Асосий вазифа: Табиатни асраш

Ҳозирги кунда сайёрамизда инсон фаолиятининг салбий таъсири натижасида атроф-муҳитда сезиларли ўзгаришлар рўй бермоқда. Жумладан, иқлим ўзгаришлари, турли хилдаги табиий офатлар Ер сайёрасининг барча кенгликларида сезилмоқда. Оқибатда ўрмон билан қопланган майдонлар қисқармоқда, атмосфера, сув ва литосфера ифлосланмоқда. Табиий муҳит ҳолатининг инсон таъсирида ўзгариши, жонли ва жонсиз компонентларга кучли антропоген таъсир маҳаллий, минтақавий ва умумжаҳон экологик муаммоларни келтириб чиқаради. Шу боис атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, биологик хилма-хилликни сақлаш, иқлим ўзгаришларининг олдини олиш, озон қатламининг емирилиши, чўлланиш, атмосфера ҳавосининг ифлосланиши каби глобал аҳамиятга эга масалаларни ҳал этиш ҳозирги кунда инсоният олдида турган энг муҳим вазифалардан ҳисобланади.

Мамлакатимизда ҳам атроф-муҳит муаммоларини ўрганиш, уларни ҳал этиш масалалари давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Айниқса, сўнгги йилларда давлат томонидан атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, ўсимликлар ва ҳайвонот дунёсини, атмосфера ҳавоси ва табиий ресурсларни асраш ҳамда чиқинди муаммоларини бартараф этиш, экологик таълимни жорий этишга қаратилган эътибор ва бу борада меъёрий ҳужжатлар ишлаб чиқилиб, ҳаётга татбиқ этилаётгани фикримиз далилидир. Таъкидлаш жоизки, сўнгги йилларда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан, айниқса, Оролбўйи минтақаси фожиаси салбий оқибатларини камайтириш, ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш ва аҳоли турмуш даражасини ошириш борасида кенг кўламли чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, амалиётга жорий этилмоқда.

Жорий йилнинг 15-22 апрель кунлари Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетида Орол денгизининг қуриган ҳудудида атроф-муҳитни асраш муаммосига бағишланган “II Markaziy Osiyo Chang” халқаро конференцияси бўлиб ўтди. Анжуманда мамлакатимиз ҳамда 80 га яқин давлатдан вакиллар иштирок этди.

Конференцияда Қорақалпоғистон Респуб­ликаси Жўқорғи Кенгеси Раисининг ўринбосари Р.Сапарбаев ва бошқа масъул шахслар Оролбўйи ҳудудида экологик муаммолар, шу жумладан, сув, тупроқ, ҳаводаги чанг, экотизим ва инсон саломатлигига оид муаммоларга ечим топиш, бу йўналишда хорижий ташкилотлар ва олимлар билан ҳамкорлик борасидаги ишлар ҳақида сўз юритди.

Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан Орол муаммоларини камайтириш, аҳолининг турмуш шароитини яхшилаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Жанубий Оролбўйи ҳудуди антропоген ландшафтидаги қуш экологияси тўлиқ ўрганилмаганлиги, шу сабабли Жанубий Оролбўйи антропоген ландшафтлари орнитофаунасига иқлим факторларининг таъсирини ҳар томонлама ўрганиш зарур эканлиги қайд этилди. Шунинг­дек, анжуман иштирокчилари Қорақалпоқ давлат университетига талабаларни қамраб олиш, бу ерда талабалар ва магистрантларнинг ўқиб билим олишлари учун яратилган шароитлар, профессор-ўқитувчилар, талабалар томонидан олиб борилаётган илмий-тадқиқот ишлари билан танишди. Ушбу конференциянинг асосий мақсади жаҳон илм-фани жамоатчилигининг Орол денгизи бўйидаги муаммоларга ечим топишга эътиборини жалб қилишдир. Орол муаммосининг салбий таъсирини камайтириш асосида минтақа аҳолиси турмуш шароити ва сифатини яхшилаш, Орол денгизининг қуриган туби тупроқ-иқлим шароитига мослаштирилган уруғ захираси мавжуд бўлган тайёр ўсимликлар ёки экин турлари мавжуд бўлган навлар экилган майдонларини кенгайтириш, ҳудудда ердан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, тупроқ таркибидаги тузни камайтириш ва Орол денгизи тубидан кўтариладиган қум ва чанг бўронларининг олдини олиш бўйича сўз юритилди.

Дарҳақиқат, табиатимизни асраш, уни муҳофаза қилиш, табиатдан оқилона фойдаланиш ва жамиятда экологик маданият ва экологик онгни ривожлантириш нафақат соҳа ходимларининг иши, балки шу заминда яшаётган ҳар бир инсоннинг она Ватанимизга, унинг табиатига бўлган фарзандлик бурчидир.

