АҚШ давлат котибига хат

2020 йил. Фарғона вилояти ҳокимлиги ахборот хизматида ишлар эдим. Вазифам нуқтаи назаридан барча оммавий ахборот воситаларини кузатиб бораман. Шунда “Озодлик” радиоси шов-шувли ахборот тарқатди. Унда “Озодлик” журналисти шаҳар ички ишлар бўлимида бир маҳбус уриб ўлдирилган, деди. Мана ўша хабар.

 “Озодлик” радиоси: “Қувасой ички ишлар бўлимида калтаклангани иддао қилинган маҳбус касалхонада ўлди.

Фарғона вилоят, Қувасой шаҳар, Азизов кўчасида яшаган 25 яшар Мирзоҳид Йўлдошев 6 май куни Республика Шошилинч тиббий ёрдам илмий Маркази Фарғона вилоят филиалида оламдан ўтди.

Бу ҳақда “Озодлик”ка 11 май куни хабар қилган яқинлари иддаосига кўра, марҳум Йўлдошев “4 май куни Қувасой шаҳар ИИБ биносида калтакланганида умуртқа ва думғаза суяги сингани ортидан касалхонада оламдан ўтган”.

Маҳбус оламдан ўтган Фарғона вилоят касалхонаси врачи Йўлдошевнинг ўлимини “Озодлик”ка тасдиқлади, аммо ўлим сабабларини тиббиёт сири дея айтмади.

Ўзини “Қувасой шаҳар ИИБ жиноят қидирув бўлими терговчиси” деб “Озодлик”ка таништирган шахс 4 май куни шаҳарда содир бўлган ўғирлик жинояти юзасидан олиб борилган суриштирув доирасида Мирзоҳид Йўлдошев ИИБга олиб келиниб, гувоҳ сифатида сўроқ қилинганини тасдиқлади. Терговчининг “Озодлик”ка айтишича, “маҳбус мавжуд қоидалар асосида сўроқ қилинган ва унга нисбатан жисмоний тазйиқ қўлланилмаган”.

Мақола ёзилаётган пайтда бу воқеа юзасидан ички хизмат текшируви бошлангани маълум бўлди.

Терговчига кўра, Йўлдошев 24 соатдан озроқ қамоқда сақланиб, 5 май куни уйига жавоб берилган.

Мулозимдан олинган маълумот.

Қувасой шаҳар ИИБнинг воқеадан хабардор зобити ишдан ҳайдалишидан қўрққани учун исмини айтмай “Озодлик”ка маълумот беришга рози бўлди.

Унинг айтишича, 4 май куни Қувасой шаҳар ИИБ бошлиғи Элёр Ғаниевнинг буйруғига кўра, ўғирликда гумонланган Қувасой турғуни Мирзоҳид Йўлдошев ИИБ биносига олиб келинган:

“ИИБ жиноят қидирув бўлими ходимлари уни бир кун қамоқда ушлаб қийнашди. Оёқларига ва қорнига тепишди. Сўнг ИИБ ходимлари Йўлдошевни кўтариб цемент полга ташлашган. Оқибатда Йўлдошевнинг орқа умуртқаси ва тос қисми синган. Бу ташхисни 5 майга ўтар кечаси ИИБга чақирилган скорий докторлари қўйди. Эртаси 5 май куни ИИБ ходимлари майиб бўлган Йўлдошевни уйига олиб бориб ташлаб келишди. Қувасой ИИБ жиноят қидирув бўлими бошлиғи Акмал Қўчқоров ва ИИБ бош­лиғи Элёр Ғаниев докторларга босим қилиб ташхисни йиртиб ташлашни сўрашди. Докторларнинг ИИБга киргани видеокамерада акс этган. Шу боис улар Йўлдошевни кўнгли беҳузур бўлиб тоби қочган дея ёзиб беришди. Бу ИИБдаги мавжуд қоидаларга зид”.

Вилоят прокуратурасига ариза берилган.

Мирзоҳид Йўлдошев яқинларининг “Озодлик”ка айтишича, улар 5 май куни Йўлдошевни касалхонага ётқизишган ва ўша куннинг ўзида Фарғона вилоят прокурори Улуғбек Қосимов номига ариза ёзиб топширишган. Яқинларининг айтишича, аризада Йўлдошевга нисбатан қийноқ қўллаган ИИБ ходимлари жазоланиши талаб қилинган.

