Сирдарёлик амалдорларга матбуот ортиқча юк бўляптими?
Аҳолиси бир миллионни қоралаб бораётган Сирдарё вилоятида босма оммавий ахборот воситалари жадаллик билан ўқирманлар сонига тескари пропорционал тарзда ўсиб бораяпти. Бу ҳодисани аниқ мисоллар ёрдамида таҳлил қилиб кўрайлик. Вилоят Ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси тақдим этган маълумотномага таянадиган бўлсак, айни пайтда 4 та туман ва шаҳар ҳокимликларининг газеталари чиқмаяпти. Булар сирасига вилоятнинг энг аҳолиси кўп Боёвут ва унга қўшни Ховос туманлари, Гулистон ҳамда Янгиер шаҳарлари киради. Ушбу ҳудудий бирликлардан бирининг раҳбари Дилфуза Уралова Сенатор ҳисобланади.
Газетани ҳақли равишда маънавият ва маърифат минбари, дейишади. Афсус-надоматлар бўлсинки, ушбу туман-шаҳарларнинг раҳбарлари ҳозирча маънавият ва маърифат минбарининг зарурлигини англаб етмаяптилар. Энг қизиғи, мазкур туман ва шаҳарларда вақтли нашрлар ойлаб, ярим йиллаб чиқмаётганига вилоят Ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси панжа орасидан қараб келмоқда. Аслида амалдаги қонунларимизда вақтли нашрлар 6 ой чиқмаса, ёпилиши керак. Газеталар сони қисқариб кетса, бошларида калтак синишини билган бошқарма юқорига сохта маълумотлар йўллаб, кўзбўямачилик қилишдан бошқасига ярамаяпти чоғи.
Айни пайтда чоп этилаётган газеталарнинг аксарида даврийлик қўпол тарзда бузилмоқда. Ширин шаҳри ҳамда Сардоба, Сайхунобод, Оқолтин туманларининг “Ширин садоси”, “Шарафли йўл”, “Янги ҳаёт”, “Оқолтин овози” газеталари 15 кунда бир марта чиқиши белгилангани ҳолда бир, икки, ҳатто олти ойда аранг дунё юзини кўраётганини қандай тушуниш мумкин?! Буларни энди газета дейишга ҳам тилинг бормайди. Қолаверса, мазкур нашрларнинг адади ҳам ҳаминқадар — атиги 50 нусхадан 270 нусхагачани ташкил қилади. Мулоҳаза учун бир факт: вилоятнинг бош нашрлари — “Янги Сирдарё”, “Новая Сырдарья” ҳамда туман-шаҳар газеталари барчасининг ададларини қўшиб ҳисоблаганда, вилоятда чоп этилаётган газеталар сони жами 6225 нусхани ташкил этмоқда. Бу ўқирманларни маънавият чашмасидан ошқошиқ билан суғоришдек гап.
Тўғри, ҳозир мажбурий обунага барҳам берилган. Бироқ ҳудудлардаги маҳаллалар, таълим муассасалари, корхоналарнинг (мактабгача таълим ташкилотлари, умумтаълим мактаблари, коллеж ва техникумлар) кутубхоналарига жойларда чоп этилаётган маҳаллий нашрлардан 1-2 нусхадан обуна уюштирилган тақдирда ҳам газеталар адади анчагинани ташкил этган бўларди. Лекин маҳаллий раҳбарлар аҳолининг маънавий-мафкуравий иммунитетини оширадиган бундай муҳим тадбирга панжа орасидан қарашмоқда. Пировардида ўқирмани йўқ маҳаллий нашрлар аста-секин йўқолиб кетяпти.
Кулгили бир ҳолат: “ойнаи жаҳон”да намойиш қилинадиган ҳалиги машҳур Жўра Ҳамдам ҳақидаги интермедия бор-ку: “Тўйма-тўй юрадиган машшоқчидан: “Қўшиғингизнинг куйини, сўзини ким ёзган?” дея мухбир сўраганда, у фахр билан: “Жўра Ҳамдам сўзи ва мусиқаси, ижро этади: Жўра Ҳамдам!” дейди. Юқорида номлари келтирилган нашрларда фаолият олиб бораётган муҳаррирлар газетанинг сўнгги саҳифасига семиз ҳарфларда “Бош муҳаррир” дея имзо чекишмоқда. Бутун бошли газетани бир ўзи — ҳам муҳаррир, ҳам масъул котиб, ҳам мухбир, ҳам сураткаш, ҳам мусаҳҳиҳ бўлиб — ойда, ярим йилда бир чиқариб қўйиб, бош муҳаррирликни даъво қилишмоқда. Нима қилсин: осмон йироқ, ер қаттиқ; маблағ бўлмагандан кейин штат жадвалини тўлдириб бўладими?!
