Давр, Жамият, Газета

Ҳар бир газета бамисоли тирик жон, тирик организм — туғилади, вояга етади, яшайди, шу билан бир вақтда унинг равнақ топиши, гуллаб-яшнаши ва қанчалар узоқ умр кечириши жуда-жуда кўп омилларга боғлиқ бўлиб қолади. Бунинг сабаби чуқур.

Газетанинг ҳаёти жамият ҳаёти билан чамбарчас боғлиқликда кечади. Жамиятнинг бирор-бир соҳаси, бирор-бир воқеа-ҳодисаси газетанинг диққат-эътиборидан четда қолмайди. Яхшиси ҳам, ёмони ҳам. Аччиғи ҳам, чучуги ҳам. Қувончу қайғуси ҳам. “Нега уни ёзиб чиқдинг? Нима учун фалонни ёзиб эл-юртга ошкор қилдинг?” деб дўқ-пўписа қилиш, гина-кудуратга бориш “ГАЗЕТА” отлиқ мўъжизанинг табиатини, вазифасини, миссиясини тушунмаслик, англаб етмасликдан ўзга нарса эмас. Оммавий ахборот воситаларининг байроқдори, етакчиси бўлмиш газетанинг бошига не кунлар тушса, уларнинг бари мазкур унинг табиатига, вазифаси ва миссиясига бориб тақалади.

Газета бўйсунмас мавжудот, ўжар, қайсар, ўз билганидан қолмайдиган махлуқ. Унинг биттаю битта дўсти бор — ҳақиқат! Мезони — виждон! У ўзи яшаб турган жамиятнинг кўзгуси, бинобарин, борни бор дейди, йўқни йўқ. Дунёдаги қайси газетанинг бошига не кўргуликлар тушган бўлса, ҳамма-ҳаммаси ушбу санаб ўтилган хусусиятлар туфайли, ушбу фазилатлар… йўқ, фазилат демайлик, такрор бўлса-да, таъкидлайлик: газетанинг қисмати шу, унинг пешонасидаги ёзиғи мана шу!

Замонавий оммавий ахборот воситалари минтақамизда вужудга келганига тахминан 150 йил бўлди. Бундай қараганда, у қадар узоқ давр эмас, аммо-лекин шу йиллар мобайнида минтақамиз, жумладан, мамлакатимиз озмунча ижтимоий-сиёсий тўлғанишларни бошдан кечирдими? Сиёсат ўзгарди, мафкура ўзгарди, давр ўзгарди, шунга яраша матбуот ҳам кўпдан-кўп ўзгаришларга учради. Ана шундай ўзгаришлар тўлқинида нима учун журналист ўзгармаслиги керак?! Таъна ва таъкид тўла савол давом эттирилса, тасаввурга сиғмас ушбу ўзгаришлар силсиласи жараёнини тўғри, саводли, маърифатли ва янада муҳими, холис англаб етиш кенг оммани, ҳукмрон-раҳбарий сиймоларни озмунча мураккабдан-мураккаб вазиятларга солиб келмоқдами?!

Матбуот, жумладан, газета ҳукмрон мафкурага бўйсуниши, унга хизмат қилиши, юқоридан чизилган чизиқдан четга чиқмаслиги миллий журналистика учун янгилик эмас. Аммо-лекин бир ҳақиқатни ҳеч иккиланмай айтишга бурчлимиз: ҳар қандай даврда, ҳар қандай ижтимоий-сиёсий “об-ҳаво”да газеталаримиз газета деган шарафли номга, журналистларимиз журналист деган шарафли номга доғ туширмаслик чорасини изладилар, касбимиз тийнатидаги энг муқаддас вазифа-миссияни адо этиш йўлларига садоқатларини сақладилар.

Гапни узоқдан бошлаганимиз бежиз эмас. Зеро, Фарғона вилоятида чиққан илк миллий газета “Садои Фарғона”нинг дастлабки нусхаси бундан роппа-роса 110 йил (1914 йил 3 апрель кунидан) муқаддам нашрдан чиққан.

Савол туғилади: газета таъсис этишдан не мақсад-муддаолар кўзда тутилган эди? Миллий матбуотимиз тарихи билимдони, ҳассос олим Бойбўта Дўстқораев тадқиқотлари бу борада туғилажак ҳар қандай саволга жавоб бера олади.

Газетанинг биринчи сонида муҳаррир Обиджон Маҳмудов мақсадни очиқ-ойдин ёзди: “…халқимизга қўлимиздан келган қадар хизмат этмакдир”.

