Юрагида ўти, қаламида чўғи бор
Газетанинг энг тотли ва тез ўқиладиган мақоласи — хабар. Хабарнинг ўз юки ва вазифаси бор. Одам табиатан янгиликка, янги хабарга жуда ўч бўлади. Шу боис ҳам газета қўлга тушиши билан дастлаб ўқувчининг кўзи янги хабарларни қидира бошлайди.
Хабар ҳажми кичик бўлгани билан ўзига яраша салмоғи бўлади. Биз ҳам матбуотдаги дастлабки қадамларимизни хабар ёзишдан бошлаганмиз. Хабарларимизда исм-фамилиялари чиққан одамлар ҳатто раҳмат айтишган, дўстларимиз хурсанд бўлишган.
Масалан, туғилган кун муносабати билан берилган кичик табрик кишига хурсандчилик бағишлайди. Ҳатто ўлим туфайли чоп этилган таъзия бошига мусибат тушган одамга таскин беради. Хуллас, хабар газетанинг жон томирларидан ҳисобланади.
Эсимда, мактабда ўқиб юрган кезларим тумандаги “Коммунизм учун” (ҳозирги “Кармана овози”) газетасига хабарлар ёзардим. Уйимизга обуна орқали вилоятнинг “Бухоро ҳақиқати” (ҳозирги “Бухоронома”) газетаси ҳам келарди. Биринчи галда газетада чоп этилган хабарларга кўз югуртирардим. Айниқса, мухбир Баҳодир Эгамовнинг Қизилтепа туманидан ёзган турли мавзулардаги хабарларини қизиқиш билан ўқир эдим. У кишининг бошқа газетада босилган мақола, хабар ва очеркларини ҳам ўқийдиган бўлдим. Қаранг, мана шу воқеаларга ҳам эллик йилдан ошибди. Эллик йилки, Баҳодир Эгамов ёзишдан, камина эса унинг ёзганларини ўқишдан чарчамаймиз.
Навоий вилояти ташкил этилгач, вилоят газетаси — “Дўстлик байроғи” чиқа бошлади. Бу йиллар забардаст журналист Баҳодир Эгамов учун ғайрат ва шижоат билан ижод қилган сермаҳсул давр бўлди. У туманнинг “Қизил тонг” (ҳозирги “Янги Қизилтепа”) газетасида ишлаш билан бирга вилоят ва республика газеталарида ҳам фаол қатнашар эди. Унинг қаламидан тўкилган маънавий-маърифий мавзулардаги мазмунли ва ичакузди ҳангомалар, танқидий чиқишлари “Муштум”, “Ёш куч” журналларида, “Ишонч”, “Маҳалла”, “Афанди”, “Даракчи” сингари газеталарида тез-тез чоп этилар эди.
У туман газетасида ўттиз йил бош муҳаррир ўринбосари вазифасида фидойилик билан хизмат қилди. Айни пайтда таҳририят ҳузурида ташкил этилган “Навниҳол” тўгарагини ҳам бошқарди. Ёшларга ижод сирларидан сабоқ берди. Бугун унинг шогирдлари — таниқли шоир ва таржимон Азиз Саид, тележурналист Қаҳрамон Жамолов, таниқли актёр Меҳриддин Раҳматов, Навоий вилояти “Дўстлик байроғи” газетаси масъул котиби Зебо Қутлиева, вилоят радиоси мухбири Шаҳноза Мавлоновалар устозлари — Баҳодир Эгамовни меҳр билан эъзозлайдилар.
