Медиасаводхонликни ошириш зарур
Бугун ахборот асрида яшаяпмиз. Шундай экан, хабарлар оқимининг тезлашиши ижобий янгиликлар билан бир қаторда, салбий характердаги ахборотлар ҳам тарқалишига сабаб бўлмоқда. Бундай вазиятда кишиларнинг медиасаводхонлик даражаси юқори бўлиши талаб этилади.
Шу ўринда савол туғилади: медиасаводхонликнинг ўзи нима?
Медиасаводхонлик — оммавий ахборот воситалари ёки ижтимоий тармоқлар орқали узатилаётган ва қабул қилинаётган кундалик ахборотни саралаш кўникмаларини, турли ахборотларни қабул қилгандан кейин ҳам ҳар қандай вазиятда тўғри қарор қабул қилиш, ахборот қаердан, ким томонидан ва нима мақсадда узатиляпти, ўзида кимнинг манфаатларини акс эттиряпти деган тушунчаларни шакллантиришга хизмат қилади. Медиасаводхонликнинг мақсади ҳар бир медианинг устуворликлари ва камчиликларини тушунган ҳолда улар томонидан тарқатилаётган ахборотни саралай билиш ва зарурини қабул қилиш кўникмаларини шакллантириш бўлса, асосий вазифаси инсонлар томонидан қабул қилинадиган ҳар қандай ахборотнинг манипулятив кучини англаган ҳолда ундан чегараланишдир.
Дейлик, ижтимоий тармоқда бирор хабар ўқидик: бу ахборотнинг қайси манбадан олинганлиги, расмий ёки фейк хабар эмаслигига ишонч ҳосил қилиш, бу — бизнинг асосий вазифамиз ҳисобланади. Бу хабарларни ажрата билиш учун ҳам медиасаводхонлик керак. Афсуски, бугун орамизда ижтимоий тармоқлар орқали пул ишлаётган фирибгарларнинг тузоғига тушаётганлар кам эмас. Фейк аккаунтлар ортига беркинган устомонлар ва уларнинг найранглари ҳам кўпайган. Мисол учун, ҳозирда оғир дардга чалинганлиги, шу сабабли меросини сизнинг номингизга ўтказиб бермоқчи бўлгани, бунинг учун олдин қанчадир миқдорда пул ўтказиб беришингиз кераклиги ҳақида ёзадиган опа “Facebook” фойдаланувчиларига таниш бўлса керак. Бу каби фирибгарлар ва уларнинг тузоғига илинаётганларнинг сони кундан-кунга ортиб бормоқда. Бундай хавфдан ўзини-ўзи ҳимоя қила олиш чораларидан бири, бу — медиасаводхонликни кучайтириш деб ўйлайман. Зеро, ҳар томонлама саводхон бўлган кишига ҳеч қандай ахборот ёки фейк хабарлар хавф туғдира олмайди.
Шу ўринда бир таклиф айтмоқчиман: ахборот хавфсизлигини таъминлаш мақсадида аҳолида медиа технологиялар ва замонавий техникадан фойдаланиш, танқидий, мантиқий фикрлаш, ахборотни фильтрлаш кўникмаларини шакллантириш, рақамли технологиялар саводхонлигини ошириш мақсадида “Медиасаводхон” платформаси яратилса, ёшларимиз ундан самарали фойдаланиб, ижтимоий тармоқлардаги турли ахборот хуружларидан ҳимояланиш имконига эга бўларди.
Дунё миқёсида оладиган бўлсак, ривожланган давлатларда медиатаълим аллақачон алоҳида фан сифатида ўқитилмоқда.
Аслида, медиатаълим оммавий ахборот воситаларининг зарарли таъсири ва тенденцияларидан ҳимоя қилиш воситаси сифатида пайдо бўлган. Ушбу парадигмадан биринчи бўлиб 1930 йилларда Буюк Британия фойдаланган. Буюк Британия ва Австралияда медиасаводхонлик гуманитар фанлар мажмуасига алоҳида курс сифатида киритилган. Финляндияда эса медиа ва ахборот саводхонлиги йўналиши 1970 йиллардан бошлаб мактаб ва университетларда ўқитила бошланган.
Медиатаълим компоненти мактаб дастурига биринчи бор мустақил фан сифатида эмас, балки она тили, тарих, экология ва эстетик фанларга интеграция қилинган ҳолда киритилган. 2021 йилда эълон қилинган медиасаводхонлик индексига кўра, Финляндия “ёлғон хабарлар ва дезинформациянинг салбий таъсирларига қарши туришда энг юқори салоҳиятга эга мамлакат” сифатида эътироф этилган ва индексда биринчи ўринни эгаллаган.
Швецияда медиатаълим 1980 йилдан бошлаб таълим муассасаларида алоҳида фан сифатида ўқитила бошланган. Медиатаълимни жорий этишдан асосий мақсад ёшларда оммавий ахборот воситаларининг хабарларини танқидий идрок этиш қобилиятини ривожлантириш, турли хил манбалардан олинган маълумотларнинг рост-ёлғонлигини ажрата олиш, шунингдек, томоша қилинган фильмлар ва теледастурлар ҳақида ўз фикрини билдириш қобилиятини шакллантириш бўлган. 2000 йилнинг кузидан бошлаб медиатаълим Швеция миллий ўқув дастурига расман киритилган.
Айрим мамлакатларда медиатаълимни қўшимча амалий машғулот тарзида киритиш, баъзи фанларнинг ўрнига ёки улар ўртасидаги оралиқ фан сифатида ўқитишга қарор қилинган, яъни дарсдан ташқари вақтда мактаб газеталари ва журналлари, радиоэшиттиришлар ва аудиовизуал маҳсулотлар яратилади; бу жараёнда иштирокчилар медиадан фойдаланишнинг турли усуллари билан бевосита танишиш имкониятига эга бўладилар.
Бу кўрсаткичлардан хулоса шуки, аҳолининг медиасаводхонлигини оширишни мамлакатимизда ҳам кенг оммалаштириш керак. Чунки ахборот хуружи энг катта таҳдидлардан бирига айланган замонда ёш авлодни бузғунчи ғоялардан асраб-авайлаб, уларни миллий қадриятлар, урф-одатлар, анъаналар руҳида тарбиялашда медиасаводхонлик муҳим ўрин тутади.
Занжилой АБДУСАЛОМОВА