Шоир қўлидаги олов

2024 йил 21 март. Ёзувчилар уюшмасининг Дўрмон ижод боғида Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Абдулла Ориповнинг туғилган кунида улуғ устозни хотирлаб рамазон ифтори ўтказилди. Яхши ва файзли ўтган кечадан чиқиб кетаётганимизда, Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азим:
— Ҳой, дўстлар, қўлимда олов бор, эҳтиёт бўлинг, қўлимда олов бор, — деб бир неча бор такрорлади.
Шоирнинг бироз юқори кўтарилган қўлининг бармоқлари орасидаги сигарета чўғига кўзим тушди. Бу чўғ менга олов бўлиб кўринди. Бу ажойиб ҳолат ҳамиша оловдай ёниб шеър ёзиб келаётган шоирга жуда-жуда мос келган эди…
Шоирнинг қўлида олов —
       шиддат-ла бораётир.
Шоирнинг қаламида олов —
                      шижоат-ла ёзаётир.
Шоирнинг шеърида олов —
     юракларни ёқаётир.
Шоирнинг сўзида олов —
    осмонга юксалаётир.
Усмон Азимга насиб этган олов шеърлар муборак бўлсин!
Олов Сўз билан эгизак. Сўз ҳам аслида олов каби ёниши керак! Ёниб, юракларга оташ солмоғи лозим!
Шеърда олов бўлмаса, тез сўнади. Юракка етиб бормайди. Сўнган шеър аста-секин кулга айланиб, қумга сингиб кетган шўрлик сувнинг аҳволига тушади. Сўниб, кулга айланиб кетаётган шеърлар, тўғриси, ижод намуналаридан уюлган хароб хирмонларни кўриб ачинасан.
Олов одамнинг танасини ҳарорат билан сийлагани каби, шеър ҳам юракка етиб бориб, ҳайратга солиб, ҳарорат бағишлаши керак.
Шеърда олов бўлмаса, тутайди. Уни пуфлаш билан ёқиб бўлмайди. Баъзи шоирларнинг орқасида гуруҳлар, ҳомийлар туради. Уни адабиёт майдонига олиб чиқиб, юлдуз ясамоқчи бўлиб пуфлайдилар. Пуфловчиларнинг кучангани қолади…
Шоирнинг қалби ёнмаса, қаламидан ўт чақнамаса, ёзган шеъри тутайди.
Усмон Азимнинг шеърларидаги олов учқунлари чарсиллаб сачрайди. Унинг учқунлари шеърхоннинг юрагига етиб боради.
Сўз ёлғонни, алдовни, хушомадни асло ёқтирмайди. Ёлғон — шеърга тиргак бўлмайди. Ёлғон шеърнинг умри бўлмайди. Гўё туғилгани заҳоти ўлган каби. Шу боис шоир:
Ёлғондан уялдим,
Қочмадим ёмондан.
Шу сабаб ўт олди
Хонумоним менинг, —
деб баралла ёзди. Шоир оловли сатрларни қоғозга туширишда давом этиб, очиқ-ойдин ёзди:
Аниқ айтдим ҳамма нарсанинг исмини:
Тоза — тоза,
Ифлос — ифлос.
Ҳалол — ҳалол,
Ҳаром — ҳаром…
Умримни дўзах қилди бу ҳаромилар!
Бу сатрлар аланганинг сояси эмас, айнан ўзи! Сўз яна шиддатли оловга айланади:
Майда-майда бўлма,
Мудом бутун бўл.
Ўзингни-ўзингга қилмагин талош.
Бир тан бўл,
Бир сўз бўл,
Бир тугун бўл —
Фақат битта юрак,
Фақат битта бош…
Сўз шоирнинг юрагини яхши кўради. Қайсики шоирнинг юрагида олов бўлса, Сўз уни макон этади. У билан дўст бўлади. Ўз соясидан қўрқадиган одамларни огоҳликка чақиради:
Эҳтиёткор одам! Ҳой, эҳтиёткор одам!
