Муаммо мактабларда: газета ўқиш санъати ўргатилмайди ёки жамият матбуотдан юз ўгиряптими?

Катта устозларимизнинг айтишларича, илк бор телевидение ихтиро қилиниб, оммалаша бошлагач, “Радио ҳам, газета ҳам йўқ бўлиб кетади” қабилидаги гаплар жуда кенг тарқалган экан. Бироқ мана неча йилдирки, ҳатто медиа майдонига интернет ОАВ сифатида кириб келганидан кейин матбуот ҳам, радио ҳам сақланиб қолди. Бу ҳолат нафақат Ўзбекис­тон, балки бутун дунё, шу жумладан, ривожланган давлатларнинг ҳам бошидан ўтди. Аммо масаланинг оғриқли тарафи шундаки, босма нашрлар ўзининг аввалги муштарийларини тобора йўқотиб бормоқда.

Хўш, босма нашрлар бундай ҳолатга келиб қолишига сабаб нима? Уларнинг ўқувчиларини кўпайтириш ва жамиятга таҳлилий материаллар аҳамиятини тушунтириб, муаммони ҳал қилиш учун қандай чоралар зарур? Шу каби саволларга жавоб олиш мақсадида соҳанинг малакали мутахассислари ва ёшлар иштирокида давра суҳбати ташкил этдик.

Жалолиддин САФОЕВ,

“Севимли” телеканали бош директори:

— Ҳар бир соҳа унга янги ғоялар, янги фикрлар, қарашлар кириб келиши билан тирик ҳисобланади. Бу “тириклик”ни эса, асосан, замонавий фикрлайдиган, бугунги кун ахборот технологияларини пухта ўзлаштирган ёшлар таъминлайди. Матбуотимиздаги муаммоларга келадиган бўлсак, газеталарнинг ўз ўқувчиларини йўқотганлиги, керак бўлса, таназзулга юз тутаётганлигининг асосий сабабларидан бири — газеталарга ёш кадрлар, яъни журналистлар янги авлодининг эътибори анчайин сусайганлигидир.

Журналистлар тайёрлайдиган даргоҳларда бўлғуси ОАВ вакиллари билан мулоқотда уларнинг келажакдаги режалари ҳақида сўраганимизда, аксарият ёшлар телебош­ловчи ёки интернет журналисти бўлиш ниятида эканликларини айтишади. Босма ОАВ ёшларимиз диққатидан анча йироқлашган. Назаримда, мана шундай муносабат муаммонинг туб илдизларидан бири десак, адашмаймиз.

Иккинчи муаммо шундаки, бугунги кунда замон шиддатига қарамай, айрим газеталардаги ҳамкасбларимиз ўз ишига ҳамон асримиз бошидаги, керак бўлса, ўтган асрдаги қарашлар билан ёндашмоқда. Ҳали-ҳамон мақолаларнинг ҳажми ниҳоятда катта, улар узундан-узоқ ва кераксиз тафсилотларга тўла.

Бундан ташқари, ифода усули ҳам ҳаддан зиёд эскириб кетганлигини тан олмасдан иложимиз йўқ. Истаймизми-йўқми, бугунги кун ўқувчиси жуда қисқа ва лўнда, фактларга таянган аниқ ахборотга эҳтиёж сезади. Биз эса бу талабларни ҳисобга олмаяпмиз.

Чори ЛАТИПОВ,

“Қишлоқ ҳаёти” газетаси бош муҳаррири:

— Инсоният пайдо бўлибдики, ўзига қулайликлар яратиш билан овора. Лекин одамзод ҳар бир қулайлик ортидан яна бир ноқулайлик келиб чиқишини баъзан англамайди, англаса ҳам шу қулайлик ортидаги ўзига ёқимлилик ортидан ундан воз кеча олмайди. Бугун бешикдаги чақалоқ ҳам, қарилик ёшидаги инсон ҳам интернетнинг қулайлигини, анъанавий босма нашрлардан кўра анча “афзал”лигини яхши билади.

