Мангу сатрлар
Истеъдодли шоир Назар Шукурни ёд этиб
Хонада мусаҳҳиҳлар бўлимидан келган қўлёзма корректурасини ўқиб ўтиргандим, ўша вақтдаги нашриёт ишлари бўйича директор ўринбосари Ашурали Жўраев телефонда йўқлаб қолди. Хоналарига бордим. Катта стол ёнида бошини бироз эгиб, кулимсираганча тахминан 55-60 ёшлардаги оқ-сариқдан келган, озғинроқ бир киши ўтирарди. Саломлашиб сўрашгач, Ашурали ака одатича томоғини қириб олди-да, гап бошлади:
— Хўш, укажон, сизни чақиришдан мақсад, мана шу қўлёзмани кўрсангиз, — у шундай дея анча семиз қўлёзмани ёнимга сурди ва сўзида давом этди: – Ўзим ҳам ўқиб кўрдим. Ёмон эмас. “Суви”ни чиқариб ташлайверинг. Аяманг. Ўроз акангиз билан яна кўриб чиқарсиз.
Ашурали ака айтгандек, қўлёзма анча залворли эди. Уч-тўрт бетини варақлаб кўрдим. Эсселар, шеърлар экан. “Хўп”, дегандек қўлёзмани энди олиб чиқиб кетмоқчи бўлиб турувдим, Ашурали ака:
— Бу кишини танийсизми? – деб сўради у қўлёзма муаллифини кўрсатиб.
— Йўқ, – дедим бепарвогина.
— Бу одам сизни яхши таниркан. Акаси билан бир вақтлар бирга ишлаган экансиз.
— Бўлса бордир. Кимнингдир акаси, кимнингдир тоғаси ёки укаси билан ишлаганман, – дедим бироз кулиб. Чунки ўша пайтларда айрим муаллифларда шундай одат бор эди.
— Акангизнинг оти нимайди? – деди Ашурали ака меҳмонга қараб.
— Назар Шукур, – деди Ўроз ака оҳистагина.
— Нима?! Назар Шукур дедингизми? – ҳайратдан қотиб қолдим. – Сиз Назар аканинг укасимисиз?
— Ҳа, – деди у гўё айбдордек ва ўрнидан турди.
Қўлёзмани стол устига қўйдим-да, қучоқлашиб бошқатдан кўриша кетдик.
— Ростдан ҳам Назар аканинг укасимисиз?
— Ҳа, ҳа, – деди Ўроз ака шошилиб ва кўз ёшларини тийиб тура олмади. Мен ҳам чидаб туролмадим. Орадан анча йиллар ўтган бўлса-да, қаршимда мен билган ва ҳурмат қилган бетакрор шоир Назар Шукурнинг жонажон укаси турарди…
Назар Шукур… Юзидаги кулгичлари ўзига ярашган, айрим ҳоллардагина жаҳли чиқадиган, полвонкелбат, сочлари жуда қалин, ўрта бўйли, оқ сариққа мойил бу инсон билан 1983 йилнинг ноябрь ойида пахта терими пайти танишган эдим. Ўша вақтларда шаҳардаги ишхоналар ҳам пахта йиғим-теримига жалб қилинарди. Назар ака ишга янги келганимни билиб, самимий қабул қилди ва ўзи яшаётган уйга таклиф қилди ва биз – Назар Шукур, Муҳаммад Ражаб билан бирга яшай бошладик.
Назар ака ҳол сўраб, “Вой, бовурларим-эй, чарчамадингларми?” деб ҳазиллашиб маза қилиб кулар, кулганда кўзлари юмилиб кетарди. У, аслида, анча жиддий одам бўлиб, тарихни, адабиётни яхши биларди. Қизиғи, у география факультетини битқазган бўлса-да, жуда кўп шеърлари даврий матбуотда кетма-кет эълон қилиниб туришини билардим. Ҳар куни кечки пайт хонамизда шеърият оқшоми бошланар, Назар ака янги ёзган шеърларини ўқиб берар ва биздан: “Хўш, қалай, бовурларим?” – деб сўрар, биз ўзимизча унга баҳо берардик. Айниқса, Муҳаммад Ражаб унинг шеърларининг ашаддий танқидчиси эди. У қисиқ кўзларини ялтиратиб, шеърлардаги айрим қофияларга баҳо берар, Назар ака эса индамай кулиб эшитиб ўтирарди.
