Бағрикенглик ва меҳр-оқибат маскани

11 февраль — Ўзбекистон радиосининг мунтазам эшиттиришлари бошланган кун

Биз ҳар куни эшитиб, қулоғимиз ўрганиб қолган радио ўз даврининг буюк каш­фиёти ҳисобланиб, ўзининг 129 йиллик тарихида кўплаб воқеаларнинг гувоҳи бўлган. Ўзбекистонда мунтазам радиоэшиттиришлар 1927 йил 11 февралдан бошланган. Ўзининг тезкорлиги, жарангдор овози асносида беназир, қолаверса, ҳозирги бозор иқтисодиёти даврида арзон ахборот воситаси ҳисобланган радиони ҳозир ҳам кўпчилик тинглайди. Ўзбекистон радиоси 97 йил давомида фаолият юритиб келаётган бўлса, унинг ҳар бир куни ўчмас саҳифалар ва хотираларга бой, десак ҳеч бир муболаға бўлмайди. Қуйидаги мақоламизда радио билан боғлиқ баъзи ҳаётий лавҳаларни ёритишга ҳаракат қилдик.

Минг тўққиз юз етмиш саккизинчи йилнинг ёз фасли. Тошкент давлат университети (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети) журналистика факультетининг учинчи курсини тугатгач, ишлаб чиқариш амалиётини Ўзбекистон радиосининг “Болалар ва ўсмирлар учун эшиттиришлар” бош муҳарририятида ўтайдиган бўлдим. Ўшанда муҳарририятнинг бош муҳаррири ёзувчи, публицист ва олим Мели Норматов эди. Бу муҳарририят бошқа муҳарририятлар орасида ўзига хос мавқега эга бўлиб, жамоа жуда аҳил, иноқ экан. Бунда Азиз Ёқубов, Тўлқин Илҳомов, Олим Маҳкамов, Ҳафиза Ҳайитметова, Муҳаммаджон Раҳмон каби бир-бирига меҳрибон, болажон ижодкорлар ишлашар эди. Амалиёт давридаги қисқа вақт ичида уларнинг ҳар бири ўз овозига эга ижодкор, ўз касбининг фидойилари, қўлидан келганча яхшилик қилиб, савобни соғиниб яшайдиган инсонлар эканлигини билиб олдим. Доимо юзидан табассум балқиб турадиган овоз режиссёри Туҳфа опанинг эшиттиришга келган болаларни суйиб, эркалаб, эъзозлашларини айтмайсизми! Ижодкор жамоа билан бирпасда тил топишиб, апоқ-чапоқ бўлиб кетдик. Мен ёшлигимдан болалар учун шеър, кичик ҳикоялар ёзишни ёқтирар эдим. Бу менга жуда қўл келди ва болалар учун тайёрлаган эшиттиришларим муҳаррирларга маъқул бўлди, шекилли, улар кетма-кет эфирга берила бошлади. Ҳатто бир марта эшиттириш тайёрлаш учун Жиззах вилоятига сафарга ҳам юборишди. Ўшанда Жиззах туманидаги илғор хўжаликнинг раҳбари, икки марта Меҳнат Қаҳрамони Ҳамроқул Носиров билан суҳбатлашиш шарафига муяссар бўлганман.

Ёш, қизиқувчан эмасманми, муҳарририят топшириқ билан қаёққа юборса, ўша жойдан эшиттириш тайёрлаб келар, эшиттириш ҳеч бир қийинчиликсиз эфирга узатиларди. Мели аканинг оғир, вазминлик асносида тажрибаларини ўртоқлашишлари, куюнчак, ҳаммага бирдек меҳрибон Азиз аканинг чин дилдан берган маслаҳатлари, Муҳаммаджон аканинг доно ўгитлари, Ҳафиза опанинг меҳрибонликлари, эшиттиришга келган болажонларни ўз болаларидек кўриб, куйиб-пишиб, суйиб ёрдам беришлари ҳали-ҳали ёдимда. Бу ажойиб ижодкорлардан бир ой ичида кўп нарсаларни ўргандим. Радионинг ўзига хос, ажойиб хислатлари, бағрикенг, ижодкор инсонлар меҳрини илк бор шу даргоҳ, шу муҳитда ҳис этганман.

Ёзги амалиёт кўнгилдагидек ўтди ва шу-шу радиога боғланиб қолдим ва радио эшиттириш­ларига доимо қатнашиб турадиган бўлдим. Тайёрлаган эшиттиришларим нафақат “Болалар ва ўсмирлар бош муҳарририяти”, яна бошқа муҳарририятлар орқали ҳам эфирга берила бошлади. Деярли ҳар ҳафтада радиохабар, радиолавҳа, радиоочеркларим “Ўзбекистон” ва ўша пайтдаги “Машъал” (ҳозирги “Маҳалла”) радиоканалларининг “Ахборот” информацион дастури, “Қишлоқ ҳаёти” эшиттиришларида бериб бориларди. 1984 йил ташкил этилиб, ҳозиргача фаолият юритаётган, тингловчиларнинг севимли эшиттиришига айланган “Оқшом тўлқинларида” ахборот-мусиқий дастурида, шу йилларда ташкил этилиб, анча “шов-шув”ларга сабаб­­чи бўлган “Қармоқ” сатирик радиожурналида ҳам мунтазам қатнашиб турганман. Радиода ишлайдиган хоҳ оддий ходим, муҳаррир ёки раҳбар бўлсин, уларнинг табиий ва самимийлиги, бундаги ижодий муҳит мени доимо ўзига тортар, шунинг учун бу даргоҳ мен учун қадрдон бўлиб қолган эди. Бу ерда моҳир радиожурналистлар, ўз соҳасини яхши биладиган ижодкор инсонлар билан танишдим, уларни устоз, деб этакларидан тутдим ва билмаганларимни ўргандим.

2000 йилнинг кузидан “Ўзбекистон” радиоканалининг “Ижтимоий-сиёсий эшиттиришлар” бош муҳарририятида ўриндошлик асосида ишга кирдим, бу энди мени қадрдон радио билан ижодий алоқаларимни янада мус­таҳкамлади. Бошланишида журналист Алишер Назар билан “Газеталар шарҳи”ни олиб бордик. 10 дақиқалик бу эшиттиришда республика газеталарининг янги сонларини қисқача шарҳлар эдик. Бир муддат ўтиб, энди газеталарни ўзимиз навбатма-навбат мустақил шарҳлашга ўтдик. Эшиттириш эфирга жонли узатилар, табиийки, бу анча масъулиятни талаб қилар эди. Шу орада менга шу муҳарририятдан — “Талқин” номли янги эшиттиришни тайёрлаш топширилди. 15 дақиқалик муаллифлик эшиттиришининг асосий мавзуси миллий ғоя ва миллий мафкура тарғиботи эди. Эшиттириш ҳафтасига бир марта эфирга узатилар, жиддий эшиттириш бўлгани боис, муҳарририятга, асосан, таниқли тарихчи, файласуф олимларни таклиф этиб, улар билан мавзу юзасидан қизиқарли суҳбатлар уюштирардим. Бошланишида бирмунча қийинчиликлар ҳам бўлди, аммо аста-секинлик билан ҳаммаси изга тушиб кетди. Бу муҳарририятда Барно Ражабов, Исоқжон Ғозиев, Маҳкам Рисқиев, Абдуҳамид Ҳабибуллаев, Саидмурод Тиллахўжаев, Муяссар Саидхонова, З.Тошхўжаева, Мухтор Муродов каби тажрибали радиожурналистлар бир тан, бир жон бўлиб ишлар эди. Кейинчалик Б.Ражабов “Ўзбекистон” радиоканали эшиттиришларининг бош директори лавозимига ишга ўтди.

Одатда, ҳар бир эшиттиришнинг мазмуни, ўрни, ҳозирги тил билан айтганда, рейтингини белгилайдиган омил — унга билдириладиган муносабатлар, жамоатчилик фикри бўлади. “Газеталар шарҳи”, “Талқин” эшиттириши ҳақида муҳарририятга тингловчилардан хатлар келар, телефон қўнғироқлари бўлиб турарди. Уларда билдирилган фикр-мулоҳазалардан келиб чиққан ҳолда, кейинги эшиттиришларнинг янада мазмунли, таъсирчан бўлишига ҳаракат қилар эдим. Кунлар кетидан кунлар ўтди, эшиттиришларим кетма-кет эфирга узатилаверди. Айтиш керакки, доимо устозлардан маслаҳатлар сўраб, уларнинг таж­рибасини ўрганиб, эшиттиришларга сингдириб боришга ҳаракат қилардим.

