Яхшидур аччиқ ҳақиқат…
Статистик маълумотларга қараганда, ҳозирда қарийб 2 миллиондан ортиқроқ юртдошларимиз хорижда меҳнат қилишар экан. Катта-катта шаҳарлардаги мардикор бозорларига иш излаб чиқаётганларнинг эса ҳозирча аниқ ҳисоби йўқ. Йўқ, мен бу мардикор бозорлари ҳақида сўзламоқчи эмасман. Аммо мазкур мавзу баҳонасида анчадан бери каминани ўйлантириб келаётган айрим мулоҳазаларим билан ўртоқлашмоқчиман, холос. Келинг, ўзим гувоҳ бўлган, кўрган-эшитган воқеалар асосида мавзу ҳақида батафсилроқ суҳбатлашайлик.
Амалда эса мутлақо бошқача
Сўнгги йилларда қишлоқ жойларда фермер хўжаликлари ривожланиб бораётгани сир эмас. Улар етиштираётган маҳсулотлар туфайли бозорларимиз тўкин. Бу яхши, албатта.
Аммо бугунги кунда мазкур хўжаликларнинг далаларида кимлар, нима эвазига меҳнат қилаётгани ҳақида ҳеч ўйлаб кўрганмисиз?
Билмасангиз, билиб олинг. Бугун далаларда “фермер хўжалиги ишчиси” сифатида жавлон уриб ишлаётганларнинг кўпчилиги мардикорлар, яъни бир кунлик меҳнат бозоридан олиб келинган ёлланма ишчилардир. Аслида, бу хўжаликлар шу яқин атрофда истиқомат қиладиган одамларни иш билан таъминлаш мақсадида ташкил этилган эди. Амалда эса мутлақо бошқача. Хўш, нимага шундай бўляпти?
Биринчидан, ҳар қандай фермер энг аввало ўзининг оила аъзолари, сўнгра яқин қариндошларини иш билан таъминлашни хоҳлайди. Улардан ортадиган юмушларнигина бошқаларга беради. Хўжалик ташкил этишда эса оила аъзолари ва қариндош-уруғларигагина етадиган қилиб ер олади. Бошқаларни ўйламайди ҳам.
Иккинчидан, бегонани ишга олиб, унинг оиласини йил бўйи боққандан кўра, мавсумий ишларга мардикор ёллаш фермерга анча арзонга тушади.
Учинчидан, кунлик ишга чиқувчилар учун ҳам бу усул маъқул. Чунки фермер ўзининг доимий ишчиларига ойлик иш ҳақи ўрнида кўпинча ғалла ёки ғалладан бўшаган майдонга иккинчи экин экиш учун маълум миқдорда ер беради. Кунлик мардикорларга эса бажарган иши учун нақд пул тўлайди.
“Шулар туфайли қора қозонимиз қайнаб турибди…”
— 3 йилдан бери тоғамнинг фермер хўжалигида оилам билан меҳнат қиламан, — дейди Оқдарё туманидан Шуҳрат Эшхўжаев. — Ёмон яшаётганимиз йўқ. Йилига меҳнат ҳақи эвазига 2-3 тонна ғалла оламиз. Молларимиз учун 100 тагача прессланган сомон, иккинчи экин учун 2 гектар ер беришади. Унга ловия экиб, 7-8 тонна ҳосил оламиз. Сув, трактор хизмати ва ўғит ҳам фермернинг ҳисобидан.
Боғдорчилик соҳасида ҳам худди шундай манзарани кузатиш мумкин. Ҳозирда Самарқанд, Жомбой, Оқдарё, Пайариқ туманларидаги аксарият интенсив боғлар “Оҳалик олтин боғи меваси” кластерига тегишли. Пишиқчилик мавсумида мазкур кластердаги мавсумий ишчилар, яъни мардикорлар сони 10 минг нафардан ошиб кетади. Бир кунлик иш учун бериладиган 100 минг сўм атрофидаги пул учун қишлоқ аёллари ва таътилда бўлган юқори синф ўқувчилари тонг саҳардан қора кечгача мева теришади. Аммо улар бу меҳнатдан нолимайдилар.
— Бошқа қаёққа ҳам борардик, ука, қўлимизда бир ҳунаримиз бўлмаса, — дейди Ойширин Аллабоева. — Шу боғнинг хўжайинларига раҳмат, шулар туфайли қора қозонимиз қайнаб турибди. Ишга келиб кетишимиз учун транспорт, бир маҳал бепул овқат беришади. Илоё, барака топишсин.
Қишлоқ туманларининг аксариятида аёллар учун мардикорликнинг янги бошқарув схемаси мавжуд. Ҳар бир қишлоқда кунлик ишга чиқаётган хотин-қизларнинг ўз “гастарбайтери”, яъни даллоли бор.
Арзон ишчи кучи излаётган фермер ва тадбиркорлар айнан шу одамга мурожаат қилишади. Бу даллолларда ҳам шу яқин атрофдаги фермерларнинг телефон рақамлари, ҳатто қайси майдонга қанақа экин экканлиги ҳақидаги маълумотларгача мавжуд.
