Қассобга мол қайғуси…

Экологик вазият ўзгарувчан бўлиб турган ҳозирги даврда одам умрини узайтириш, унинг соғлиғи ҳақида ғамхўрлик қилиш тобора жиддий аҳамият касб этмоқда. Бу борада баъзи жойларда ҳукм сураётган айрим ҳолатлар эса бизда ҳали-ҳануз экологик маданият етишмаётганлигини кўрсатади ва беихтиёр “Қассобга мол қайғуси, эчкига жон қайғуси” деган машҳур мақолни ёдга солади.

“Бу одам тарвуздан заҳарланибди…”

Биринчи мисол. Бундан қарийб 40 йиллар илгари ҳовлимизда икки туп эртапишар олма бўларди. Улар ҳар йили шохлари эгилиб яхши ҳосил берар, таъми ҳам жуда мазали эди. Раҳматли отам бу олмаларни меҳр билан парвариш қиларди.

Аммо биз болалар кўпинча бир ҳолатдан ҳайрон қолардик. У киши қурт еб тагига тушган меваларни териб олиб ўзи ер, бизларга ҳам берарди. Отамдан: “Нимага айнан қурт тушган олмаларни ейсиз?” деб сўраганимда, у киши: “Олманинг энг пишгани, энг сараси, энг мазалисини қурт ейди-да, дори теккан мевага қурт яқинлашмайди”, деб жавоб берарди.

Отамга: “Қуртлар, ҳашаротларга қарши дори сепсангиз бўлмайдими?” десак, у киши: “Йўқ, дорининг бир томондан фойдаси бўлса, иккинчи томондан, албатта, зарари ҳам бўлади”, деб бу ишга унамасдилар.

Иккинчи мисол. Икки ҳовли наридаги қўшнимиз — ёш ота-онанинг бир-бирига қариндошлиги йўқ, эр ичиш-чекишдан анча нари юради, аёлнинг ҳам саломатлиги жойида. Лекин негадир оилада туғилган боланинг оёғи ногирон, товонларини яхши боса олмайди. Болани текширган маҳаллий шифокорларнинг аксарияти бу ҳолатнинг сабаб­ларини аниқ айтиб бера олмади. Бирови у дейди, бирови бу. Муаммога Олмониядан келган таниқли врач ойдинлик киритди. Унинг айтишича, боланинг отаси ёки онаси бола ҳали дунёга келмасдан олдин дориланган мева истеъмол қилган ва бундай ҳолатлар сўнгги йилларда республикамизда кўп­лаб учраётган экан.

Учинчи мисол. Туман шифохонасига ярим тунда “Тез ёрдам” машинасида ўрта яшар эркакни олиб келишди. Шифокорнинг айтишича, бу одам тарвуздан заҳарланибди.

— Ҳар йили ёз, пишиқчилик мавсуми бошланиши билан бунақа ҳолатлар кўпаяди, – деди қабул бўлими шифокори. — Айниқса, ҳали апрель ойидаёқ бозорларни эгаллаб олаётган тарвузлардан эҳтиёт бўлган яхши. Чунки уларнинг аксарияти иссиқхоналарда турли кимёвий ўғитлар билан етиштирилади.

“Бизда ҳам бола-чақа бор…”

Воҳадаги донғи кетган бозорлардан биридамиз. Бу ерга дақиқа сайин рес­публиканинг турли бурчакларидан мева-сабзавот маҳсулотлари ортилган автомашиналар келиб турибди. Бундан ташқари, шу яқин-атрофдан ҳам деҳқонлар маҳсулотларини олиб киришаётир.

Мазкур автоуловларда келтирилаётган мева-сабзавот, полиз маҳсулотларининг истеъмолга яроқлилик даражаси бу ерда қандай назорат қилиниши билан қизиқдик.

— Имкони борича назорат қилаяпмиз, аммо ҳаммасига улгуриш қийин, айниқса, ҳозир айни пишиқчилик пайти, юк олиб келувчилар жуда кўп, – деди ўзини таҳлилхона ходими деб таништирган, аммо исмини айтишни истамаган ёш йигит. — Қолаверса, шу бозордан кўпчилик рўзғор тебратади, биздаям бола-чақа бор. Сиз айтаётган масала кўпроқ деҳқонларга тегишли. Ахир маҳсулотни улар дори билан етиштирса, бизда нима айб? Қолаверса, улардаям бола-чақа бор…

Мана сизга савия! Инсон саломатлигига муносабат!

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Самарқанд вилоят бўлими масъул ходими Ҳусан Элтоев яқинда Малайзияда бўлиб қайтди. Ундан сафар таассуротлари ҳақида сўрадим.