— Мақолани тез, пухта, ўқишли қилиб тайёрлашда Баҳодир Эгамовга жуда ҳавас қилардим, – дейди “Шарқ юлдузи” журнали бош муҳаррири ўринбосари, таниқли шоир Азиз Саид. — Виждони пок, ниҳоятда камтар, ўта талабчан, фидойи бу инсон газетанинг “қора” меҳнатидан эринмаслик бобида биз шогирдларга ҳамиша ўрнак ва ибрат эди. Танишганимга ярим асрдан ошган бўлса-да, Баҳодир ака ҳамон ўша-ўша ишонувчан, тўғрисўз, ўз соҳасини пухта биладиган ва ниҳоятда меҳнаткаш киши. Қизилтепада бу инсонни ҳамма билади, ҳурмат қилади, у киши ҳам кўпчиликни яхши танийди. Устоз журналист сифатида қадрлашади ва эъзозлашади.
Азизжон устози ҳақида жуда ибратли фикрларни айтди. Ҳозир нафақат Навоий вилоятида, балки республикамизда ҳам Баҳодир Эгамовдай ўз касбини севадиган, фидойи ижодкорлар кам.
Кузатишларим ва баъзан учрашганимизда бўладиган қисқа суҳбатлардан шундай хулосага келдим: Баҳодир Эгамовнинг қулоғи тезкор хабар, кўзи ибратли воқеа, қалби долзарб мавзу излайди. Шу боис ҳам унинг ёзганларида қайноқ ҳаёт нафаси, бугун бўлаётган катта ўзгаришлар, ислоҳотлар тафти сезилиб туради.
Бир суҳбатда улуғ устозимиз, адабиётшунос олим Иброҳим Ғафуров “Инсонни тажрибаси намоён қилади”, — деган эди. Бугун катта тажриба эгасига айланган Баҳодир Эгамов замон янгиликлари билан ҳамқадам ва ҳамнафас. У юрагида ҳам, қаламида ҳам чўғи бор журналистлардан.
Унинг “Умрим безаги ёхуд садоқат гуллари”, “Ҳаёт қадри” китоблари ўқувчиларга манзур бўлган. У катта ва ибратли оиланинг ҳам отаси, ҳам бобоси. У бир шеърида ўзининг фаолиятини шундай ифодалайди:
Ташвишсиз кунимни санамайман, йўқ,
Бир нафим тегсин, дейман элимга.
Яшашдан аслида шу эрур мазмун:
Беташвиш яшасам, керакман кимга?!
Булар барчаси эзгу ташвишлар, одамларга, уларнинг оддий муаммоларини ҳал қилишга, муҳтожларга ёрдам беришга қаратилган инсоний ташвишлар. Аслида, ижодкорлар ҳам шундай ташвишлар билан яшаши ва ижод қилишлари керак.
Айтганча, жўшқин қалам соҳиби, таниқли журналист Баҳодир Эгамовнинг ҳамиша эслаб юрадиган беминнат шукронаси бор:
— Илк бор қўлимга қалам тутқазган, отажоним — ўқитувчи Аллаёр Эгамов, Ҳимматбону онажоним, меҳридарё Жалиса холам, меҳрибон ва ҳақиқатгўй Бахтиёр акам, ҳаётдаги беминнат устозларим — профессор Тожи Қораев, заҳматкаш муҳаррирлар Мурод Халил, Умид Сатторов, Раҳим Мақсудов, журналист-ижодкорлар Фаттоҳ Сатторов, Абдураҳмон Шукуров, Комил Жўраев, Бахшанда Болтаева, Иброҳим Жумаевлардан бир умр миннатдорман.
Қалби Қизилтепа чўлларидай кенг ва беғубор, юраги тоза, ўзи содда, меҳрли ва меҳрибон инсон, ўта меҳнаткаш, ўз касбини бениҳоя севадиган ва қадрлайдиган фидойи газетачи Баҳодир Эгамовнинг битта зўр нияти бор. У киши: “Одамлар яна газетага қайтадилар, матбуотга меҳр қўядилар. Матбуот дўконлари қайта тикланади”, деб орзу қиладилар. Биз ҳам устознинг қутлуғ орзуси ушалишини қўллаб-қувватлаймиз.
Ашурали ЖЎРАЕВ,
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист.