Айтсам тилим, айтмасам дилим…

Кейинги йилларда мамлакатимизда таълимга, бадиий саводхонликка, малакали кадрлар тайёрлашга жиддий эътибор қаратилаётгани ҳеч кимга сир эмас. Аммо гуруч курмаксиз бўлмагани каби, босма нашрлар, ойнаи жаҳон, радио тўлқинларидаги айрим дастурлар, қишлоқ мактабларидаги баъзи ҳолатлар беихтиёр кишини ўйлашга, мулоҳазага чорлайди, бундай ҳолатларнинг илдизларини таҳлил қилишга ундайди.

Эчкининг аёли

Биринчи мисол. Хусусий телеканаллардан бирида берилаётган ахборот дастурини кузата туриб, ғалатидан ғалати жумлаларни эшитиб қолдим. Кадрда гапираётган мухбир йигит хориждан келтирилган эчкиларни мақтай туриб, дам-бадам “эчкининг аёли” дерди. Дастлаб адашгандир деб ўйладим. Аммо икки-уч марта шу сўзларни қайтарганидан сўнг, нотўғри эшитмадимми, деган хаёлда беихтиёр атрофимда ўтирганларга қарадим. Улардан бири мухбирнинг довдирлиги, саводсизлигидан шарақлаб кулиб юборди: “Тавба, эчкининг ҳам аёли бўларканми? Ахир у одам эмас-ку?!”

Мухбирни чаласавод десангиз, дастур бош­ловчилари савия борасида ундан ҳам ошиб тушди. Улар бир лавҳа ҳақида гапираётиб, бир эмас, бир неча маротаба “пистолет” деган сўзни тилга олишди. Агар эслаётган бўлсангиз, ўша лавҳада олис шаҳардаги қайсидир дорихонага кириб, тўппонча билан босқинчилик қилган шахс ҳақида гап кетади. Дастурни кузатарканман, наҳотки бошловчилар “пистолет” сўзининг ўзбекча таржимаси “тўппонча” эканлигини билмасалар, деган хаёлга бордим.

Орадан бир неча кун ўтиб, яна ўша ахборот дастурининг Тошкент вилоятидаги касалхонадан лавҳа тайёрлаган мухбири: “Муассасада 2 дона шифокор ишлаяпти”, деди. Унинг самарқандлик ҳамкасби эса вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасига “10 нафар тез ёрдам машинаси берилди”, деди. Мана сизга аҳвол!

Ахир одамга нисбатан “дона” эмас, “нафар” деган сўз ишлатилишини, “дона” фақат жонсиз нарсаларга нисбатан қўлланилишини бу “мухбир”ларга наҳотки ҳеч ким айтмаган бўлса?! Балки улар эътиборсизлик қилган ҳам дейлик. Хўш, дастур муҳаррири-чи? У киши қаёққа қаради? Дастурдаги матнларнинг тўғрилиги ва савияси учун шу вазифадаги одам жавоб бермайдими?

Муҳаррирнинг нега ўрни йўқ?

Шу ўринда бир мулоҳаза. Аксарият ҳолларда бахтсиз ҳодисалар-у ички ишлар ходимлари фаолиятига оид лавҳалардан ташкил топаётган шу каби дастурларда бошловчилар айтган жумлани лавҳа бошланиши билан мухбир ҳам сўзма-сўз такрорлайди.

Масалан, бошловчи “фалон туманда иккита енгил автомашина тўқнашди, тафсилотлар мухбиримизнинг лавҳасида” деса, экранда пайдо бўлган мухбир ҳам гўё бир оламшумул воқеа юз бергандек ҳовлиқиб: “Бугун фалон туманда иккита енгил автомашина тўқнашиб кетди”, деб бошловчининг айтганларини айнан такрорлайди.

Бунинг устига, айрим мухбирлар бемалол кадр ортида ҳам айтса бўладиган жумлаларни (ўзларини кўз-кўз қилиш учунми) кадрда кўриниб гапиришлари беихтиёр томошабиннинг энсасини қотиради. Бу ерда ҳам муҳаррирнинг ўрни мутлақо сезилмайди.

