“Global Times”: Хитой ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорлик – тараққиёт ва фаровонлик сари йўл

Хитойнинг инглиз тилида нашр этиладиган етакчи “Global Times” газетасида “Ўзбекистон Хитой билан биргаликда тараққиёт ва фаровонлик сари янги йўл изламоқда” сарлавҳали таҳлилий мақола чоп этилди.

“Ўзбекистон Хитойнинг ҳар томонлама стратегик ҳамкоридир. Президент Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида Ўзбекистон Хитой билан муносабатларни ривожлантиришга катта аҳамият беради ва Хитойнинг “Бир макон, бир йўл” ташаббусини фаол қўллаб-қувватлайди”, — дейилади мақолада.

Газетада қайд этилишича, ўтган 2023 йил Хитой–Ўзбекистон муносабатлари ривожланиши тарихида муҳим палла бўлди. Икки давлат ўртасидаги олий даражадаги яқин ҳамкорлик икки томонлама муносабатларнинг юксак даражаси ва ўзига хослигини намоён этди.

Мақола муаллифининг ёзишича, Хитой ва Ўзбекис­тон ўртасидаги сиёсий ўзаро ишонч янги босқичга кўтарилган. 2013 йилда Хитой “Ипак йўли иқтисодий макони”ни барпо этиш ташаббусини илгари сурди ва бу ғоя Ўзбекистон томонидан қадимий Ипак йўлини қайта тиклаш бўйича муҳим чора сифатида юқори баҳоланди.

Хитой айни пайтда Ўзбекистоннинг энг йирик импорт манбаи ва савдо шериги ҳисобланади, шунингдек, экспорт бўйича иккинчи ўринда туради. Халқаро транспорт йўлаги Хитой-Ўзбекистон ҳамкорлигининг асосий йўналиши бўлиб, Ўзбекистонни “денгизга чиқа олмайдиган мамлакатдан” “қуруқлик билан боғланган мамлакат”га айлантиришига самарали ёрдам беради. Хитой томонидан муваффақиятли қуриб битказилган “Ангрен–Поп” темир йўл линияси Ўзбекистон ва Марказий Осиёдаги энг узун туннель ҳисобланади. “Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон” транспорт йўлаги тоғларни кесиб ўтувчи халқаро транспорт артериясига айланиб бормоқда. “Марказий Осиё – Хитой” газ қувурининг тўртта йўналиши ҳам Ўзбекистон ҳудудидан ўтиб, қўшни давлатлар ўртасидаги дўстона ҳамкорликнинг мезонини белгилаб беради.

“Хитой ва Ўзбекистон ўртасидаги маданий алоқалар ҳам жадал ривожланиб бормоқда. Икки мамлакат олий таълим муассасалари, таҳлил марказлари, оммавий ахборот воситалари, санъат, археология ва соғлиқни сақлаш соҳалари ўртасида тез-тез алмашинувлар амалга оширилмоқда. Туризм соҳасида ҳамкорлик бўйича қатор келишув ва меморандумлар имзоланган. Ўзбекистон хитойлик сайёҳлар учун 10 кунлик визасиз режим жорий этган. Бу Хитой ва Ўзбекистон ўртасидаги туризм ҳамкорлиги янада кенгайишига хизмат  қилмоқда”, — деб таъкидлаган Хитой  босма нашри.

2024 йилда ҳар икки томон иқтисодиёт, савдо, сармоя, молия, алоқа, қишлоқ хўжалиги, энергетика ва яшил ривожланиш каби турли соҳаларда ҳамкорликни янада фаоллаштириши ва чуқурлаштириши табиий.

“Иккала мамлакат ҳам саноатнинг бир-бирини тўлдирувчи афзалликларидан тўлиқ фойдаланиши, ўзаро савдони рағбатлантириши, савдо тузилмасини оптималлаштириши, саноат ва таъминот занжирларининг барқарорлигини сақлаши керак. Шунингдек, улар БМТ ва ШҲТ каби кўп томонлама халқаро механизмлар доирасида яқиндан ҳамкорлик қиладилар”, деб ёзган “Global Times”.

“Дунё” АА,

Пекин ш.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

three × 1 =