Газета чиқариш ва уни қўллаб-қувватлаш осон юмуш эмас. Бурноғи йили Янгиер шаҳрига янги ҳоким этиб тайинланган Отабек Носиров енг шимариб, анчадан буён фалажланиб ётган шаҳар газетасини оёққа турғизмоқчи бўлди. Фақат 67 ёшли “Янгиер тонги” газетаси номини ўзгартириб, “Янгиер ҳаёти” номи билан чиқара бошлади (айтишларича, аввалги газетанинг солиқдан қарзлари болалаб кетган экан. Янги ҳоким маблағ чиқаргиси келмади). Ана шу тариқа бир вақтлар чўлқуварларнинг севимли нашри бўлган газетанинг номи тарих саҳифаларига итқитилди. Халқимизнинг севимли шоираси Ҳалима Худойбердиеванинг илк машқлари мана шу газетада дунё юзини кўрган. Бироқ Носиров “кашф қилган” газетанинг куни битган экан. Бир ёшга тўлар-тўлмас фаолиятини тўхтатди. Эл оғзида: “Ҳоким таъсис этган газетанинг умри қисқа экан”, деган гап қолди, холос.
Мана бу воқеа эса юқорида зикр этилган фактнинг бутунлай тескарисидир. Мирзаобод тумани ҳокимлиги муассислигида бинойидек чоп этиб турилган “Мирзаобод” газетаси янги ҳоким Сарварбек Султоновнинг 2024 йил 29 мартдаги қарори билан тўхтатилди. Ўрнига янги газета — “Янги Мирзаобод” газетасининг нашр қилинишига оқ фотиҳа берилди. Ваҳоланки, “Мирзаобод” газетаси Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фонди танловида қатнашиб, уч марта грант маблағи ютиб олган. Мазкур маблағ ҳисобига газета бош муҳаррири Анорбой Норқулов 18 июнь куни “Мирзаобод”нинг янги сонини чиқарди. Унинг охирги саҳифасида кўринарли ҳарфларда: “Муассис: Мирзаобод туман ҳокимлиги” деб ёзиб қўйилган. Ана шу тариқа туманда қўшгазетачилик ҳолати вужудга келди. Норқуловнинг шаҳодат беришича, ҳокимлик у муҳаррирлик қилаётган газетанинг ёпилганлиги ҳақидаги қарор нусхасини ҳалигача тақдим этмаган. Туман ҳокими имзо чеккан юқорида номи зикр этилган қарорнинг 2-бандида: “Туман ҳокимлиги муассислигидаги “Мирзаобод” газетаси фаолияти тўхтатилсин ҳамда “Китоб ва матбуот хизмати” МЧЖ муассисликларида “Янги Мирзаобод” газетаси таҳририяти (кейинги ўринларда таҳририят деб юритилади) ташкил этилсин”, деб ёзиб қўйилган (қарор матни қандай битилган бўлса, шундай берилмоқда).
Бироқ қарор бандларида бундай кескин тўхтамга келинишининг сабаблари изоҳланмаган. Нега чиқиб турган газета ёпилаяпти? Ёки муҳаррир ўз вазифасини эплай олмадими? Нашрда ёритилаётган мақолалар давр талабига жавоб бермаяптими? Ёки газетанинг эски номи муассисга ёқмаяптими? Жавоб йўқ.
