Қозоғистон ва Ўзбекистон раҳбарларининг мунтазам мулоқоти ҳақида
Қозоғистоннинг етакчи ОАВлари Ўзбекистон билан икки томонлама муносабатлар ривожига алоҳида эътибор қаратмоқда
“Казинформ” халқаро ахборот агентлиги куни кеча икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга бағишланган таҳлилий мақолани эълон қилди. Унда икки давлат раҳбарларининг мунтазам мулоқоти Қозоғистон-Ўзбекистон муносабатларини ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этаётгани таъкидланди.
“Мамлакатларимиз ўртасидаги икки томонлама ҳамкорликнинг асосий халқаро-ҳуқуқий ҳужжатлари 1998 йил 31 октябрда тузилган Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги Абадий дўстлик тўғрисидаги шартномадир. Шунингдек, 2013 йил июнь ойида Стратегик шериклик тўғрисидаги шартнома, 2022 йил декабрида эса Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартнома имзоланди”, – дейилади агентлик тарқатган материалда.
Шунингдек, мақолада парламентлараро ва савдо-иқтисодий алоқаларнинг бугунги ҳолати чуқур таҳлил қилинган. Икки давлат ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 2023 йил якунига кўра 4,4 миллиард АҚШ долларини ташкил этди, деб таъкидлайди нашр.
“Айни пайтда Қозоғистон ва Ўзбекистон инвестициявий ҳамкорликни фаол кенгайтирмоқда. Хусусан, ўтган йил давомида икки томонлама инвестициялар ҳажми 86,2 миллион долларни ташкил этди, бу 2022 йилга нисбатан 14,3 фоизга кўпдир”, – деб қайд этган манба.
Шунингдек, мамлакатларимиз ўртасида маданий алмашинув ва илмий соҳадаги алоқаларни янада жадаллаштириш учун катта салоҳият мавжудлигига урғу берилган. Хусусан, Тошкент, Самарқанд ва Бухоро музейларида қозоқ халқи ҳаёти ва маданиятига ҳаётига оид 500 га яқин экспонат ўрин олгани маълум қилинди. Шу билан бирга, Қозоғистонда ўзбек тилида 10 дан ортиқ оммавий ахборот воситалари чоп этилаётгани ва Ўзбекистонда қозоқ телеканалларини мамлакат аҳолисининг қарийб 10 фоизи томоша қилиши маълум қилинган. Шунингдек, икки давлат ўртасида очилган янги ҳаво қатновларига эътибор қаратилган.
“Казахстанская правда” умуммиллий газетасида ушбу мавзуда босилган салмоқли мақолада ёзилишича, икки давлат ўртасидаги иттифоқчилик муносабатларини амалий мазмун билан тўлдириш зарур.
Нашрда икки давлат раҳбарларининг иродаси туфайли Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида юқори даражадаги сиёсий ишонч шакллангани мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар ҳеч қандай сиёсий вазиятга дуч келмаслиги ва изчил мустаҳкамланиб боришини кафолатлаётгани таъкидланган.
“Қозоғистон ва Ўзбекистон ўз олдига товар айирбошлаш ҳажмини 10 миллиард долларга етказишни мақсад қилиб қўйган. Ушбу мақсадга эришиш учун томонлар товарлар таркибини кенгайтириш ва савдо-иқтисодий алоқаларни янада ривожлантиришга тўсиқ бўлаётган муаммоларни тизимли равишда бартараф этиш чораларини кўришга келишиб олдилар. Саноат, энергетика, транспорт-логистика, қишлоқ хўжалиги соҳаларида ҳам қўшма лойиҳалар амалга оширилмоқда”, – дейилади мақолада.
Нашрда, шунингдек, Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатлар кун тартибига амалда барча мумкин бўлган йўналишлар киритилгани алоҳида урғуланган. Энг муҳими, барча мавжуд масалалар бўйича қарорлар ўзаро манфаат ва барқарор ривожланишни таъминлаш мезони асосида қабул қилинади.
Мақолада Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти (СМТИ) директори Элдор Ариповнинг ушбу сиёсий мулоқот институционал асосга эга бўлгани – Олий давлатлараро кенгаш тузилгани, ташриф давомида унинг биринчи йиғилиши бўлиб ўтиши ҳақидаги фикрлари ҳам ўрин олган.
“Қозоғистон ва Ўзбекистон энг муҳим савдо шерикларидир. Ўзбекистон учун Қозоғистон ҳамиша учта йирик савдо-иқтисодий шериклардан бири бўлиб келган, шу боис ташриф натижасида савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада фаоллаштириш бўйича янги келишувларга эришилади. Қўшма инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ишларга янги суръат бағишлайди”, – дея СМТИ директори фикрларидан иқтибос келтирилган манбада.
Ушбу мамлакатдаги оммабоп “24KZ” янгиликлар канали эса, ўз навбатида, Қозоғистон Миллий музейида очилган ўзбек рассомлари асарлари кўргазмаси ҳақидаги хабарни ўз ўқувчилари ўртасида тарқатди.
Пойтахт Миллий музейига Ўзбекистоннинг 200 га яқин рангтасвир ва халқ амалий санъати асарлари жойлаштирилди, деб маълум қилган канал.
“Ўзбекистонлик уста ва рассомларнинг уч авлоди ижоди кенг жамоатчиликка тақдим этилди. Кўргазма кенг кўламли жанр ва техникаларни қамраб олади: анъанавий миниатюрадан тортиб, замонавий санъатгача. 8 августга қадар давом этадиган кўргазма қозоғистонликларга Ўзбекистоннинг маданий ва тарихий анъаналари билан яқиндан танишиш имконини тақдим этади”, – деб ёзган янгиликлар канали.
“24KZ”, шунингдек, Қозоғистон пойтахти Остона шаҳрида Ўзбекистон киноси кунлари бошлангани ҳақида хабар берди. Томошабинлар учун машҳур автобиографик фильмлар ва замонавий кинолар тайёрланди. Намойишлар “Mega Silkway” киносаройида бўлиб ўтади ва унга кириш бепул.
“Қозоғистондаги Ўзбекистон киноси кунлари ҳар йили ўтказиладиган тадбирдир. Бундай маданий тадбирлар икки мамлакат ҳамкорлигини ҳар томонлама ривожлантирмоқда. Масалан, Қозоғистон ва Ўзбекистон режиссёрлари ҳамкорликда “Мерос” ва “Абай” фильмларини суратга олишган. Кино ижодкорлари Марказий Осиёдаги йирик фестивалларда ҳам тажриба алмашади. Касбий алоқалар ҳам кинематография соҳасида ҳамкорлик меморандуми билан мустаҳкамланган”, – дейилади мақолада.
Нашрда мамлакатларимиз ўртасидаги кино соҳасидаги ҳамкорлик бу билан чекланиб қолмаслиги таъкидланган. Ижодий ғояларни ҳаётга татбиқ этиш бўйича олдинда кўплаб режа ва ғоялар турибди, деб маълум қилинган материалда.
Мақола якунида, “Остоналиклар Қозоғистондаги Ўзбекистон киноси кунлари доирасида намойиш этиладиган “Яша, хотин!” комедиясини бепул томоша қилиш имкониятига эга”, – деб ёзган портал.
“Дунё” АА