Қишлоғимиз номи нега пулҳоким?
Пулҳоким кўприги инсон қўли билан бунёд этилган иншоот бўлганида, эҳтимол неча минг йилларнинг синовидан омон чиқмас эди. Аллоҳ таоло океан ва денгизлар ҳамда қуруқликда яшайдиган жониворлар, шу жумладан, инсон учун барча шароитларни мукаммал қилиб яратган. Тупроқдан бунёд бўлган Пулҳоким кўприги ва кўприк ёнидаги булоқ фикри ожизимизга бир далилдир.
Икки тоғ орасидаги ушбу кўприкнинг узунлиги 26 метр, эни 5 метр, қалинлиги 10 метр ва сойдан баландлиги 19,6 метрни ташкил этади. Очиғи, қишлоғимиз аҳли “Пулҳоким” сўзининг маъносига кўпам эътибор бермайди. Қишлоқ юқорисидаги Бобоқозоқ ва Такати тоғларини Пулҳоким кўприги боғлаб туради. Кўприк тагидан 20-30 км узоқликдаги тоғлардан оқиб келадиган Зарангбулоқ, Қўшбулоқ ва Кўкбулоқ сойи ўтган. Кўприкнинг чап томони — пастдаги тошлар орасидаги булоқдан чиқадиган сув йодга бой бўлганидан ичишга, кир ювишга яроқсиз. Халқ булоқ сувидан фақат томорқа суғоришда фойдаланиб келмоқда.
Пулҳокимликлар сувнинг қадрини жуда яхши билгани учун бир томчисиниям зое қилмайди. Пудинанинг сувини кир-чир ва ювинишга ишлатган халқ ичадиган сувни Омонхона қишлоғи яқинидаги Ғурғурак, Сариқамишдаги Гулбулоқдан эшакда ташиган. Кейинчалик, аниқроғи, ўтган асрнинг 70-йилларидан бугунги кунгача Бойсун шаҳридан махсус машиналарда ташиб келтиряпти.
Аллоҳ таоло кўприк билан бирга унинг ёнидан то Жийдабулоққача бўлган тоғ тагида қандайдир кўлни ҳам яратган деган хаёлга бораман. Бундан олтмиш йилча бурун геология-қидирув идоралари кўмагида Жийдабулоқда қудуқ кавланиб, сув чиқарилган. Кўп ўтмай, Пулҳокимдаги булоқ қуриб қолган. Икки булоқнинг манбаи битта бўлган-да. Тошкентдан мутахассислар келиб, Жийдабулоқдаги қудуқ бутунлай бекитилган, аммо барибир Пулҳокимдаги булоқдан сув чиқмаган. Шундан кейин ҳукумат булоқдан салкам тўққиз юз метр қуйидан ёнма-ён иккита қудуқ кавлаттирган.
Парвардигор амри билан яратилган бу ўзига хос кўприкка ўзининг ҳақиқий Пулҳоким номи берилишини, ЮНЕСКО томонидан моддий ва маданий мерос сифатида рўйхатга олиниб, сайёҳлар томоша қиладиган манзилга айланишини истаймиз.
Бир гуруҳ фахрийлар ЮНЕСКО ишлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий комиссиясига мақсадимизни баён этган эдик. Маданий мерос агентлиги Миллий комиссияга берган жавоб хатида Маданият вазирининг 2019 йилдаги 407-сонли буйруғи билан Пулҳоким кўприги маҳаллий тоифага киритилганлиги, мазкур объект Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йилдаги 846-сон қарори билан Сурхондарё вилоятидаги диққатга сазовор жой сифатида давлат рўйхатига олинганлиги тўғрисида хабар берилган экан.
Агентлик Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йилдаги 19-сон қарорига кўра 2021-2030 йилларда Ўзбекистон Республикаси ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон маданий мероси рўйхатига киритиш учун Миллий режа қабул қилинганлиги муносабати билан келгусида Пулҳоким кўпригининг ҳам кириш имкониятлари ўрганиб чиқилишини маълум қилган.
Ушбу ижобий хабар бизни қувонтирди, аммо бу бизнинг орзу ва умидларимиздан анча узоқдадир. Умидимиз, Миллий комиссия раҳбарияти ва Маданий мерос агентлиги саъй-ҳаракати билан Пулҳоким кўприги 2024 йилнинг охиригача ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилса.
Хуррам НОРҚОБИЛОВ,
биология фанлари
номзоди.