Кутубхона байрам кунлари ҳам ишласа…

Юртимизда Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 33 йиллиги “Бир бўлсак — ягона халқмиз, бирлашсак — Ватанмиз!” шиори остида қизғин нишонланди. Байрам кунлари мусаффо осмонимизда Қуёш порлаб турди, у ишлади. Пойтахтимизнинг марказидаги Анҳор шарқираб оқди, у ишлади. Шифокор қайсидир беморнинг дардига малҳам бўлди, у ишлади. Тинчлигимизни асраш учун соқчи чегарамизда сергак турди, у ҳам ишлади. Шоир ҳар кунгидай ижод қилишга чоғланди. Машҳур авар шоири Расул Ҳамзатов таъкидлаганидай, илҳом келган пайтда шеър ёзиш ўрнига унинг ёзилиши ҳақида ўйлаб бўлмайди. Яъни, илҳом келган пайтда ижод маҳсулини яратишга киришиш лозим.
Айнан Расул Ҳамзатовнинг 1962 йили рус тилида чиққан “Высокие звёзды” ва 1964 йили ўзбек тилида нашр этилган “Юксак юлдузлар” китобларини ёнма-ён қўйиб, таққослаб ўқишни истаб қолдим. Бунинг сабаблари бор: “Юксак юлдузлар” таржима китоби чиққанига роппа-роса 60 йил бўлди ва яқин кунларда шоирнинг таваллуд куни нишонланади. Бу нодир китоблар фақат Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон миллий кутубхонасида бор. Бироқ кутубхонага боришнинг фойдаси йўқ, ишламайди. Ўтган йили 2 сентябрь куни бошқа иш билан борганимда, кутубхона байрам кунлари ишламаслигини айтишган. Муҳими, кутубхонага бораётганимда ҳафсаласи пир бўлиб қайтиб кетаётган қанча китобхонларни кўрдим. Ўзим ҳам қайтаётганимда келаётганларни кутубхона ишламаётгани тўғрисида огоҳлантирдим. Китобхонлар ажабланишди. Ўшанда юртдошларимиз учун китоб ўқиш кундалик эҳтиёжга айланиб бораётганидан хурсанд бўлдим. Барибир, умид билан кутубхона сари йўлга тушдим. Ишламаётган экан. Яна йўлда ноумид қайтаётган китобхонларни учратдим.
Дарҳақиқат, ғоялар бугун байрам куни экан, инсонларнинг миясига бегим кунлари кирарман демайди. Балки бу ғоя келажакда кашфиёт ёки янги ижод маҳсули бўлар. Ғоянинг тўғри-нотўғрилигини ўшанга боғлиқ китобларни ўқиш орқали билинади. Бундай нодир китоблар Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон миллий кутубхонасидагина бор. Ўзим қарийб эллик йилдан буён шу кутубхонадан фойдаланаётганим учун ишлар сменали ташкил этилишини биламан. Шу боис байрам кунлари кутубхонанинг ўқув заллари соат 10 дан 18 гача фаолият кўрсатса, айни муддао бўларди. Ахир китоблар байрам кунларида ҳам эҳтиёжмандларга Қуёшдай зиёсини таратиши, дарёдай обиҳаётини улашиши, шифокордай қалбларга малҳам бўлиши ва уларнинг маънавий дунёсини бойитиши керак.
Албатта, кутубхона хизматчилари ҳам бошқалар каби дам олишлари, байрам кунларида шодиёна дамларни эмин-эркин ўтказишларига юз фоиз ҳақлидирлар. Лекин улар нур таратувчи, маърифат ва маънавият улашувчи фидойи инсонлар. Эҳтимол, бизнинг бу таклифимизни ўйлаб кўришар, қандайдир имконият топишар деган фикрда ўз мулоҳазаларимизни баён этдик, холос.
Асрор МЎМИН,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист.