Ибрат салтанатидаги тамсиллар

Атоқли устоз адиб Муҳаммад Алининг “Улуғ салтанат” эпопеясини ўқиган ҳар қандай одам ўз тафаккури даражасида ибратланади. Мазкур асарни ўқиш жараёнида унинг саҳифаларидаги дуру жавоҳирларни териб, маънавий жиҳатдан юксалади. Тарих кўз олдимизда ибрат кўзгуси каби намоён бўлади. Шу маънода “Улуғ салтанат”ни “Ибрат салтанати” дейиш мумкин.

ҚУТЛУҒ ПИРНИНГ ҚАДАМИ

“Улуғ салтанат” эпопеясида пири муршидлар ҳаётини ёритишга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Мутолаа жараёнида улар худди ёнимизда тургандай бўлаверадилар.

“Сирли одам беш қадамча нарида тўхтади:

— Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм, Темурбек жаноблари! — деди янгроқ овоз ила у. — Иншооллоҳ, Оллоҳ ҳимояси сизга посбондур. Ушбу ҳаворанг байроқни сизга берурмен, токи давлатингиз, бўй-бастингиз оламга аён бўлсун! Ушбу табл-ноғорани ҳадя этурмен, токи довруғингизни дунёларга таратсун! Улар салтанат ва подшолик аломатларидур. Билингизким, Ҳазрати жалол субҳонаҳу таоло бу заиф бандани сиз Соҳибқиронга пийр этиб юбормиш! Камина Маккаи Мукаррама шарифларидан Мир Саййид Барака турурмен! Алҳамдулиллаҳи роббил оламийн!” (“Улуғ салтанат” биринчи китоби, 46-бет).

“Улуғ салтанат”нинг улуғлиги тарихий буюк шахслар — пири машойихларнинг соҳибқирон ҳаёти ва фаолиятига бевосита алоқадорлигини ёрқин тасвирлар орқали ёритилганлигидир. Пир — ботини-ю зоҳири сир Инсон. Соҳибқироннинг адолатли давлат юргизишида, халқнинг қалбида меҳр уйғотишда шайхларнинг дуолари, ишоратлари, башоратлари йўлини нурлантириб турган. Амир Темурга омад юзин ўнг бурган, ғалаба ҳар жойда ҳозиру нозир турган. Мана бу сўзларга эътибор беринг: “Ушбу ҳаворанг байроқни сизга берурмен, токи давлатингиз, бўй-бастингиз оламга аён бўлсун!” Байроқнинг ҳаворанглиги осмонга ишорадир, осмондаги Посбонга ишорадир. Тинчлик, офиятга заминдур, уни тутган қўллар доим омондур. Бу ишорани Аллоҳ ўзининг дўсти орқали билдирмоқда, ер юзига илдирмоқда. “Авлиёлар худо эмас, худо улардан жудо эмас!” “Билингизким, Ҳазрати жалол субҳонаҳу таоло бу заиф бандани сиз Соҳибқиронга пийр этиб юбормиш!” Барча нуқсонлардан пок бўлган Жалол сифатли Тангри дўстлари қалбида зикри жалол булоғини жўштириб қўйган, зикри жамол (Ла илаҳа иллаллаҳ) билан қувватлантирган, балоғат нисбатини берган. Балоғат қаерда туғилган? Балоғат башариятнинг сўнгги пайғамбари — Муҳаммад алайҳиссалом дунёга келган, бутун дунёга ҳидоят еллари елган Маккаи мукаррама, Мадинаи Мунавварада туғилган. Шунинг учун ҳам пири комил зот: “Камина Маккаи Мукаррама шарифларидан Мир Саййид Барака турурмен!” деб, Муҳаммад алайҳиссаломга пайравликларини изҳор этмоқда.

“Ушбу табл-ноғорани ҳадя этурмен, токи довруғингизни дунёларга таратсун!” Ноғора — ғалаба хушхабари! Унинг дастаси зулму адоватни савалайди, илму маърифатни авайлайди. Мана, жаҳон шоҳид: салкам етти юз бўлибдики, Соҳибқирон қурган бинолар башариятни ҳайратга солиб келмоқда. Чунки байроқ тутган қўллар — омонатдор бўлган, таблни урган қўллар, аввало, ўз нафсини урган. Шундан довруқ туғилган! Алҳамдулиллаҳи роббил оламийн!

Соҳибқирон Амир Темур — донодир. Пирининг оёғи остида ётган Самодир!

ҲИСОБЛИ ДУНЁДА ИБРАТЛАНИШ

Бир неча бор Соҳибқирон Амир Темурга хиёнат қилган Амир Ҳусайн кирдикорларини очиб ташлаш учун айтилган қуйидаги сўзлар барчамизни огоҳликка чақириши керак: “Бу дунё ҳисобли дунё! Айтган сўзинг ўзингга қайтиб келади, бировга қилган ёмонлигинг бировга, деб ўйлама, у шаксиз ўзингга ўзинг қилганингдир”. (“Улуғ салтанат” биринчи китоб, 127-бет).

