ёшлар онгига сингдириш, ахборот хуружи авж олаётган бугунги кунда ахборотнинг ҳақиқат ёки бўҳтон эканлигини фарқлай билиш каби жиҳатларда уларнинг вазифаси нақадар юқори эканлигини ҳис қиламиз. Таъбир жоиз бўлса, Файзулла Мўминов журналистика соҳасида ўз илмий мактабини ярата олди. Шу мактабдан сув ичган Юсуф Ҳамдамов, Наргис Қосимова, Тамара Машарипова, Салим Дониёров, Олимжон Ўсаров, Тўлқин Эшбек, Перхан Алламбергенова, Юлдуз Артикова, Юлдуз Зоҳидова, Алишер Матякубов, Қумар Бегниязова, Азиза Халилова, Санобар Жуманова каби ўнлаб олимлар жамиятнинг турли соҳаларида фаолият юритишмоқда. Ҳали бу илмий мактабдан яна ўнлаб олим ва олималар етишиб чиқишига ишончимиз комил!
Амрулло КАРИМОВ,
ЎзДЖТУ халқаро журналистика факультети декани,
филология фанлари доктори.