“Халқимизга хизмат этмак” деган жумлага ҳам ойдинлик киритишга тўғри келади. Бунинг учун ўша даврни, миллий ва хорижий воқелик­ларни, халқимизнинг ижтимоий-сиёсий, маънавий, мафкуравий ва ҳоказо аҳволларини бир қадар бўлса-да, тасаввур қилмоғимиз зарур. Бир сўз билан айтганда, аҳоли ўртасида амалга оширилиши зарур бўлган муаммолар шу қадар қалашиб кетганки, шунга тўғри ёндашган “Садои Фарғона”нинг ҳам иши-юмуши бошидан ошиб-тошган. Шундай экан, газетанинг биринчи сонида чоп этилган қуйидаги сўзларга эътибор қаратайлик: “Дардимиз — бир, касалимиз ҳам — бир, даво ва дармонимиз ҳам бирдур”.

Бошқача бўлиши мумкин ҳам эмас, зеро, газета қайси замон ва қайси маконда фаолият юритмасин, у авваламбор халқники, у халқ учун нашр этилади, шундай экан, унинг бутун туриш-турмуши, тутумлари, мақсад-вазифалари кенг омманинг қизиқиш ва манфаатларига ҳамоҳанг, вобаста бўлиб қолаверади.

“Садои Фарғона” газетасининг 2-сонидан олинган қуйидаги сўзларга эътибор қаратайлик: “Ғазета бир идораи умумийдир, ҳар ким хаёлиға келгон фикрини майдонга чиқаруб ёзмакға ҳақи бор”. Биз замонавий сўз эркинлиги тизимлари, матбуот эркинлиги, яъни демократия қадриятлари Ғарбда пайдо бўлган, демократиянинг отаси-ўчоғи Ғарбий минтақаларда деган таассуротлардан воз кечолмаймиз. Ваҳоланки, мана шу олинган иқтибосга теранроқ, чуқурроқ разм солайлик. Қайси қадриятлар назарда тутилмоқда мазкур сўзларда?

Газета — умумнинг мулки эканлиги, унинг саҳифаларида ҳар қандай фикрни майдонга ташлашга, яъни кенг омма эътиборига ҳавола қилмоққа даъват этилмоқда. Демократиянинг ўзаги, умуртқаси ҳам шу эмасми?! Матбуотни шу йўлда “инсонни комил” қилувчи дорилфунунга айлантириш нияти, мақсади, орзуси ётибди!

“Садои Фарғона”нинг 123 сони дунё юзини кўрди, охирги сони 1915 йилнинг 6 июнида чиқди.

Чоғиштирайлик: “Фарғона ҳақиқати” газетасининг 2023 йил 29 декабрь сонида таҳририят жамоасининг “Сарҳисоб”и эълон қилинди. Жамоа ўз муштарийлари, мухлислари олдида ҳисобот бермоқда. “Ўтган йил бошида, — деб ёзадилар унда, — берган ваъдамиз — ижтимоий-маърифий, тарихий, халқаро ҳаёт ва даврнинг долзарб муаммолари ечимига бағишланган, вилоят ва мамлакат ҳаётидаги муҳим воқеалар тафсилоти, танқидий-таҳлилий, бадиий-публицистик мақолалар, шеър ҳамда ҳикоялар ва бошқа кўплаб мавзулардаги чиқиш­ларимиз билан маънавий озуқа улашишга баҳоли қудрат ҳаракат қилдик”.

Газета саҳифаларидан тушмаган рукнларга кўз югуртирайлик: “Бирни кўриб фикр қил, бирни кўриб шукур”, “Аччиқ, аммо очиқ гап­лар”, “Сиз нима дейсиз?”, “Газетхон фик­ри”, “Ёдимиздан йироқ одамлар”, “Тарихга назар”, “Мухбиримиз муаммо қўяди”, “Жума сабоқлари”, “Яхшилардан сўз очдик”, “Жамият оғриғи”, “Қиш­лоқларни яёв кезганда”, “Сиз кутган суҳбат”.

