АҚШ Конгрессида “Ўзбекистон куни” ўтказилди

Мамлакатимиз элчихонаси томонидан АҚШ Конгрессида фаолият юритаётган Ўзбекистон бўйича кокус билан ҳамкорликда Вашингтонда “Ўзбекистон куни” ташкил этилди.

Тадбир АҚШ Конгресси, давлат идоралари ва таҳлил марказлари вакилларида катта қизиқиш уйғотди. Унда конгрессменлар, сенаторлар ва уларнинг ходимлари, шунингдек, АҚШ Президентининг ногиронлар ҳуқуқлари бўйича махсус маслаҳатчиси Сара Минкара, Миссисипи Миллий гвардияси қўмондони, генерал Женсон Бойлес, Америка-Ўзбекистон Савдо палатаси раиси Кэролин Лэмм ва бошқалар қатнашди.

Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги ҳамкорлик тарихидаги ушбу муҳим воқеани очар экан, элчи Фурқат Сиддиқов икки давлат ўртасидаги жадал ривожланиб бораётган стратегик шерикликни юқори баҳолади. “Бугунги кунда кўп қиррали ҳамкорлик тарихий юксалиш босқичида. Очиқлик, ишонч ва конструктив мулоқот туфайли биз икки томонлама ва минтақавий кун тартибининг кўплаб соҳаларида муҳим натижаларга эриша олдик”, деди дипломатик миссия раҳбари.

Ўзбекистон делегациясининг ҳозир бўлган аъзолари давлатимиз раҳбари раҳнамолигида мамлакатимиз ҳаётининг сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий соҳаларида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ва демократик ўзгаришлар ҳақида батафсил маълумот бердилар. Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар ортга қайтмаслиги ва келажакда уларни янада жадаллаштириш режалари қатъий таъкидланди.

Қайд этилганидек, Ўзбекистон ҳукуматининг устувор вазифаси инвестиция муҳитини доимий равишда яхшилашдан иборат, чунки мамлакатимиз миллий иқтисодиётга хорижий инвес­тицияларни жалб этишдан манфаатдор.

Тадбирда сўзга чиққан конгрессменлар, сенаторлар ва Америка Қўшма Штатлари маъмурияти вакиллари АҚШ Конгресси учун анъанавий бўлиб қолган “Ўзбекистон куни”нинг ана шундай юксак ташкилий ва мазмуний савияда ўтказилишини олқишладилар. Уларнинг айтишича, бу ташаббус америкалик сиёсатчилар ва бизнес вакиллари учун Ўзбекистоннинг замонавий тараққиёти, мамлакатда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ва ўзгаришлар билан яқиндан танишиш учун ажойиб имкониятдир.

Ўзбекистон бўйича кокус ҳамраиси, конгрессмен Трент Келли Ўзбекистон ислоҳотлар, инсон ҳуқуқларини таъминлаш, инвестициявий ва ишбилармонлик муҳитини яхшилаш йўлидаги сезиларли муваффақиятларга эришганини алоҳида урғулади. “Мамлакат тараққиёти, шубҳасиз, Президент Шавкат Мирзиёевнинг республикани сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиққани, мамлакатда инсон ҳуқуқларига ҳурмат муҳитини яратган ва жадал иқтисодий ўсишни қўллаб-қувватлаганидан далолатдир”, деди у. Конгрессмен, шунингдек, ўзининг Ўзбекистон-Америка стратегик шериклигини мустаҳкамлаш, Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлишини қўллаб-қувватлашга содиқлигига ишонтирди.

Сенатор Стив Дэйнс ўз навбатида, жорий йилнинг март ойида Ўзбекистонга бўлган самарали сафари ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди. У ўзбекистонлик шериклар билан учрашув ва музокаралардан сўнг икки мамлакат парламентлари ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтиришга ҳар томонлама кўмаклашишга, сенатор Гэри Питерс билан биргаликда АҚШ Сенатида “Ўзбекистон билан ҳамкорлик бўйича кокус” тузишга қатъий қарор қилганини таъкидлади.

АҚШ махсус маслаҳатчиси Сара Минкара Ўзбекистоннинг ногиронларни қўллаб-қувватлаш, қулай шароитлар яратиш, уларни жамиятдаги жараёнларга тўлиқ жалб этиш ва мамлакат иқтисодий ривожланишидаги иштироки борасидаги саъй-ҳаракатларини юқори баҳолади.

Сара Минкара минтақа билан яқиндан танишиш, АҚШ ва Марказий Осиё давлатлари ўртасида “C5+1” форматида кенг ҳамкорлик ва шериклик муносабатларини бошлаш мақсадида Ўзбекистон ва Марказий Осиёнинг бош­­қа мамлакатларига бўлажак ташрифидан, айниқса, хурсанд эканлигини таъкидлади.

Америка-Ўзбекистон Савдо палатаси раиси Кэролин Лэмм сўнгги йилларда Ўзбекистон ва АҚШ компа­ниялари ўртасидаги ишбилармонлик алоқалари сезиларли даражада фаоллашгани, республика иқтисодиётига Америка инвестициялари оқимининг жадал ўсганини, шунингдек, қўшма ва тўлиқ Америка сармояси асосида ташкил этилган корхоналар сони кўпайганини маълум қилди. “Биз кўп­лаб аъзоларимиз “дўстлик ва ишонч кўприги” ролини бажариб, икки давлат ўртасидаги иқтисодий алоқаларни мус­таҳкамлаш йўлида фаол иш олиб бораётганидан фахрланамиз”, — деди Кэролин Лэмм.

Капитолий тепалигида анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган “Ўзбекистон куни” Ўзбекистон-АҚШ парламентлараро ҳамкорлигини ривож­лантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда. Ҳар йили тадбирга америкалик конгрессменлар ва сенаторлар, сиёсатчилар, ҳукумат аъзолари, йирик бизнес ва саноат вакиллари иштирок этмоқда.

“Дунё” АА,

Вашингтон шаҳри.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

three × 4 =