Тўғри, бу ҳолат доимо шундай кечмасди. Гоҳида Назар аканинг жаҳли чиқиб кетар ва шундай пайтларда ҳеч ўзига ярашмаган ҳолатда сигарета тутатар ёки шахмат ўйнарди. Тўғрисини айтганда, у шахматда ҳаваскор бўлгани сабаб, асосан, ютқазар ва аламини яна шеърдан оларди. Назар ака шеър ёзаётганда тинмасди ва ёзган шеърини қайта-қайта ўқиб беришдан эринмасди. У жуда кўп – “Сомон йўли”, “Кўкдаги умр”, “Баҳор соғинчи”, “Онамга мактуб”, “Буғдойзор” каби шеърларини қайта ва қайта ишлар (баъзилари аввалроқ ёзилган бўлса-да), уларни китоб шаклига келтиришга ҳаракат қиларди. Унинг машҳур “Сомон йўли” номли шеъри шу тариқа дунёга қайта келди:
Сомон йўли. Босилмайди бу йўлнинг чанги,
Ухламайди ўтиб кетган карвонлар занги.
Киприкларим найзасига илинган осмон,
Шу тиғ билан ўртасидан тилинган осмон…
Сомон йўли сурат янглиғ қоқилган кўкка,
Икки учи уфқларга илинган тикка.
Назар ака жуда оддий сўзлардан гўзал шеърлар ёза оларди. Ўзи ёзган шеърни шундай чиройли ўқирдики, эшитган одам қойил қоларди. Унинг Кумушга айтиб ёзган шеърини кечки оқшом вақтида пахтадагилар кўп сўрашар, елкасига фуфайкасини илиб олган Назар ака ёзган шеърини берилиб ўқир, назаримда, ўша машҳур “Ўткан кунлар” қаҳрамонлари унинг кўз ўнгидан бирма-бир ўтарди.
Кулфат ранги сачраган ёруғликлар қорайди,
Қил сиғмаган юракдай олам бағри торайди,
Энди Отабек фақат ғуссаларга ярайди,
Ўн тўрт кунлик ой каби тўлгандинг,
Кумушбиби,
Сўнгги жонга илиниб тўлғондинг,
Кумушбиби…
Қолмади-ку дунёда ёниб бағри бутунлар,
Кўкракларда туғилиб, кўкда ўлар тутунлар,
Чарс-чурс ёнар оромлар бўлиб
ғамга ўтинлар,
Ҳар юракда “оҳ!” бўлиб уйғондинг,
Кумушбиби,
Сўнгги жонга илиниб тўлғондинг,
Кумушбиби.
Сен куйларга ўхшатган серавж
сой ҳам йиғлайди,
Нурай-нурай яримта бўлган ой ҳам йиғлайди,
Сени ўзи яратган Жулқунбой ҳам йиғлайди,
Ногоҳ қучган бахтингдай кулгандинг,
Кумушбиби,
Сўнгги жонга илиниб тўлғондинг,
Кумушбиби.
Айниқса, “Сўнгги жонга илиниб тўлғондинг, Кумушбиби” деган сатрини эшитган давра атрофидаги қизлар бехосдан йиғлаб юборар, мен эса мангуга битилган сатрлар инсоннинг қалбига қанчалар таъсир этишини ва ҳақиқий сўз қудратини англагандек бўлардим.
Назар ака пахтани яхши терар, қизларга қарашишдан эринмас, керак бўлса, улар терган пахтасини икки елкасига олиб, тарозига бемалол ўзи кўтариб олиб келарди.
Назар акадаги яна бир ажойиб хислат ўзидан катта шоирлар Шавкат Раҳмон, Рауф Парфи, Абдулла Шер, Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов ва ўз тенгдошлари Мирза Кенжабек, Сирожиддин Саййид ва бошқаларнинг ижодини тинимсиз ўқир, тенгдошларининг ютуғидан беҳад қувонарди. У бағрикенг, софдил, самимий инсон эди.
Пахта мавсуми тугаб, Тошкентга ишга қайтдик ва деярли кунда Назар ака билан учрашиб турардик. 1984 йил унинг “Кўкдаги умр” номли китоби Ғафур Ғулом номидаги нашриётда кўп минг нусхада чоп этилди. Ўша пайтда Назар ака эндигина 30 ёшга тўлганди…
Назар ака ушбу китобига менга шундай дастхат ёзиб берганди: “Шоҳ ва шоир укамиз ва афсонавий келинимиз Дилоромга. Ҳурмат билан, Н.Шукур”. Мен бу китобни ҳали-ҳануз сақлаб келаман. Ўшанда Назар акага: “Нега “Шоҳ ва шоир” деб ёздингиз?” десам, кулиб: “Навоийдан олдим”, деганди. Ўйлаб кўрсам, у “Сабъаи Сайёр” достонига ишора қилган экан. Ўша йили яна пахтага бирга бордик. Сафимиз кенгайди. Миродил Абдураҳмонов ва Чори Аваз қўшилди…
Хотира инсон умрини мангуга муҳрлайдиган лаҳзалар бўлгани сабаб, ўтмиш билан ҳозирги вақтни ўзида намоён этади. Хотира бизнинг абадий ҳамроҳимиз ва ўчмас изимиздир.