Фарғона вилоят прокуратурасининг ўзини таништирмаган ходимига кўра, “ариза атрофлича текширилмоқда”.

Йўлдошев яқинлари эса, ариза берилганидан бери беш кун ўтса ҳам ҳеч кимга чора кўрилмагани ва қийноқ қўллаган ИИБ ходимлари бемалол ишга келиб-кетиб юрганини айтишди.

Қувасой шаҳар ИИБнинг воқеадан хабардор зобити иддаосига кўра, ИИБ бошлиғи Элёр Ғаниев вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниевнинг жияни, яъни акаси Улуғбек Ғаниевнинг ўғли бўлгани учун ИИБ ички хавфсизлик тизими бу воқеани тафтиш қилишга шошмаяпти.

Мақола ёзилаётган пайтда Фарғона вилоят ИИБ ходими “Озодлик” мухбири билан боғланиб, “Юз берган нохуш ҳодиса юзасидан вилоят ИИБ ички хавфсизлик бўлими ходими Муроджон Қундузов тарафидан хизмат текшируви” олиб борилаётганлигини маълум қилди. ИИБ ходимига кўра, “марҳумни Қувасой ИИБнинг Фурқат исмли тезкор ходими урганлиги ҳақида дастлабки тахмин бор”.

“Озодлик” 11 май куни Қувасой ИИБ бошлиғи Элёр Ғаниевнинг қўл телефонига қўнғироқ қилиб, маҳбус Йўлдошев қийноққа тутилгани борасида савол берди. Саволни тинглаган Ғаниев: “Бирпас туриб телефон қилинг, жавоб бераман”, деди. Кейинги сафар телефонни Ғаниевнинг ҳайдовчиси олиб: “Бошлиқ мажлисга кириб кетди, ҳали-бери чиқмайди”, дея жавоб берди.

Қувасой шаҳар ИИБ бошлиғининг тарбиявий ишлар бўйича ўринбосари Нодир Одилов ҳам “Озодлик” саволини изоҳсиз қолдирди”.

Шубҳа йўқки, “Озодлик”дан бу хабарни эшитган одам борки, Ички ишлар ходимларига нисбатан нафрати пайдо бўлиши аниқ эди. Мен дарҳол воқеа жойи – Қувасой шаҳар ички ишлар бўлимига бордим. Ҳаммаёқ тинчлик эди. Сўраб суриштирдим, бошлиқ Элёр Ғаниев бундай воқеа рўй бермаганини айтди. Лекин шубҳам ёзилмади. Шундай бўлса, Мирзоҳид Йўлдошевни кўрмоқчилигимни айтдим. Менга йўл кўрсатишди. Азизов номли кўчадаги унинг уйи олдида ўн-ўн беш чоғли одам кулишиб турарди. Улар мени танишди (узоқ йиллар Республика телевидениесининг “Ахборот” дастурида мухбир бўлиб ишлаганим учун бўлса керак). Саломлашдик.

— Сиз ҳам фотиҳага келдингизми? — деди уларнинг бири қаҳ-қаҳ отиб кулиб. Кейин изоҳ берди. — Мирзоҳид ўлибди деб эшитиб, қишлоғимиздаги таниш-билишлари келсак, мана у, қўчқордек дикиллаб турибди.

Яна дув этиб кулги кўтарилди.

— Сизмисиз Мирзоҳид Йўлдошев? — сўрадим баланд бўйли, келбати келишган, оқ-сариқдан келган йигитдан. Негадир у тиржайгани-тиржайган эди.

— Нима дерди, кўр тутганини, кар эшитганини қўймайди, деган мақол бормиди? — деди у ишшайиб. — Ёшликда бир ўғирлик билан қўлга тушгандик, ака, қишлоғимизда от йўқолиб қолган экан, мени ҳам гумонлаб мелиса чақирганди. Сўради, хабарим йўқ дедим, қўйиб юборишди. Кейин эшитсам, Америкадан гапирганмиш, мени мелиса уриб ўлдирди, деб.

Гур этиб кулги кўтарилди. Бу гал мен ҳам кулиб юбордим.

— Эй, ака, мени Америкада ҳам танишар экан!

Кулгига яна кулги қўшилди. Ўзи шунақа. Фарғоналикларга бир пайров бўлса бас,  тўхтата олмайсиз.

