Қондошлик

Нодар ДУМБАДЗЕ,
грузин ёзувчиси
Ҳикоя
Жўка дарахтининг остида бошини қуйи эгганча бузоқчаларнинг арқонини ушлаб ялтирбош болакай ўтирибди. Ғамгин кўзлари билан ўзининг лой-балчиқ чапланган яланг оёқларига синчиклаб разм солганча ўйга чўмди: “Бу чол отамга қуйиб қўйгандек ўхшайди! Оқарган оппоқ сочлари… Қоп-қора қошлари… Кенг бурни… Чиройли кўзлари… Овозиям майин, ёқимли… Агар кўзимни юмсам, отам эканлигини тасаввур қилиш ҳеч ҳам қийинмас!..”
Болакай қимтинибгина бир чеккада турарди.
— Мен шунинг учун сизни безовта қилдим, ҳурматли Кишварди!.. Булар билан курашишга кучим қолмади! Ярамаслардан бутунлай қўлимни ювиб қўлтиғимга урдим!.. Ҳамма болалар бир гўр — китоб ўқимайди, буям шундай. Кечасию кундузи мана шу бузоқлари билан бирга.
Яқинда нима қилганини биласизми? Господзедаги маҳалла қудуғига катта тарвузни улоқтирибди! Тарвуз эса қудуқнинг ичида ёрилибди, мана, деярли икки ҳафтадан бери ҳар иккала хонадон сув ўрнига шарбат ичяпмиз!..
— Э Худойим-эй! Шунақами, ўғлим?! Безовта бўлманг, азизам Юлия! Мен уни Гурияга олиб кетаман-да, чинорнинг учига оёғидан осиб қўяман. Ана шунда мушукдай ювош бўлиб қолади!
— Сиз уни у ерга нимага осишингизни билмадим-у, шуни сизга айтдим-қўйдим-да: яна хаёлимга бир гап келди. Онасининг жуда бахти кулган экан – бу ярамасни кўрмай ўтиб кетди. Айтгандай, отасининг ҳам бахти кулган…
— Азизам Юлия, сиз нима деб ўйлайсиз, уни эплай олармикансиз?
— Билмадим, ҳеч балони билмайман… Ўзингиз ўйлаб кўринг: яқинда саралаб қўйилган маккажўхорини тегирмонга бергандим. Уни ўғирлаб гумдон қипти. Қўлида беш фунт ун билан қайтиб келди. Қолган нарсаларни Валико Кухалашвилининг саёқ арзандаларига бўлиб берган, менимча. “Бола-чақам кўп, оч-наҳор ўтирибди”, — деб зорланарди бечора. Эҳ, тавба-ей! Э худойим-эй!
— Шунақами, ўғлим?!
— Бу ҳали ҳолваси! Аввалги куни Кукури Угулава деган бетайин ўртоғи билан ўзларининг география фани ўқитувчиси Датико Свераванинг боғига ўғирликка тушган. Ўйлаганиям қўрқиб кетасан киши!.. Шафтоли теришиб, уни олиб бориб товуққа алмаштиришган. Вой, Худойим-эй! Ана шунақа!
— Шундайми, ўғлим?!
— Ҳа, бунча “шунақами?”, “шунақами?” деб такрорлаб қолдингиз? Мени алдаяпти деб ўйлаяпсизми?
— Нега энди, нега энди, азизам Юлия! Наҳотки уни бу йўлдан қайтариб бўлмаса? Наҳотки дийдаси қотиб кетган бўлса-я?!
— Йўқ, нималар деяпсиз… Уни қутқаришнинг йўли бор, бироқ бунга менинг кучим етмайди… Бунинг учун эркак кишининг қаттиқ қўли керак. Бундан ташқари, зиммамда улардан яна иккитаси бор — Зураб ва Вахтанг, Колигинамнинг болалари. Улар нисбатан тузукроқ.