Шу ерда омма орасида телекўрсатув ва радиоэшиттиришларни кенг тарғиб қилган, том маънода, соҳа ходимлари, айниқса, ёш телерадиожурналистлар учун маҳорат мактаби вазифасини ўтаган “Садо” газетаси ҳақида ҳам тўхталиб ўтсак, мақсадга мувофиқ бўлади. Газета Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси муассислигидаги нашр бўлиб, ҳафтада бир марта чиқарди. Газетага Ўзбекистон радиосининг тарихи, радиоэшиттиришларнинг тараққиёт босқичлари, радио жанрлари, замонавий радиоэшиттириш ва телекўрсатувлар ҳақидаги мақолаларим билан мунтазам қатнашиб турдим. Газетада 30 га яқин илмий-оммабоп мақолаларим босилиб чиқди ва газета ўқувчиларининг бу мақолаларга илиқ фикрлари билдирилган мактублари келиб турди. “Садо” нафақат соҳа мутахассислари, шунингдек, кенг омма томонидан қўлма-қўл бўлиб ўқилар, унинг саҳифаларида босилган мақолалар ҳақида газета таҳририятига ўқувчиларнинг фикр-мулоҳазалари келиб турарди. Бу муносабат, таклифларни ҳисобга олиб, газетанинг кейинги сонлари учун янги-янги мавзулардаги қизиқарли мақолалар ёзишга ҳаракат қилардик. “Садо” газетаси ҳам ҳаётимда ўзига хос бир мактаб бўлган десам, ҳеч бир муболаға бўлмайди.

Ҳали кечагидек эсимда, 2005 йил эди. Мен фаолият юритаётган бош муҳарририят раҳбарияти ҳар йили Ўзбекистон Республикаси мустақиллиги байрами арафасида ўтказиладиган “Энг улуғ, энг азиз” республика кўрик-танловига биз ҳам эшиттиришларимиз билан қатнашишимиз лозимлиги ҳақида топшириқ берди. Мен “Талқин” муаллифлик эшиттиришимдан намуналар ва яна талаб этиладиган ҳужжатларни тайёрлаб, ҳайъат комиссиясига топширдим. Август ойининг охири эди, телефонда ўзини кўрик-танловнинг котиби деб таништирган йигит эртага Алишер Навоий кўчасидаги “Миллий матбуот маркази” биносида тадбир бўлиши, шунда мен ҳам қатнашишим кераклигини айтди. Айтилган вақтда етиб бордим. Анча-мунча одамлар йиғилган ғала-ғовур залдаги ўриндиқлардан бирига бориб ўтирдим. Кўп ўтмай, тадбир бошланди. “Энг улуғ, энг азиз” республика кўрик-танловининг раиси, Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Орипов давранинг тўрида ўтирган экан. Тақдирлаш маросими бошланди. Кўрик-танлов ғолибларининг исм-шарифлари эълон қилиниб, саҳнага таклиф қилинар, Абдулла ака эса уларни самимий қутлаб, диплом ва мукофотлар топширар эди.

Бир пайт микрофондан менинг фамилиям ўқилди, қулоқларимга ишонмадим. Бироз нафас ростлаб, саҳнага йўл олдим. Абдулла ака мени самимий қутлаб, қўлимга 1-даражали дип­лом ва мукофот топширди. Бу республика кўрик-танловининг энг яхши радиоэшиттириш­лар номинацияси бўйича биринчи ўринга муносиб кўрилган ғолиблик дипломи ва совғаси эди. Кейинги йил эса “Талқин” эшиттириши республика “Маънавият ва маърифат” марказининг энг яхши мукофоти билан тақдирланиб, “Маънавият фидойиси” фахрий ёрлиғи ва совға олишга сазовор бўлди.

2016 — 2017 йиллар давомида “Тоshkent” радиоканалида “Газеталар шарҳи” ва “Маҳорат мактаби” муаллифлик эшиттиришини олиб бордим. Газеталар шарҳи яна яхши эшиттиришлар сирасига кирди. “Маҳорат мактаби” эшиттириши лойиҳасини таниқли журналист Дилшод Бўриев билан маслаҳатлашган ҳолда амалга оширдик. Эшиттиришга талаба-ёшларни таклиф қилиб, уларга журналистика бўйича сабоқ берилар, тўғрироғи, университетда олган назарий билимларини амалиёт билан мустаҳкамлаб, мустақил радиоэшиттириш тайёрлашга ўргатар эдик. Эшиттиришнинг бир неча сони эфирга чиққач, пойтахт олий ўқув юртларининг журналистикага қизиқадиган кўплаб талабалари радиога кела бошлади. Ёш йигит-қизлар уриниб, анча-мунча қийналиб (ҳали тажриба етишмасди-да) эшиттириш тайёрлашар, эшиттириш эфирга кетгач, қувончдан кўзлари порлаб, бир-бирларини қутлашар, уларнинг юз-кўзларидаги шодликни кўриб, биз ҳам хурсанд бўлар эдик.