Мамлакатимиз ва халқимиз ҳаёти янгиликларга бой бўлди. Кези келганда айтиш ўринлики, кейинги даврда давлатимиз иқтисодиётида, маданияти ва маънавиятида, ижтимоий-сиёсий ҳаётида, турмуш тарзида, тафаккурида демократик ўзгаришлар йили бўлди. Умуман, ҳамма соҳада катта юксалиш, ривожланиш ва ижобий ўзгаришлар амалга оширилди. Таълим тизимида, жумладан, олий таълимда амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида юз берган ўзгаришлар ижтимоий-сиёсий, ҳуқуқий, иқтисодий ва маънавий жиҳатдан катта тарихий аҳамиятга эга. Амалга оширилаётган ислоҳотлар нафақат мамлакатимизда катта ижобий ўзгаришларга олиб келди, ҳатто халқаро майдонда ҳам юртимиз обрў-эътиборини янги босқичга олиб чиқди. Бу борада қатор меъёрий ҳужжатлар қабул қилинди. Жумладан, Президентимизнинг 2017 йил 20 апрелдаги “Олий таълим тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори, 2018 йил 5 июндаги “Олий таълим муассасаларида таълим сифатини ошириш ва уларнинг мамлакатда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларда фаол иштирокини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори, 2022 йил 31 августдаги “Қорақалпоғис­тон Республикасида тадбиркорлик, инновацион технологиялар ва инфратузилмаларни жадал суръатларда ривож­лантириш орқали аҳоли фаровонлигини оширишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорларида бу ҳолат ўз тасдиғини топ­ган. Айнан Қорақалпоғистон Республикасида таълим соҳасида қўшимча имкониятлар ва инсон капитали ривожини янги босқичга кўтаришга шарт-шароит яратиш йўналиши доирасида қорақалпоғис­тонлик ёшлар учун ҳар йили давлат олий таълим муассасаларида 6500 қўшимча қабул параметрлари асосида ўқишга қабул қилинишини таъминлаш ишлари амалга оширилди. Жумладан, ушбу қарорга мувофиқ 2023-2024 ўқув йилида Қорақалпоқ давлат университетига 1209 нафар талаба ўқишга тавсия этилди. Бу Қорақалпоғистон ёшларига берилаётган катта имкониятлардан бири, десам, муболаға бўлмайди.

Бу йил ҳам олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича давлат буюртмасини шакллантириш ва давлат гранти ажратиш механизмларини такомиллаштириш, ёшларнинг сифатли таълим олишлари учун мавжуд шарт-шароитларни яхшилаш, кадрлар тайёрлашни иқтисодиётнинг ривожланаётган тармоқ ва соҳаларига манзилли йўналтириш мақсадида турли ўзгартиришлар киритилди. Бунда давлат буюртмаси (грант квоталар)ни шакллантириш бўйича давлат буюртмаси параметрларини амалдаги олий ўқув юртлари кесимида тақсимлаш амалиёти бекор қилиниб, бакалавриат йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари кесимида тасдиқлаш тартиби жорий этилади, ижтимоий-гуманитар йўналишларга давлат буюртмаси қисқартирилиб, ушбу квоталар устувор равишда муҳандислик, тиббиёт, аниқ ва табиий фанлар билим соҳалари орасида тақсимланади, 2025 йилдан бошлаб давлат буюртмаси параметрлари олий маълумотли кадрларни тайёрлаш ва уларга бўлган талаб прогнозига мувофиқ 4 йиллик давр учун тасдиқланади (амалда 1 йил), олий ўқув юртлари моддий-техника базаси, профессор-ўқитувчилари таркибидан келиб чиқиб, ке­йинги ўқув йили учун умумий қабул параметрларини (грант ва контрактга ажратмаган ҳолда) бакалавриат йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари бўйича шакллантиради, давлат буюртмаси асосида грант ўринлари ҳар бир йўналиш учун республика бўйича тўпланган баллар кетма-кетлигига кўра абитуриентларнинг танловига мувофиқ амалга оширилади.

Таълим гранти асосида таҳсил олган битирувчиларнинг 3 йил ишлаб бериш мажбурияти бекор қилинадиган бўлди. Шу билан бирга сиртқи таълим шакли босқичма-босқич масофавий таълим шаклини кенгайтириш ва узайтирилган таълим шаклини жорий этиш орқали тугатилиши белгилаб қўйилди.

Магистратура ва докторантурага қабулдаги чет тили сертификати бўйича енгилликлар берилди. Магистратура ва докторантурага қабул қилишда хорижий тилни билиш тўғрисидаги сертификат талаби қуйидагича ўзгартирилади: таълим дастурини хорижий тилда якунлаган талабалар учун сертификат талаби бекор қилинади, соҳа хусусиятидан келиб чиқиб маданият, санъат, спорт, таълим, соғлиқни сақлаш, ишлаб чиқариш, муҳандислик иши, қишлоқ хўжалиги, ветеринария, архитектура ва қурилиш, физика ва табиий фанлар, транспорт хизматлари йўналишлари бўйича сертификат талаби бир поғона — B1 даражасига туширилади.

Сертификат талаби хорижий тиллар йўналишларида C1 даражада, аниқ фанлар, биология, математика, ҳуқуқ, журналистика, ахборот-коммуникация технологиялари ва иқтисодиёт йўналишларида B2 даражага туширилганлиги ёшларга берилаётган кенг имкониятларнинг биридир.

Таълим тизимидаги янгиликлар ва ислоҳотлар олий таълим тизимида таълим сифатининг ортишига ёрдам беради. Жумладан, кредит-модуль тизими орқали талабанинг касбий ривожланиш ва камолотига ижобий таъсир қилиш мумкин. Яъни, уларнинг меҳнат бозорида ўз ўринларини топишларида замонавий талаб­ларга жавоб бера оладиган инсон капиталини ўзларида шакллантиришга қаратилгандир. Таълимда сифатнинг ортиши салоҳиятли кадрлар етиштириб чиқаришга ҳам ёрдам беради. Шу боисдан ҳам, биз олий таълимдаги барча ислоҳотлар ва янгиликларни қўллаб-қувватлаймиз, шунингдек, келгусида ташаббускорлик билан биз ҳам олий ўқув юртимизда кўплаб янгиликлар қилишни ҳамда хорижий университетларда ўқитувчиларимизнинг тажрибасини орттиришни мақсад қилганмиз.

Ахмед РЕЙМОВ,

Бердақ номидаги Қорақалпоқ

давлат университети ректори,

академик.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

18 + 18 =