Уйқуни асрайсан-у уйғонолмайсан,
Юракни асрайсан — тўлғонолмайсан,
Дардкашлар юрти бу, қара, соғи йўқ,
Сенинг юрагингнинг нега доғи йўқ?..
Эҳтиёткор одам оловни ёқтирмайди. Унга фақат кул бўлса, атроф култепалар билан ўралса. Унга ўтли сўзлар ҳам керак эмас. Эҳтиёткор одам қоровули бисёр ҳушёрлик кўчасида яшайди. Ҳаммаёқ мотам бўлгандай жимжит. На мусиқа, на ўйин-кулги, на овоз эшитилади. Гўё кўчани улкан харсангтош босиб қолгандай. Шунда яна халоскор шоир ёрдамга шошади:
Менга бир тош керак — осмон каби кенг,
Ғазаб каби оғир, ғамдай бенаво…
Менга бир тош топиб беролмадинг сен —
Тошлари тупроққа айланган дунё…
Яна олов, яна шеър, яна сўз. Шоирнинг юраги гулхан каби гуриллаб ёнаётир. Чунки бир-бировнинг қадамини, оғзини пойлайдиган айғоқчилар, виждонсиз сотқинлар сафи ортиб бораётган, одамлар бировнинг ҳақини очиқ-ойдин талон-торож қилаётган, гуноҳ қилиш, ёлғон айтиш, бир-бировини алдаш кундалик машғулотга айланиб қолаётгани кўриб турган шоир: “Чидагин, болам-а, чидагин”, деб баралла ҳайқирди. Унинг овози олис-олислардан акс-садо беради. Бу ўтли овозни эшитганлар шоирга илтижо қиладилар:
Бу дунёга бир қўшиқ,
Бериб кетгин, шоирим —
Марҳумлар уйғонсинлар,
Ухлолмасин тириклар…
Шоир яна:
Қанча омад бўлса — ҳаммаси ёлғон,
Қанча ҳасрат бўлса — чиндир!..
Чиндир!.. Чин!..
Бундай рост сўзни, бор сўзни ҳақиқий шоир айта олади!
Шоирнинг юраги фаслларни севади. Баъзан унинг Бойсунтоғдек улкан юрагида тўрт фасл ҳам кутилмаганда содир бўлиши мумкин. Шу боис ҳам унинг шеърларида фаслларга кенг ўрин берилган. Ҳар фаслнинг ўз олови, ўз гулхани бор шоир юрагида.
Усмон Азим ўйчан– кузни яхши кўради. Шоирдан ҳам кўра, унинг юраги кузни севса керак. Куз ҳаваси, куз изтироби ва куз дарди билан шеър ёзиш осон эмас. Куз хазонлари ўчира олмаган изтироб, ўкинч ва армон оловларининг ҳали бозиллаб турган чўғларини шеърга кўчириш осон эмас. Шоирнинг юраги афсус билан илтижо қилади:
Қандай чидаб бўлар бундай ҳижронга,
Қичқирдим — етарми юракнинг уни:
— Бу ёзга ишонма, баҳорга ишонма!
Кузга топширади мени бир куни!
Яна ёлворади шоир:
Баҳорни бир бора кўрсам,
Кузга ўзим кетмоқчи эдим.
Яна дардли мисралар қоғозга тушар:
…Онам бу дунёдан кетганидан сўнг,
Менга куз қолмасдан, нима қоларди?..
Шоирнинг қатъий ва дангал хулосаси шу:
Ёзиб бўзлаган билан
Адо бўлмас куз сўзим.
Хазоннинг бир барги — сиз,
Куз эса менинг ўзим…
Ҳой, шеърсевар дўстим, англадингми, шоирнинг кузга фидойилик ва кузга ўзини, қалбини, шеърини пайванд этиш шунчалар бўлар-да! Шоир юрагига тасанно!..
Усмон Азимнинг куз ҳақидаги ҳазин шеърлари инсон юрагидаги адо бўлмас армонлар, дардлар, ғуссаларнинг мангу қўшиғи, эрта тўкилиб кетаётган баргларнинг ҳасратли мадҳиясидир. Агар рассом бўлганимда эди, шоирнинг, айниқса, куз ҳақидаги шеърларига суратлар чизган бўлар эдим. Фақат… фақат бунга юракнинг бардоши етармикин?..
