Марказий Осиё: Глобал дунёда минтақани нималар кутмоқда?
ёки Тожикистон сафаридан кейинги ўйлар
Сув ва ҳаводек зарур икки тармоқ
Ҳаловати йўқолган дунёда вақт ўтган сари муаммолар кўпаймоқда. Одамзод хавф-хатар ичида йўқолиб кетаётган иложсиз жонзотга ўхшаб қолди гўё. Айниқса, иқлим ўзгаришлари натижасида табиий офатлар кучайиб, сув ва энергетика тақчиллиги бутун бошли ер юзи аҳолисининг тинчини бузяпти. Ер юзида сув тақчиллиги туфайли хатарли ҳалокатлар келиб чиқиши мумкин, деган қарашлар тез-тез айтилмоқда.
Бу муаммо Марказий Осиёда янада чуқурлашиб боравериши минтақада яшаётган бир неча миллион аҳолининг ҳаётини таҳликага солиши мумкин.
“Марказий Осиёда сув ресурслари тақчиллиги ва ундан самарасиз фойдаланиш муаммолари узоқ муддатга мўлжалланган янги қарорларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишни талаб этмоқда”, деган эди Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Душанбеда бўлиб ўтган Оролни қутқариш жамғармаси саммитида. (2023 йил 15 сентябрь)
“Экспертларнинг ҳисоб-китобларига кўра, Марказий Осиёнинг айрим минтақаларида 2040 йилга бориб сув ресурсларига бўлган эҳтиёж уч баробар ошади. Вақт ўтиши билан иқтисодий зарар ялпи минтақавий маҳсулотнинг 11 фоизига етиши мумкин. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг маълумотига кўра, ҳозирнинг ўзидаёқ минтақа давлатлари сув ресурслари тақчиллиги ва ундан самарасиз фойдаланиш оқибатида йилига 2 миллиард долларгача маблағ йўқотмоқда. Музликларнинг эриши, табиий офатлар, шунингдек, шиддатли демографик ўсиш, урбанизация жараёнлари ва саноатлашув натижасида юзага келаётган техноген омиллар туфайли минтақада сув ва экология билан боғлиқ вазият ёмонлашиб бораётгани ва унинг оқибатлари алоҳида хавотир уйғотмоқда”, — дея долзарб муаммо ҳақида ўз фикрларини ўртага ташлади Шавкат Мирзиёев.
Бундан ташқари, собиқ совет замонида пахта яккаҳокимлиги кучайгани, минглаб гектар янги ерларнинг ўзлаштирилиши, минтақадаги асосий қон томири бўлмиш Аму ва Сирдарёнинг суви пасайиб кетиши натижасида Орол денгизининг аянчли аҳволга келиб қолиши бугун кўплаб хатарли омилларни келтириб чиқармоқда.
“Марказий Осиёнинг энг йирик Аму ва Сирдарёлари Помир-Олой, Тяньшан ва Ҳисор тоғ тизмаларидан бошланиб, беш мамлакатнинг водий, воҳа, чўл-биёбонидаги экин майдонига, боғ-роғига, шаҳар ва қишлоқларида истиқомат қилаётган қарийб 60 миллион аҳолига ҳаёт бахш этади, ризқ-рўз беради. Сўнгги пайт минтақада диққатни жалб қиладиган муҳим бир воқеа содир бўлди, дейиш мумкин, — деб ёзади журналист Ирисмат Абдухолиқов, — Амударёдан росмана фойдаланадиган давлатлар биттага кўпайди. Бундан буён Марказий Осиёнинг йирик дарёси сувидан 100 миллион киши ичади”.
Қўшимча қирқ миллион аҳолининг қандай пайдо бўлгани ҳақида кейинроқ батафсил сўз юритамиз. Ҳозир яна журналист И.Абдухолиқовнинг мулоҳазаларини ўқиймиз:
“…1950 йили “халқлар отаси” Иосиф Сталин қарори билан Помир тоғидан Қорақалпоқ чўлига қадар чўзилган шаҳар-қишлоқларга ҳаёт бағишлаб келган Жайхун бўғилиб, саҳрода қўл билан кавланган янги Туркман каналига бурилди. Шу тариқа Марказий Осиёдаги энг йирик — Амударёнинг 25 фоиз суви пахта етиштириш учун янги ўзлаштирилган қўриқ ва бўз ерларга йўналтирилди.
