Излайман руҳ озодлигини
Икром ОТАМУРОД
Муаллиф ҳақида:
Икром ОТАМУРОД — 1951 йилда туғилган. Ўзбекистон Миллий университетининг журналистика факультетида таҳсил олди.
Шоирнинг “Вақт ранглари”, “Жануб қушлари”, “Тўрғайли манзиллар”, “Уфқлар орти бепоён”, “Узоқлашаётган оғриқ”, “Руҳимнинг қайғуси”, “Кўнглим ўзинг”, “Тавр”, “Тағаззул”, “Харитага тушмаган жой”, “Муқаддар”, “Ҳувият”, “Сукут садоси” мажмуалари шоирга катта шуҳрат олиб келди.
“Шарқ юлдузи” журналида меҳнат қилади. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.
…Юрагингда қадр уйғонсин,
ҳам ғурурлар уйғонсин онгда.
Шаббодалар меҳрига қонсин,
отаётган нурафшон тонгда.
Канглунг қамуғ, занжир эшиги
илгагин еч, ўзингни тани.
Ки, қадрдир ўзлик бешиги,
ки, ғурурдир ҳурлик Ватани.
Руҳингни сез, руҳингга эрк бер,
ҳисларингни бойланган қушлар,
Қўйвор учсин, қўйворгин бир-бир,
ҳумоларга айлансин тушлар.
Муқаддас хотиранг сасидан
сезгум букук, азотлигини.
Умидларинг харитасидан
излайман руҳ озодлигини.
Юрагингда қадр уйғонсин
ҳам ғурурлар уйғонсин онгда.
Шаббодалар меҳрига қонсин
отаётган нурафшон тонгда…
* * *
…Бир кун йўллар мени соғиниб қолар,
соғиниб қолар қадамларимни.
Қарай-қарай бир кун қароғи толар,
хўрсиниб ютар сўнг аламларини.
Бир кун йўллар мени соғиниб қолар,
соғиниб қолар пайконларини.
Юраги тўлиқиб ёдига олар:
тонгда ўтиб, оқшом қайтганларимни.
Бир кун йўллар мени соғиниб қолар,
соғиниб қолар тош отганларини.
Гоҳида изғирин, гоҳида қорлар,
канглумга гайбурдек битганларини.
Бир кун йўллар мени соғиниб қолар,
соғиниб қолар ўй эзганларини.
Хаёлимни тортиб соҳибжамоллар,
хаёлимда кезганларини.
Бир кун йўллар мени соғиниб қолар,
соғиниб қолар дўнг ҳам пастқамлари.
Канда қилмай мен юрган онлар,
канда қилмай кузатган дамларини.
Бир кун йўллар мени соғиниб қолар,
соғиниб қолар ўтганларимни.
Бир кун йўллар мени соғиниб қолар,
йўлларни соғиниб кетганларимни.
* * *
…Оҳ, она табиат — мангу синоат,
синоат қанчалар қадрли эдинг?
Оҳ, она табиат — бўлиб қаноат,
сабрни бардошга айлантирардинг.
Оҳ, она табиат — сени соғиндим,
дардингни,ғамингни ўзимга олиб.
Оҳ, она табиат — руҳингга индим,
қайғунгнинг сирини қайғумга солиб.
Оҳ, она табиат — қўйганингга лаб,
қандайин эдинг-а, олам имкони.
Оҳ, она табиат — тонгни бағирлаб,
қуёш бўлар эди меҳрнинг кони.
Оҳ, она табиат — бир маҳал, бир пайт,
кенглик сиймосига интилардинг, оҳ!
Оҳ, она табиат — яна бир бор қайт,
канглумнинг тубидан кетмагин, ногоҳ!..
* * *
…Қуёш юз кўрсатар ҳар кун бошқача,
Куну тун ўзгарар: қисқа ё узун.
Ҳатто сукут босиб ётган тошгача
Тусланар ейланиб, эйланиб тўзиб.
Вужуд ила жони абадий бир тан,
Бу дунёда фақат ўзгармас Ватан!
Ҳавонинг авзойи турланар дамда,
Лаҳзада ўзгариб боради иқлим.
Ёғин адо, ёғин пайдо қадамда,
Дайролар гоҳ қайранг, гоҳ сувга лим-лим.
Вужуд ила жони абадий бир тан,
Бу дунёда фақат ўзгармас Ватан!
Тоғлар баландлайди, тоғлар пасаяр,
Суянч қояларин қурби мўрт тортиб.