“Қаҳрамонлик”

Иккинчи мисол. Яна бошқа бир телеканалда бериладиган ахборот дастурида доимий равишда фақат қийшайган симёғочлар-у эскирган трансформаторлар, абгор йўллар танқид қилинади. Ва мухбирлар ҳар гал “албатта мавзуга қайтиш”ни ваъда қиладилар. Бироз вақт ўтиб эса мавзуга қайтган мухбир ўпкасини қўлтиқлаб: “Мана, биз аралашганимиздан сўнг вазият мутлақо ўзгарди!” деб жар солади. Томошабин кўз ўнгида улар гўё Хизр бобога айланиб, ўзларидан қаҳрамон ясайдилар.

Натижада томошабинда гўёки барча мас­ъуллар масъулиятни сезмайдиган, бурнининг тагидан нарини кўрмайдиган, фақат ҳамёнини ўйлайдиган текинтомоқ, ошқовоқ кимсалар, фақатгина телевидениедагилар халқпарвар, ватанпарвар экан, деган фикр уйғонади.

Аммо, ҳақиқий манзара эса бутунлай бошқача. Келинг, энди мана шу воқеани батафсилроқ таҳлил қилайлик.

Вилоятнинг олис бир туманига уюштирилган пресс-тур мобайнида электр энергияси билан таъминлаш борасида мухбирларга ахборот берилди. Шунда камина туман электр корхонаси бош муҳандисидан яқинда телевидениеда туманнинг бир қишлоғидаги вазият танқид қилинганлиги, орадан 2 ҳафта ўтиб эса “телевидение аралашувидан сўнг” қишлоқдаги эски трансформатор янгисига алмаштирилганлигининг тафсилотини сўрадим.

Шунда бош муҳандис: “Ҳамкасбларингиз микрофону камера кўтариб келиб, икки оёғини бир этикка солиб туриб олишади. Нима қилардик? Авария ҳолатлари учун олиб қўйилган захирадаги трансформаторни ўрнатиб бериб қутулдик. Аммо, тўғрисини айтсам, нафақат туман, балки вилоятимиз бўйича қарийб 70 фоиз трансформаторлару симёғочлар шу аҳволда. Чунки ҳаммаси эскириб кетган. Буни юқоридаги соҳа мутасаддилари ҳам жуда яхши билишади. Босқичма-босқич алмаштириб келяпмиз. Ҳаммасини бир вақтда алмаштириб бўлмайди-ку ахир. Бунинг учун вақт, маблағ керак. Одамлар эса фактларга эмас, ўзларини қаҳрамон қилиб кўрсатаётган айрим мухбирларга ишонишади”.

Агар мухбир савияли бўлганда…

Суҳбатдошимнинг айтишича, баъзи янги пайдо бўлган, тоғолди ҳудудларида жойлашган қишлоқларда уйларнинг ораси 30-50 метрни ташкил этади. Уй қурилган вақтда хонадон соҳиби вақтинча бир йўғонроқ ходани симёғоч сифатида ўрнатиб, тизимга уланиб олади. Кейинчалик эса, мана бизнинг симёғочларимиз қандай аҳволда, бизга ҳеч ким ёрдам бермаяпти, деб матбуотга мурожаат қилишади. Буни эшитган мухбир эса мавзуни чуқурроқ таҳлил қилиш ўрнига масъулларни айблай бошлайди.

Агар сал савиялироқ журналист бўлганида, вилоятда ҳозирда неча фоиз шундай эскирган симёғоч ва трансформаторлар мавжудлиги, уларни тўлиқ алмаштириш учун қанча маблағ ва вақт керак бўлиши, бу борада давлат томонидан ажратилаётган маблағ нималарга сарф бўлаётгани, муқобил энергиядан қишлоқда кимлар, қандай фойдаланаётгани ҳақида чиройли таҳлилий материал қилиши мумкин эди.

Мотивация дегани нима?