Янги барпо этилган Туркман канали оддий суғориш шохобчаси эмас, балки кемалар қатнайдиган, юк ташиладиган, қақраб ётган минг-минг гектар ерга “обиҳаёт” етказиб берадиган мисоли бир катта дарё эди…
…Улкан миқдордаги сув илма-тешик тўр мисоли Қорақум саҳросидан ўтиши эътиборга олинса, қанчадан-қанча сув асрлар мобайнида қақраб ётган саҳро қумига сингиб, йўқ бўлиб кетиши, беҳисоб обиҳаёт ҳавога буғланиб кетганини тушуниш қийин эмас”.
Афсуски, саҳрода қазилган Қорақум канали туфайли беҳисоб сув кўкка совурилди ва жараён давом этмоқда.
Қорақум каналининг қумга сингиб, ҳавога парланишларини қандай камайтириш ҳақида бош қотирилаётган бир пайтда Марказий Осиё минтақасида янги муаммо пайдо бўлди. Бу Балх ҳудудида Амударёдан сув олаётган Туркман — Қорақум каналига эгизак Қўштепа каналининг ишга туширилишидир. Афғонистон ҳудудидаги бу янги канал минтақадаги сув тақчиллигини янада ошириши аниқ.
Англияда чиқадиган “The Economist” журнали тахминига кўра: “Иқлим ўзгариши туфайли бугун Ўзбекистон 15 фоиз сувдан маҳрум бўлмоқда, янги канал қурилиши ортидан яна 10 фоиз (15 ва янада кўпроқ деган хомчўт ҳам йўқ эмас) сув йўқотилган тақдирда ҳам, камомад 25 фоизни ташкил этиши мумкин”.
Лойиҳа бўйича 300 километрга чўзиладиган Қўштепа каналининг бир қисми ишга туширилди. Қолган қисмини беш йилда барпо қилиш мўлжалланмоқда.
Жаҳон тажрибаси, БМТнинг махсус ҳужжатларига биноан, трансчегаравий дарёлар неча давлат чегарасидан ўтса, дарё сувидан, ўзаро келишилган квота асосида, шунча давлат фойдаланиш ҳуқуқига эга.
Аммо Қорақум канали қурилишидаги камчилик Қўштепа канали қурилишида яна такрорланмоқда. Дунё аҳлини қийнаётган сув муаммоси ўта долзарб масалага айланиб бораётган шу дамларда Қўштепа каналининг суви тупроққа сингиб кетадиган усулда қурилиб, бетонлаштирилмаяпти. Натижада Марказий Осиё минтақасида сув муаммоси янада кескинлашувига олиб келиши мумкин. Шундай бўлгач, Қорақум ва Қўштепа каналларининг қумга, тупроққа сингиб кетаётган сувининг исроф қилинмаслик йўллари борасида Афғонистон ва Туркманистон раҳбарлари Марказий Осиё мамлакатлари раҳбарлари, мутахассислар иштирокида йиғилиб, минтақадаги сув муаммоси билан боғлиқ глобал масалага ечим топмоқлари ҳаётий зарурат.
