“Сен мени ишонтир муҳаббатингга…”

(Дам олиш пайти ўқиладиган мақола)

Баъзан гапни узоқроқдан бошлашга тўғри келади. Бу сафар ҳам шундай бўладиганга ўхшайди.

Сара Жио деган машҳур, кўҳликкина америкалик ёзувчини танийсизми? Машҳурликда Сарахонимдан қолишмайдиган сайёҳ журналист касбдошимиз  Муҳаммаджон Обидовни-чи? Биттасини танийман, денг? Йўқ, бўлмайди, икковини ҳам билишингиз керак!

 Сара Жио Вашингтон штатининг Бейнбридж оролида туғилган. Касби журналист, университетга ўқишга киргач, оролни бутунлай тарк этган. Сара журналист сифатида  яхшигина қалам эгаси эканлигини намоён қилди, мақолалари жиддий баҳс-мунозараларга сабаб бўлди, аммо кейинги йилларда у бугунги куннинг энг машҳур, китоблари қўлма-қўл бўлиб ўқиладиган омадли ёзувчиларидан бирига айланди. Йигирмадан ортиқ саргузашт романлари дунёнинг ўттиз бешта мамлакатида чоп этилди. “Бойчечак” деб номланган биринчи романи (2011) USA версиясига кўра, йилнинг энг яхши асари деб топилган. “Муҳаббатнинг сирли шивири” асари  Россияда нуфузли мукофотга сазовор бўлган. Унинг саргузашт романлари Американинг обрўли журналларида эълон қилинади. Энг муҳими, ҳаммаси харидоргир.

Сара Жио романларига Ўзбекистонда ҳам қизиқиш катта, мухлислари кўп. Сўзим қуруқ бўлмасин учун, камтарлик бўлмаса-да, ўзимни мисол келтирай: Сарахонимнинг “Шўр шамол”, “Бойчечак”, “Висол ва айрилиқ жойи” романларини сиҳатгоҳда  ўқиб чиққанман. Оролда туғилган қиз-да, саргузашт воқеаларни шундай тасвирлайдики, назаримда, уларнинг кўпига китобхонлар билан бирга, Саранинг ўзи ҳам ишониб кетади.

Муҳаммаджон Обидов эса Марғилонда туғилган. Ипакдек мулойим шаҳар фарзанди. Журналистика факультетида деярли бир пайтда ўқиганмиз. Ўқиш йиллариёқ довруқли журналист бўлиб кетди, аммо Сарага ўхшаб, туғилган жойини тарк этмади. Аммо кейинги пайтлари Сарахонга ҳавас қилибми, бадиий ижодда ҳам ўзини синаб кўришга аҳд қилгани кўпчилик мухлислари учун кутилмаган янгилик бўлди. Аммо… менга эмас.

Сара Жио саргузашт романлар ёзишдан аввал дунё бўйлаб ғаройиб саёҳатларга чиққан, одамзод оёғи кам теккан оролларда бўлган, охири йўқ ғорларда тунаган, қароқчиларга дуч келиб, бир-икки марта онадан қайта туғилган ҳам.  Шундай қилмаса, Хемингуэй, Диккенс, Жюль Верн асарлари руҳида тарбияланган талабчан ўқувчилар уларнинг машҳур китобларини бир четга суриб қўйиб, Саранинг саргузаштларини ўқишармиди?

