Янги Ўзбeкистон — янгича дунёқараш

Ватан — нақадар қадрли ва муқаддас макон. Ватан — сеҳрли диёрки, у билан фахрланасан, ифтихор ва ғурур билан тилга оласан. Мустақил Ўзбекистонимизнинг тобора чирой очиб, гуллаб яшнаётганлиги дилларни қувнатади. Ўттиз уч йиллик улғайиши мобайнида Ватанимизда жуда кўп бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. “Бунёдкор” стадионининг барпо этилиши сабабли кўпгина спорт йўналишида юксак натижалар билан ютуқларга эришдик.

“Ҳеч нарса спорт каби Ватанни элга танитолмайди”. Ўттиз уч йиллик улғайиш мобайнида спорт соҳасида жуда кўп ютуқларимиз бизни жаҳонга танитди. Ватанимиз байроғини баланд кўтариб, “Олтин медаль” билан юртига қайтган Баҳодир Жалолов, “Бронза медали” соҳиби бўлган Бекзод Абдураҳмонов каби инсонларни Ватанимиз ифтихори, деб аташимиз мумкин. Тобора юксалиб, ривожланиб бораётган мус­тақил Ўзбекистонимиздан фахрлансак арзийди.

Ҳукуматимиз томонидан ёшларимизга жуда кўп имкониятлар яратилмоқда. Чет давлатларда билим олиб, малака, таж­риба орттириб келиб, юртимиз равнақи учун хизмат қилаётган ёшларимиз талайгина. Минг афсуслар бўлсинки, ўз йўлини топа олмай сарсон бўлаётган ёшларимиз ҳам йўқ эмас.

Менинг таклифим, дарс машғулотларига “Янги Ўзбекистон — янгича дунёқараш!” номли фан қўшилса ёки тарбиявий соат мавзуларига касб-ҳунар, тадбиркорлик ҳақидаги мавзулар кўпроқ қўйилиб, кенгроқ тушунчаларга эга бўлишса, мақсадга мувофиқ бўлар эди. Ўқувчилар мактабни тугатиб, сўнг­­ра мустақил равишда тадбиркорлик ишларини юритиб, цивилизацияга ўз ҳиссаларини қўшишлари мумкин. Бунинг учун ўқувчи ёшлар кенг маънода билимга ва малакага эга бўлиш­лари керак. Ўқув фанлари қаторига тадбиркорлик, иқтисод, касб-ҳунар, ишлаб чиқариш, бизнес, тадбиркорликни ўзида мужассам этган янги фан киритилса, бу менинг таклифим, албатта.

Баъзи ўқувчилар мактабни тугатиб, нима иш қилишни билмай, вақтларини беҳуда ўтказишади ёки маблағ тўплаш учун ёлланма ишчи сифатида чет давлатларга ишлаш учун кетишади. Ҳеч кимга сир эмаски, баъзи чет давлатларда, айниқса, Кореяда ёшлар ўз йўлларини топиб олишлари осон. Ҳеч бўлмаганда, кичик корхона очиб, раҳбарлик қилишни бошлашади.

“Янги Ўзбекистон — янгича дунёқараш!” шиори остида биз ёшларимизни шундай тарбия қилайликки, керак бўлса, ихтиролар яратишсин, халқимиз эҳтиёжларидан келиб чиқиб, замонавий ускуналар ўйлаб топишсин. Янги-янги саноат ва ишлаб чиқариш корхоналари бунёд қилишсин. Бунинг замирида катта режалар бор. Ушбу таклиф амалга ошса, бир қатор ютуқларга эришиб, юксаклик сари одимлаймиз. Биринчидан, Ватанимиз равнақи учун ҳисса қўшадиган саноат корхоналари барпо бўлар эди. Иккинчидан, давлатимиз индус­триал зона бўлади. Учинчидан, халқимизнинг эҳтиёжларини қондирувчи маҳсулотлар ва товарларнинг янги турлари яратилади. Тўртинчидан, юртимизда ишсизлар сони камайиб, бекорчиликка чек қўйилади. Бешинчидан, агар инсон кўп ҳаракат қилса, соғлиғи ҳам мустаҳкамлашиб боришини ҳисобга олсак, ҳаракат туфайли одамлар соғлом бўлади. Олтинчидан, ишлаган одам ҳеч қачон камбағал бўлмайди, демак, камбағаллар сони камайишига эришамиз. Еттинчидан, барча жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликлар бекорчиликдан келиб чиқади. Бекорчилик йўқ бўлгандан кейин, жиноятчилик ҳам камаяди. Бу каби мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Ҳаттоки ёш оилаларнинг йўқчилик туфайли ажримларига ҳам чек қўйилган бўлади. Бу, албатта, шахсий фикрим. Ўйлашимча, янги ғоялар яратувчи буюк шахсларни йўналтира оламиз. Тўғри, юртимизда ташаббускор, билимдон, комил, етук ёшларимиз йўқ эмас. Биздан талаб қилинадигани, ёшларимизга ўз йўлларини топиб олиш­ларида тўғри йўналтириб, рағбат бериш. Ўзбекистонимиз ёшлари интилувчан ва билимга чанқоқ бўлганлиги боис янги фанни тез ўзлаштириб олишларига ишончим комил.

Гулсуной ЖАМОЛОВА,

Ангрен шаҳар 34-ИДУМ

маънавий-маърифий ишлар

бўйича директор ўринбосари.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

19 + 13 =