“Бу дунё ҳисобли дунё!”нинг бироз шарҳини қилсак. Биринчидан, барчамиз дунё­­га меҳмонмиз. Меҳмон ўз иззатини билиши лозим. Ўзининг одобсизлиги, бадхулқлиги билан мезбоннинг ғашига тегиб қўйса, мезбон эрта кунда “ўз уйи”дан ҳайдайди. Қизиғи шундаки, қандай қилиб ҳайдалганини меҳмон билмай қолади. Билганда ҳам сабабини бировдан кўради.

Аммо бунинг кўп кўрсаткич белгилари бор. “Қарисан, қартасан, ўз зотингга тортасан” дей­ди, халқимиз. Қандай қилиб зотига тортганини билмай қолади. Чунки “Қон билан кирган жон билан чиқади”. Ва ниҳоят “Букрини гўр тўғрилайди!”

Иккинчидан, ҳар бир келган меҳмонга дунё ўн саккиз яшар қиз бўлиб кўринади. Ақли-ҳуши бошидан учган “меҳмон” эса, дарров унга “ишқ изҳор” қилади. “Маъшуқа” эса “ноз-карашма” қилишга киришади. Бечора меҳмон унинг муҳаббатини қозониш учун енг шимариб ишга тушиб кетади. Ўзидан аввал келган “Меҳмон”лар насиҳатини қулоғига олмайди. Бинобарин, “кекса меҳмон”лар у қадам қўйган йўлларни жуда яхши билишади-да!

Натижада нима бўлади? “Меҳмон” бойлик топади, ақл топмайди. Ақл топганда эса кеч. Учинчидан, янги келган меҳмон ўзига оро бериш билан машғул бўлади. Вужудини парваришлашга тушади. Нима қилса ҳам парвариш­ласа, одамларга кўркам кўринса! Бечора руҳи озиқсиз қолиб, у жойлашган қалб қотиб қолади. Қотган қалбни нафс копток қилиб ўйнайди. Қалб қотиб қолмаслиги учун уни ҳамиша маърифат булоғидан суғориб туриш лозим. Маърифат чашмаси қайдан келадур? Албатта, китобдан. Инсон китобхон бўлмаса, Емишхон бўлади. Бу дегани илмсизлик оқибатида дунё ҳою ҳавасига ем бўлади. Дунёга ем бўлган Одамнинг авлоди ҳаётини ҳам тасаввур этиш мумкин. “От ўрнини той босар” дегандай, дунёни қувиб чопадиган “чавандоз”лар етишади.

Мана шундай мулоҳазалар хулосаси ўлароқ инсон ўзига ўтган ҳар бир кунининг ҳисобини бериб турмаса, ҳисобдан адашади. Ҳисобни осон бериш учун тилни ширин қилиш керак. Суяксиз тил нималар демайди. “Айтган сўзинг ўзингга қайтиб келади”. Тил — қурол. Қурол бўлганда ҳам, икки дунёга ишлайдиган қурол! Бу дунёда қуролинг созланган бўлса, нариги дунёда сенга қарши отилмайди. Аксинча бўлса, ўзингдан кўравер! Шунинг учун ўзинг билан ўзинг сўзлашганда ҳам ҳушёр бўл! Ўйлаган ўйим тилимга чиқмади-ку деб ўйлама. Улуғ машойихлар: “Хаёл қилганда ҳам ҳаё қилинг”, демишлар. Бировларга қилинадиган яхшилик, ёмонлик борасида ҳам асосий восита — тилдир. Ахир Пайғамбар алайҳиссалом: “Яхши сўз — садақадир”, деганлар. Садақа бу — эҳсондир. Бош садақачи — тил. “Тилингни саксон қарич қилма”, деган нақлни ҳеч ўйлаб кўрганмисиз? Тилига эрк берган инсоннинг тили — “саксон”дир. Сак форсчада итдир. Демак тилини узун қилган одамнинг тили итнинг тили каби осилиб қолишига ишорадир. Натижада ўзи эса итлар “сон”ига қўшилади. Тил туфайли инсонлик мақомидан тушади.

Мумтоз адабиётдаги “Исо дами янглиғ” иборасида сўзнинг қудрати мужассам. Исо пайғамбар сўз орқали ўликка жон бағишламадими? Сўз орқали улуғ салтанатлар тикланди. Сўз орқали не-не тахтлар қулатилди!