Муҳаммаджоннинг ҳам бадиий адабиётга юз буриши тасодифий қарор эмас. У америкалик Сара хонимдан нима камим бор, дегандек, талабалик йиллари бошлаган саёҳатларини бугунгача муттасил давом эттириб келмоқда. Мен  эллик йилдан бери матбуотда фаолият юритаман, шу йиллар ичида Ўзбекистонда мен бормаган туманлар эмас, айрим қишлоқлар, чекка овуллар қолган, холос. Дунёнинг баъзи қитъаларида ўзбек журналисти Обидов  бормаган мамлакат кам қолди, десам муболаға бўлмайди. Сара Жио сафарлари чоғи бўлажак асарларига бадиий асос бўладиган ажабтовур воқеликлар, сирли сюжетлар, ғаройиб тақдир эгаларини қидирган бўлса, Муҳаммаджон узоқ-яқин мамлакатлардаги энг яхши тажрибаларни ўрганиш, халқимизни дунё ибратларидан бохабар қилиш учун дунё кезди, эл-юрт бошига ташвиш тушганида ўзини четга олмади. Кейинчалик,  Сарахонга ўхшаб, бир ўзи эмас, фарғоналик фаол журналистларни ёнига олиб, пешма-пеш сафарга чиқди.  Мисрдаги Хеопс пирамидасининг ичигача кирди, Ҳиндистон ва Хитойни кезишдан чарчамади. Унинг фавқулодда муҳим телерепортажлари, журналист суриштируви йўналишидаги кўрсатувларининг ҳар бири асосида бугун бемалол саргузашт асар ёзиш мумкин.

Демак, ҳар икки касбдошимизнинг адабиёт майдонига келиши “Қозонда бўлса, чўмичга чиқади”, деган мақолга асосланган. Ҳар иккисининг тушига Жюль Верн бобо кириб, уларга оқ йўл тилаган бўлиши ҳам мумкин. Жюлбой Сарахонга нима деганини билмайман, аммо Муҳаммаджоннинг қулоғига: “Йигитча, Тошкентдан Андижонга қараб йўлга чиққан поезд ҳали ҳам Марғилонга келганда, тепловоз поезднинг сўнгги вагонига ўтказилиб, орқага қайтадими?” деб сўрагани аниқ. Бунга ишонмаган киши, марҳамат, бу машҳур фантаст ёзувчининг “Клодиус Бомбарнак” романини Рустамжон Умматов таржимасида, бошқа жойда эмас, “Жаҳон адабиёти” журналида ўқиб кўрсин. Умрида мамлакатимизга келмаган ёзувчи Марғилон ва Самарқандни қандай аниқ тасвирлаганига қойил қоласиз.

Муҳаммаджоннинг дастлабки бадиий ижоди “Кус­то оролида 10 кун” деб номланади. Унда азалдан саёҳат ишқибози бўлган оддий ўзбек журналис­ти Сарварнинг ёввойи одамлар яшайдиган оролга саёҳати, у ерда кўрган-кечирганлари, Сарахонга ўхшаб, қанча-қанча кўргуликларга дуч келиши, ёввойилар уни бирмунча вақт асирликда тутиб туришгани ҳақида сўз боради.

Асар Сарварнинг ўй-хаёлларидан бошланади: “Саёҳат жону дилим. Дунё кўрсам, денгизлардан ошсам дейман. Шу боис, саргузашт китобларни ўқишга тушаман. Жаҳонгашта саёҳатчи Кустонинг мана бу сатрлари хотирамга ўрнашиб қолган: “Ҳинд океанининг экватор чизиғи яқинига лангар ташладим. Олис-олисда қандайдир тепалик, балки орол бўлса керак, кўзга ташланади. Капитан  ўша томон сузишни таклиф қилди.

— Ўн кунлик чучук сув захирамиз қолди, холос. Балки узоқдаги шарпа оролдир. У ердан ғамлаб олармиз, сувни, — деди.

— Э, йўқ, — дедим қатъий.

Мен ўлчов асбоби ёрдамида аранг кўзга ташланаётган орол (ҳаётий тажрибамдан биламан, бу – ороллиги аниқ) жойлашган нуқтани аниқладим. У 157 даража шимолий кенглик, 42,6 даража шарқий узоқликда эди. Ўқиган китобларим, илмий манбаларни бир-бир эсга олдим. Аммо ҳеч бирида бу манзилдаги орол ҳақида маълумот учратмаганман. Наҳотки…  бу ҳалигача одамзод оёғи тегмаган орол бўлса? У ерда ибтидоий қабилалар яшаса ва бизга ҳужум қилса-чи? Тўсатдан юрагимга қўрқув тушди.

— Йўқ, оролга бормаймиз! – дедим  баланд овозда. — Дельфинлар миграцияси билан боғлиқ тадқиқот натижаларини кутишяпти ахир. Оролга эса алоҳида сафар уюштирамиз…”

Жуда қизиқарли бу тафсилотлардан кейин ҳам давомини ўқимай кўринг-чи.

