Жаҳон матбуот эркинлиги индекси: “Чегара билмас мухбирлар” ҳамиша холисми?
Дунёда инсон ҳақ-ҳуқуқларининг таъминланиши ва жамият фаровонлиги даражасини баҳолашга қаратилган халқаро рейтинглар ва индекслар кўп. Уларнинг катта қисми нодавлат-нотижорат ташкилотлар бўлиб, асосан, тарғиботчилик фаолияти орқали ўзини-ўзи молиялаштиради. “Чегара билмас мухбирлар” ҳам ана шундай ташкилотлардан биридир. Ҳар йили 3 май — Жаҳон матбуоти эркинлиги куни арафасида ушбу ташкилот “Халқаро матбуот эркинлиги индекси (кўрсаткичлари)”ни эълон қилиб, омманинг қизғин муҳокамаларига сабаб бўлади.
Мазкур индекс натижалари ҳар бир давлат ўтган бир йил давомида ўз медиа ландшафтини сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, қонун устуворлиги ва хавфсизлик индикаторлар (кўрсаткичлар)и бўйича қандай ўзгартирганигача норасмий баҳо берилади ва кейинги бир йил давомида сиёсий, халқаро ҳамкорлик, ижтимоий, иқтисодий, инвестицион, илмий-инновацион ва бошқа кўплаб соҳалар истиқболи “башорат” қилинади. Яъни агар давлат номи рейтингнинг юқори ўринларида қайд этилса ёки аввалги йилларга нисбатан ижобий ўзгаришлар кузатилса, ушбу мамлакатда юқорида санаб ўтилган йўналишлар бўйича барқарорликка интилиш борлиги эътироф этилади. Бу эса ўша мамлакат халқаро ҳамкорликнинг ҳам сиёсий, ҳам ижтимоий-иқтисодий ва бошқа йўналишлари бўйича ишончли эканлигидан далолат беради. Натижада ўзининг инвестицион жозибадорлигини ошириш ва ташқи дунё билан мулоқотни кенгайтиришига қайсидир маънода ижобий туртки бўлиши мумкин. Рейтингда аксинча натижаларни қайд этган давлатлар эса кейинги бир йил давомида барча соҳалар бўйича халқаро ҳамжамият ва хорижий ҳамкорлар билан ишончсизлик муаммосига дуч келиши ҳам мумкин. Чунки матбуот эркинлиги бўлмаган ҳар қандай давлатнинг сиёсий шаффофлиги, қонун устуворлиги, иқтисодий эркинлиги, ижтимоий барқарорлиги ва рақобатбардошлик имкониятлари шубҳа остига олинади. Демак, мазкур рейтингда яхши натижаларни қайд этиш ривожланаётган ҳар бир демократик давлат қатори Ўзбекистон учун ҳам жуда муҳим ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 25 февралда эълон қилинган “Ўзбекистон Республикасининг халқаро рейтинглар ва индекслардаги ўрнини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда ва 2022 йил 18 майда қабул қилинган “Халқаро рейтинг ва индекслар билан ишлашда илмий салоҳият ҳамда амалий фаолият уйғунлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорларида Ўзбекистонда ҳуқуқий демократик давлатнинг муҳим шартларидан бўлган сўз ва матбуот эркинлигини барқарорлаштириш орқали халқаро рейтингларда юқори натижаларга эришиш ва мамлакат инвестицион жозибадорлигини оширишнинг ҳуқуқий механизмлари ўз ифодасини топган.