Мирзоҳид соғ-омон эди. Анчагина суҳбатлашдим. Ҳатто атайин милицияни зўравонликда айблаб кўрдим.

— Э, ака, урса урди дейман-да.

“Озодлик” радиоси навбатдаги туҳмат тошини отганига қатъий ишонч ҳосил қилгач, воқелик тўғрисида видеораддия тасвирга тушириб, ҳокимлик телеграм канали ва ижтимоий тармоқда уни эълон қилдим. Мана, унинг матни:

“М.Обидов: – Ассалому алайкум!

Бир куни Афанди қўшнисининг боғига ўғриликка тушибди. Уни тутиб олган қўшниси:

— Ўғрилик қилгани уялмайсизми? – деса, афанди:

— Унда ўзинг нега хотинингга ковуш олиб бермайсан? – деган экан.

“Озодлик” радиосини ўша ўғрига ўхшатгим келди. Фақат у боғ эмас, одамлар ҳаловатининг ўғриси. Ёлғон, бўҳтон, туҳмат деган қурол билан қалбларга жароҳат етказувчи ўғри.

Бундай дейишга тўла асосим ва далилларим бор.

“Озодлик” куни кеча “Қувасой ИИБда калтак­лангани иддао қилинган маҳбус касалхонада ўлди” деган сарлавҳа билан ғоят ташвишли ахборот тарқатди.

Шунинг учун ҳам воқелик юзасидан дарҳол суриштирув ўтказдик. Вилоят ИИБ бошлиғи Дониёр Тошхўжаев билан ҳам учрашдик.

Дониёр Тошхўжаев: –“Озодлик”нинг бу хабари туҳматдан бошқа гап эмас. Қувасой ИИБда сўроқ қилинганларнинг ҳеч бири калтак­ланмаган, қолаверса, ўлмаган. Бу ҳақида ҳеч қанақа хизмат текшируви ўтказилаётгани йўқ.

М.Обидов: — Дониёр Тошхўжаев сўзларини тинглаб бир оз таскин топган бўлсак-да, дарҳол қувасойлик Мирзоҳиджон Йўлдошевни қидириб топдик. У тўрт мучаси соғ-саломат, норғулдек йигит экан.

Мирзоҳиджон Йўлдошев: — Бу қанақаси ўзи? Мени ўлди деб уйимга фотиҳага келаётганлар тўхтамаяпти.

Эй “Озодлик”! Мана, мен соғман. Белим ҳам, оёқларим ҳам соғ. Нега мени ўлдига чиқарасан? Мени ҳеч ким ургани ҳам йўқ, ўлганим ҳам йўқ.

М.Обидов: — Мана кўрдингиз ёлғоннинг умри қанчалар қисқалигини. Зоҳиджон Йўлдошев, образли қилиб айтганда, отдек эди. Соппа-соғ эди. Ўлмаган эди!

Менимча, бу ёлғонга ҳеч қандай шарҳ керак эмас. Шундай бўлса-да, “Озодлик”нинг ушбу мақоласи юзасидан айрим мулоҳазаларимни айтай.

Биринчидан, “Озодлик”даги журналистларнинг анчагина тиши тушибди. Ёлғон тўқиш, ёлғонга ишонтириш “тажрибаси”нинг сийқаси чиқиб кетибди. Бу кетишда уларнинг барчаси ишсиз қолиши тайин. Чунки эгаларига овчи, тишлаган жойини узиб оладиган… нима деймиз, ҳа ўша-да, керак. Ҳатто илгари бўри бўлганида ҳам тишсиз қолса, овга ярамайди-да. Мана қаранг мақоладаги ибораларга:

“Яқинларининг иддаосига кўра умуртқа ва думғаза суяги сингани ортидан касалхонада оламдан ўтган”.

“ИИБ ходимлари Йўлдошевни кўтариб цемент полга ташлашган”.

“Бу ташхисни скорий докторлари қўйган”.

“Элёр Ғаниев ҳоким Шуҳрат Ғаниевнинг жия­­ни, акаси Улуғбек Ғаниевнинг ўғли”.

Гумонлар, тахминлар, фаразлар ва туҳматлар саволлар туғдираверади.

— Хўш, Мирзоҳиджон Йўлдошев ўлди деб қайси яқини хабар берди?

— ИИБда умуман ости цемент бўлган хона бор эканми?

— Қайси доктор умуртқаси, тос суяги синган деб ташхис қўйган экан?