— Ҳимм… Нима десам экан, азизам Юлия, Уларнинг ота-оналари тириклигида мени яқинига ҳам йўлатишмасди… Мен унга бегонаман, тушуняпсизми, бегона!.. Бундай деманг, ҳурматли Кишварди! У нима қилсаям ўғил бола, эркак билан қандай тил топишишни яхши билади… Қолаверса, у авлодингиз давомчиси… Ҳа, албатта, худди шундай… Юлия азизам, ўқишлари яхшими?
— Ҳимм!.. Ўз ўқитувчисининг боғидан шафтоли ўғирлаган, “Декамерон” номли болалар ўқиши мумкин бўлмаган китоб учун бувисининг кумуш қошиқларини сотиб юборган боланинг ўқиши ҳақида нима ҳам дейиш мумкин? Худо ҳаққи, бир ўйлаб кўринг-чи, ҳурматли Кишварди.
— Шунақами, ўғлим?! Бўлди, етади. Қарорим қатъий! Уни Гурияга олиб бориб, чинорнинг учига оёғидан осиб қўяман!
— Буни қаранг, биз унинг ташвишини чекаяпмиз, у эса пинагини ҳам бузмайди-я! Кимга гапиряпсан ҳам демайди!
Бола эса жўка дарахтининг остида кўзларини юмиб ўтирар ва ўйларди: “Бечора бувим Юлия чарчаб кетди… Илгари қандай чиройли овози бор эди, ҳозир эса жуда қаҳрли!.. Балки бу менга шундай туюлаётгандир. “Бу киши бобонгларми?” — дерди шундай хотиржам ва ёқимли оҳангда… Ҳа, кўриниб турибди, у чарчаган… Аҳ, у мени шу бобом олдига юбормасин-да, бундан кейин уни ҳеч қачон хафа қилмайман!.. Нима бўлганда ҳам жўнатмасин-да… Нима бўлса ҳам жўнатмасин…”
— Ота-онаси йўқ, азизам Юлия… Уни жазолаш ярамайди. Меҳр ҳам керак…
— Етимдан етимнинг фарқи бор. Беш қўл баравар эмас. Меҳрибонликда у кўп нарсани тушунади! Меҳрибонлик…
— Шу тўғрими, ўғлим?! Уни қандай қилиб Гурияга олиб бораман, қандай оёғидан осаман… Болани қачон олиб кетиш керак, азизам Юлия?
— Хоҳласангиз, ҳозироқ олиб кетинг! Боланинг нарсаларини йиғиштириб жўнатиш қийин эмас!
— Қандай қилиб?.. Ҳеч нарсаси йўқ-ку…
— Ўтган йили ҳам уни Авчаладан худди шундай ҳолатда олиб келгандим, ҳурматли Кишварди… Балки яхшироқ кийим-бош сотиб олиб берарсиз.
— Бечорагина болам!
— Йўлга чиқишдан олдин у-бу нарса еб оласизларми, ҳурматли Кишварди…
— Ҳа, йўқ, безовта бўлманг, азизам Юлия… Самтредиада худди уйдагидек овқат беришади, у-бу нарсалар еб олармиз.
— Ихтиёрларингиз… Оқ йўл сизларга… Ҳа, сизларни Худо ёрлақасин!..
— Мана, болани ўзингиз билан олиб кетинг, ҳурматли Кишварди!
— Нима бу?
— Боланинг ҳужжатлари… Сентябрь ойида болани мактабга берсангиз, керак бўлиб қолар… У тўртинчи синфга ўтди… Маълумотномасида хато қилиб Ломжария Нодари1 ўрнига Ломжария Надири деб ёзиб қўйишган. Менимча, бу хато эмас, ўзи шунақа бўлади.
— Тўғрими, йигит? Начора, уни Гурияга олиб кетаман, у ерда чинор дарахтининг тепасига оёғидан осаман…
— Осасизми, нима қилсангиз ўзингиз биласиз, менинг кўзимга кўринмаса бўлгани!
— Оёғидан, оёғидан осаман!
— Худо сизга мададкор бўлсин!
— Мен уни бундай қаттиқ қийнасам, тошлар ҳам эриб кетмайдими?
— Ҳурматли Кишварди, хўп, хайр!