Куни кеча Жаҳон матбуоти эркинлиги куни арафасида “Чегара билмас мухбирлар”нинг 2024 йил рейтингида Ўзбекистон умумий 100 балдан 37,27 балл билан 180 давлат ичида 148-ўринни қайд этди. Ушбу кўрсаткич ўтган 2023 йилга қараганда 11 поғонага, 2022 йилга нисбатан 15 поғонага пастлаганини ва ҳалигача матбуоти эркин бўлмаган мамлакатлар қаторида қолаётганини кўриш мумкин. Аммо… мамлакатимизнинг 2024 йилдаги натижалари бўйича ҳисоботни таҳлил қилар эканмиз, дастлаб эътиборимизни тортган жиҳати — ҳисоботнинг ўтган ва ундан олдинги йиллардаги ҳисоботлардан деярли фарқ қилмаслиги бўлди. Айниқса, унда келтирилган сиёсий, иқтисодий, ҳуқуқий ва хавфсизлик индикаторлари бўйича мисоллар ва кейслар ўтган йиллардаги билан бир хил бўлиб, 2024 йилда кенг муҳокамага ва ҳатто жаҳон медиа ландшафтида резонансга сабаб бўлган воқеа-ҳодисалар ҳақида таҳлилларнинг учрамаслиги таажжубланарлидир. Хўш, “Чегара билмас мухбирлар” ўзи қандай ташкилот? У рейтинг тузиш ва натижаларни эълон қилишдан бошқа яна қандай фаолият билан шуғулланади? Бу рейтингни тузишда қандай тадқиқот методологияси ва методларидан фойдаланади? Тадқиқот гуруҳида қандай мутахассислар ишлайди ва улар мамлакатлар медиа ландшафти бўйича маълумотларни қайси манбалардан олади? Ташкилот томонидан эълон қилинадиган ҳисоботлар ҳамиша ҳам холис ва ҳаққонийлик мезонларига жавоб бера оладими? Ўзбекистоннинг сўз ва матбуот эркинлигини юқори кўрсаткичларга чиқариш қандай омилларга боғлиқ? Албатта, бу каби саволларга жавоб бериш йўлида Ўзбекистонда матбуот ва сўз эркинлиги кўрсаткичини аниқлаш қанчалик шаффоф ва холис амалга оширилганига ойдинлик киритиш жуда муҳим ҳисобланади. Шундай қилиб, “Чегара билмас мухбирлар” қандай ташкилот ва у рейтинг тузишдан бошқа яна қандай фаолият билан шуғулланади?
“Чегара билмас мухбирлар” (Reporters without borders) — ахборот эркинлиги ҳуқуқини ҳимоя қилишга қаратилган халқаро нодавлат ва нотижорат ташкилот бўлиб, инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 19-моддасига мувофиқ, давлат чегараларидан қатъи назар, ахборот олиш ва алмашиш ҳуқуқини, шунингдек, бошқа халқаро ҳуқуқ хартияларига мувофиқ, ҳар бир инсон янгиликлар ва маълумотлардан фойдаланишга муҳтож, деган ишончга асосланган ҳолда ўз тарғиботини олиб боради. Мазкур ташкилотнинг асосий расмий нашри — бу унинг расмий веб-сайти ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари ҳисобланади. Ташкилот француз, инглиз, испан, португал, араб, форс ва хитой тилларида оммавий ахборот воситалари эркинлигига таҳдидлар ҳақида кундалик брифинглар ва пресс-релизлар тақдим этади. Расмий сайти 6 хорижий тилда, жумладан, инглиз, француз, испан ва араб тилларида фаолият юритади ва жуда кўп сонли кузатувчиларга эга. “Our publication” рукни остида бутун дунёда сўз ва ахборот эркинлигига таҳдидлар, журналистлар фаолияти билан боғлиқ муаммолар, низоли вазиятлар, миллий, минтақавий ва глобал медиа ландшафтда кечаётган воқеа-ҳодисалар ҳақида хабарлар эълон қилиб боради. Мазкур рукн сайт фойдаланувчилари учун жуда қулай интерфейс ва имкониятларга эга бўлиб, хабарлар ва маълумотларни мамлакатлар, ҳудудлар, теглар, йиллар кесимида фильтрлаш орқали осон топиш имкониятини беради. Ўзбекистон бўйича энг охирги материаллар 2023 йилнинг июнь ва июль ойларида эълон қилинган ва жуда танқидий руҳда ёзилган. Шунингдек, минтақавий ва мавзуга оид ҳисоботларидан ташқари, тарғибот ва маблағ йиғиш воситаси сифатида йилига уч марта “Матбуот эркинлиги учун 100 та фотосурат” китобини нашр этади. Бу ташкилот учун муҳим даромад манбаи бўлиб, 2018 йилда ўз маблағларининг деярли тўртдан бир қисмини айнан шу йўл билан тўплаган.
“Халқаро матбуот эркинлиги индекси”ни тузишда қандай тадқиқот методологияси ва методларидан фойдаланилган?