Мазкур масалага ойдинлик киритиш учун Мирзаобод тумани ҳокимлигига бордик. Ҳокимнинг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Сирожиддин Кенжаев билан учрашиб, аксар саволларимизга жавоб ололмадик. “Нега чиқиб турган газетани тугатиб, янги газета ташкил қилдиларингиз?” деган саволимизга туман расмийси: “Бу ҳокимимизнинг ташаббуси” дейишдан нарига ўтолмади. “Янги газета “Мирзаобод” газетасининг вориси бўлиб қоладими?” деган саволимиз ҳам жавобсиз қолди (масалан, “Янги Сирдарё” газетасининг барча сонлари бош саҳифасига “Газета 1963 йил 1 июндан “Сирдарё ҳақиқати” номи билан чиқа бошлаган” деган ёзув қўйилади). “Янги Мирзаобод”нинг дунё юзини кўрган икки сонида ҳам бундай ёзув йўқ.
Зеро, “Мирзаобод” газетасининг чоп этила бошлаганига келаси йили 30 йил тўлади. Демак, “Янги Мирзаобод” — янги дунёга келган нашр. Ишни нолдан бошлайди. Шу билан туман газетасининг 30 йиллик тарихи архивга топширилади.
“Янги Мирзаобод”нинг охирги саҳифасида вақтли нашр “Маънавий олам” таҳририяти компьютер марказида териб саҳифаланганига кўзимиз тушиб, мазкур газета бош муҳаррири Муроджон Ҳайитовга сим қоқдик. “Бундан кейин Мирзаобод тумани муассислигидаги газета сизларнинг қўлловингизда чоп этиладими?” деган саволимизга:
— Мирзаободнинг нон-тузини еб катта бўлганлигим учун “Янги Мирзаобод”нинг иккита сонини тайёрлашга ёрдам бердим. Бу ёғига энди улар ўзларининг аравасини ўзлари тортади, — деган гапни қилди.
Сўнгра газетанинг бош муҳаррири Ғанишер Маматқулов билан боғландик. У ҳали бош муҳаррирликка тасдиқланмаган экан. Вақтинча вазифасини бажарувчи экан. Бироқ ҳар икки газетага гажакдор қилиб “бош муҳаррир” дея имзо чекибдилар. Боз устига, биродаримиз айни пайтда “Маънавий олам” газетасида масъул котиб вазифасини ҳам бажармоқда. Бошқа саволларимизга туман ҳокимлигида раҳбарлар билан юзма-юз ўтирганда жавоб беришини айтиб, гўшакни қўйиб қўйди.
“Янги Мирзаобод”нинг икки сонини варақлаб, вилоят ва республика ҳаётига кенг ўрин берилганлигига амин бўлдик. Бир неча материаллар “Маънавий олам”дан кўчиб ўтибди. Аксар мақолалар турли сайт ва каналлардан кўчириб олинибди. Янги нашрдан дайжест газетанинг ҳиди келмоқда. Энг ташвишлиси, газеталар фаолиятини тўхтатиш, янгисини ташкил этиш ёхуд номини ўзгартириш оддий ҳолга айланиб бораётир. Ваҳоланки, ҳар газетанинг ўз тарихи, бугуни, эртаси бор. Чунки бу номлар остида тарих, устоз журналистларнинг машаққатли меҳнатлари ётибди. Масалан, жойларга сафарга чиқсак, муштарийлар ҳали-ҳамон: “Сирдарё ҳақиқати”дан келдингизми?”, дея мурожаат қилишади.
Биз ушбу мақоламизда, асосан, Сирдарё вилоятидаги ҳокимликлар муассислигидаги газеталар ҳақида баҳоли қудрат фикр юритдик. Биз келтирган фактларнинг ўзиёқ вилоятда шаҳар-туман ҳокимликлари муассислик қилаётган газеталарнинг иши ҳаминқадарлигидан дарак беради.
Муҳтарам Президентимизнинг куни кеча Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимларига йўллаган табрикларида эса матбуот ва журналист меҳнатига жуда катта эътибор, баҳо берилди, жамиятда миллий контентни янада юксалтириш, журналист ишини мудофаа ва миллий хавфсизлик масаласи билан тенглаштирилганини эшитиб, матбуотда ўқиб, ҳар биримизнинг қалбимизда ғурур ва масъулият ҳисси янада ошди.
Аммо минг афсуски, Сирдарё вилоятидаги қатор ҳокимликлар матбуотни ортиқча юк деб билаётган, кераксиз соҳа деб ўйлашаётганига нима дейсиз?!
Муҳаммадали АҲМАД,
Ўзбекистон Журналистлар
уюшмаси аъзоси.