Бундан 20 йил аввал ўқитувчиларни компьютерда ҳисобот тайёрлашга мажбурлаётган таълим раҳбари менинг: “Ахир бу йўл билан бир ўқитувчи ёзган нарсани бир мактабнинг барча ўқитувчиси кўчириб тақдим этаяпти-ку?” деган эътирозимга: “Домлажон, энди орқага қайтилмайди”, деб киноя билан жавоб берганди.

Бугун газета ёки журнал ҳақида қайси даврада гапирманг, албатта, “ҳамма нарса интернетда сонияда етиб келаяпти-ку!” деган “ақлли” гапни эшитасиз. Биз, шахсан мен эса ўз чала ақлим билан уларга мана бу гапимни етказа олмайман: инсон танаси озиқланиши учун бир хил маҳсулот етарлими, осонгина томоқдан ўтиб кетадиган битта суюқроқ маҳсулот қабул қилиб қўя қолса бўлаверадими?

Aввало, босма нашрлар ўрнини интернет, шу асосдаги нашрлар эгаллади, босма нашрлар ортда қолиб кетди, деган “креативчи”лар фикрига умуман қўшилмайман. Бундай фикрлаган одамнинг ўзи фикрлашдан ортда қолган. Негаки, у ҳар қандай даврда ҳам босма нашрларнинг ўз ўрни бўлишини жамиятга илғор ёндашадиган одамлар тушуниб бўлганини англамайди ҳали. Тўғриси, мен ўзим ҳам деярли интернет ичида яшайман. Шундай бўлса-да, босма нашрга ёпишиб олганликда, қолоқликда айблашга уринманг. Ҳар сониядаги янгиликдан воқифман шу интернет орқали. Аммо океан ортидаги бир одамнинг хотини билан ажрашгани ҳақида хабарни ўқиб нима олаяпман-у, “Шарқ юлдузи” журнали ёки “Жадид” газетасини ўз вақтида ўқимай нимани йўқотаяпман, деган ўй қийнайди мени. Бу ўринда шу нашрларни интернет воситасида ўқишга нима қаршилик қилаяпти, дейишса, ҳақли эътироз бўлади.

Ҳалим САИДОВ,

профессор, матбуот назарияси ва амалиёти бўйича олим:

— Аввало, барча ОАВнинг бирдек муҳим эканлигини таъкидламоқчиман. Ҳаммаси керак. Албатта, интернет инсониятнинг катта ихтироси. Ундаги ОАВ сайтларининг ҳам аҳамияти беқиёс. Ахборот технологияларининг ривожи босма ОАВларга салбий таъсир қилгани ҳақида кўп гапирилди. Бироқ дунёда бунга ечим ҳам изланяпти. Масалан, демократик давлатлар газета ва журналларни қадрият сифатида кўраётгани боис уларнинг йўқолиб кетмаслиги учун турли субсидиялар воситасида қўллаб-қувватлаяпти. Демак, улар жамият ривожида, инсонлар дунёқарашининг кенгайишида босма ОАВларнинг ўрни борлигини анг­лаб етишяпти.

Аслида матбуотнинг таназзули биринчи нав­батда жамиятнинг, оммавий савиянинг таназзули ҳисобланади.

Илёс САФАРОВ,

журналист, “Vatandosh TV” мухбири:

— Газета ўқиш даражаси пасаяётгани нафақат Ўзбекистон, балки бутун дунёдаги муаммо. Лекин Америкада ҳам, Европада ҳам жараён биздаги каби кескин ва тез эмас. Бунинг асосий сабабини цензура деб ҳисоблайман. Оқибатда эса одамлар ўзи истаган ахборотни ўзи хоҳлаган йўналишда, холис ва тезкор тарзда ололмайди. Шу сабабдан ҳам, бугунги кунда газеталарга ишонч йўқ. Ишонч бўлмаганидан кейин уларга талаб ва қизиқиш ҳам бўлмаслиги табиий.