Жавоб йўқ. Манба йўқ. Чунки бу туҳмат ва ёлғон.

Энди Ғаниевга келсак. Ҳа, Қувасой шаҳар ИИБ бошлиғи Шуҳрат Ғаниевнинг акаси Улуғбек Ғаниевнинг ўғли. Агар “Озодлик” холис бўлганида суриштирарди ва ҳақиқатни аниқларди. Шуҳрат Ғаниевнинг акаси — ҳозирда истеъфодаги полковник Улуғбек Ғаниев ҳарбий хизматдан сўнг милиция таркибига ишга кирганида укаси Шуҳрат Ғаниев ҳали мактаб ўқувчиси эди. Улуғбек Ғаниевнинг ўғли ота изидан бориб ўқиб, сўнг милицияга ишга кирганида, ке­йинчалик лавозим эгаллаганида Шуҳрат Ғаниев бугунги иқтидорда, лавозимда эмасди.

Сезиб турибман, сиз ҳам “Озодлик”ни ёлғонлари учун, одамлар қалбига берган озори учун қоралаяпсиз. Лекин начора, айтадилар-ку, заҳар солмоқ эмиш касби илоннинг, деб.

“Озодлик”нинг ёлғонлари ИИБ тизими ёки ҳоким Ғаниевга эмас, балки тобора мус­таҳкамланиб бораётган ўзбек давлатчилиги, халқ бирдамлиги ва мамлакатда қарор топаётган адолат тамойилларига қарши йўналтирилгандир.

Одатда, ўлганлар тирилмайди. Аммо Мирзоҳиджон Йўлдошев у дунёдан қайтиб келгани йўқ. Хўш, бунга нима дейсиз, “Озодлик”чилар?

Агар вужудингизда заррача бўлса-да имондан қолган бўлса, ушбу раддияни сайтингизга қўйинг ва сизнингча “марҳум”, аслида, тирик Мирзоҳиджонга жавоб беринг!”

Раддия юз минглаб марта кўрилди ва ўқилди. Одамлар “Озодлик” радиосига ишонч йўқолганини ёздилар.

Аслида, “Озодлик” Фарғона вилоятидаги ижтимоий ҳаёт ҳақида биринчи бор ёлғон ахборот тарқатаётгани йўқ эди. Илгарилари ҳам гоҳ ёлғон, гоҳ ярим ёлғон хабарлар чиқиб турарди. Шунинг учун менга бир фикр келди. Нега энди АҚШ Давлат департаменти молиялаштирадиган “Озодлик” радиоси бу қадар нохолис? Наҳотки унинг эгалари шуни хоҳлашса, шундай йўриқ берса? Ахир АҚШдан Ўзбекистонга бот-бот келаётган нуфузли делегациялар бунинг аксини айтмоқда-ку. Демак, Департаментда “Озодлик” ўйинларини билишмайди. Шундай хулосага келгач, АҚШ Давлат департаменти раҳбари – Давлат котиби Майк Помпеога хат ёзишга қарор қилдим. Уни тайёрлагач, “Озодлик”нинг Фарғонага оид бир неча туҳмат материалларини илова қилиб, барчасини инглиз тилига таржима қилдирдим. Хат вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев номидан эди.

— Сиз ҳушингиздамисиз, Майк Помпеога хат? Йўқ, бундай хатга имзо чекмайман. У дунёдаги энг қудратли мамлакатлардан бирининг ташқи ишлар бўйича раҳбари. Мен эса вилоят ҳокимиман. Унга хат ёзиш ваколатим доирасидаги одам эмасман!

Ҳоким масалага қатъий нуқта қўйганди. Мен ноилож “хўп”, дедим. Аммо аҳдимдан қайтмадим. Хонамга кириб, хатнинг имзо қисмини ўзгартирдим ва дарҳол интернет орқали АҚШ Давлат департаментига, ўша вақтда Департаментнинг раҳбари бўлган  Майк Помпеога юбордим. Ўша хатнинг ўзбекчадаги нусхаси қуйидагича эди:

АҚШ Давлат

Департаменти, жаноб

Майк Помпеога

Нусхаси “Озодлик” радиоси ўзбек хизмати раҳбариятига

Ўзбекистон – АҚШ муносабатлари икки давлат президентлари саъй-ҳаракатлари билан мус­таҳкамланиб бораётгани қувончли ҳол. Аммо АҚШ Давлат департаменти молиялаштирадиган “Озодлик” радиосининг ўзбек шўъбаси журналистлари далиллар билан исботланмаган, ёлғон, ҳақиқатдан йироқ ахборот тарқатиб, Ўзбекистон давлатчилигига хуруж қилишдан тўхтамаётир.

