Ўзбекистон ва Қозоғистон: Ўзаро ҳамкорлик Марказий Осиёдаги барқарорликни белгилайди

Хорижий экспертлар Хивада бўлиб ўтган олий даражадаги Ўзбекистон-Қозоғистон саммити якунлари ҳақида

 

Маълумки, Президентимиз Шавкат Мирзиёев­­нинг таклифига биноан Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев шу йил 5 апрель куни ташриф билан мамлакатимизга келди. Икки давлат раҳбарларининг қадимий Хива шаҳридаги учрашуви ўзбек ва қозоқ халқларини боғловчи тарихий илдизлар нақадар теран эканлигининг рамзий ифодаси бўлди.

Ташриф бир кунлик бўлишига қарамай, унинг натижалари мазкур учрашувнинг долзарблиги ва самарадорлигини намоён этди. Ўзбекистон-Қозоғистон учрашуви ва унинг якунлари хорижий экспертлар ҳамжамияти томонидан ҳам юқори баҳоланмоқда.

Жан-Антуан Дюпрат, Европада прогнозлаш ва хавфсизлик институти эксперти, Ўзбекис­тон бўйича мутахассис:

— Ушбу ташриф қардош давлатлар ва халқлар ўртасидаги вақт синовидан ўтган яхши қўшничилик муносабатларининг яна бир ёрқин ифодасидир.

Ўзбекистон ва Қозоғистон етакчиларининг бугунги кунда бутун Марказий Осиё учун катта сиёсий аҳамиятга эга бўлган дўстлик, яхши қўшничилик ва кенг кўламли шерик­ликни янада мустаҳкамлаш истагининг ёрқин тасдиғи дейиш мумкин.

Давлатлар раҳбарларининг ўзаро ишонч руҳида ўтган учрашуви давомида эришилган келишувлар Ўзбекис­тон-Қозоғистон стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини мустаҳкамлашга қўшимча туртки бериши шубҳасиз.

Икки қўшни давлат ўртасидаги ўзаро ҳамкорликнинг ҳозирги энг юқори даражасига кўп жиҳатдан Ўзбекистон ва Қозоғистон Президентларининг ўрнатилган яқин мулоқоти натижасида эришилди ва бу икки томонлама алоқаларни ривожлантиришга замин яратмоқда.

Ишонч билан айтишимиз мумкинки, Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги ҳамкорлик қанчалик кучли ва муваффақиятли бўлса, Марказий Осиёдаги вазият ҳам шунчалик барқарор бўлади.

Макс Сей, Малайзиянинг “Kingsley Strategic Institute” институти ижрочи  директори:

— Ташриф якунлари томонларнинг икки давлат ўртасидаги кўп асрлик дўстлик, яхши қўшничилик, ўзаро ишонч ва кенг кўламли шерикликни янада мустаҳкамлашга бўлган қатъий ниятини яна бир бор намоён этди.

Сўнгги йилларда ушбу давлатлар ўртасидаги икки томонлама муносабатлар мутлақо янги босқичга кўтарилиб, тарихий натижаларга эришилди. Хусусан, сиёсий мулоқот фаоллашди, савдо-иқтисодий ва инвестициявий алоқалар кенгайтирилди, фаол ҳудудлараро ҳамкорлик йўлга қўйилди.

Ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини ошириш, иқтисодиётнинг асосий тармоқларида кооперация алоқаларини ривожлантириш, транспорт ва энергетика соҳасидаги инфратузилма лойиҳаларини амалий рўёбга чиқариш, гуманитар алмашинув дас­турларини фаоллаштириш ва туризм алоқаларини ривожлантириш бўйича олий даражадаги музокаралар давомида кўтарилган долзарб масалалар алоҳида эътиборга моликдир.

Денис Бардаков, қирғизистонлик сиёсатшунос:

— Ташриф бутун Марказий Осиё минтақаси учун катта сиёсий аҳамиятга эга. Қозоғистон учун ҳам худди шундай жиддий иқтисодий салоҳиятга эга стратегик муҳим давлат сифатида Ўзбекистон билан икки томонлама яқин ҳамкорликни ривожлантириш зарур.

Икки мамлакат иқтисодиётининг ривожланиши инвестициявий, транспорт-логистика ва савдо соҳаларида ҳамкорлик қилиш учун қулай шарт-шароитлар яратмоқда.

Бугунги кунда Марказий Осиёнинг барча давлатлари орасида Ўзбекис­тон Қозоғистон билан энг кам ҳал қилинмаган масалаларга эга. Шу билан бирга, кун тартибидаги асосий вазифалардан бири ҳудудий сув ресурсларидан оқилона фойдаланишдир. Трансчегаравий дарёларнинг қуйи оқимида жойлашган Қозоғистон ва Ўзбекистон дарёнинг юқори оқимидаги Қирғизистон ва Тожикистон билан бирлашган ҳолда сув ресурсларидан фойдаланиш бўйича ягона стратегия ишлаб чиқиши керак. Шу йил Қозоғистонда бўлиб ўтадиган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувида бу масала янада батафсил муҳокама қилинишига шубҳам йўқ.

“Дунё” АА.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

twenty − 10 =