— Сизга яхшиликлар ёр бўлсин, азизам Юлия!
1938 йилнинг август ойида Хони деган жойда Нодар Ломжариянинг имперетинлик бувиси — онасининг онаси, Юлия Микеладзе ва унинг гуриялик бобоси, яъни отасининг отаси ҳурматли Кишварди Ломжариялар ўртасида болани бир-бирларига топшириш тадбири ўтказилди.
Бир соат ўтгач, Тбилисида ишчи оиласида дунёга келган болакай қизиган, чанг кўчадан бобосининг ортидан, ипга боғланган бузоқчадек имиллаб борарди.
Бобо билан невараси Хонидан Кулашгача фойтунда, у ердан Самтредиагача кўп ўринли узун аравада етиб олишди. Кейин тамадди ҳам қилмасдан Чохатауридан ўтадиган чой фабрикасининг юк машинасига чиқишди. Ундан кейин Интабуети қишлоғигача пиёда кетишди.
Бобоси олдинда, невараси орқада. Бобо кексаларга хос хаста товушда йўталиб, хириллади. Рўпарадан келаётган йўловчига кўзи тушиб, жим бўлиб қолди. Бошини эгиб, саломлашди-да, сўнг яна хириллашни бошлади. Баъзи-баъзида худди қари от орқада қолиб кетаётган тойчоғига яккаю ягона зурриётини йўқотиб қўйишдан қўрқиб қарагандек болакайга қайрилиб қўярди.
Бола йўлида индамай кета туриб ўйлади: “Мана, кекса, мункиллаб қолган қария бошининг ичига кириб кетган шляпаси… Мана шу кекса чол — менинг бобом. Отамнинг отаси… Бобом!.. Унинг ортидан бундай қийинчилик билан юришга мени нима мажбур қилдийкин? Нима учун мени жазолашяпти, худди қулга ўхшаб бундай чанг йўлдан кетиб бораяпман? Йўлдан икки қадам четга чиқсам, тамом-вассалом, тўрт томоним қибла!.. Бирпасда ғойиб бўламан! Йўқ, ундай қилолмайман! Қандайдир куч мени орқага — бобом томонга тортади — бошқа ҳеч қандай чегара йўқ! Бу қандай куч? Нима учун мен оч-наҳор, чарчаган, иссиқдан ҳолсизланган, чанқаганни баҳона қилиб йўлдан қайтишга ҳаққим йўқ? Нимага? Бу кучнинг номи нима?”
— Неварам, нима ҳақида ўйлаяпсан? — кутилмаганда қайрилиб бехосдан бобом мендан сўраб қолди.
— Ҳеч нарса ҳақида! — ўйламасдан шошилиб жавоб берди болакай. У бошқача саволни кутганди, бироқ бундай бўлмади.
Чол йўлнинг чеккасига чиқиб, ўтириб олди. Дам олгандан кейин диққат билан болага қаради-да, бармоқларини эгиб санашга тушди: 28, 29, 30, 31, 32, 33, 34, 35, 36, 37, 38.
— Неварам, сен йигирма саккизинчида туғилгансан. Ҳозир бизда ўттиз саккиз. Демак, сен ўн бирга қараб кетдинг… Кап-катта йигит бўлиб қолдинг… Қандай қилиб сен ҳеч нарса ҳақида ўйламаслигинг мумкин? Ёки бобонгдан яширяпсанми, а?
— Э, йўқ, бобо, ҳеч нарса ҳақида ўйлаганим йўқ! — дея бола ёлғон гапирди.
— Энди ўйлашнинг ҳам вақти келди, неварам. Ҳа!..