Бир пайтлар Марказий Осиёни чексиз пахта майдонларига айлантирган советлар иши битиб, эшаги сувдан ўтгунча қоп-қоп ваъдалар берган эди. “Пахта майдонларини кўпайтираверинглар, биз сизларга Сибирь дарёлари сувининг бир қисмини етказиб берамиз”, дея қўйнимизни пуч ёнғоққа тўлдиришган. Аммо орадан йиллар ўтиб, бу ваъда унутилди. Яқинда Қозоғистон парламенти аъзолари Сибирь дарёлари сувини Марказий Осиё республикаларига йўналтириш юзасидан расмий мурожаат билан чиқди. Бир пайтлар амалга ошмай қолган ушбу лойиҳа бугун яна кун тартибига қўйилди. Сув хўжалиги соҳасининг йирик мутахассисларидан бири Рим Абдулла ўғли Гиниятуллиннинг фикрича, Сибирь дарёларини Марказий Осиёга олиб келишнинг мураккаб томонлари бор. Жумладан, у ердан олиб келиниши мўлжалланаётган 25 миллиард кубометр сувнинг 8 миллиард кубометри бизга етиб келаркан. Қолган қисми Қозоғистонда қолади. Насослар ёрдамида олиб келинишини ҳисоб-китоб қилганда, 37 миллиард киловатт электр энергияси сарфланиб, унинг нархи бир кубометр газнинг нархидан қимматга тушади. “Агар бу лойиҳа СССР пайтида амалга оширилганда осон бўларди”, дея мушоҳада юритган Рим Гиниятуллин.
Бу битта мутахассиснинг фикри, албатта. Балки сувни бундан осон, арзон ва кўп миқдорда олиб келиш йўллари ҳам бордир. Барибир, бундан қирқ йил аввал Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг биринчи раҳбарлари Шароф Рашидов ва Дилмуҳаммад Қўнаевнинг армонига айланган орзуларини амалга оширмоқ ҳаракати бошлангани билан табриклаш керак. Лекин у қачон ва қай тарзда амалга ошади, ҳали аниқ эмас. Бундан ташқари, сувни кўп талаб қиладиган экинларни камайтириш ва сувни исроф қилмаслик йўлини танлаш фурсати етди. Бизда бир гектар ерга 13,14 минг кубометр сув сарфланса, Исроилда бир гектарга 2,5 минг куб метр сув ишлатилади. Улар ҳар гектар пахтадан 60-70 центнердан ҳосил олади. Бизда ҳар гектар пахтадан қанча ҳосил олинаётгани маълум. Яна ер ва сувга қандай муносабатда бўлаётганимизни Исроил давлатига солиштирса, осмон билан ерча фарқ борлиги аён бўлади.
Бугун сув муаммоси долзарб масала сифатида юзага келаётан экан, демак, “узоқдаги думбадан яқиндаги ўпка яхши”, деган ота сўзимизнинг мағзини чақиб, ўзимизга яқин бўлган ҳудудлардан масалага ечим излаган маъқул (аммо Сибирь дарёлари сувидан фойдаланиш ҳам кун тартибида турмоғи шарт)микан? Агар ҳозир Ўзбекистонда бир дақиқада 9 квадрат метр чўлланиш рўй бераётганини эътиборга олсак ёки дунёда табиий ресурслардан фойдаланиш илмий-тадқиқот институти (WRI) тадқиқотларига кўра, қишлоқ хўжалигида сувдан фойдаланиш шу зайл давом этаверса, 2030 йилга бориб Ўзбекистон дунёдаги 33 та сув танқис давлатлар қаторига тушиб қолиши мумкин. Демак, келажакда кутилаётган жиддий муаммолар нафақат Ўзбекистон аҳлини, балки бутун бошли Марказий Осиё минтақасини ташвишга солиши шубҳасиз.
Шунинг учун мамлакатимиз Президенти кўп сув талаб қиладиган ва даромади юқори бўлмаган ҳамда меҳнати оғир бўлган пахтачилик майдонларини кескин қисқартириш, қолдирилган пахта майдонларига ҳам фақат илмий асосда ёндашиш ёки томчилаб суғориш технологияси асосида мўл ҳосил етиштириш масаласини кўндаланг қўймоқда. Чунки вақт ўтган сари сув тақчиллиги ортиб бориши кузатиляпти. Марказий Осиё ҳудудини сув билан таъминлайдиган асосий дарёлар минтақанинг иккита республикасида жойлашган. Қирғизистон ва Тожикистон тоғларидан бошланадиган дарёлар Марказий Осиё халқларининг ҳаёт-мамоти. Ушбу сувнинг 65 фоизи Тожикистон Республикасидаги дарёларнинг улушига тўғри келади. Энг серсув дарёлардан бири бўлган Вахш ўзанида энг кўп электр энергияси берадиган ГЭСлар қурилганлигининг ўзи буни исботлайди. Тожикистон Республикаси сув ва гидроэлектр энергияси захиралари бўйича дунёда Хитой, Россия Федерацияси, АҚШ, Бразилия, Конго, Ҳиндистон ва Канададан кейин саккизинчи ўринда туради. Марказий Осиёда эса биринчи ўринда.