Иккинчи муаммо — газеталаримиздаги тезкорлик масаласи. Улар бугунги кун талабига жавоб бера олмаяпти. Мисол учун, матбуот тарқатувчиларга назар солинг: улар доим эски газеталарни сотишади, босма нашрлар билан ҳамкорликларини ҳам кўнгилдагидек деб бўлмайди. Тезкорлик деганда эса, нафақат долзарб масалаларнинг ёритилиши, балки газеталарнинг аҳоли қўлига етиб боришида ҳам сусткашлик қилмаслик назарда тутилади.

Мухбир:

— Демак, муаммо аниқ. Энди уларнинг ечими борасида фикрларингизни билишни истардик.

Жалолиддин САФОЕВ,

“Севимли” телеканали бош директори:

— Аввало, даври ўтган қараш ва меъёрлардан воз кечиш лозим. Дунёда ахборотни етказиш усуллари ўзгариб кетмоқда, биз эса ҳали ҳам “шиорбозлик” касаллигидан қутулганимиз йўқ. Ҳозирги кунда гапни масаланинг асл моҳиятидан бошлаш керак. Матбуот эса бугунги кун нафаси билан тирик. У кечаги кун билан ҳам, келажакка қаратилган шиорлар, даъватлар билан ҳам яшай олмайди. Ўқувчи бугун уни ўйлантираётган муаммо ва масалаларни газетада кўрмаса, уни ўқимайди.

Бунинг учун газеталаримиз вакиллари ОТМларда таҳсил олаётган бўлажак журналистлар билан кўпроқ ишлашлари лозим. Хўш, таҳририятларда ёшлар ўз истеъдодларини намойиш қилишлари учун етарли шароитлар яратилганми? Уларга муносиб маош ва гонорарлар таклиф қилинмоқдами? Агар матбуотни танласа, ёшларимиз иқтисодий жиҳатдан қийналиб қолмайдими? Аввало, шу саволлар устида ҳам жиддий бош қотиришимиз зарур.

Диёр МЎБИНОВ,

ЎзЖОКУ талабаси:

— Электрон оммавий ахборот воситалари орқали газета ва журналлар тарғиботига алоҳида эътибор бериш керак, деб ўйлайман. Уларни янада кўпроқ нашр этиш ва жадаллик билан тарқатиш лозим. Яъни, матбуотни ривожлантириш, уларни молиявий тарафдан қўллаб-қувватлаш ҳам жуда муҳим. Бундан ташқари, ҳар бир ўқув қўлланмасида, мактаб дарсликларида матбуот тўғрисида, унинг аҳамияти ҳақида сўз бориши, ўқитувчилар бу борада ҳам ишлаши керак. Балки айрим синф­лар учун матбуотга доир фан ҳам қўшилиши зарурдир.

Ҳалим САИДОВ,

профессор, матбуот назарияси ва амалиёти бўйича олим:

— Глобаллашув ва ахборий жамият қурилишининг тезлашуви сабабли матбуотни ўзининг аввалги айтайлик, бундан 40-50 йил илгари мавқеига қайтара олмасмиз, бироқ уни яна оммалаштириш, айниқса, ёшлар орасида кенг ёйиш учун ечимлар бор.

Бунда матбуотга эътибор қаратиш борасида Диёрбекнинг фикрларини ривожлантирмоқчиман. Барча умумтаълим муассасалари кутубхоналарини бюджет маблағлари ҳисобидан камида 25 та газета ва журналларга обуна қилиш зарур. Бунда болалар нашрларидан бош­лаб, адабий, сиёсий газеталаргача бўлиши керак. Энг асосийси, нашрлар кутубхоналарда чанг босиб ётмаслиги, яъни мутолаа фурсатларини ташкил этиш зарур. Бунда болаларда мактабданоқ жамиятдаги муайян ўзгариш, воқеа-ҳодисалар ҳақидаги ахборотларга муносабат билдириш қобилияти шакллантирилади. Бу тадбир бугун ижтимоий тармоқда бижғиётган маданиятсизликларнинг олдини олади, фикрлашга ўргатади. Шу ўринда соҳаси матбуотдан йироқ бўлган англиялик математик олим Бертран Расселнинг “…мактабларда энг асосий билим — газета ўқиш санъати ўргатилмайди”, деган фикри ўринли деб ҳисоблайман.