Ҳозир ўша даврларни эсласам, Назар ака ўзи тириклик чоғидаёқ мангуга татийдиган шеърлар ёзиб қолдирган экан. Орадан йиллар ўтиб, Ўроз Ҳайдар билан бирга “Осмон ташбеҳлари” номи билан Назар аканинг китобини нашрга тайёрладик. Китоб 2016 йилда “Ўзбекистон” нашриётида чоп этилди. Бунгача Назар аканинг кўп китоблари нашр этилганди. Бу Назар Шукур шеъриятининг ихлосмандларига муносиб совға бўлди. Минг афсуски, “Ўқитувчи” нашриётида бирга ишлаган дўстларим — Назар Шукур, Муҳаммад Ражаб ва Чори Аваз каби ўзбек шеъриятининг ёрқин юлдузлари орамизда йўқ. Аммо улар ўз даврида адабиётимизга ўзгача ҳаво, янги фикр, ижод оҳангларини олиб киролди. Назар Шукур эса 1985 йил май ойида автоҳалокат туфайли бу ёруғ оламдан кўз юмди. У ҳозир ҳаёт бўлганда 70 баҳорни қаршилаган бўларди. Назар ака ўз тақдирини азалдан билгандай бир шеърида шундай ёзган эди:
Бу норавон дунёда феълим изга тушмади,
Муҳаббатсиз, севгисиз дилим
изга тушмади,
Айтаман деб ҳақ гапни тилим
изга тушмади,
Изга тушиб йилларим охир ўттиз ёш бўлди,
Мен ахтарган нарсалар гоҳ бор,
гоҳо дош бўлди.
Ҳаётда гар қоқилсам, қалам юпанч,
шеър юпанч,
Қилсам неки тановул манглайдаги
тер юпанч,
Одам кетса оламдан тупроқ юпанч,
ер юпанч,
Назар, қайғу-ғамингни кўтарувчи бош бўлди,
Шунданми менда бардош,
гоҳ бир дарё ёш бўлди.
Биласизми, қувонтирадиган ва қалбимга таскин берадиган фикр улар ёзган шеърлар асрлар силсиласига бардош бериб, ҳануз яшаб келмоқда. Демак, ҳақиқий шеър ҳеч қачон ўлмайди. Улар кўкдаги юлдузлар каби нур сочиб тураверади. Уларни эсласам, қуйидаги сатрлар беихтиёр дилимдан ситилиб чиқаверади:
Дўстларим сиз, юлдузларга айланган,
Сўзларингиз юрагимга жойланган.
Одил сўзни айтиш учун шайланган,
Юлдузлар — сиз, юлдузлар — сиз, юлдузлар.
Чақин бўлиб, чақмоқ каби ёндингиз,
Ҳақиқатни айтиш эди онтингиз.
Ҳақни дебон самоларга қайтдингиз,
Юлдузлар — сиз, юлдузлар — сиз, юлдузлар.
Фариштасиз, олов жисму жонингиз,
Асрлардан ўтар шуҳрат-шонингиз.
Қалбда яшар, ўчмайди ҳеч номингиз,
Юлдузлар — сиз, юлдузлар — сиз, юлдузлар.
Назар солиб, Шукур дейман ҳар бир дам,
Муҳаммаднинг умматидир Ражаб ҳам,
Чори Аваз ижоди, айт, кимдан кам?
Юлдузлар — сиз, юлдузлар — сиз, юлдузлар.
Онам айтар: юлдузларнинг номи бор,
Номларингиз дилда айтаман такрор.
Мангуликка ашъорингиз дахлдор,
Юлдузлар — сиз, юлдузлар — сиз, юлдузлар.
Мен Баҳромман, сизлар учун жўраман,
Сизни ҳатто тушларимда кўраман.
Аллоҳ учун сизни доим суяман,
Юлдузлар — сиз, юлдузлар — сиз, юлдузлар.
Баҳром АКБАРОВ