— Шунинг учун гидроэлектр энергия ишлаб чиқаришда Вахш дарёсининг ўрни беқиёс эканлигини Тожикистон халқи юксак қадрлайди ва уни муқаддас дарё дея таърифлайди, — деди Тожикистон Республикаси энергетика ва сув захиралари вазирлиги халқаро алоқалар бошқармаси бошлиғи Парвиз Яҳёев, — шу боис Вахш дарёси ўзанида иккита гигант — Норак ва Роғун ГЭС ҳамда бир неча кичик ГЭСлар қурилган. Агар Тожикистон Республикаси ҳудудида қурилган 9 та ГЭСдан 9147,6 МВт электр энергияси ишлаб чиқарилаётган бўлса, ундан 6600 МВт Норак ва Роғун ГЭСлари ҳисобига тўғри келади.
Бундан бир неча ойлар аввал Тожикистонга қилган сафаримиз давомида баланд тоғлар қучоғида жойлашган Норак ГЭСнинг 300 метр баландликдаги тўғонини кўздан кечирар эканмиз, унинг ҳайротомуз рангдаги сувининг жилоланиши эътиборимизни ўзига тортди. Бу қадар тиниқ ва покиза рангда товланишининг сабаби билан қизиқдик.
— Вахш дарёси абадий музликларнинг эришидан пайдо бўлган. Шунинг учун нафақат унинг ранги тиниқ, балки ичимлик сув сифатида ҳам жуда фойдали ва шифобахшдир, — деди Норак ГЭСи мутасаддиларидан бири— Фазлиддин Шоҳиддинов биз ўзбекистонлик журналистларнинг ҳайратимизга жавобан, — бундан ташқари, Норак гидроиншооти Гиннеснинг рекордлар китобига кирганлиги билан ҳам аҳамиятлидир. Чунки унинг тўғони уч юз метр баландликда барпо этилганидан ташқари, бошқа сув омборларидек, асосан, цемент, бетон билан эмас, балки тош-қум-шағал-тупроқ қоришмаси билан мустаҳкамланган. Кучли зилзилалар пайтида цемент-бетонли тўғонларда ёрилиш кузатилиши мумкин. Аммо Норак ГЭС табиий тош-қум-шағал-тупроқ қоришмаси ёрдамида барпо қилингани учун зилзила пайтида улар бир-бири билан ўзаро жипслашиб, тобора мустаҳкамланиб олади.
Вахш дарёси сув захираларининг мўллиги ва гидроэлектр станциялар ёрдамида энергия ишлаб чиқариш манбаи сифатида биргина Тожикистон Республикасида эмас, бутун бошли Марказий Осиё минтақаси учун ҳам жуда муҳим ҳаёт манбаидир. Шунинг учун унинг ўзанида яна бир улкан иншоот қад ростламоқда. Бу ер юзида улкан иншоотлиги бўйича саноқли бўлган Роғун ГЭСдир.
— Роғун ГЭС қурилиши ҳали совет замонидаёқ лойиҳалаштирилган бўлишига қарамасдан, унинг барпо этилиши бир неча йиллар давомида баҳс-мунозараларга сабаб бўлди ва ортга сурилди, — деди “Роғун” очиқ акциядорлик жамияти мониторинг бошқармаси бошлиғи Нурулло Ғозиев, — ҳатто мустақилликка эришганимиздан кейин ҳам унинг қурилишига доир баҳсу мунозаралар, тўсиқлар тўхтамади.
— Чунки унинг қурилиши Тожикистон Республикаси ҳудудидан ташқари, Марказий Осиё мамлакатларига ҳам хавф-хатар солиши мумкинлиги айтилди. Шунинг учун минтақа аҳолиси ўртасида шов-шувли гаплар кўпайди, — деди Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Норқобил Жалил мутахассиснинг фикрига ойдинлик киритиш мақсадида.
Баланд тоғлар қуршовида барпо этилаётган тўғонгача бизни ер ости йўлидан олиб борадиган “ЖИП” автомашиналарига чиқишга таклиф қилган Нурулло Ғозиев ушбу шов-шувларга сабаб бўлган ва ҳайбатли чўққилар бағридаги Роғун қурилиши ҳақидаги маълумотлар билан таништиришга киришиб кетди:
— Ўтган асрнинг 70-йиллари бошида чўлларни ўзлаштириб, пахта экиш майдонларини кенгайтириш мақсадида Туркманистон ва Ўзбекистон раҳбарларининг таклифи ҳамда Тожикистон Республикаси раҳбариятининг розилиги билан Ўзбекистонда лойиҳалаштирилган бу гидроэлектр станцияси 1993 йилда тўлиқ ишга туширилиши керак эди, — деди Н.Ғозиев биз билан бирга ҳайбатли ер ости йўли (туннел)дан баландликка кўтарилар экан.
…Шу ўринда қисқача изоҳ бермоқчимиз. Роғун ГЭСи атрофидаги баланд тоғлар остида қон томирларидек турли томонларга олиб борувчи 80 километрлик ер ости йўли қурилган…
Хуллас, совет ҳукумати парчаланиб кетгач, Роғун ГЭС қурилиши тўхтаб қолди. Ундан кейин Тожикистонда бошланиб кетган фуқаролар уруши сабаб яна кечиктирилди. Ундан кейин эса Россия Федерацияси раҳбарлари ва уларнинг бир нечта компаниялари қурилишни биргаликда бошлашга ваъда беришди. 2005 йилда Россия Федерацияси саноат ва энергетика вазири В.Христенко, “РУСАЛ” гигант энергетика қурилишлари директорлар кенгаши раиси О.Дерипаскалар ташриф буюриб, қурилишни бошлашга оид бир томонлама шартнома тузилди. Аммо “РУСАЛ” директори бу улкан иншоотни қуришдан қўрқади ва тўғонни 270 метр баландликка туширишса, ишга киришиши мумкинлигини айтади.
— Лекин, — деди “Барқи тожик” акциядорлик холдинг ширкати бошқарма бошлиғи Бахтиёр Сиддиқов, — бизнинг раҳбарият бу таклифга рози бўлмади. Чунки тўғоннинг баландлиги 335 метр бўлиши керак эди. Айтиш керакки, ўша пайтда мамлакатимизни электр энергияси билан таъминлаш ўта мураккаб аҳволга тушиб қолган эди. Ана шундай оғир вазиятда мамлакат етакчиси халқнинг руҳини кўтарувчи мурожаат билан чиқди ва мунозараларга сабаб бўлган Роғун ГЭСни халқимиз ҳамда ўзимизнинг кучимиз билан қурамиз, деди. Бугун ишонч билан айта оламанки, Роғун нафақат Тожикистон Республикаси учун, балки Марказий Осиё минтақаси учун ҳам жуда муҳим аҳамиятга эга манзилга айланмоқда.
Дарҳақиқат, Роғун — орзудан ҳақиқатга айланган Нур қасри сифатида қад ростламоқда. Айни дамда иккита агрегати ишга тушган. Ҳайбатли чўққилар бағрида бунёд этилаётган гидроэнергетика иншоотининг яна тўртта агрегати қурилиши учун 20 мингдан ортиқ муҳандис ва қурувчилар ишлаяпти.
Юқорида айтилганидек, 335 метр баландликда барпо этилаётган тўғоннинг қурилиши йиллар мобайнида баҳс-мунозараларга сабаб бўлди. Унинг хавф-хатар келтириши мумкинлиги ҳақида ранг-баранг фикрлар айтилавергач, муаммога ечим топиш учун дунёнинг шу соҳага оид йирик ташкилотлари ва маҳоратли мутахассисларининг фикрлари асосида Жаҳон банки ҳамкорлигида 5-6 йил мобайнида жиддий ўрганилди, қайта-қайта экспертизадан ўтказилди. Шундан сўнг тўғоннинг қурилиши бўйича ўтказилган халқаро тендерда Италиянинг дунё миқёсида катта тажриба ва обрўга эга бўлган “Салини Импреджило” компанияси қурувчилари ғолиб деб топилди. Натижада 2016 йилда Роғун ГЭС қурилишига расман рухсат берилди.
