Талабалар даромад манбаими?

Наврўз олдидан тўрт кун дам оладиган бўлдик. Уйдагиларнинг соғинчи устун келиб, йўлга отланиб турганимда, курсдош дугонам сўраб қолди:

— Қачон кетяпсан, ўртоқ? Поездга чипта ололдингми?

— Йўқ, ҳамиша шундай бўлади, яна кечикибман, чипталар тугаб қолибди.

— Аҳоли хизмати учун шунча поезд қўйилса ҳам аҳвол ўзгармас экан-да, энди нима қилмоқчисан?

— Нима қилардим, ҳар галги аҳвол, таксижонда кетавераман-да.

Ҳа, байрам яқинлашавергач, талабаларнинг пайтавасига чипта қурти тушиб қолади. Aхир ҳамма байрамни оиласи бағрида нишонлагиси келади-да. Аммо “Йўл азоби — гўр азоби” деганларидек, шундай пайтларда талабалар не машаққатлар билан уйларига бориб келишади. Омади борлар автобус ёки поездга чипта олишга улгуради. Бизга ўхшаган бўшангроқ “бечора”лар эса йўловчи машиналарга илинишади.

“Йўлга чиқсанг, манзил кўринади”, деганларидек, менинг ҳам қишлоғимга отланиб турган жойим эди. Сўнгги дарсдан чиқибоқ, автобусга илиниб олиш учун автовокзалга етиб олдим. Бир мен эмас эканман, одам “минди-минди”. Бу ерда ҳам темирйўл кассасидаги аҳвол.

“Жонажон Хатирчим, мени кут”, дея улов қидиришга тушдим. Турнақатор йўловчи такси ҳайдовчилари “битта одам”, “битта одам”лаб бири қўйиб, бири оляпти. Бориб, йўлкира ҳақини сўрадим.

— 130 минг сўм, — деди найновроқ биттаси.

— Ие, амаки, ҳеч бўлмаса, 60 минг денг.

— Икки кун олдин шундай эди. Энди байрам олди, нарх кўтарилади-да, Ҳали кўрасан, бундан ҳам ошиб кетади, қизим, кетсанг шу, бўлмаса, сендан бошқа кетадиганлар кўп…

Хафа бўлиб кетдим. Чўнтагимдаги емай-ичмай сақлаб юрган, ўзимдан баттар эзилиб кетган сўмларни бармоғим билан чамалайман. Хўп десам, уйга боргунча тишимнинг кирини сўриб боришим керак. Бормай десам, бундан ҳам қуруқ қоламан. Чеккароққа чиқиб, ярим соатча кузатиб турдим. Ана, иккита автобус лапанглаганча жўнаб кетди. Ичида тирбанд одам. Шундай бўлса-да, уларга ҳавасим келди. Бир таксичи ёнимга келиб:

— Қаерга, қизим? — деди.

— Хатирчига.

— Ўтир, бирдан юраман.

— Қанча экан ўзи?

— 200 минг, майли, студент экансан, 150 бера қол.

Вужудимдан совуқ тер чиқиб кетди. Ҳалиги шоф­ёрнинг айтгани рост, шекилли.

— Ие, амаки, ўйлаб гапиряпсизми? — деб юбордим асабимни жиловлай олмай.

— Қизим, инсоф билан айтдим-ку, бензин билан газнинг аҳволини кўриб турибсан-ку.

Уйга борсам, укаларим, опа-сингилларим, ота-онамнинг дийдорига тўйиб, бир маза қилиш орзуларим чиппакка чиқишини ҳис қилиб, хўрлигим келди.

— Йўқ, кетмайман, — дедим овозим титраб.

Миямга ётоқхонага қайтиб, байрамдан кейин кетиш фикри ҳам келди. Йўқ, ётоқхона ҳам 2 кундан кейин ёпилади. Иложсиз эканлигимни билиб, секингина яна автовокзалга қайтдим. Ҳеч йўқ омадим шу пайти келди. Учинчи автобусда 2 та жой қолган экан, юкларимни ортиб, чиқиб олдим. Олдинда мени етти соатлик узоқ йўл ва ундан ҳам оғир хаёллар кутар эди.

Шундай кезларда талабаларга қийин. Aбитуриентлигида ўқишга кириш учун қанча қийналиб, “ДТМ”­нинг ўйинларига чидайди. Ўқишга кириб олгач эса, “квартира муаммоси” бошланади. Энди тўрт йиллик ўқиш даврида-ку, талаба бечорани қандай машаққатлар кутиб турганини айтмаса ҳам бўлади. Йилда бор-йўғи уч ёки тўрт марта уйига боради. Унда ҳам ё байрам, ё таътил пайтлари. Ҳар сафар аҳвол шу. Бу ҳам бўлса бечора ота-онанинг шўри, ғирт боқимандамиз, бу ёғи контрактжон “семириб” ётибди. Ҳам ўқиб, ҳам ишлаш ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди.

Байрам ёки таътил яқинлашаверса, ҳайдовчилар инсофни сувнинг ўрнига ичиб юборишади.

Отам ҳам баъзида қишлоқ ичида таксичилик қиладилар. Кўп марта ўзим гувоҳ бўлганман, ўқишдан қайтаётган талабалардан пул олмасдилар: “Соғ бўл, ўзимнинг қизим ҳам студент”, дердилар. Aгар йўллари бир бўлса, баъзи талабаларни инс­титутигача етказиб қўярдилар. Шунда доим ўзимнинг пойтахтдан не қийинчиликлар билан қайтишим ёдимга тушади. Талабалар ҳам одам-ку! Ижарага уй топиб берадиган маклерлар ҳам, ҳайдовчилар ҳам талабаларни ўзларининг “даромад манбаи”га айлантириб олишган. Нимага, вилоятлараро қатнайдиган автобусларни тартибга солиш шунчалик қийин ишми? Ёки байрам ва таътил вақтлари айрим таксичи ёки транспорт ходимлари учун даромад манбаими? Шундай пайтларда талабалар учун доимий нархда қўшимча автобуслар, поездлар қўйилса, мутасаддиларнинг асакаси кетадими? Мана шуларни ўйлайдиган раҳбарларнинг йўқлигидан ачиниб кетасан.

Шунча гапни ўзимга-ўзим гапириб келавериб, етти соатлик йўлни қандай босиб ўтганимни билмай қолибман. Мен-ку манзилимга бир амаллаб етиб олдим. Курсдош дугонам-чи, у нима қилди экан? Ахир у нақ 1100 километр йўл босиб Хоразмга бориши керак эди-я?..

Севинч AКМАЛЖОНОВНА,

ЎзЖОКУ талабаси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

one × 5 =