“Бу Кустонинг Ҳинд океанига сўнгги сафари бўлган. Демак,  у қайтиб оролга бормаган. Хўш, хариталарда белгиланмаган, атрофини  океан суви ўраган қуруқлик – “Кусто ороли”да ҳаёт, одамлар бормикин?  Шу савол менга тинчлик бермай қўйди. Интернетдан Ҳинд океанидаги Кусто белгилаган рақамлар билан оролни изладим. 157 даража шимолий кенглик,  42,6 даража шарқий узоқлик. Йўқ, ҳеч нарса йўқ. Балки Кусто ўлчовда адашгандир?

Бир неча кундирки, гарангман. На ишда, на уйда хаёлим жойида эмас. Ҳатто тушимда ҳам аллақандай оролда юрганмишман. Фильмларда кўрганимдек, белидан пастини пальма барглари тўсган ярим яланғоч одамлар қўлида найза тутиб қирғоққа, мен турган жойга югуриб келаётганмиш.

— Вой, вой-доод! – деб қичқирдим.

Юзимга муздек сув сачрагандек бўлди. Кўзимни очиб қарасам, тепамда хотиним  қовоғини уйганча менга ўқрайиб турибди.

— Яна нима жин урди, сизни? – деди у араз билан. – Тўй қиламиз деганимдан буён шунақа, девонасифат бўлиб қолдингиз. Бундоқ гапирмайсиз ҳам.

Юзимни артдим-да, хотинга тескари ёнбошлаб ётдим. Аммо қани эди уйқу кела қолса. Кусто нега энди  ўша оролга боришга кўнмади экан, демак, у ерда ҳаёт бор, одамлар бор. Лекин улар қай тарзда яшайдилар? Қайси тилда сўзлашадилар? Ўша ерга бориш менга насиб қилармикан?..”

Сара Жионинг асарлари бундан сал бошқачароқ бошланади, нима қилса ҳам, аёл киши-да, саргузашт воқеалар тафсилотида романтикани унутмайди. “Муҳаббатнинг сирли шивири” романида шундай ўринлар бор: “Муҳаббат – иссиқхонада етиштирилган, ўзи хоҳламаса ҳам очилаверадиган гул эмас. У йўл четида кутилмаганда пайдо бўлиб, кутилмаганда ғунчалайдиган  алаф”.

Шу романдан яна иккита иқтибос. Мен уларни ушбу мақолани сунъий семиртириш учун эмас, Муҳаммаджон Обидовнинг биринчи насрий асарини “Жаҳон адабиёти” журналида (бошқа яна қаерда бўлиши мумкин!) ўқиб маза қилган журналхонлар эсда тутиб туришлари учун келтирмоқдаман. Чунки мақола сўнгида уларга яна қайтамиз. Биринчиси: “Чин дўст бирор ташвишли ҳолатда ёнингга зудлик билан етиб келадиган киши эмас. Бу ишни ҳамма ҳам (масалан душман ҳам)  қилиши мумкин. Ўзи  омадсиз бўлишига қарамай, сенинг бах­тинг­ни ўзининг  бахтидай  қабул қиладиган, сен билан бирга қувонадиган кишигина ҳақиқий дўстдир”. Иккинчиси: “Шундай одамлар  борки, уларнинг қўлида қалбингнинг ҳали ўзинг ҳам кирмаган эшигини очишга қодир калит бўлади. Бундай одамлар билан ҳеч иккиланмай муносабат ўрнатиш мумкин…”

Саргузашт асар ёзиш осон иш эмас. Бундай асарда, агар у чинакам маҳорат билан ёзилган бўлса, ҳаётий воқелик бадиий тўқима билан қоришиб, бир-бирига ошиқ-маъшуқлардай чирмашиб кетади, ажратиб бўпсиз.  Бир-биридан ажрата олмайсиз. Ҳаммасига  ишонасиз. Бошқача бўлиши мумкин эмас, дейсиз. Анвар Обиджон, Дадахон Нурий ёзган кўп китобларда шундай чирмашувлар бор. Дадахон аканинг “Бойсун  жунглиларидан Канди ўрмонларигача” деб номланган супер саргузашт асарида тўқима анча кўп, аммо ёзувчининг маҳорати шундайки, у энг зийрак ўқувчини ҳам  уларга ишонтиради, иккиланишига йўл қўймайди. Шу ерда дунёга тарқалган саргузашт китоблар муаллифи Худойберди Тўхтабоевни соғинч билан ёдга олмасликнинг иложи йўқ. Устознинг ишонтириш санъатидан бир “шингил”: ёшлар нашриётида бош муҳаррир бўлиб ишлаётган Худойберди ака нашриёт директори Абдулазиз Ваҳобовдан бир кунга рухсат сўраб, қишлоқдаги уйига кетади, аммо орадан тўрт кун ўтса ҳам қайтиб келмайди. Келганида раҳбар жиддий койийди. “Шунча кун қаерларда юрибсиз? − деган саволга Худойберди ака жуда ишончли жавоб беради: “Узр, Абдулазиз Ваҳобович, эртаси куниёқ қайт­моқчи эдим, бирданига ҳаво айниб, чақмоқ чақиб, осмон уч-тўрт бўлакка бўлиниб кетди, жала қуйди. Қишлоққа сел келди, кўп жойларни ювиб, бир-икки кишини оқизди ҳам. Анча жойдан аранг ушлаб келишди.  Мен далада эдим, кекса тутнинг устига чиқиб, жон сақладим, шу жойда… роса икки  кун қолиб кетдим…”

Мана сизга ишонтириш санъати! Ўшанда мен шундоқ машҳур ёзувчини асраб қолган ўша халоскор тутни бориб кўрмоқчи бўлганман.

Муҳаммаджон Обидов ҳам айни шу – ишонтириш йўлини танлаган. Асарда бир эмас, бир неча ғаройиб, ақл бовар қилмайдиган воқеалар тафсилоти борки, ўқувчи  уларга чиппа-чин ишонади. Ишонгиси келади. Беихтиёр Марғилонда туғилган Юлдуз Усмонованинг машҳур “Сен мени ишонтир муҳаббатинг­­га” қўшиғини хиргойи қилиб юборади.  Йўқ десангиз, сиз билан жиддий баҳслашади. Шу ишончидан завқ олади. Руҳияти тозаради. Шу эмасми бадиий адабиётнинг муҳим вазифаси?! Ўқувчига ишонч туйғусини бахш этишдан яхшироқ яна нима бор? Устоз Иброҳим Ғафуров Дадахон Нурий ижоди ҳақида гапириб, “Дадахонда озроқ алдаркўсалик бор, аммо қалами ўткир, боплаб ишонтиради-да”, деган эди.

Бир гал Дадахон ака билан сиҳатгоҳда даволанаётган Эркин Воҳидовни кўргани борганмиз. Йўл-йўлакай бозорга кириб, муштдан сал каттароқ иккита кўк қовун сотиб олдик. Дадахон ака уларни Эркин аканинг покистонлик мухлислари юборганини айтиб, устозни деярли ишонтирди, аммо… қовун деб  сўйган эдик, у қовун  ҳам, бодринг ҳам эмас, гибрид ошқовоққа ўхшаш  бир нарса экан. Эркин ака: “Аҳмаджон, олинг, ҳеч бўлмаса бир карж енг. Бирор кор-ҳол юз берса дўхтир қўшнимизни чақирамиз. Дадахоннинг одати – тез-тез шунақа қовун тушириб туради”, дедилар.

“Кусто оролида 10 кун”да эндигина биринчи бадиий асарини ўқувчиларга ҳавола этаётган ёзувчининг ўзига хос маҳорати билан бирга, унинг бу ишга жиддий тайёргарлик кўргани яққол сезилади. Ушбу қораламаларни қоғозга туширишдан мақсад биринчи асарга  анъанавий эмас, Дадахон Нурийнинг саргузашт китоби хусусида ёзганимдек, “асарнинг ўзига ўхшаган” тақриз ёзиш. Демак, Сарахонимнинг “Муҳаббатнинг сирли шивири” романидан юқорида келтирилган икки иқтибосга қайтадиган пайт келди.