Чолнинг йўтали тутди ва инқиллаб ўрнидан зўрға турди. Шу алпозда йўлни давом эттирди. Бола эса унинг орқасидан арқонга боғланган бузоқчадек эргашди. Бобо-невара шу тарзда йўлда кетиб боришарди…
* * *
Қуёшнинг иссиқ тафтидан куйган, сочлари ўсган болакай чинор дарахти тагида ўз тақдирини кутиб ётарди. Маъюс кўзлари билан ҳар хил хас-хашак, тиканлар ёпишиб қолган яланғоч оёқларига қараб туриб ўзича ўйлади: “У бир йил ичида қанчалик қариб, букчайиб қолибди! Юзларида ажинлар кўпайибди. Овози қандайдир ҳазин. У нима бўлганда ҳам ёш, чиройли, ёқимли, мафтункор кўзлари, юмшоқ қалб, сочлари ва юришлари менинг онамга ўхшаб кетади. Агар кўзимни юмиб турсам, худди онам деб тасаввур қилиш мумкин!”
Болакай бу жойда бегонасираб турди. Шу билан бирга, қўрқиб ҳам кетди.
— Ҳурматли Кишварди, мен тинчимни йўқотдим! Унинг онасининг руҳи ўнгимда ҳам, тушимда ҳам намоён бўляпти… Унинг овози мени таъқиб қиляпти… Сиз уни олиб кетганингиздан бери қўлларимни совуқ сувга ҳам ургим келмайди, гўёки юрагим юлиб олингандекман. Менинг боламни қайтариб беринг, ҳурматли Кишварди!..
— Ҳим-м… Ў, азизам, уни сиздан олган вақтимда у бола эди. Энди у катта йигит, ҳамма нарсани ўзи ҳал қилади. Агар сиз билан кетишни хоҳласа, мен ҳам ҳеч қандай қаршилик қилмайман.
— У мендан хафа… Уни мен билан қайтишга кўндира оладиган ягона одам сизсиз, ҳурматли Кишварди. Фақат сиз уддасидан чиқа оласиз. Сиз ақлли инсонсиз…
— Азизам Юлия, сизда бунақалардан яна иккитаси бор-ку… Ҳеч бўлмаса биттасини менга қолдиринг!
— Ҳа, гап фақат сондами? Ўнта бўлса ўрни, қирқта бўлса қилиғи бошқа. У менинг набирам, ҳурматли Кишварди!
— Шундай-ку-я… Лекин мен нима қилишим керак? Ахир ўлганимдан кейин Ломжария авлодини давом эттирадиган ягона меросхўрим у…
— Мен унинг фамилиясини ўзгартирмайман! Майли, у иккаласининг ҳам фамилияси Ломжария бўла қолсин. Бироқ болани менга қайтаринг!
— Азизам Юлия, сиз уни мендан олиб кетишга келдингизми?!
— Нариги дунёга гуноҳ билан кетишимга йўл қўйманг, илтимос! У ерда онасининг юзига қандай қарайман?!
— Эҳ, азизам Юлия, Худо билади, нариги дунёга қай биримиз олдинроқ кетамиз. Агар сизлардан олдинроқ борсам, онаси ва отасининг юзига қайси кўз билан боқаман?
— Худойим умрингизни узоқ қилсин, ҳурматли Кишварди!
— Боғим, узумзорим, тегирмоним, қабрим ва қабримдаги ёзувим ҳам шу боланики. Уриб ўлдирсангиз ҳам болани сизга бермайман!
— Бўлмаса ўзимни ўлдираман! Ҳозирнинг ўзидаёқ, кўз олдингизда!
— Вой, Худо, азизам Юлия, сиз нималар деяпсиз?.. Ўғлим, бувинг билан кетасанми?
— Ҳа, у буни тан оляптими? У сиздан уяляпти!
— Тўғрими, болам?
— Унга онасининг меҳри керак, ҳурматли Кишварди! Кийимларини ювадиган, дазмоллайдиган, овқатини тайёрлаб берадиган, меҳрибонлик кўрсатадиган, бошини силайдиган инсон керак. Сиз унинг ўрнини боса оласизми?
— Нималар деяпсиз… Худога шукур, шу пайтгача мен у билан ёмон яшамадим… Сизни бирон марта бўлса-да, ёрдамга чақирганим йўқ-ку…
— Ҳурматли Кишварди, сиз билан баҳслашмайман! Лекин шундай бўлса-да, ухлашдан олдин оёғини ювиб қўйиш, мактабига бориш — бу ишларни қойиллатиб бажараман. Бу ишлар эркакларга асло ярашмайди!..