— Биласизми, мени ҳайрон қолдирган нарса шуки, у ерда дорихона жудаям кам экан, – деди у. — Чунки экологик маданият юқори, аҳоли, асосан, табиий гиёҳлардан тайёрланган воситалардан фойдаланар экан. Бизларда эса деярли ҳар қадамда дорихона…

“Ичкарига кирманг, нафасингиз бўғилиб қолади…”

Ҳа, биз бугун истеъмол қилаётганимиз мева, сабзавот, полиз маҳсулотлари, мол, парранда, балиқ гўштининг аксариятида турли кимёвий воситалар борлиги аён ҳақиқат. Фикримизни мисоллар билан исботлашга ҳаракат қиламиз.

Кейинги йилларда интенсив боғ яратиш, олманинг турли навларини четдан келтириб, уларни маҳаллийлаштиришга эътибор кучайди. Тўғри, бу олмаларни кўрсангиз, кўзингиз қувнайди. Чиройли, мазали, бозорбоп, харидоргир, касалликка чидамли, рақобатбардош ва ҳоказо…

Аммо, баъзи жойларда бу меваларга пластмасса қувурчаларда сувга қўшиб томчилатиб берилаётган кимёвий ўғитларни ҳеч кўрганмисиз? Агар кўрмаган бўлсангиз, эринмасдан бир бориб томоша қилинг!

Касбим тақозоси билан ўтган йили шундай интенсив боғлардан бирида бўлишга тўғри келди. Сувга қўшиб меваларга берилаётган кимёвий дорилар омборини кўрдим. Бу ерда 20 га яқин шундай воситалар мавжуд экан. Эшикдан киришим биланоқ димоғимга урилган қўланса ҳиддан бошим айланиб кетай деди.

— Ичкарига кирманг, нафасингиз бўғилиб қолади, — деди юзига қалин ниқоб тақиб олиб ким­ёвий воситаларни сувга қўшиб оқизаётган ёшгина йигит.

— Бошқа иш қилсангиз бўлмайдими?

— Қўлимда ҳунарим бўлмаса, бошқа қаерга ҳам борардим? Бунинг устига, ойлиги яхши.

“Фақат табиий озуқа билан иш битмайди-да…”

Вилоятнинг йирик паррандачилик хўжаликларидан бирида товуқлар учун тайёрланаётган озуқага қанақадир дори қўшилаётганининг ҳам гувоҳи бўлдим.

— Бу нарса товуқларни қисқа муддатда роса семиртиради, — дейди саволомуз қарашимга жавобан товуқбоқар тадбиркор. — Бўлмаса, фақат табиий озуқа билан иш битмайди-да, ака. Банкдан фалон сўм кредит олганмиз. Қолаверса, бу ёғи — тирикчилик.

— Бу гўштни истеъмол қилганларнинг соғлиғи нима бўлади? Ошқозонга таъсир қилмайдими?

— Қорни оғриса — ана, атроф дорихонага тўла. Дорининг минг хили бор. Ўликниям тирилтириб юборади.

Вилоятнинг чекка туманида бир йигит балиқ етиштиришни йўлга қўйган экан. Бошқа жойларда балиқ 6-7 ойда етилса, бу ерда сувга ташланган чавоқлар 4-5 ой ўтибоқ етиларкан. Бу ҳолатнинг сири билан қизиқсак, яна ўша гап. Ҳовузларга махсус кимёвий дорилар билан ишлов берилган хўрак­лар ташланаркан.

Ургут туманининг “Терсак” маҳалласида 80 ёшли Қўйсин бобо истиқомат қилади. Унинг ташқи кўриниши 50-60 ёшни эслатади. Сўзлари бийрон, хотираси яхши, ҳаракатчан.

Бободан бу ҳолнинг сирини сўраганимизда, у киши тоғ ҳавоси яхшилигини, доим тоза егуликлар истеъмол қилишини, мунтазам жисмоний меҳнат билан шуғулланишини айтди.

Инсон камида 120 йил яшаши мумкин, агарда…

— Инсон ўз соғлиғини ҳимоя қилиш учун ўта эҳтиёт бўлиши керак! — Бу 85 ёшида ҳам йигитлардек навқирон европалик Пол Бреггнинг сўзлари. — Заҳарланган мева ва сабзавот истеъмол қилинганида бош оғриғи ва қайт қилиш аломатлари пайдо бўлади, химикатлар мева ва сабзавот қайнатилганда ҳам кетмайди. Лекин ҳар бир инсон маълум гигиеник ва парҳез қоидаларига риоя қилган ҳолда ўз умрини узайтириши мумкин. У ўз танаси ҳақида қайғурсин, чунки фақат соғлом инсонгина Ватанга муносиб хизмат қила олади. Олимларнинг фикрича, ҳозирги вақтда 1000 дан ортиқ турли-туман синтетик қўшимчалар истеъмол қилинадиган озуқаларга қўшилмоқдаки, улар кўплаб янги-янги касалликларни келтириб чиқармоқда.