Ўзбекистондан борган тўрт журналист “Роғун” акциядорлик жамияти мониторинг бошқармаси бошлиғи Нурулло Ғозиевни саволга тута бошладик.
— Ўн беш-йигирма йил давомида тўғон қурилиб, шунча вақт ичида улкан омборга Вахш дарёсининг суви йиғилар экан. Дарёнинг суви тўлиқ тўсиб қўйилса, Марказий Осиё минтақасида яшаётган Ўзбекистон, Туркманистон, Қозоғистон Республикаларининг экин майдонларини суғориш ва аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш хавф остида қолмайдими?
— Аввало, шуни айтиб қўяй, трансчегаравий давлатлардан ўтадиган дарёлардан барча давлатлар бир хил миқдорда фойдаланиш ҳуқуқига эга, — деди Н.Ғозиев, — шундай бўлгач, бу ҳуқуқни поймол қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Иккинчидан, сизлар айтганингиздек, биз Вахш дарёсининг ўзанини тўлиқ тўсиб, сувни Роғун ГЭС тўғонига ҳайдайдиган бўлсак, бу, аввало, ўзимизга зарар бўлади. Чунки жуда катта қувватга эга бўлган Норак ГЭС ҳам Вахш дарёсининг суви билан ишлайди, унга сув бормай қолишини тасаввур қиляпсизми? Қолаверса, Роғун ГЭС қурилиши ва унга дарё сувининг йиғилиши 15-20 йил давомида амалга оширилади. Сув ҳар доим белгиланган миқдорда барча республикаларга етказиб берилади. Тўғонга дарё сувининг тўпланиши Марказий Осиёдаги бирорта давлатнинг манфаатларига зарар келтирмайди. Биз қўшни ва қардош дўстларимизга зиён етказишдан йироқмиз, қийинчилик туғдирмаймиз, аксинча, улар билан бу улкан ГЭСни биргаликда барпо этамиз ва улуғвор режаларни ҳамкорликда амалга оширамиз. Ана ўшанда Марказий Осиё ва жанубий Осиё ҳудудини электр энергияси билан таъминлаб, минтақада сув танқислигининг ҳам олдини олишга эришамиз. Тўғон мўлжалдаги сувга тўлгач, минтақада сув муаммоси вужудга келиши билан биз Роғуннинг сувини минтақа аҳолисига керагича етказиб бериш имконига эга бўламиз.
Маълумки, Ўзбекистонда электр энергиянинг катта қисми ИЭС (иссиқлик электр станцияси)ларда ишлаб чиқарилади. Уларнинг узлуксиз ишлаши учун мамлакат табиий газининг 12-15 фоизи сарфланмоқда. Бу жуда кўп.
“УЙҚУДАГИ АЖДАР”МИ?
Таниқли журналист Шоқаҳҳор Салимов шундай ёзади:
…1911 йил 18 февраль, кечаси соат 23:15. Тожикистоннинг тоғли Бадахшондаги Усой қишлоғи аҳолиси уйқуда. Кучли зилзила оқибатида Мурғоб дарёсини тўсиб қулаган тоғ қишлоқдаги уй-жойлар, барча мавжудотни босди. Бутун бошли қишлоқ аҳолисидан бир чол ва 2 нафар ўғил бола тирик қолди, жами 105 киши тоғу харсанглар тагида офатнинг қурбонига айланди.
Аммо бу фожианинг бошланиши эди.
Воқеа жойидан унчалик узоқда бўлмаган Мурғоб дарёси соҳилидаги Сарез ва яна уч қишлоқ аҳолиси ҳаётига дарё оқимини орқага қайтарган катта-катта тошлар хавф солди. Аҳоли дарҳол қўшни туманларга кўчирилди.