— Бизнинг мактабда ҳам уни ҳеч ким хафа қилгани йўқ… Ҳа, сизнинг мактабингизда уни хулқи ёмон бола дейишади. Сиз буни қўллаб-қувватладингиз… У ҳеч ҳам сизлар ўйлаганчалик ёмон бола эмас…
— Нима учун ўшанда менинг тилим узилиб тушмади экан-а?
— Сиз ўйламанг, у тарбияли болага айланиб қолди деб, шафтолиларни ўғирлашни ҳам ташлагани йўқ!
— Худо сизга соғлик берсин!
— Ё энди ун улашишни ҳам тўхтатди, деб ўйлайсизми?
— Э, униям бошидан қолсин. Менинг ҳамма нарсам шуники! Ҳаммасини ёндириб юбормайдими? Мен бунга қаршимасман!
— Чекмайдими, ярамас?
— Бу ундай беақл боламас.
— Сиз, мана, мендан сўранг! Тамаки халтамниям, ҳамёнимниям шип-шийдам қилди.
— Хўп, майли, чекса, чекар, бу унинг иши!
— Ўзингиз айтдингиз-ку, кап-катта йигит деб.
— Яна бир ой сабр қилинг. Ипак қурти тутганим учун мукофот пули оламан, шунда уни яхшилаб кийинтираман… У шундай афтодаҳол, ярим-йиртиқ бир аҳволда сизнинг олдингизга кетмайди!
— Сиз фақат жавоб беринг. Кийим, пойабзал олиб бериш бу менинг ишим! Ўзимнинг кийимларимни бериб бўлса-да, уни кийинтиришга тайёрман!
— Ҳимм, сизнинг кийимингиз ўзи унга роса лойиқ тушади-да, ўзиям!
— Албатта, сизга ҳазил, ўйин-кулги бўлса. Менинг юрагим қон бўлиб кетяпти!
— Азизам Юлия, мен сизга айтдим: у кап-катта йигит бўлиб қолган, буни ўзи ҳал қилсин!
— Сиз унинг учун юқори даражадаги инсонсиз, сизнинг ҳар бир сўзингиз унга қонундай гап… Ҳурматли Кишварди, айтинг унга!..
— Худодан қўрқинг ахир, азизам Юлия! Ахир қандай қилиб ўз жигарбандимга, томирида қони оқиб турган болага уйимдан кет деб айтаман? У менинг авлодим ва қондошим бўлса?!
— Нима, мен унга бегонаманми? Ахир у менинг ҳам жигарбандим ва қондошим эмасми?.. Худо билади, менинг яшашимга бир йил қолдими-йўқми? Ўтинаман сиздан, ажалимдан олдин мени ўлдирманг, болани менга топширинг!
— Азизам Юлия…
— Олдингизда тиз чўкаман!..
— Нималар қиляпсиз? Туринг ўрнингиздан. Худо хайрингизни берсин!.. Майли, сиз айтгандай бўла қолсин!..
— Э қодир худойим, унга бахт ва қувонч бергин!
— Энди менинг ортиқ бахт ва шодлигим қолмади…
— Худо шоҳид…
— Бувинг билан кетгин, неварам!..
Ушбу суҳбат боланинг гурийлик бобоси ва имперетинлик бувиси билан уни бобоси олиб кетгандан кейин роппа-роса бир йилдан сўнг содир бўлди. Лекин бу галгиси олди-берди маросими эмас. Бу юраги жўшиб турган икки қоннинг тўқнашуви ва иккала юракнинг қонли нидоси эди. Бу икки меҳр ўтининг кураши сабаб боланинг юраги шиддат билан тепа бошлади, томоғига алланарса тиқилгандай бўлди. Танасини совуқ тер босди, титроқ бутун вужудини ловуллатиб юборди. Қандайдир кўринмас бир куч уни бувисига тортса, қайсидир бир ҳиссиёт эса бобосига тортарди. Бола бир неча маротаба шундай оғриқни ҳис этди — гўё унинг вужуди қайноқ сув ичида қолди. Бобоси билан бувиси ўртасида кечган қизғин, шиддатли баҳс тугамагунча болани қандайдир қўрқув, тушунтириб бўлмайдиган кутиш ва ҳаяжон ҳисси тарк этмасди.