“Гуруҳимда ўқитувчилар ҳам бор…”
Бу воситачилар ўз гуруҳидаги мардикорларга ҳар куни иш топиб бергани учун у олаётган иш ҳақининг 10 фоизига, фермерга арзон ишчи топиб бергани учун эса у бераётган умумий сумманинг ҳам 10 фоизига эгалик қилади. Хуллас, даллол икки томондан ҳам ўз улушини олади.
— Ҳа, энди тирикчилик-да, ўргилай, сихни ҳам, кабобни ҳам куйдирмаймиз, — дейди шундай воситачилардан бири Орзигул Очилова. — Фермер ҳам хурсанд, ишчилар ҳам. Баъзи фермер акалар: “Эртага фалон жойдан комиссия келаяпти. Менинг даламга гуруҳингизни олиб бориб туринг, илтимос! Агар сўраб қолишса, ҳа, шу фермер хўжалигида ишлаймиз, дейсизлар” деб ялиниб қолишади. Чунки ўзларининг ишчилари деярли йўқ ҳисоби. Ҳаммаси хорижга кетган. Албатта, бундай илтимослар қуруқ бўлмайди. У ёғини сўрасангиз, менинг гуруҳимда ҳатто ўқитувчилар ҳам бор. Улар ёзги таътилда бекор ўтиришгани йўқ.
Хўш, нега ўқитувчилар кунлик иш учун далага чиқишяпти?
Яқинда эълон қилинган статистик маълумотларга кўра, жорий йил январь-июль ойларида Ўзбекистонда кредит ва воситачилик фаолияти ходимларининг ўртача ойлик иш ҳақи 14,4 миллион сўм, савдода 5,9 миллион сўмни, умумий овқатланиш хизматлари ишчиларининг ойлик маоши 4,6 миллион сўмни ташкил этган. Аммо таълим тизимида бу кўрсаткич 3,5 миллион сўм, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар кўрсатиш соҳасида эса 3,3 миллион сўмдан ошмаган.
Кўриб турганингиздек, юртимизда энг кам ойликни ўқитувчилар ва соғлиқни сақлаш тизими ходимлари олишади. Бошқача айтганда, мактабни зўрға битириб, савдода меҳнат қилаётган ишчи ёки ошхонада ишлаётган оддий ошпаз ҳам ўқитувчидан кўп пул топаркан. Хўш, бундай аҳволда муаллим кунлик иш учун далага чиқмасдан яна қаерга ҳам борсин?
Нимага бизга хориждан иш излаб келишмайди?
Маълумотларга кўра, ҳозирда 2 миллион нафардан кўпроқ юртдошларимиз хорижий мамлакатларга иш излаб чиқиб кетган.
Шу ерда баъзи бир саволлар пайдо бўлади. Нимага бизнинг юртимизга хориждан мардикорлар иш излаб келмайди? Ёки сиз бирор ўзбекнинг уйида Россиядан, Қозоғистондан келиб ишлаётганларни кўрганмисиз?
Тўғри, Ўзбекистондаги катта-катта компания ва корхоналарда, қишлоқ хўжалиги соҳасида хорижлик мутахассислар ишлаяпти. Аммо уларга отнинг калласидай маош тўланмоқда.
Яна бир гап. Нима эмиш, Корея, Олмония, Хитой, Россияга ишга борадиган мигрантлар ўша мамлакатларнинг тилини ўрганишлари шарт экан. Кореяга борувчилар бир неча йилдан бери корейс тилидан имтиҳон топширишяпти. Ҳатто бу синовларнинг “рейтинги” олий ўқув юртига ўқишга кирувчиларнинг синовларидан ҳам баландроқ. Қизиғи шундаки, бу синовларда талабгорларнинг билимини компьютер эмас, нимагадир масъуллар баҳолашади…
Энг ёмони шундаки, талабгорларни хорижга ишга жўнатиш учун масъул бўлган, миграция агентлигида ишлайдиган жанобларнинг айримлари бу синовлардан чўнтак қаппайтириб олганлари яқинда ошкор бўлиб қолди. Бир бечора бола-чақасини боқаман деб бировлардан қарз-қавола қилиб имтиҳонга борса-ю, қайсидир нафси ўпқон мулозим шунга ҳам шерик бўлса… Ғалати-а?
Дангалроқ қилиб айтадиган бўлсак, бошқа юртга мардикорликка бориш учун ҳам бечора қишлоқи йигит кимгадир ялиниб пора берса…
Ҳа, бошқа давлатда мардикор бўлиб ишлаш учун бизникилар имтиҳон топширишади. Қизиқ, ўша давлатнинг фуқароси ҳам бизга ишга келиш учун ўзбек тилидан ўз юртида имтиҳон топширармикин? Имтиҳон топширмасаям, бирор корейс бизнинг фермер даласига “рўзғор тебратиш учун” келармикин?
“Хонимлар бу ҳолни кулиб томоша қилишади…”
Россияда анча йил меҳнат қилган бир йигит ўтган йили менга бир воқеани айтиб берди.
Москва яқинида Химки деган шаҳарча бор. Ўша ердаги кўчалардан бирида қурилаётган кўп қаватли уйнинг ертўласида қарийб 20 нафар ўзбек йигити яшар экан.
