Иш ҳақини ўз вақтида тўланг-да!

Ойлик иш ҳақи — фуқароларнинг тирикчилик манбаидир. Зеро, меҳнат аҳли иш ҳақи маълум вақтда тўланишини орзиқиб кутади, пенсионерлар ҳам ойнинг биринчи ва иккинчи кунларида уяли телефонлари ойнасида нафақа пули тушганлиги ҳақидаги хабар пайдо бўлишига интиқ бўладилар.

Амалдаги Меҳнат кодексининг 253-моддасида: “Ходимларга иш ҳақи тўлаш муддатлари жамоа шартномасида ёки ички ҳужжатларда, улар мавжуд бўлмаганда эса меҳнат шартномасида шарт қилиб кўрсатилган муддатларда белгиланади ва ҳар ярим ойда бир мартадан кам бўлиши мумкин эмас”, дейилган.

Одатда, жамоа шартномаларида иш ҳақини тўлаш муддатлари ҳар ойнинг ўнинчи кунигача ва бўнак эса ойнинг йигирманчи кунига қадар тўланиши шарт қилиб қў­йилади. Бир пайтлар мамлакатимизда ўта машҳур бўлган “Оҳангароншифер” акциядорлик жамиятида эса иш ҳақи ўтган йилнинг март ойидан бери асоссиз равишда тўланмай келинаётганлиги эса айнан катта бир муаммонинг, қонунсизликнинг ўзидир. Куни кеча ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларидан бири қизиқ фактни келтириб ўтди. Унинг ёзишича, бир пайтлар “Оҳангарон ҳаёти” газетасида рус тилида мақола чиққан ва унда Оҳангарон деҳқон бозорида картошка ва бошқа маҳсулотларнинг нархи бир кунда сезиларли даражада кўтарилганлиги, бунга “Оҳангароншифер” акциядорлик жамияти ишчи-ходимлари ойлик маош олгани сабаб бўлганлиги маълум қилинган. “Наҳотки бир пайтлар бутун бошли бозорнинг нархини ўзгартиришга қодир бўлган корхона бугунги кунда ойлик маош тўлашга ҳам кучи етмай, абгор бўлиб қолган?” — дейди у.

Яна Меҳнат кодексига мурожаат қиламиз. Кодекснинг 244-моддасида “иш берувчининг ўз молиявий ҳолатидан қатъи назар қонунчиликда, меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларда, меҳнат шартномасида белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш шартларига мувофиқ ходимлар томонидан бажарилган иш учун ҳақ тўлашни амалга ошириш мажбуриятини мустаҳкамлаб қўйиш” таъкидланган.

Бундан кўриниб турибдики, иш берувчи корхонанинг ҳисоб-рақамида маблағ йўқлигини баҳона қилиш билан қутула олмайди. Унинг пули борми-йўқми, ходимга бажарилган иш учун ҳақини ўз вақтида беришга мажбур. Агарда иш берувчининг ҳисоб-рақамида пул бўлмаса, у тижорат банкидан кредит олиб, ходимларга иш ҳақини тўлаши шарт.

2023 йил 30 апрелгача амалда бўлган Меҳнат кодексида иш берувчи иш ҳақини ўз вақтида бермаганлиги учун жавобгарлик кўзда тутилмаганди. Ҳозир амалда бўлган Меҳнат кодексининг 333-моддасида “иш берувчи иш ҳақини, таътил тўловларини, меҳнат шартномаси бекор қилингандаги тўловларни ва (ёки) ходимга тўланиши лозим бўлган бошқа тўловларни тўлаш муддатини бузган тақдирда, уларнинг тўлов муддатидан кейинги кундан эътиборан то ҳақиқатда ҳисоб-китоб қилинган кунни ўз ичига олган муддатгача ҳар бир кечиктирилган кун учун Ўзбекистон Рес­публикаси Марказий банкининг ўша вақтда амалда бўлган қайта молиялаштириш ставкасидан келиб чиққан ҳолда фоизлар (пулли компенсация) билан бирга тўлаши шарт” қилиб қўйилди.

Оҳангарон туманлараро фуқаролик суди 2024 йил 26 январь куни фуқаро Ураимқул Ирисқуловга жами 69 239 943 сўм иш ҳақи ва 500 000 сўм миқдоридаги маънавий зарарни унинг судга киритган даъво аризасини кўриб чиқиб ундириб берди.

Судда маълум бўлишича, Ирисқуловдан корхона жами 17 762 976 сўм иш ҳақидан қарздор бўлган ва судья С.Панжиев фуқаролик ишини ҳар томонлама одилона кўриб чиқиб, унга қўшимча 52 миллион сўм пулни кечиктирилган ҳар бир кун учун ундириб берди.

Демак, иш берувчи иш ҳақини ўз вақтида тўламаганлиги учун корхонага шунча зарар келтирди.

Ураимқул Ирисқулов “Оҳангароншифер” акциядорлик жамиятининг илк асосчиларидан ва у 1992 йил февраль ойида Оҳангарон цемент заводининг шифер цехини ижарага олган ва унинг моҳирона раҳбарлиги мобайнида корхона мамлакатнинг энг машҳур корхоналаридан бирига айланганди.

Ураимқул ака кейинги пайтларда раҳбарнинг ишлаб чиқариш бўйича маслаҳатчиси бўлиб ишлаб, заводга фақат фойда келтираётган эди. Бироқ корхона раҳбариятига тажрибали етук мутахассис керак бўлмай қолди ва у билан меҳнат шартномасининг “муддати тугади” деган баҳона билан бекор қилишди.

Инсон қадри эътиборда бўлган юртда мана шундай беҳурматлик ҳар бир кишига жуда алам қилади, албатта.

Кейинги вақтларда “Оҳангароншифер” акциядорлик жамиятидаги мазкур нохуш ҳолат турли даражадаги йиғилишларда муҳокама қилинса-да, аҳвол ижобий томонга ўзгарганича йўқ.

Кўриб турибсизки, ўзи касод бўлаётган давлат улуши бор корхонага шунча кўп миқдордаги зарар иш берувчининг бевосита айби билан содир бўлаяпти.

Қизиғи шундаки, иш ҳақини ўз вақтида бермаётган иш берувчига муқаррар жавобгарликни ҳеч бир масъулиятли ҳуқуқ идораси амалга оширмаяпти. Бу эса жуда таажжубланарли ҳолат.

Бугунги кунда завод тўрт ойдан бери иш берувчининг айби билан ишламаяпти ва корхонага нисбатан тўловга қобилиятсизлик бўйича Оҳангарон туманлараро иқтисодий суди томонидан иш қўзғатилган.

Хуллас, иш ҳақини ўз вақтида тўланг, муҳтарам жаноблар!

Озод ХУШНАЗАРЗОДА.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

11 − four =