Радио нафақат менга ҳаёт мактаби бўлди, шунингдек, издошим, кенжа қизим — радиожурналист Дилшоданинг ҳам келажагини белгилаб берди. Дилшода дастлаб Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети халқаро журналистика факультетининг бакалавриатини “аъло” баҳоларга якунлади, кейин эса Ўзбекистон Миллий университетининг магистратурасини муваффақиятли тугатди. У ёшлигидан “Келажак тонги” (олдинги “Пионер эрталиги”) эшиттиришига қатнашар, олий ўқув юртини битиргунига қадар, радиоэшиттиришлар тайёрлаш борасида анча-мунча амалий кўникмага эга бўлган эди. Ўқишни битиргач, республика радиосининг “Ахборот” информацион эшиттиришлар бош муҳарририятига мухбир лавозимига ишга қабул қилинди. Ёш журналист ўзининг долзарб мавзулардаги мазмунли ва қизиқарли эшиттиришлари билан радио раҳбарияти ва тингловчилар эътиборига тушди. У эшиттириш диктори бўлиб ҳам ишлади ва меҳнатлари муносиб тақдирланиб, радиоэшиттиришлар номинацияси бўйича бир неча танловлар соҳиби бўлди. Дилшода Ҳамдамова ҳозирда Ўзбекистон радиоси эшиттиришлари бўйича илмий ишини якунлаб, фан доктори диссертация ҳимоясига чиқиш арафасида турибди.

Очиғи, ушбу сатрларни ортиқча уринмасдан, завқ билан қоғозга тушираяпман. Чунки, Ўзбекистон радиоси мен учун катта ҳаёт мактабини ўтаган, қолаверса, мен қизиққан соҳалардан бири эди. Вақтни тизгинлаб ёки тўхтатиб бўлмас экан, радио билан яқин ҳамкорлигимиз бошланганига ҳам қарийб эллик йил бўлибди. Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг журналистика факультети талабаларига радиоэшиттиришлар бўйича ҳам сабоқ бераман. Радио уйига ҳар борганимда, факультетимизда ўқиган собиқ талабаларим, шогирдларимни кўрсам, кўнглим тоғдек кўтарилади. Самимий алпозда ҳол-аҳвол сўрашади, ҳурматимизни жойига қўйишади. Меҳнатларимиз зое кетмаганлигидан хурсанд бўламан, уларнинг камоли, ижодий ютуқларини кўриб, эшитиб, бошим кўкка етади, ич-ичимдан фахр туяман.

Пойтахтимизнинг Хоразм кўчасида жойлашган Ўзбекистон радиоси уйи мен учун қадрдон даргоҳ бўлиб қолганига ҳам қарийб ярим аср бўлибди. Эҳҳе, орадан қанча сувлар оқиб ўтди. Кимлар келиб, кимлар кетмади. Бу даргоҳда қанча-қанча булоқлар кўз очди, улар йиғилиб-йиғилиб, шўх сойлар, шарқираб оқадиган дарёларга айланди. Бу дарёлар эса ҳар куни миллионлаб одамларни маънавият чашмасидан баҳраманд этиб, уларнинг қалбларига фақат яхшилик, эзгуликни сингдирган ҳолда, хонадонларига яхши кайфият, қувонч ва завқ-шавқ олиб кирмоқда.

Ҳар гал радио биноси жойлашган кўчадан ўтганимда, ҳаяжондан юрагим ҳаприқади, серзавқ, жўшқин, беташвиш ёшлик даврларим ёдга тушади. Беихтиёр ўша доимо одамлар билан гавжум, сершовқин, файзли даргоҳдаги оддий, камтарин, самимий инсонлар билан ёнма-ён ишлаганимни эслайман. Устозларнинг тиллога тенг ўгит ва фойдали маслаҳатлари ҳали-ҳамон қулоқларим остида жаранглаб туради. Менинг ҳаёт йўлимни танлаб олишимга сабаб бўлган, касбни эъзозлаш, унга садоқатли бўлишга ўргатган, устозу шогирдлик анъаналарининг бардавом бўлишига сабаб бўлган қадрдон масканга, қолаверса, касбини жону дилидан севган, борига шукур қилиб яшаб, ҳаёти мазмунини доимо яхшилик ва эзгуликдан иборат деб билган оқибатли, бағри кенг устозлар олдида доимо таъзимдаман.

Юсуф ҲАМДАМОВ,

Мирзо Улуғбек номидаги

Ўзбекистон Миллий университети

доценти, филология фанлари доктори.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

3 × 4 =