Шоирнинг дардли юрагидан тўкилган маҳзун мисралар фарёди картинада акс этармикин? Уни кўрсатишга рангларнинг кучи етармикин?..
Шоирнинг шеърларида ундов белгилари кўп ишлатилади. Бу бежиз эмас. Назаримда, ҳар бир ундов — кўкка томон ўрлаётган чўққисимон тик оловни эсга солади. Ҳар бир ундов — бир олов!
Бу белгилар, аввало, шоирнинг Худога илтижолари:
Фақат Худодан қўрқдим,
Фақат Худога шукур қилдим.
Худо берганини олдим интилиб…
Ёки:
Нурдан бошқа нарса йўқдай туюлар,
Оллоҳ билан менинг оралиғимда…
Яна:
Осмон-ку етти қават,
Мен неча қават, Оллоҳ?..
Ундовлардан адоқсиз нидолар, ҳайратлар саси келади: “Мен осмонман, қуёшини йўқотган осмон, Қуёшимни тополмасдан дилимда армон”, “Юрак, раҳминг келсин, тўғри йўл кўрсат, Мен қандай Бойсундан кетай ажралиб?..”, “Шоирнинг умрида ахир не маъни? У куйлар — қалбларда ловуллар қуёш…”, “Ўт ёқдим. Туташди шоху шабада — Гулхан ланг ёнди туннинг парчаси…”, “Ҳамма дарахт­ларга битта шамолдир, Ҳамма шамолларга битта мен ўзим…”, “Фалакни негадир кўтариб турар — Мени ерга урган бир инжа ғусса…”, “Сенсиз яшай десам, ҳаётим йўқдир — ҳаётсиз яшашга ўрганиб қолдим…”, “Ҳеч кимга кўрсатмай бир йиғлаб олсам… Қоронғулик тушсайди тезроқ…”, “Ўлимнинг борлиги — қўрқинчли эмас, Яшашнинг йўқлиги — даҳшатли қўрқинч…”
Шоирнинг шеър гулханида бундай чарсиллаб турган, ҳикматга бой чўғли сатрлар тўлиб-тошиб ётибди. Истаганча ўқиб, ҳар бир шеърдан роҳатланиш ва олов тафтини сезиш мумкин. Бу шеърлар тафаккурга илдиз бўлади…
Олови бўлмаган шеър ўқувчининг юрагини ёқолмайди. Шеърнинг тангриси ҳам олов бўлса керак.
Шоирнинг яна бир улуғ мавзуси бор. Яхши англадингиз — бу Ватан деган боқий мавзу. Шоир ўтли сатрларда Ватанни шундай куйлайди:
Чиноринг тагида бўлиниб ётибман,
Шунда бир сўз баргдай лабимга қўнар.
“Ватан” дейман, такрор айтаман:
“Ватан”…
Бирлаша бошлайди, юрак, ақл, тан…
Шоир яна бир шеърида вужуди, юраги олов-оташ бўлиб, шундай нурли ва ўтли мисраларни ёзади:
Халқим! Хижолатдан ловуллар юзим,
Мен бир хизматкорман сенинг қошингда:
Бу нима қилганинг — юраман ўзим,
Ўзим кўтараман сени бошимга.
Бу Ватаннинг мард шоири Усмон Азим айтган мардона сўз…
“Худога минг шукур, ҳушим уйғоқдир, Юрагим уйғоқдир, тушим уйғоқдир…” Юраги уйғоқ шоир ҳамиша оловли шеърлар ёзишига ишонамиз…
Усмон Азим — яхши шоир,
Усмон Азим — бахши шоир,
Усмон Азим — шеърлари нақши шоир.
Келинг, ҳаммамиз ният қилайлик:
Усмон Азимнинг қўлидаги олов ҳамиша ловуллаб ёниб турсин!
Ашурали ЖЎРАЕВ.
Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

4 × 2 =