Бувиси ўрнидан туриб, болага яқин келиб уни бағрига босди.
— Болагинамдан ёдгорим, қувончим, чироғимни ёқувчимсан, юр мен билан, менга иккита ҳаётни бахш эт, болажоним!..
Бувиси йиғлади, унинг кўзларидан оққан иссиқ кўз ёш томчилари боланинг бошига тушди. Ўпкасини бўшатиб олгандан сўнг у секин болани ўз бағрига олди. Бироқ бола жойидан қимирламасдан турарди, худди темир қозиқдай, томирлари қотган дарахтга ўхшарди, илдизи ер қаърига чуқур кириб кетгандек эди гўё.
— Боргин, неварам, бор ўзингнинг кекса бувинг билан… Дийдорингга тўйиб бўлгандан кейин яна ўзимга қайтиб келасан… Бу вақт ичида мен сенсиз зерикиб қоламан… Сен нима деб ўйлагандинг? Бировга севимли невара бўлиш осон деб ўйловмидинг? Оғир, оғир невара бўлиш, айниқса, кексайиб қолган мен ва бувингга ўхшаганларга… Бор у билан, меҳрибонгинам… Сенинг болтанг, чўкичинг, тўқмоғинг, саватинг, сигиринг, араванг ҳеч қаёққа кетмайди, қайтишингни кутишади…
Бола бобонинг бу сўзларини эшитиб, ҳайрон қолди! Бобоси санаган болта, чўкич, тўқмоқ, сумка — буларнинг бариси ҳовлининг ҳар жой-ҳар жойида сочилиб ётарди. Сигир, арава, эчки бўлса, умуман, ҳовлининг бошқа томонида эди. Лекин бобо уларга қарамай, қўли билан улар турган жойларни аниқ кўрсатиб берарди.
Бобоси сўзида давом этди:
— Мана сумканг, дарсликларинг: грузин тили, тарих китоби… Яна нима қолди? Шиминг, кўйлагинг ва оёқ кийиминг. Самтредиагача ялангоёқ кетгин, бўлмаса, бу оёқ кийиминг билан уйгача етиб боролмайсан. Бўпти, барисини олгин… Энди жўнагин!
Кишварди Ломжария унинг невараси энди темир қозиққа, томирлари ернинг қаър-қаъригача сингиб кетган дарахтга айланганини тушунди. Ер қаърига илдизи чуқур кетган бу томирларни оддий насиҳат ва бошқа бирор нарса билан жойидан суғуриб олиб бўлмасди. Бошқача йўл тутиш керак эди. Бироқ қанақа йўл?
Кишварди Ломжария шуни тушуниб етдики, унинг невараси икки авлоднинг шиддаткор, жанговар қони гупуриб турган икки томонга зарб билан тортиляпти. Унинг қайси бири устун келади? Улардан қайси бири ғалаба қозонади? Қайси қондошлик ғолиб келади?
Курашишни бундай аҳволда давом эттириш мумкин эмас… Улардан кимдир буни биринчи бўлиб, мардлик қилиб тўхтатиши лозим. Бу ерда қони қайнаб, жўшиб турганда кимдир биринчи қадамни ташлаши керак-ку ахир.
Кишварди Ломжария боланинг бувисидан ўтиб сўради:
— Хўш, нимани кутяпсан? Сен билан айтишишдан чарчадим!
Бола бобосига қўрқа-писа қаради.
— Орқангга қараб ўтирмасдан, жўна! Тушундингми?!