“Бировга қилган ёмонлигинг бировга, деб ўйлама, у шаксиз ўзингга ўзинг қилганингдир”. Ажабо, ҳар бир одам бу дунёда ўзини яхши одам ҳисоблайди. Хўш, унда ёмон одам қайдан пайдо бўлади? Ҳасаддан, кўра олмасликдан ЁМОН пайдо бўлади. Ахир ҳасад туфайли ҳазрати Одам фарзандлари бўлмиш Ҳобил ва Қобил ўрталарига низо тушмадими?

Ҳасад — қалб касаллиги. Бу касалликни ҳеч қайси шифокор тузата олмайди, дарднинг шифокори — Тангрининг ўзи. У инсоф, ҳидоят бериши керак. Бусиз иложи йўқ. Яратган ўзи яратиғини қандай даволашни билади. Бировга қилган ёмонлиғини ўзига қилган Ёмонлик деб тушунган кундан бошлаб тузала бошлайди. Натижада “у шаксиз ўзи”га қилганидан пушаймон бўлиб, истиғфор айта бошлайди. Тавба қилганни эса буюк шифокор — Тангри кечиради.

РИЗҚ ВА АМАЛ ЭШИКЛАРИ

“— Салламно! Осмоннинг неча эшиги бор экан?

— Жоним омода …Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламдан осмон эшикларининг ҳисобини сўрағонларида, уларнинг кўплигини айтиб, нечалигини худодан ўзга кимса на билсун, деб буюрибдурлар. Ул зот дебдурларки, осмоннинг икки эшиги борлиги аниқдур, биринчисидан банданинг ризқи келадур, иккинчисидан амали юқори чиқадур…” (“Улуғ салтанат” биринчи китоб, 398-399-бетлар).

Салламно! Кимга салламно? Тонг отгач, қуёшли кунни берган Зотга салламно. Муҳаммад алайҳиссаломни икки дунёга раҳмат қилиб юборган Зотга салламно! Пайғамбар дебдурларки: “Осмоннинг икки эшиги борлиги аниқдур, биринчисидан банданинг ризқи келадур, иккинчисидан амали юқори чиқадур…”

Банданинг ризқига Аллоҳ ўзи кафилдир. Бандадан эса унга ишонч билан таваккул қилишдир. Дунёдаги барча мавжудотларнинг ризқини берувчи Аллоҳ пайғамбаримиз айт­гандай осмонда бир эшик очиб қўйгандир. Ҳар субҳидамда тонг отмасдан аввал у эшикдан фаришталар бандаларнинг дарвозасининг остонасига тақсимланган ризқини олиб келадилар. Ана шу пайтда банда ғафлат босиб ухлаб ётган бўлса, ризқининг ноқис бўлишига ўзи сабабчидир. Демак, ғафлат ризқни кесиш билан бирга, қалб ҳушёрликдан тўсувчидир. Кишини ташвишга соладиган ҳолат нафақат моддий ризқ, балки маънавий ризқ бўлмиш — Аллоҳнинг раҳматидан бебаҳра қолади. Раҳматдан бебаҳралик унинг умрининг қисқаришига сабаб бўлиб қолади.

Бу икки эшик — ризқ ва амал эшиги бир-бири билан узвий боғлиқдир. Эътибор беринг, ризқ осмондан тушиб келаётир! Амал осмонга кўтарилиб кетаётир! Чунки бу ерда ризқнинг шукронаси бўлган амал соҳибига эртанги ризқига баракани олиб бориши шубҳасиздир.

Мумтоз адабиётимизнинг йирик намояндаларидан бири Қорий Ҳўқандий бир ғазалларида: “Вақти саҳар нола қилинг, бўйи Муҳаммадий келур” деб битган бўлса, Рожий Марғилоний: “Муродимга етай десанг, саҳар турмоқни одат қил” дейди. Саҳарда қилинган дуо кун бўйи қилинажак амалларни суғорувчи булоқдир. Яхши ният билан тонгда турган одамнинг амалида баракот бўлади.

Гуноҳнинг катта-кичиги бўлмагани каби, хайрли амалнинг катта-кичиги бўлмайди. Дўс­тингизга очиқ чеҳра билан боқиш ҳам — хайр­­ли амал, фарзандларга эзгу тилаклар билдириш ҳам савобли амал. Хуллас, эзгуликнинг чеки йўқ ва кечи ҳам йўқ. Буни қарангки, атоқли адибимиз асарда “Маликалар мунозараси” орқали ўша даврдаги зиёли оналаримизнинг фаҳму-фаросатини, закосини жуда нозик чизади. Бу тамсил орқали улуғ даҳоларни тар­биялаган момоларимиз ўта маърифатли бўлганликларини ҳозирги ўсиб келаётган ёш авлодга ибрат намунаси қилиб кўрсатиб беради.

Жамолиддин МУСЛИМ,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси

аъзоси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

four × three =