Катта бўлинг-у, катталик қилманг!

Баъзан болалар тарафидан кичик хатоларга йўл қўйилиши кузатилади. Бебошлик қилган дамларда эса: “Бола-да, ҳали ёш-да”, деб қўйилади. Яна бундай ҳолларда халқимиз болалик қилганларга нисбатан: “Катта бўлса, ақли киради”, деган гапни қўллаганлигига кўп гувоҳ бўламиз. Шубҳасиз, “Ақл — ёшда эмас, бошда”, аммо ҳар қандай инсон ёшига, ҳолатига кўра вазифаларни зиммасига олмоғи даркор эмасми? Бироқ ёшим катта дея ўйламасдан иш юритиш ҳам нотўғри.

Инсон улғайгани сайин ундаги бор фазилат ва иллатлар ҳам улғаяди. Шундай иллатлардан бири кибрлиликдир. Аксар инсонлар кўчада, ишда ёшини пеш қилиб кичикларга босим ўтказади, айтганини қилдиради. Хўш, бу қай даражада тўғри? Аксинча, улар ёрдам қўлини чўзиши, ўзидан кичикларнинг бошига мусибат тушса, тўғри йўл кўрсатиши даркор. Бироқ уларнинг ўзи тўғри йўлдами? Ҳурмат қилиняптими, иззатни ҳам ўрнига қўйсин-да. Халқимиз бундай одамларга қарата “Осмон қўлингда бўлса, ташлаб юбор” иборасини қўллашади, яъни гапларингга яраша муносиб ҳаракат ҳам қил, фақат сўзда эмас, амалда ҳам кўрайлик қабилида. Бу иллат инсонни ва унинг атрофидагиларни ноқулай вазиятга солиб қўяди. Манманлик, такаббурлик инсонни кўп нарсадан мосуво қилади.

Ишонинг, кибр атрофингиздагиларнинг қалбларига оғир ботади, улар олдида қадрингиз бўлмайди, манман, такаббур инсон сингари кўринасиз. Сиз ҳақингизда салбий ўйларга боришади. Сизни ёмон кўриб қолишади, ҳатто аудиторияда ўз ўрнингизни йўқотиб қўйишингиз мумкин. Шу боис ҳеч қачон катта кетманг, нонни катта тишласангиз ҳам, гапни катта гапирманг. Аллоҳ таоло истаса, осмонда парвоз этувчи қушни ерда судралиб юрувчи илонга ем қилади. Бари жуда оддий, шунчаки камтар бўлиш керак, холос. Ахир доно элимиз: “Камтарга камол, манманга завол”, деб бежиз айтмаган. Камтар инсон ҳар ерда обрў қозонади, ҳурмат топади. Биргина камтарлик — бошқа эзгу хислатларингизнинг ҳам намоён бўлишида тагзамин. Шу ўринда шоир Эркин Воҳидовнинг “Камтарлик ҳақида”ги шеъри ёдимизга келади.

Гарчи шунча мағрур турса ҳам,

Пиёлага эгилар чойнак,

Шундай экан манманлик нечун,

Кибр-у ҳаво нимага керак?

Камтарин бўл, ҳатто бир қадам

Ўтма ғурур остонасидан,

Пиёлани инсон шунинг-чун

Ўпар доим пешонасидан.

Ҳа, камтарлик ҳамиша кўзларга сургулик эъзоз топиш имкониятини ошира оладиган хислат экан.

Матлуба ШАКАРОВА,

Ҳалима Худойбердиева номидаги

ижод мактабининг 11-синф ўқувчиси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

nineteen + ten =