Бобосидан қаттиқ хафа бўлганлигини ва бувисининг самимий, меҳрибон эканлигини бола бир пайтнинг ўзида тушуниб етди. Ич-ичидан тўлиб келаётган кўз ёшлари кўз олдини қоп-қоронғи қилди. Боши ўз-ўзидан пастгача эгилиб қолди. Бир оғиз сўз айтилмади. Жимгина, худди арқонга боғланган оғир аравадай Чохатаурининг тупроқ йўлига бурилди. Қариб, мункиллаб қолган, бошдан-оёқ қора кийинган бувисининг ортидан эргашди.
Кишварди Ломжария тошнинг устига бориб ўтирди-да, мис чойгумида қачон сув қайнашини кута бошлади.
Кишварди Ломжария оловга тикилганча хаёл сурарди. Шу тариқа бемаъни хаёллардан ўзини узоқроқ тутишга ҳаракат қиларди. Йўқ, инсон ўз хаёлларидан қаёққа ҳам қочиб кетарди? Ахир одам ожиз банда-ку… “Болани бермаслигим керак эди… Кекса кампирнинг аччиқ кўз ёшларига чидаб туролмадим… Энди ўзим шу аҳволга тушиб турибман. Кейинги ҳафта кампирникига бораман-да, болани қайтариб беришини сўрайман. Агар болани қайтармаса, мажбурлаб бўлса-да олиб келаман… Шунақа дейман: “Сен менинг авлодим давомчиси ва қондошимни олиб қолишга қанчалик ҳаққинг бор? Сен ахир Худо эмассан-ку!” Аммо… у ҳам менга шундай сўзлар билан жавоб қайтариши мумкин-ку?! Ахир мен ҳам ожиз бандаман, бу ёғимдан у ёғим яқин оддий бир инсон… Бола менга қандай ришталар билан боғланган бўлса, унга ҳам худди шундай… Эҳ, одам бўлиш қанчалик қийин… Йўқ, бўлмайди, кейинги ҳафта бораман-да, кампирнинг оёқларига йиқиламан. Йўқ, бир ҳафтага сабр қилолмайман… Эртагаёқ тонг саҳарда йўлга отланаман… Э Худо, тезроқ тонг ота қолсайди!..”
Шуларни ўйлаб тош олдида мис қумғонда қачонлардир сув қайнашини кутиб ўтирганди, кутилмаганда эшик очилиб, бошини эгиб остонада оёқ кийимини елкасига ташлаб олган болакай кўринди.
— Эй, Худо, ўзингга шукур! — деди бобо.
— Мен қайтдим, — секингина сўзлади невара.
— Қайтишингни билардим, — деди бобо.
Сўнг Кишварди Ломжария тоғорага мис қумғондан иссиқ сувни қуйди-да, неварасининг чарчаган оёқларини узоқ ювди. Кейин уйга кириб, тахтада у ётиши учун жой тайёрлади, ўзи эса кичкина хонасига кириб кетди…
Ярим кечаси чолни боланинг овози уйғотди:
— Бобо, сиз билан ётсам майлими?
— Кел, неварам, — деб чол деворга яқинроқ сурилди.
Бола бобосини қучоқлаб олди.
“Бобомнинг баданлари музлаб қолибди-ку, бечорагина бобом!” — ўйлади невара.
“Боланинг қанақа тафти бор!” — ўйлади бобо.
Бироз вақт ўтгандан кейин бобо сўради:
— Биласанми, сени нима тортиб келди?
— Йўқ!
— Мен сенга айтаман: қондошлик сени мен томонга етаклаб келди, мана нима! Қондошликдай қудратли куч йўқ дунёда, неварагинам!..
Кечаси улар бошқа бир оғиз ҳам гаплашишмади. Ҳеч нарса ҳақида ўйламадилар ҳам, ҳеч нарса ҳақида сўзлашмадилар ҳам.
Бобо ва невара ширин тушлар кўриб ухлашди…
Икки танада оққан бир хил қон — меҳр қони ўйлади ва гапирди. Бироқ у нима ҳақида ўйлади, нималар ҳақида сўзлади? Қондошлик. Бу ҳақда фақат ёлғиз Яратгангагина аён!..
Рус тилидан
Иззат АҲМЕДОВ таржимаси.
1Сўз ўйини: Нодари эркакча исм, Надири – важоҳатли дегани.