Хулоса шуки, мактабданоқ ёшига мос таҳлилий мақолаларни ўқимаган ёшлардан кенг тафаккурли зиёли қатламнинг етишиб чиқишини кутиш бефойда.

Илёс САФАРОВ,

журналист, “Vatandosh TV” мухбири:

— Нашрларимиз бугунги кун талабларига жавоб берган ҳолда, ўзининг интернетдаги сайтларини яратиб, уларнинг фаолиятини самарали йўлга қўйиши керак эди. Бу ҳам вазиятни яхшилаш учун бир ечим бўларди. Мисол учун, “Қишлоқ ҳаёти” фермер, деҳқонларимиз, албатта, ўқиши керак бўлган газета. Дейлик, улар 10 кундан кейин об-ҳаво қандай бўлишини билмоқчи, лекин фермерларимиз газета чоп этилиб, қўлига етиб келишини кутмайди. Интернет, шу жумладан, ахборот сайтларига кириб қўя қолади. Газеталар-чи? Айрим ҳудудларда улар ойда бир керакли манзилга етиб борса боради, бормаса…

Бундан ташқари, газеталаримиз бугунги бозор қоидаларига ҳам мослаша олгани йўқ. Мажбурий обуна тўхтатилганидан сўнг, уларнинг кун кўриши қийинлашиб кетди. Нашрларимиз бир кун келиб шундай бўлиши ҳақида ўйламаган, ўйлаган тақдирда ҳам бунга мослаша олмади. Мисол учун, Америкадаги “The Washington Post”нинг бир йиллик обунаси учун одамлар даставвал 29 доллар, кейин эса ҳар бир йил учун 70 доллардан тўлайди. Бироқ нашр аҳолига шунга яраша сифатли материаллар улашади. Ечимга келадиган бўлсак, бозор қоидаларига мослашиш учун ҳали ҳам кеч эмас. “Маърифат” ва “Ишонч” каби газеталар интернетда ҳам ўз фаолиятларини йўлга қўймоқда. Аммо бу ҳам бироз озлик қилади. Шу каби ҳаракатларни кўпайтириш ва жадаллаштириш керак.

Чори ЛАТИПОВ,

“Қишлоқ ҳаёти” газетаси бош муҳаррири:

— Афсуски, интернетда “яшовчилар” босма нашрлар мавзусини севишмайди-да. Нега босма нашрда чиқса ўқиркан-у, интернетда берилса ўқимас экан? Ҳа, шундай, газета мавзусини бугун интернетга кираётганлар, хусусан, ёшлар айнан интернет шаклида қабул қила олмайди. Босма нашрда унга тақдим этсангиз ўқиши мумкин. Нега шундай? Гап фақат тезкорликда эмас. Газетанинг юртдошларимизга тезкор етказмасаям бўладиган мавзулари кўп. Буни изоҳлаш ва изоҳни англаш учун анча мулоҳаза керак. Ҳатто тиббий хулосалар ҳам зарур. Мутахассислар ишлаши керак изоҳлаш учун. Буни ҳар ким ҳам тушунавермайди. Ҳар ким тушунаверса, ҳамма сиёсатшунос, маърифий олим, руҳият, тиббиёт мутахассислари бўларди. Хуллас, интернет ва босма нашрлар нафақат фаолият шакли, балки мавзуси ва ўқувчини ўзига жалб қилиши нуқтаи назаридан ҳам бир-биридан фарқли. Ҳар ҳолда, бугун шундай. Айтганимдек, бунинг бир қанча илмий асослариям бор.