Кўп вақт ўтмасдан тоғ кўчиши оқибатида ҳосил бўлган табиий тўғон туфайли вужудга келган кўл Сарез қишлоғини ўз комига тортганидан сўнг шу номни олди. Буюк Британиянинг “Daily Mail” нашри ҳам Сарез кўлини бежиз “секин ҳаракатга келувчи бомба” деб таърифламаган. Зеро, Сарез кўли энг фаол сейсмик минтақада жойлашган ва сув сатҳи тобора кўтарилмоқда.
Тоғ кўчиши оқибатида ҳосил бўлган тўғон содир бўлаётган ер силкинишларига дош бера оладими-йўқми, ҳеч ким кафолат беролмайди. Шу боисдан ушбу хатарнинг олдини олиш учун 1970 йиллар “Иттифоқсувлойиҳа” институти бу ерда деривацион туннель ҳамда унинг паст қисмида ГЭС қуришни лойиҳалаштирган эди.
2000 йилда Ўзбекистон, Тожикистон, Қозоғистон, Қирғизистон жаҳон жамоатчилигига Сарез кўли муаммосини ечишга мадад сўраб мурожаат қилишди. 2006 йил Жаҳон банки кўмагида ҳудуддаги аҳолини огоҳлантириш бўйича кузатув станцияси ишга туширилди.
Аммо бу муаммонинг ечими эмас. Ҳозирча кўл сувини туннель қазиб, Панж дарёси орқали Амударёга қуйиш таклифи ҳам билдирилмоқда. Тожикистон ҳукумати сувдан фойдаланиш бўйича Саудия Арабистони, Эрон ва БАА мутахассисларига мурожаат қилган.
Бу муаммо 2018 йилда Тошкентда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон ўртасида ҳам жиддий муҳокама этилди.
Айтиш керакки, бу кўл дарё сатҳидан 3250 метр баландликда жойлашган. Орадан йиллар ўтди. Бадахшоннинг юқори қисмидаги кичик дарёлар, ирмоқлардан қанча сув оқиб келмоқда?! Бугунга келиб, бу кўлнинг узунлиги қарийб 70 километрни, унинг эни (кенглиги) 3,3 км, чуқурлиги эса 500 метрни ташкил этади. Сув миқдори (ҳажми) 17 куб километрдан кўпроқ.
Дарҳақиқат, мутахассислар ва журналист огоҳлантираётганидек, агар зилзила ёки бошқа офатлар таъсирида Сарез тўғони бузилиб, кўлнинг суви ўзанидан тошса, Марказий Осиё минтақасининг миллионлаб аҳолиси ва катта ҳудуди сув остида қолиши мумкин, деган хавотирлар бор. Бугун инсоният юксак техник тараққиёт асрида яшамоқда. Асрлар давомида ҳал этилмаган муаммолар осонгина ўз ечимини топмоқда. Тўғри, Сарез кўли билан боғлиқ муаммо осонгина ҳал бўладиган масала эмаслиги ҳам аён ҳақиқат. Лекин Марказий Осиё мамлакатлари Президентлари ташаббуси билан минтақадаги ва дунёдаги йирик мутахассислар, жаҳон молиявий ташкилотларининг мутасаддилари иштирокида халқаро тадбир уюштирилиб, Сарез кўлининг сувидан фойдаланишнинг илмий ва техникавий йўлларини излаш минтақа мамлакатлари халқлари учун ўта хайрли ва шарафли иш бўларди. Бу борада ҳар доимгидек Ўзбекистон Президенти ташаббус кўрсатишига ишонамиз. Чунки кейинги олти-етти йил мобайнида Марказий Осиё минтақасида йиғилиб қолган глобал муаммолар шахсан Шавкат Мирзиёевнинг саъй-ҳаракатлари билан ҳал этилди. Шубҳасизки, минтақамизнинг бугуни ва келажагига таҳдид солиши мумкин бўлган муаммоларнинг ечими бугун ташланаётган қадамларимизга боғлиқ.
Рўзибой ҚЎЛДОШЕВ,
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси.