Сунъийлик нега керак?
Ҳали университетга кирмаган бўлсам-да, тасвирга олиш жараёнларини ўрганиш учун телевидениега кўп бораман. Журналист сифатида ишлаш учун бу тажриба, албатта, муҳим деб ҳисоблайман. Ўрганаётганларим келажак учун фойдали, лекин баъзи тарафлари менда салбий таассурот қолдирди.
Негадир телекўрсатувларимизда кундан-кунга сунъийлик ошиб бораётгандай. Бу телетомошабин учун ҳар доим ҳам сезилмаслиги мумкин, бироқ экран ортидагилар бу ҳолатни билишади-ку. Мисол учун, кўрсатув тугаганидан сўнг, операторлар биздан яна кулиб туришимизни ва шу кадрларни ҳам алоҳида тасвирга олиб, дастур ичига қўшиб юборишларини кўп айтишади. Лекин ана шу кўрсатувнинг ўзида ҳам кулиб гапириш мумкин-ку. Ёки қарсак чалиш керак бўлган айрим кадрларда айнан ўша қарсак саҳнаси учун ҳам қанчадир вақт сарфланади.
Мени ранжитган энг ачинарли ҳолатлардан бири шундай: бирон-бир репортаж тайёрлаш жараёнида интервью берадиган ҳар бир кишига оператор ёки репортёр томонидан нутқ тайёрлаб берилади. Интервью бермоқчи бўлган киши мана шу гапларни ўзи айта олмайдими? Менимча, жараён ҳақида ўзининг фикрини айтиш кўпчиликнинг қўлидан келади.
21 март куни Сирдарё вилоятида Наврўз байрами катта шодиёна сифатида нишонланди. Табиийки, ушбу тантана ҳам телевидениеда ёритиб борилди. Дастурни тайёрлаш жараёнида бир журналист опамиз 4-5 ёш атрофидаги қизчадан интервью олаётганига кўзим тушди. Ижодий жамоа қизчадан байрам таассуротларини айтишни илтимос қилди. Қизча эндигина тўлиб-тошиб гапираётган эди ҳамки, уни тўхтатиб қўйиб, адабий сўзлар билан нималар дейишини тушунтириб, ёдлатиб қўйишди. Бу жараённи кўриб, яна кайфиятим бузилди. Катта одамлар ўргатган сунъий сўзлардан кўра, қизалоқ тилидан олинган самимий тилаклар афзалроқ эмасми? Қизчанинг иштиёқини сўндириб байрам таассуротларини эшитишдан халқимизга ҳам, телевидениега ҳам, қизчага ҳам фойда йўқ-ку.
Хулласи калом, теледастурларда ясамаликдан қочиш вақти аллақачон келган. Унинг ўрнига самимий, табиий кадрлар билан кўрсатувларни бойитиш барча учун янада қизиқарлироқ бўлади, менимча.
Зуҳра ТОЖИБОЕВА.
Гулистон шаҳри