Учинчи мисол. “Менинг юртим” телеканалидаги дастурлардан бирида бошловчи ҳам, мухбир ҳам, унинг суҳбатдоши ҳам “Мотивация” деган сўзни қайта-қайта такрорлади. Эртаси куни катта бир идоранинг каттакони ёшлар билан учрашувда сўзга чиқиб, яна ўша сўзни айт­­ди. Кейинроқ эса бу сўзни турли давралар, анжуманларда тез-тез эшитадиган бўлдик.

Иш шу даражага бориб етдики, “Ўзбегим таронаси” радиосида “Эрталабки мотивация” деган эшиттириш ҳам пайдо бўлди. Мазкур дастурни олиб борувчи қиз эшиттириш давомида бу сўзни шу даражада кўп ишлатдики, ҳатто саноқдан ҳам адашиб кетдик.

Хўш, сўнгги пайтларда, айниқса, ёшлар орасида кўп тилга олинаётган “мотивация” дегани нима ўзи?

Аслида бу русча сўз бўлиб, рус тилининг изоҳли луғатида “Мотивация — это побуждение к действию” дея таъриф берилади. Демак, унинг ўзбекча таржимаси “ҳаракатга чорлаш”, “илҳомлантириш” ёки “илҳом”, “рағбат” деган маънони беради. Нима учун энди шу ҳаммага тушунарли бўлган ўзбекча сўзни хориж тилидаги сўзга алмаштириш керак? Бу нима? Ўта замонавийликми, маданиятлиликми ёки савиясизликми?

Ҳозир журналист бўлиш жуда осондек

Яна бир гап. Ҳозир журналист бўлиш жуда осондек. Телеканалларда танлов-кастинглар уюштириляпти. Газеталар таҳририяти қошида курслар фаолият кўрсатаяпти. Қизиқ, олий ўқув юртларининг журналистика факультетида контракт тўлаб 4-5 йиллаб ўқиганлар ҳам, аллақандай кастингдан ўтган, 6 ойлик курсни битирганлар ҳам мухбир бўлиб бемалол ишлаши мумкин. Бу имконият эса ўзини тезроқ кўрсатишни, тезроқ обрў олишни ва даромад топишни истаган айрим чаламулла ёшлар учун айни муддао бўляпти.

Ўзбекистон халқ ёзувчиси, марҳум Тоҳир Малик “Тилингни авайла” номли рисоласида шундай ёзади: “Сухандон” “диктор” маъносини бермайди. “Диктор” аниқ ва тиниқ талаффузли одам. “Сухандон” эса гапга уста, гапдон одам дегани.

Шу ўринда яна бир гап. Кўп ҳолларда кулги усталари, ҳажвчилар ҳақида гап кетганида негадир уларни “сўз устаси” дейиш урф бўляпти. Бизнингча, бу мутлақо нотўғри. “Сўз устаси” деб Ҳазрат Навоий, Абдулла Қаҳҳор, Ғафур Ғулом, Абдулла Орипов каби улуғларни айтиш мумкин. “Ойнаи жаҳон”да кунора кўринадиган ҳажвчиларни эса “кулги усталари” десак мақсадга мувофиқ бўларди. Бу фикрга, менимча, уларнинг ўзлари ҳам қўшилсалар керак”.

“Нима, ёзувчи шеър ёзмайдими?”

Тўртинчи мисол. Нима бўлди-ю, касб тақозоси билан яқинда вилоятнинг олис туманларидаги қишлоқ мактабларида таҳсил олаётган юқори синфдаги ўқувчи-ёшлар билан суҳбатлашишга тўғри келди. Суҳбат жараёнида бу ёшларнинг билим савияси пастлиги, дунёқарашининг жуда торлиги бизни ҳайрон қолдирди. “Ўзбекистон — Ватаним маним” шеърининг муаллифини сўраганимизда, улардан бири ҳеч иккиланмай “Саид Аҳмад” деб юборди.

