Ёнғоқ тагидаги тарғиботчи
Давлатимиз раҳбари ижодкор, журналистларни қўллаб-қувватлаш баробарида, мактабларда маънавий-маърифий ишларни йўлга қўйишга ёрдам бериш мақсадида “Ўзбекистоннинг янги тараққиёт даврида таълим-тарбия ва илм-фан соҳаларини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонни имзолаган эди. Фармонга мувофиқ ҳар бир умумтаълим муассасасида Ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчи лавозими жорий этилди. Ушбу вазифага Ёзувчилар ва Журналистлар уюшмаси томонидан тавсия этилган таниқли шоир, ёзувчи, журналист ва ижодкорлар, олий таълим муассасаларининг ижтимоий гуманитар кафедралари профессор ва ўқитувчилари жалб қилиниши керак эди, бироқ…
Ўз вилоятимиздан келиб чиқиб таҳлил қилсак, тарғиботчи лавозими “улоқ”қа айланиб улгурди. Ёзувчилар, Журналистлар уюшмаси вилоят бўлимлари томонидан тавсия этилган номзодлар мактабларга бориб, иш бошлаб кўришди. Бироқ мактаб директорлари томонидан турли хил баҳоналар, “ҳафтада 5 кун келасиз, сизни иш жойингиз бор экан” деган иддаолар билан вазифасидан бездирилиб ёки “ўз хоҳишлари”га кўра четлатилди. Норин тумани мактабларининг бирида тарғиботчи бўлиб ишга кирган ижодкор Қимматхон Мамажонова ишга боргандаги ҳолатни шеърга солиб, тарғиботчилар гуруҳига жойлади:
“Тарғиботчи сифатида директордан тўгарак учун жой сўрасам, ёнғоқнинг тагидаги ўриндиқни берди. Мени қидириб мактабга келганлар, манзил: ёнғоқнинг таги…
Улуғ шоҳ бир улуғ фармонлар қилди,
Тушунган, суюнган қадримиз билди.
Ким назарга илмай, кимлардир илди,
Ёнғоқнинг тагидан жой тегди мана.
Зулфиялар келинг, Усмонлар келинг,
Гулчеҳралар келинг, Дилбарлар келинг.
Жой тегмай қолмасин, югуринг, елинг,
Ёнғоқнинг тагидан жой тегди мана.
Ёнғоқнинг тагидан ўтганмисан деб,
Ёнғоқнинг устидан кулишганди хўб.
Ёнғоқнинг обрўси ҳаммасидан кўп,
Ёнғоқнинг тагидан жой тегди мана.
Аслида ёнғоқнинг остими, усти,
Шоирга фарқи йўқ бўлса кам-кўсти.
Энди мен бугундан ёнғоқнинг дўсти,
Ёнғоқнинг тагидан жой тегди мана.
Ҳа, айрим мактабларда тарғиботчилар вазифасини тўлақонли тушунмаган ёки тушунишни хоҳламаган директорлар шу лавозимдан ҳам “унумли” фойдаланиб қолишмоқчи ва буни уддасидан чиқишмоқда. Ижодкорлар меҳнатидан, ижодидан баҳра олишни хоҳламайдиган раҳбарлар ўз кадрларини “тиқиштириш” билан овора. “Дод”ини айтиб чарчаган ижодкорларнинг кўплари яна ўз “олам”ларига шўнғиб ҳам кетишди. Фармоннинг ижроси тўлақонли таъминланмаётганидан бевосита хабардор вилоят халқ таълими бошқармаси, туман, шаҳар халқ таълими бўлимлари ҳам бу ҳолатларга жимгина қўл силтаб қўяқолишган. Аслида мазкур тарғиботчиларга ёш авлодни маънан баркамол этиб тарбиялаш, мактаб ўқитувчилари ва фаол ўқувчиларининг ижодий ишларини кенг жамоатчиликка етказишга кўмаклашиш, турли хилдаги викториналар, мушоиралар, адабий кечалар, қизиқарли дарслар, китобхонлик ва шеърхонлик мусобақаларини ташкил этиш вазифалари юкланган. Бу юмушларни эса уларгина уддалай олишарди. Ўқувчиларимиз интернетга, телефонга муккасидан кетаётган “ўтиш” даврида ижодкорлар маънавий оламга етаклаши, янги истеъдодларни кашф этиши жуда муҳим масала эди фикримча. Айрим мактаб директорларининг “3 кун эртадан-то кечгача мактабда бўлсангизгина, ишланг” деган талаблари ноўрин менимча. Ижодкор вақт, масофа, макон танламайди, албатта. Бироқ мақсад маънавий муҳитни яхшилаш. Қўйиб беринг, ижодкорларни топсин, вақтини назорат қилманг. Ижодкор, биринчи навбатда – эркин инсон. Моддиятга қизиқмагани учун ҳам арзимаган маошига барака тилаб, сизга ўша лавозимни ташлаб кетяпти. Бундан манфаатдор раҳбарлар “ўзи кетиб қолди” дея, “таниш”ларини жойлаганидан хурсанд. Белгилаб қўйилганига қарамай, ижроси таъминланмаётган мазкур фармон ҳам оғриқли масалага айланди.
Фармон чиққан кезлари давлатимиз раҳбарининг эътиборидан боши осмонга етган ижодкорларнинг кўплари яна ўз “манзиллари”да қолишди. Тортишишни, мактаб раҳбарига эланишни эп билишмади. Балки, фармоннинг ижроси билан масъул ташкилот раҳбарлари шуғулланиб кўришар… Бу вазифада ким ишлаётгани, ҳукуматнинг миллионлаб маблағидан ким фойдаланаётганини назоратга олишар… Ҳарқалай лавозимга ўз эгалари ўтирса, мақсадга мувофиқ бўларди…
Саида Исмоилова,
журналист.