Мен интернетни пеш қилиб, босма нашрлардан воз кечиш тарғиботига берилишнинг оқибати нима бўлишини ҳамма тушунмаслигиниям биламан. Лекин билганлар: руҳшунослар, тиббиёт аҳли, маданий-маърифий соҳада дипломли мутахассисларнинг индамай юришини нима деб баҳолашни билмаяпман.

Сезасизми, бизда хориж тажрибасига ўчлик кучли. Ҳамма нарсани олиб кираяпмиз, тарғиб қилаяпмиз. Мана шу интернет орқали хабарлар (афсуски, асосан хабарлар) ўқишни ҳам олиб кирдик. Аммо ўша интернет ўта ривожланган юртларда босма нашрларни аввалгидек бўлмаса-да, камроқ ададда (ўша камроғиям 3-4 миллион нусхада) бўлсаям аҳолига тарқалишига алоҳида эътибор қаратил­япти. Яқинда франциялик ҳамкасблар билан учрашув ва тадбирлар ўтказилди. Масалан, ҳатто бир нодавлат босма нашр ҳам маълум маънода давлат кўмагидан фойдаланар экан. Ҳолбуки, Франция деган мамлакат аҳолиси интернетдан фойдаланиш рейтинги бўйича кўрсаткичларнинг учига чиқиб кетган. Масалан, Корея журналистлари ассоциацияси раҳбари: “Бизда ўзини билган ҳар бир одам кун бўйи интернетда ўқиб, кечқурун газета орқали шу ўқиганларининг рост-ёлғонлигининг тасдиғини топади”, деганди Тошкентдаги учрашувимизда. Хуллас, кўплаб хориж мамлакатларида босма нашрлар ўз ҳолига ташлаб қўйилмаяпти. Хориждан шунча нарсани ўрганаётган биз эса нима учун бу тажрибаларни ҳам ўрганишни ўзимизга эп кўрмаяпмиз?

Гулмира ҚАРШИЕВА,

ЎзЖОКУ талабаси:

— Тан олиш керак, бугун интернетда ахборот тарқатиш тезлиги билан баҳслашадиган манба мавжуд эмас. Аммо фақатгина ахборотнинг тезкорлигини муҳим билиб, фикр­-мулоҳазали, таҳлилий-танқидий мақолалар ўқишдан ўзни маҳрум қилишни тўғри деб бўлмайди. Босма нашрлар, хусусан, матбуотдан юз ўгираётган бугунги жамият эса шунчаки тезкор ахборотлар ва жоиз бўлса, “чала” таҳлилий материаллар билан қаноатланяпти. Бунинг асосий сабаблари устозлар томонидан ҳам таъкидлаб ўтилди. Бунга қўшимча сифатида шуни айта оламанки, газеталардаги материаллар ҳозирги давр ўқувчиси учун анча мужмал. Улар юқори савияда, профессионал ёндашувда ёзилаётгандир, лекин барибир бугунги авлод ёшларини зериктириб қўяди. Яъни, кўпчилик уларни тушуниши қийин. Буни ҳам бир муаммо деб ҳисоблаган бўлардим. Бунга ечим сифатида табиийки, мақолалар “соддароқ” тилда ёзилиши, шунингдек, янада тушунарли бўлиши учун кўпроқ расмлардан фойдаланилса, мақсадга мувофиқ бўлади, деб ўйлайман.

…Ҳар бир кишининг ўз фикри бўлиши табиий. Шундай бўлишига қарамасдан, давра суҳбатида билдирилган фикр ва мулоҳазалардан ҳам англашилдики, муаммонинг ечими бор. Уларни зиёлиларимиз, уч ҳокимият вакиллари, айниқса, ижро ҳокимиятининг пастидан то юқори поғоналарида ишлайдиган мутасаддилар фарзандларнинг фикрлашига сабаб бўладиган бу ҳаёт-мамот масаласига эътибор қаратишлари муҳим деб ҳисоблаймиз.

Давра суҳбатини ЎзЖОКУ талабаси

Саидакбар МЎМИНОВ

уюштирди.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

3 × one =