Ой нури тўлғин, ой нури сусаяр,
Кўк зеби – юлдузлар жилваси ёрти.
Вужуд ила жони абадий бир тан,
Бу дунёда фақат ўзгармас Ватан!
Ростлар ёлғонларга ён босар гоҳи,
Гоҳида ёлғон ҳам ростдай чоғланар.
Вақт арқоғин йўриб, йигириб, эҳҳе,
Қувончга боғланар, ғамга боғланар.
Вужуд ила жони абадий бир тан,
Бу дунёда фақат ўзгармас Ватан!
Бўйига, энига маҳлиё, сахтли,
Не қалъа, қўрғонлар мункаяр нураб.
Давронлар, бойликлар чанг, ғубор тахлит
Шамоллар измида учар чирпираб.
Вужуд ила жони абадий бир тан,
Бу дунёда фақат ўзгармас Ватан!
Манзиллар, маконлар ҳаддини йўниб,
Бетоқат югурар қўнимсиз йўллар.
Ортда қолаверар армонга дўниб,
Умр косасидан тўкилган йиллар.
Вужуд ила жони абадий бир тан,
Бу дунёда фақат ўзгармас Ватан!
Ўзгарар ихлослар, қарашлар пай-пай,
Узилар метиндай ришталар… фақат…
Мўғжалари бўлуғ собит дарахтдай
Руҳда томир отган улуғ ҳақиқат —
Вужуд ила жони абадий бир тан,
Бу дунёда фақат ўзгармас Ватан!..
* * *
…Бир эзгин ёмғирлар ёға бошлади,
соғинчлар сабрини соға бошлади.
Кун ҳам намозшомга оға бошлади,
бувишим, мен сени бир кўргим келди.
Юлдузлар бағридан туманлар тарқар,
олислардан мовий осмонлар қайтар,
Юрагим ёшларин армонлар артар,
бувишим, мен сени бир кўргим келди.
Умидга кўз тиккан сабрдир — дунё,
бераҳм тиғ тутган жабрдир — дунё,
Мажнуннинг оҳига қабрдир — дунё,
бувишим, мен сени бир кўргим келди…
* * *
…Турна доим сирли сифат имдоди,
нигоҳида, парвозида синоат.
Осмоннинг бағрини безар қаноти,
заминнинг кўксида пойи иноят.
Сирли хабарларга интилиб турна
сирни вужудига жойлайди пинҳон.
Олис-олисларга йўналиб ҳарна,
олис-олисларга термилар он-он.
Кўкламда учади шимол томонга,
ёз ҳавосин мабҳутига боғиниб.
Куз оғса гар қишловли имтиҳонга,
жанубга қайтади сирли соғиниб…
* * *
…Борлиққа боқаман интизор бўлиб,
ўзи яратгандир борлиқни Оллоҳ!
Халқим, борлиқнинг соғинчига тўлиб,
мангу асотирга айлангин, илло!
Халқим, туфроғингнинг бир заррасиман,
зарранг канглумнинг тубида мадордир.
Пайванднинг пайвандин бир сирасиман,
сиранг мақсадимнинг мақсадига ордир.
Халқим, туфроғингнинг бир гиёҳиман,
гиёҳинг бағримнинг бағрида тоқат.
Гиёҳга айланган туфроқ оҳиман,
жовдираб-жовдираб қарайман фақат.
Халқим, туфроғингнинг бир имкониман,
имконинг имкони кенглик сарҳади.
Мовий кўкнинг, асил ернинг ёниман,
қодиру содирдан матлуб марҳади.
Халқим, туфроғингнинг бир сукутиман,
сукутим ўзингга бўлайин сабот.
Хотир ёдига, хотир юкутиман,
қатра имдодига кўз ёшим бот-бот.
Халқим, туфроғингнинг бир сўроғиман,
сўроғим сўроғи макон ўзаги.
Ҳаводис сойирин ҳин туроғиман,
канглум қаватида мунир кузаги.
Халқим, туфроғингнинг бир гардиман,
гардингни ўзимга сарафроз этгум.
Гардингга пайваста бўлган дардингман,
дардинг идрокида меҳрга етгум.
Халқим, туфроғингнинг қадим туфроғи,
канглум қаватига жойланган Ватан!
Канглумнинг армони,
меҳримнинг боғин,
хилқатга боғлайдир туфроқ дафъатан.
Борлиққа боқаман интизор бўлиб,
ўзи яратгандир борлиқни Оллоҳ!
Халқим, борлиқнинг соғинчига тўлиб,
мангу асотирга айлангин, илло!..