Буни Фарғона вилояти мисолида ҳам кўриш мумкин. Масалан, 2019 йил 15 октябрда “Озодлик” радиоси ўзбек шўъбаси “Азот” заводи ишчи-хизматчилари мажбурий меҳнатга жалб қилиниб пахта теримига олиб чиқилмоқда, дея ахборот тарқатди. Фарғона вилоят ҳокимлиги Ахборот хизмати дарҳол бу хабарни ўрганиб чиқди ва у ёлғон экани исботланди. “Азот” заводи касаба уюшмалари аъзолари, жамоатчилик вакиллари маҳаллий телевидение ва интернет сайтлари орқали “Озодлик” радиосининг бу хатти-ҳаракатини қоралаб чиқдилар ва раддия талаб қилдилар. “Озодлик” журналистлари эса оммавий ахборот воситалари тўғрисидаги халқаро конвенция тамойилларига риоя этмадилар ва “Азот” корхонаси касаба уюшмасининг талабига асосан ёлғон ахборот тарқатганлиги учун узр сўрамади.

Шундай ҳол 2020 йил 11 май куни яна рўй берди. “Озодлик” радиосининг ўзбек шўъбаси шу куни “Қувасой ички ишлар бўлимида калтак­лангани иддао қилинган маҳбус касалхонада ўлди” номли мақола эълон қилди (илова №1).

Мақола юзасидан ўтказилган суриштирув шуни кўрсатмоқдаки, у тўлиғича ёлғон, туҳмат ва ҳақиқатга мутлақо мос келмайдиган провокация эди. Фарғона вилоят ҳокимлиги Ахборот хизмати зудлик билан бу ҳақида ижтимоий тармоқларда муносабат билдирди (илова №2) ва “Озодлик” радиоси ўзбек шўъбасидан раддия талаб қилди.  “Озодлик” журналистлари жуда катта хатога йўл қўйганларини билишгач, дарҳол бу мақолани ўз сайтларидан олиб қўйдилар. Аммо ҳалигача раддия бермаяптилар, улар маънавий зарар етказган шахслардан узр сўрамай келишмоқда.

Ҳурматли Майк Помпео жаноблари!

Сиз ҳар бир чиқишингизда АҚШ демократик тамойиллар устувор бўлган давлат, дейсиз. Шундай экан, АҚШ Давлат департаменти мо­лиялаштирадиган “Озодлик” радиоси ўзбек шўъбаси ходимларининг хатти-ҳаракатлари ўрганиб чиқилади ва муносиб ҳуқуқий баҳо берилади деб ишонамиз.

Муҳаммаджон Обидов,

Фарғона вилояти ҳокимлиги

Ахборот хизмати раҳбари.

13.05.2020 й.

Орадан бироз муддат ўтгач, билмадим, АҚШ Давлат котиби Майк Помпеога йўлланган хат туфайлими ёки бошқа сабаблими, “Озодлик” радиосининг ўзбек шўъбаси раҳбари ўзгарди. Бир журналисти маълум вақт эфирдан четлатилганини ҳам кузатдик.

Хўш, орадан тўрт йил ўтиб нега ҳозир бу воқеликни эсга олдик? Менимча, ахборот хизмати вакиллари бугунги кунда гўё “адвокат” бўлиб қолаётганга ўхшайди.

Ҳолбуки, вазифа улар ўйлаганидан кенгроқ, аввало, мамлакатдаги  сўз эркинлиги, очиқлик, ошкоралик, миллий манфаатларга хизмат қилиш­ликдир ҳам. Ўзлари вакил бўлган идоранинг “обрўси”ни ҳимоя қилиш билангина чегараланиб қолиш умуммиллий қадриятларга путур етказмаяптими, деган саволлар туғилади.

Нима бўлганда ҳам холислик ва адолат — ҳар бир журналистнинг, шу жумладан, матбуот хизмати вакилларининг ҳам виждоний ишига айланмоғи шарт.

Сиз нима дейсиз, ҳамкасб?

Муҳаммаджон ОБИДОВ,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

1 × 3 =