Индекс ҳар бир мамлакат ёки ҳудуд учун 0 дан 100 гача бўлган баллга асосланади, 100 балл мумкин бўлган энг яхши балл (матбуот эркинлигининг мумкин бўлган энг юқори даражаси) ва 0 энг ёмон балл ҳисобланади. Ушбу балл икки компонент: биринчидан, ОАВ ва журналистларнинг фаолияти билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларнинг миқдорий ҳисоби; иккинчидан, матбуот эркинлиги бўйича мутахассисларнинг жавоблари асосида ҳар бир мамлакат ёки ҳудуддаги вазиятни сифатли таҳлил қилиш асосида ҳисобланади.
Ташкилот сайтида матбуот эркинлигининг интерактив харитаси яратилган бўлиб, унда индексдаги барча мамлакатлар баллари визуал кўринишда акс этади. Ранглар ва таснифлар қуйидагича белгиланади:
85-100 балл — яхши (яшил ранг билан)
70-85 балл — қониқарли (сариқ ранг билан)
55-70 балл — муаммоли (очиқ сариқ ранг билан)
40-55 балл — қийин (тўқ сариқ ранг билан)
0-40 балл — жуда жиддий (тўқ қизил ранг билан)
Юқоридаги балли система баҳолашнинг бешта контекстли индикаторига асосланади. Ҳар бир мамлакат ёки ҳудуднинг бали матбуот эркинлиги билан боғлиқ бешта: қонунчилик базаси, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий-маданий контекст ва хавфсизлик кўрсаткичлари ёрдамида баҳоланади. Ҳар бир кўрсаткич учун 0 дан 100 гача бўлган ёрдамчи балл ҳисобланади. Барча ёрдамчи баллар глобал баллга тенг ҳисса қўшади. Ҳар бир кўрсаткич ичида барча саволлар ва кичик саволлар тенг вазнга эга эканлигини ташкилот ўз тадқиқот методологиясини изоҳлаганда урғу беради. Аммо саволлар сони бунинг аксини кўрсатади. Чунки сиёсий контекст бўйича 33 та савол тузилган бўлса, иқтисодий контекст бўйича 25 та, ижтимоий-маданий контекст бўйича 22 та, хавфсизлик бўйича 12 та савол тақдим этилган.
Тадқиқот гуруҳида қандай мутахассислар ишлайди ва улар мамлакатлар медиа ландшафти бўйича маълумотларни қайси манбалардан олади?
Ташкилот томонидан эълон қилинган маълумотларга кўра, тадқиқот гуруҳида бутун дунёдан таклиф этилган журналистлар, тадқиқотчилар, академиклар ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари фаолият олиб боради. Аммо уларнинг умумий сони ёки таснифи, яъни нечта журналист, нечта тадқиқотчи ва бошқаларга аниқлик киритишнинг имкони йўқ. Аслида, мазкур омиллар ҳам тадқиқот натижаларининг объективлигига бевосита таъсир қилади. Ахир 10 нафар журналист ва 5 нафар тадқиқотчининг жавоблари мутахассислар сонини ўзаро алмаштирганда ҳосил бўладиган жавоблардан фарқ қилиши мумкин-ку! Бундан ташқари, ушбу мутахассислар Ўзбекистон ва унинг медиа ландшафти ҳақида қанчалик хабардор ва олинган маълумотлар қайси манбаларга асослангани муҳим роль ўйнайди. Чунки бу маълумотлар бевосита натижага таъсир кўрсатади. Ташкилот мутахассисларнинг шахсига доир маълумотларни ошкор қилмаслигини илмий тадқиқот этикаси ва шахсий дахлсизлик нуқтаи назаридан тўғри тушуниш мумкин, аммо уларнинг сони, қайси ҳудуддан эканлиги, бир мамлакатни нечта мутахассис ўрганиши мумкинлиги билан боғлиқ маълумотларни очиқламаслик ҳам рейтинг натижаларининг холис ва адолатли ўтказилганига нисбатан эътирозларни пайдо қилиши мумкин.