Шундан сўнг ўқувчиларга ёзувчи билан шоирнинг фарқини тушунтирдик. Шунча гапдан кейин ҳам яна бир ўқувчи “Нима, ёзувчи шеър ёзмайдими?” деб сўради. Кейин эса ўқитувчи ҳамроҳлигида битирувчи синф ўқувчиларидан 10 нафарига ишга кириш учун ариза ёздирдик. Ишонасизми, 10 та аризадан 6 тасида 5 тадан 12 тагача имло хатолари бор эди. Мана сизга мактабдаги “ислоҳотлар”нинг ёрқин самараси!

Худди шу таълим масканидаги тадбирда ваъзхонлик қилаётган, ёши 60 дан ошган маҳаллий кенгаш депутати бугунги кунда халқ таълими соҳасида “туб бурилиш”лар юз бераётгани, “улкан ислоҳотлар” амалга оширилаётгани ҳақида куйиб-пишиб гапирди.

Қизиғи шундаки, бу одам бундан 15 йилча аввал ҳам маҳаллий кенгаш сессиясида сўзга чиққанида ҳозирги айтаётган гапларини айнан такрорлаган эди. Ким билсин, унинг қўлидаги сийқаси чиқиб кетган маъруза сана ва рақамлари ўзгартирилган ҳолда яна неча марта минбарга чиқар экан?

* * *

Нозик дидли ўқувчи юқоридаги мисолларни ўзаро боғловчи ягона риштани илғаб олган бўлса, ажаб эмас. Ҳа, англаганингиздек, бу риштанинг илдизлари — таълим тизимидаги оқсашлар, хатолар, тажрибалар, “чуқур ислоҳотлар”га бориб тақалади.

Чунки собиқ шўролар тузуми даврида пахта даласидан бери келмаган ўқувчи мўмай пора эвазига олий ўқув юртини “муваффақиятли” тамомлаб, малакали ўқитувчи бўлди. У ҳали маърифат нималигини тўла англаб етмасданоқ, мактаб соҳаси улкан тажриба майдонига айланди. Дастлаб 9 йиллик таълим жорий этилди, кейин эса ҳеч нарсага ўргатмайдиган 3 йиллик касб-ҳунар коллежлари қурилди.

Истиқлолдан кейин чорак аср ўтибгина бу коллежларни битирганлар қўшни давлатларнинг мардикор бозорини тўлдираётганини, тизимда амалга оширилаётган “туб ислоҳотлар” ёшларни тубсиз жарлик томонга бошлаб кетаётганини англаб қолдик. Яхшиям, кечроқ бўлса-да англаб қолдик. Айрим нотиқларнинг ҳавойи гапларига қарсак чалиб юраверганимизда, ҳозир нималар бўлишини тасаввур қилиш қийин эмасди!

Ва яна 11 йиллик таълим тизимига қайтдик. Аммо қарийб 20 йил давом этган бу “тажриба” даврида бир эмас, бир нечта авлод вакиллари шаклландилар. Улар орасида бугун телевидениеда миллионлаб томошабинлар қаршисида туриб “тўппонча”ни “пистолет” дейдиган, “дона” билан “нафар”нинг, “урғочи” билан “аёл”нинг фарқига бормайдиган бошловчи-ю мухбирларни, шоир билан ёзувчини ажрата олмайдиган “баркамол авлод”ни тарбиялаётган муаллимлар ҳам бўлса, не ажаб?!

“Ойнаи жаҳон” ёки радио тўлқинларида янграётган аксарият “замонавий” қўшиқларнинг маъно-мазмуни, бадиий савияси ҳақида-ку гапирмаса ҳам бўлади. Чунки уларнинг кўпчилиги ҳатто таҳлил қилишга ҳам арзимайдиган даражада.

Хуллас, юқоридаги воқеаларга бевосита гувоҳ бўлиб кўнглимдан кечирганларимни сиз билан ўртоқлашдим. Аммо ҳали булар денгиздан томчи, холос. Эҳтимол, бундай ҳолатларни сиз ҳам кузатган, аммо улардаги иштирокчилар қайси томондандир сизга яқинлиги боис, ўзларига айтолмай юргандирсиз. Зеро, мақолда айтилганидек, “айтсам тилим куяди, айтмасам  дилим”.

Ёр МУҲАММАД.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

5 × five =