Гоҳида шундай кунлар ҳам бўларканки, улар ҳатто бир бурда нонга пул тополмай қолишаркан. Шунда улардан баъзилари эрталаб туриб кўп қаватли уйлар ёнига бориб туришаркан. Чунки бу уйларда яшовчи малласоч хонимлар чиқинди қутисига ҳали қотиб улгурмаган нон, ширинликлар, бир тишлаб ташланган колбаса бўлакларини чиқариб ташлар эканлар.
Бояги йигитлар бу егуликларни чиқинди қутисидан талашиб-тортишиб олаётганликларини бу хонимлар деразадан кўриб, кулиб томоша қилишаркан. Жудаям аянчли ҳолат.
Шу йилнинг февраль ойида Нурободдаги санаторийлардан бирида дам олдим. Санаторийда бел, қўл, оёқ оғриғини даволаш учун беморларга парафин, яъни эритилган шам қўйишади. Мен ҳар куни эрталаб нонуштадан сўнг муолажа олиш учун борганимда, бу ерда 3-4 нафар 23-26 ёшлар атрофидаги ёш йигитларни ҳам кўрардим.
Бир куни қизиқиб улардан: “Ҳали ёш бўлсаларинг, нимага парафин билан даволанаяпсизлар?” деб сўрадим. Шунда йигитлардан бири: “Эҳ, амаки, нимасини айтайлик, бизнинг белимиз, оёқларимиздан Россиянинг қаҳратон совуғи ўтиб кетган. Ҳар йили 10 кун шу ерда даволанмасак, ишга ярамаймиз. Шу ерда даволаниб, кейин яна ўша ёққа ишга борамиз”, деди.
Мардикорлик қилаётган зобит
Жомбой туманида яшайдиган Зафар Норов Тошкент ахборот технологиялари университетининг махсус факультетини битирган. Олий маълумотли зобит, ҳарбий алоқа бўйича етакчи мутахассис, катта лейтенант унвонига эга.
Бундан 8 йил илгари Сурхондарёдаги чегара қисмлардан бирида ҳарбий хизматни ўташ чоғида у командирининг айбини очиб ташлагани учун ишдан ноҳақ ҳайдалиб кетган. Айни пайтда эса мардикорлик қилиб ризқини топаяпти.
— 2-3 жойга мурожаат қилдим, аммо мени ишга қайтиб тиклашмади, натижада хорижда ишлашга мажбур бўлдим, — дейди у. — Ўша ерда ишлаб топган пулимга оилам учун икки хонали бошпана қуриб олдим. Мана, ҳозир кунлик мардикор бозорига чиқиб болаларимни боқаяпман. Ҳеч кимдан шикоятим йўқ. Юртимизда меҳнат қилган одам хор бўлмайди.
Ҳа, йигит тўғри айтди. Бизнинг юртимизда меҳнат қилган киши, албатта, ризқини топади. Аммо алам қиладиган жойи шундаки, айрим мулозимлар ана шу ҳалол меҳнат қилаётганларга муносиб шароит яратиш ўрнига уларнинг топаётган яримта нонини ҳам туя қилишяпти.
Муаммоларнинг бош илдизи — ишсизлик
Ўзининг қариндоши, яқинларини мўмай пул эвазига хорижга қулликка сотиб юбораётган айрим виждонсиз кимсаларни-ку айтмай қўя қолайлик. Бу алоҳида мавзу.
Тўғри, ҳозирги кунда аҳолини иш билан таъминлаш мақсадида жойларда бўш иш ўринлари ярмаркалари ташкил этиляпти, бошқа турли чоралар кўриляпти. Аммо бу тадбирларнинг аксарияти, бизнинг назаримизда, хўжакўрсинга қилинаётгандек.
Яна бир гап. Миграция агентлиги ходимларидан бирининг айтишича, ишлаш учун одамларни хорижга ишга юборишдан олдин ўша мамлакатнинг меҳнат бозори ўрганилар экан. Буни қаранг-а?
Нима учун ўша мутахассислар ўзимиздаги меҳнат бозорларини ўрганишмайди? Нимага бу масъуллар ҳар бир соҳада ишчи-ходимларга берилаётган ойлик маош миқдори уларнинг бир ойлик харажатларига етиши ё етмаслиги ҳақида ўйлаб кўрмайдилар? Нимага улар жамиятдаги жиноятчилик, ҳуқуқбузарлик, оилавий ажримларнинг бош илдизи — ишсизлик экани ҳақида гапирмайдилар?
Хуллас, саволлар кўп. Аммо бу саволларга батафсил, асосли жавоб берадиганларни топиш қийин.
Мулоҳазаларимизга шу жойда нуқта қўймоқчи бўлиб турганимизда, радиодан таниқли ҳофизнинг машҳур ашуласи янграб қолди: “Яхшидур аччиқ ҳақиқат, лек ширин ёлғон ёмон. Шу ширин ёлғонга лекин алданиб қолғон ёмон”.
Сиз нима дейсиз, азиз ўқувчи?
Ёр МУҲАММАД