Бундан ташқари, ташкилот ҳақидаги манбаларда 24 тилда тайёрланиб, экспертларга тарқатилиши айтилган Сўровнома ҳақида ҳам ҳеч қандай маълумот берилмаган. Унда саволлар, аниқлаштирувчи қўшимча саволларнинг сони ҳам маълум эмас. Аслида, рейтингда номи қайд этилган ҳар бир давлат ва унинг ҳукумати, шунингдек, бунга қизиқувчи ҳар бир шахс мазкур Сўровнома билан танишишга ҳақли. Инсон ҳуқуқлари Умумжаҳон Декларациясининг 19-моддасига кўра иш олиб борадиган ва қайсидир маънода ўзини бу модданинг “қўриқчиси” дея даъво қиладиган ташкилотнинг худди шу моддада кўзда тутилган бандларга зид иш олиб бораётганини ҳам Сўровноманинг ошкор этилмагани билан изоҳлаш мумкин.
Ўзбекистоннинг ўрнини яхшилаш қандай омилларга боғлиқ?
“Халқаро матбуот эркинлиги индекси”ни эълон қилувчи ташкилот фаолияти юқорида санаб ўтилган камчиликлардан холи эмас ва мазкур рейтингнинг холис ўтказилганига шубҳа уйғотади. Бу каби ҳолатлар ҳисоботда Ўзбекистон билан боғлиқ турли ноаниқ ва нотўғри маълумотлар, жумладан, аҳолисининг 2024 йилда 30 млн эканлиги (ваҳоланки, ўтган ойда мамлакатимиз ахолиси 37 млн бўлди), хавфсизлик бўйича бир кейснинг қайта-қайта такрорланиши, бизда долзарб бўлмаган ижтимоий тармоқларни оммалашган ва кўп фойдаланиладиган деб берилиши каби чалкашликларда яққол кўринади. Шундан келиб чиқиб, мазкур ташкилотнинг рейтинг кўрсаткичларни аниқлашда холисликка қанчалик амал қилганлигига гумонимиз бор. Бу масаланинг бир томони бўлиб, унчалик муҳим жиҳат эмас. Энг асосий муаммо халқаро ҳамжамиятнинг мазкур рейтингга бўлган ишончида ва унга асосланиб бизга таъсир кўрсатишидир. Шундай экан, биз ушбу индексда натижаларимизни яхшилашимиз керак. Тадқиқотчи ва мазкур рейтингларни ўрганган мутахассис сифатида айтиш мумкинки, муаммонинг асл сабаби ҳукумат ташкилотлари, давлат органлари ва ОАВ ўртасидаги тўғри йўлга қўйилмаган мулоқотда кўринади. Шунинг учун ҳам Ўзбекистон сиёсий контекст ва қонун устуворлиги индикаторлари бўйича қатор йиллар давомида жуда паст баллар билан баҳоланмоқда. Чунки ҳанузгача кўплаб давлат ташкилотлари очиқ ахборот беришдан қочади, журналистлар билан мулоқотга киришишни исташмайди ёки бундан ҳайиқади. Давлат ташкилотлари томонидан маълумотларнинг берилмаслиги ва беришдан қочиш эса ҳолатимизнинг мана шундай ёмон баҳоланишига олиб келади.
2023 йилнинг ноябрь ойидан бошлаб, Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университетида “Халқаро матбуот эркинлиги рейтингларида Ўзбекистон мавқеини кўтаришнинг миллий концепциясини яратиш” номли илмий-амалий лойиҳа амалга оширилмоқда. Лойиҳа доирасида тадқиқотчилар гуруҳи томонидан мазкур рейтингда Ўзбекистоннинг натижаларини илмий ўрганиш, унга таъсир қилаётган салбий омилларни аниқлаш, бу борада мамлакатимиз ўрнини яхшилаш бўйича амалий таклифлар ишлаб чиқиш устида изланишлар олиб борилмоқда. Зеро, илмий изланишлар амалиётда ўз аксини топмас экан, мамлакатдаги ҳар бир фуқаро бу жараёнга ўзининг дахлдорлигини ҳис этмас экан, рейтингда юқори кўрсаткичларга чиқиш савол остида қолаверади.
Мукаррам ОТАМУРОДОВА,
ЎзЖОКУ, Инсон ҳуқуқлари ва медиа кафедраси доценти в.б.,
филология фанлари бўйича
фалсафа доктори (PhD),
“Халқаро матбуот эркинлиги рейтингларида Ўзбекистон мавқеини кўтаришнинг миллий концепциясини яратиш” номли илмий-амалий лойиҳа координатори.