Санаб ўтилган рукнлар остида эълон қилинган чиқишларни мутолаа қилишдан туғилган таассуротлар баёнига киришилса, муболағасиз, бир китобга жо бўлади. Бугунги “Фарғона ҳақиқати” билан бундан 110 йил муқаддам чоп этилган “Садои Фарғона” газетаси жамоаси дилига туккан мақсад ёнма-ён қўйилса, холис назар-нигоҳ ташланса, қанчалар ўхшашлик, қанчалар яқинлик, қанчалар эзгулик кўзга яққол ташланади. Давр бошқа, замон бошқа, жамият ва мафкуралар хилма-хил, лекин эзгу мақсад бир: одамларни хабардор қилиш ва “инсонни комил” қилиш! Тўғри, ҳозирги замон истаклари ва имкониятлари билан бир аср бурунги ҳолат ўртасига тенглик аломатини қўйиш мантиқсиз, албатта. “Фарғона ҳақиқати” қамровни шу қадар кенг олганки, бундай миқёсда фаолият юритишга мамлакатимиздаги вилоят газеталари эмас, республика миқёсида чоп этиладиган кўплаб нашрлар ҳам ҳавас қилса арзийди. Зеро, газета нафақат вилоят, балки Фарғона водийси ҳаётини қамраб олишга жазм этган (“Водий овози” саҳифаси), бу билан ҳам кифоя­ланмай, мамлакатимизда, қолаверса, дунё­­да кечаётган муҳимдан-муҳим воқеаларни қамраб олишга ҳаракат қилмоқда. Аввало, бир вилоят газетаси миқёсида шунча масалани зиммага олиш нақадар осон эмаслигини қалам аҳли яхши билади, тушунган одам тушунади, бироқ замон бошқа, одамлар бош­­қа, тафаккурлар мутлақо ўзгача. Ҳозир энг тақчил нарса — ахборот. Ахборот қанчалик кўп берилса, у шунчалар озлик қилаётган даврда яшаб турибмиз. “Фарғона ҳақиқати” тахламларини варақлаган ҳар қандай тадқиқотчи, илмий тилда айтганда, таҳририят ижодий жамоаси минимал имкониятлардан максимал фойдаланаётганини кўриши қийин эмас.

“Фарғона ҳақиқати” ана шундай миқёсларда фаолиятни йўлга қўйгани вилоят зиёлиларининг, Фарғона вилояти интеллектуал-ижодий дунёси вакилларининг ва албатта, вилоят раҳбариятининг эътибори, мадади ва қўллаб-қувватлаши меваси эканлигига шак-шубҳа йўқ.

Шу ўринда Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Фарғона вилояти бўлими ташаббуси билан бир гуруҳ фарғоналик журналистлар Ҳиндистон сафарига бориб келишгани алоҳида воқеа эканлигини таъкидламоғимиз зарур. Ушбу ўзига хос сафар асносида вилоят ҳокими Хайрулла Бозоровнинг мақоласи Ҳиндистон матбуотида, Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси Сканд Ранжан Тайалнинг мақоласи “Фарғона ҳақиқати” газетасида эълон қилингани чинакам маънода тарихий воқеадир.

Устоз Бойбўта Дўстқораев “Садои Фарғона” газетасининг 1914 йил 4 май кунги сонида эълон қилинган Муҳаммад Одилнинг “Пилла кам тутилмоғининг сабаби” сарлавҳали таҳлилий мақоласини “миллий матбуотимизда илк марта журналистик текширув жанрига мурожаат қилинди” деб баҳолайди. Газетанинг 1914 йил апрель-май сонларида давомли мақола сифатида босилган Чўлпон қаламига мансуб “Ватанимиз Туркистонда зироат ва деҳқончилик” мақоласини мавзунинг моҳиятига кириш нуқтаи назаридан журналист суриштирувига ўхшатади.

Ниҳоятда жиддий хулоса бу. Кашфиёт бу! Чунки “Журналист текшируви” ҳозирги замон жаҳон журналистикасида энг кўп ўқиладиган, энг кўп самара берадиган жанр даражасига кўтарилган. Миллий матбуотимизда эса ушбу жанр имкониятларидан етарли даражада фойдаланиляпти деб айтолмаймиз. Буни қарангки, “Садои Фарғона”да шу йўналишдаги мақолалар босилган экан, унинг ҳозирги давомчиси “Фарғона ҳақиқати” саҳифаларида ҳам журналист суриштируви чиқиб турибди.

…Газетанинг 2023 йил 19 май кунги сонида шаҳартепалик якка тартибдаги тадбиркор-чевар Нилуфархон Содиқова айтган қуйидаги сўз доно халқимизнинг ўлмас ҳикматлари янг­лиғ дилга, хотирага муҳрланади: “Меҳр берган қўлга игна кирмайди”.

Нақадар ҳалол, нақадар беғубор ва нақадар ўзбекона! Газета мана шундай топилмалари учун ҳам, мухлислари ва муштарийлари кўнглига илиқлик, меҳр улаша олаётгани учун ҳам яшашга ҳақли!

Хуршид ДЎСТМУҲАММАД,

филология фанлари доктори,

профессор.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

1 + 3 =