Биринчиси – чин дўст қандай бўлиши ҳақида. Мени ҳайратга солгани, ушбу мавзуда Сарахоним билан Муҳаммаджоннинг муаллиф сифатидаги фикр­лари қуйиб қўйгандай бир хил. Энг оғир шароитда Сарвар зукколик қилиб, қабиланинг бир аъзосини ўлимдан сақлаб қолади. Саранинг қаҳрамонларидан бири ҳам шундай қилади. Худди аввалдан келишиб қўйилгандай.

Иккинчи иқтибосда жуда нозик бир ишора бор. Сарахоним “Баъзи одамларда шундай қобилият борки, улар сирли калит билан сенинг қалбингга осонгина йўл топа оладилар”, дейди. Во, ажабо! “Кусто оролида 10 кун”да ҳам шундай. Журналист Сарвар  қабила бошлиғининг қизи қалбини осонгина эгаллайди. Унга олтин соат совға қилади. Бунисига нима дейсиз?

Хуллас, ўқувчини ишонтириш мақсадида бир-бирини тўлдирадиган эпизодлар жуда кўп. Бу − ҳар икки муаллифнинг катта адабиёт олдидаги ўта оғир масъулиятни тўғри ҳис этиши натижаси, албатта.

Асар ҳақидаги мушоҳадаларимга шу ерда нуқта қўймоқчи эдим. Аммо яна бир фикр хаёлимга келди. Сарахоним яна қандай асар устида ишламоқда экан? У ёқ-бу ёқдан суриштирсам, унинг янги романи “Сенга қайтаман” номи билан рус тилида “Эскмо” нашриётида аллақачон босилибди. Топиб ўқидим: Шарлотта исмли қиз турмуш қуриб, куёв бола билан асал ойини ўтказиш учун олис саёҳатга чиқади. Аммо денгизда бўрон кўтарилиб, кема ҳалокатга учрайди. Шарлотта сув юзида узоқ вақт қолиб кетади, бир амаллаб номаълум оролга етиб олади, у ерда   Грэй исмли одамбашара янги Робинзонни учратиб, унинг ёрдамида жонини сақлаб қолади ва орадан икки йил ўтгач, соғ-омон уйига қайтади. Орадан йиллар ўтади. Бир куни Шарлотта асал ойида бўлган воқеаларни эслаб, денгиз қирғоғига келади ва у ерда ичида қоғози бор шишага кўзи тушади. Очиб ўқиса, шиша ичидаги хат унинг номига Грейдан йўлланган экан. “Шарлотта, бу мактуб қўлингга етиб борадими-йўқми, қачон етиб боради  – билмайман, аммо мен сени ҳаётимнинг сўнгги дақиқаларигача кутаман. Қайтишингга ишонаман”, деган сўзлар Шарлоттанинг вужудини титратиб юборади.

Мен ҳам титраб кетдим. Дарҳол ўзимни ўнглаб, Муҳаммаджоннинг қаҳрамони Сарварни эсладим. Қабила бошлиғининг қизи ҳар куни қўлидаги соатга мунгли тикилиб, унинг бир маромда чиқиллашидан эзилиб, океан сувларида узоқдан кўринаётган катта-кичик кемаларга мўлтиллаб қараётган бўлса-чи? Мабодо сувга шўнғиган тўти, агар у  балиқдай су­зишга ўргатилган бўлса-ю, Жюль Верн  қаҳрамонларидай сув остидан оролга етиб олиб, аэропортда нима воқеалар бўлганини кўзлари орқали ўша қабила сардорининг қизи — Гўзалга тушунтириб берган бўлса-чи? Шундай бўлиши мумкинми? – Нега энди мумкин эмас экан.

Демак, тиниб-тинчимас Обидовдан яна бир янги асар кутишга ҳақлимиз. Номи…  Сарахонимники “Сенга қайтаман” эди,  демак, Муҳаммаджонники “Мени кутгил” бўлар?

Нима дедингиз?

Аҳмаджон МЕЛИБОЕВ.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

three × 1 =