Масалан, батон нони саноат усулида ишлаб чиқариш жараёнида у тайёрланади, оқланади, тозаланади, юмшатилади, сода қўшилади, безалади, бўялади ва ҳоказо. Буларнинг ҳаммаси синтетик кимёвий моддалар ёрдамида бажарилади. Ҳозирда 100% тоза батон нонини топиш қийин.

Инсон организми алоҳида ҳужайралар йиғиндисидан иборат. Агар у истеъмол қилаётган озуқа ҳужайранинг ўсиши ва нормал ишлаши учун етарли бўлганида бу ҳужайра камида 120 йил яшаши мумкин эди. Лекин инсон ўз ҳаёти давомида ифлос ҳаво билан нафас олса, табиийки, ҳужайраларга бу салбий таъсир ўтказади, натижада ҳужайра касалланади ёки ўлади.

Одам ўз озуқасини турли синтетик кимёвий маҳсулотлар билан аралаштириб еса, айниқса, бир маҳсулотда турли қўшимчалар бўлса, ҳужайраларга жуда ёмон таъсир қилади, ҳужайра ўз вазифасини чала бажаради ёки бутунлай бажара олмайди.

Ўзингиз ўйланг, қандай қилиб организм нормал ишласин, сиз унга кетма-кет синтетик қўшимчалар бериб турсангиз?

Дунё миқёсидаги масала

Мутахассисларнинг фикрича, ҳозирда атмосфера ҳавоси биргина автомобиль транспортидан чиқаётган ва турли хусусиятларга эга бўлган 200 хилдан кўпроқ зарарли моддалар билан ифлосланмоқда. Улкан завод ва саноат корхоналаридан кул, тутун, чанг, зарарли газлар, металлар, мис, қўрғошин, pyx, темир, молибден ва бошқа рангли металларнинг атмосферага ташланиши ҳавони, тупроқни, сув ҳавзаларини зарарламоқда.

Атроф-муҳит пестицидлар, минерал ўғит ва бошка кимёвий моддалар билан ифлосланмоқда, саноат корхоналаридан чиқаётган чиқинди сувларининг чала ярим тозаланиб дарё сувларига ташланиши, қолаверса, инсонни ўраб олган атроф-муҳитнинг зарарланиши инсониятга ноқулай экологик-гигиеник ҳолатларни келтириб чиқармоқда.

Бу эса, ўз навбатида, инсоннинг сиҳат-саломатлигига салбий таъсир кўрсатмоқда. Шунинг учун ҳам XXI асрда атроф-муҳитни, яъни табиий муҳитни, қолаверса, табиатни асраш, муҳофаза қилиш вазифаси дунё миқёсида энг долзарб масалага айланмоқда.

Шундай бир шароитда, ҳеч бўлмаса, етиштираётган маҳсулотимизни ўзимиз заҳарлашдан сақланайлик ахир! Қолаверса, маҳсулотни табиий воситалар билан ҳам етиштириш мумкин-ку!

“Оиламизда касалланиш ҳолати йўқ…”

Шу ўринда Қўшработ туманидаги тоғлар, адирлар бағрида жойлашган “Ҳайтанбулоқ” қишлоғида яшовчи шифокор Иноят Аркаевнинг бу борада билдирган қуйидаги фикрларини келтирмоқчимиз: “Ҳозирги пайтда кимёвий воситалар аралашмаган мева, сабзавот, полиз, гўшт маҳсулотлари деярли қолмади ҳисоб. Шунинг учун мен ҳовлимдаги томорқамда бу маҳсулотларни ўз қўлим билан, табиий равишда етиштириб, оила аъзоларим билан истеъмол қиламиз. Балки шунинг учунми, улар орасида касалланиш ҳолати йўқ.”

Тўғри, Иноят акада бор имконият бош­қаларда бўлмаслиги мумкин. Аммо ҳар қандай шароитда ҳам ўз соғлиғимизга бефарқ бўлмаслигимиз керак, назаримда.

Қолаверса, кўпни кўрган кексаларнинг айнан қурт тушган олмаларни териб ейишида ҳам бир ҳикмат бўлса керак. Ахир бу борада ҳозирданоқ меъёрни сақламас эканмиз, оилаларда ногирон болалар эртага ҳам, индинга ҳам туғилаверади. Нима дедингиз, азиз замондош?

Ёр МУҲАММАД.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

19 + 5 =