Бир сирли нигоҳдан бошланар ҳаёт
Ўзбектош ТЎРАХОНЛИ
Муаллиф ҳақида:
Ўзбектош ТЎРАХОНЛИ (Асқар ҚИЛИЧЕВ) 1986 йили Гулистон шаҳрида туғилган.
Ўзбекистон давлат Санъат ва маданият институтининг мусиқали театр режиссураси факультетини тамомлаган. Драматург ва режиссёр.
Ижодкорнинг “Қувонч” ҳикоялар тўплами, “Оқ ва қора”, “Қочоқ куёв” қиссалар тўплами нашр этилган. Унинг муаллифлигида “Тўмарис” спектакли саҳналаштирилган. “Патирнинг етти сири” спектаклининг муаллифи ва саҳналаштирувчи режиссёри. “Кўксимдаги туморим – Ватан!” деб номланган шеърлар ва масаллар китоби нашр этилиши арафасида.
Ўзбекистон Ёзувчилар ва Театр арбоблари уюшмалари аъзоси.
Ягонамсан – она Ватаним!
Кўкдан ёғду тараб турсин мустақиллик,
Жон қушидек сайраб турсин мустақиллик,
Бетакрорим, ягонам шу Ватан учун,
Авлодларга мерос қолсин мустақиллик,
Мангу бўлсин, мангу бўлсин мустақиллик.
Мустақиллик – тинчлик бахти, озодлигим,
Бағри бутун, тўкинлигим, ободлигим,
Аждодларга муносиб бир авлодлигим,
Келажакка мерос қолсин мустақиллик,
Мангу бўлсин, мангу бўлсин мустақиллик.
Ҳилпираган байроғимнинг сурати у,
Ота-бобом орзу қилган жаннатдир у,
Яратганнинг бизга қилган ҳиммати бу,
Авлодларга мерос қолсин мустақиллик,
Мангу бўлсин, мангу бўлсин мустақиллик.
Амир Темур шижоати, адолатим,
Бобурлардан қолган журъат, жасоратим,
Бибихоним қалбидаги садоқатим,
Авлодларга мерос қолсин мустақиллик,
Мангу бўлсин, мангу бўлсин мустақиллик.
Юрагимга нур тўлдирсин мустақиллик,
Боламга ҳам бахтлар берсин Мустақиллик!
Асл оталарнинг асл қизлари
Гулдай умри тоғдай маънога тўлиғ,
Мағрур оталарнинг ғурур излари.
Икки дунёда ҳам юзлари ёруғ,
Асл оталарнинг асл қизлари.
Тавфиқ ва тақвоси амалда зоҳир,
Суҳбатлари руҳни аллалар соҳир,
Ёр бошлаган йўлдан борар то охир,
Асл оталарнинг асл қизлари.
Ҳақсўз оталардан мерос ҳақиқат,
Қондан ўтар улуғ неъмат — фаросат,
Келган даврасида меҳмон орият,
Асл оталарнинг асл қизлари.
Кўнгил тўлиб кетса, дилдош ахтариб,
Тўкилса ғарқ бўлар бу олам ғариб,
Гапи чиқмаган ном олган улғайиб,
Асл оталарнинг асл қизлари.
Оила қўрғонин файзига посбон,
Нигоҳин тополмай йигитлар сарсон,
Юртининг юкига елка тутган шон,
Асл оталарнинг асл қизлари.
Тинчлик қадри
Тинч кунда ейилган бурда қотган нон,
Тотли ва ёқимли болдан минг чандон,
Тинчлик қадрича йўқ бирон-бир неъмат,
Кунларда барака, ҳаловат меҳмон.
Олов келтирган одам
Қаттиқ қаҳратонда нажот йўқ фурсат,
Олов келтирган зот қуёшдай азиз,
Шундай омон қолди қақшаган элат,
Илк ўт қалаганлар — ўтюрак шаксиз.
Тарихда воқеа йўқ бундан-да буюк,
Ўчоқни ёққан ном тез унутилди.
Ўтга эга чиқди беш-олти бузуқ,
Ўтюрак эр четга улоқтирилди.
Тошни тошга уриб пуфлаб, куф-суфлаб,
Олов келтирганлар шундай бўлди хор…
Уларнинг сафида шоир бор ғариб,
Ҳеч ким бунга қилмас зарра эътибор!
Олов келтирган қалб нурдай хокисор,
Ёмонлик қилишга вақти йўқ одам.
Ҳақиқатинг бўлса, ё Ҳақ, қўллавор,
У қаҳратон қаҳрин тотмасин ҳечам.
* * *
Ернинг сувсизликдан юзи буришар,
Гуллар нурсизликдан қурир, қовжирар,
Муҳаббат одамнинг умрига малҳам,
Кўнгил ишқсизликдан совир, сарғаяр.
* * *
Мени кутганлардан юзимни буриб,
Инсонлик қадримни ерларга уриб,
Кутмаган кунларга бордим ёлвориб,
Мендан кулган экан суйдим деганлар,
Гул деб қучганларим санчди тиканлар.
Кўнгил ҳувиллаган зим-зиё сарой,
Ҳижронлар изғийди йил-ўн икки ой,
Ҳислар мозорига бир шам ёқиб қўй…
Мени ёлғондакам суйдим деганлар,
Гул деб қучоқ очсам, санчди тиканлар.
Учрашувга чорлаб кўндиролмадим,
Ёнган ишқ оловин сўндиролмадим,
Тиланиб бир бўса ундиролмадим,
Мендан кулган экан суйдим деганлар,
Гулим деб қучганим санчди тиканлар.
Тунда йиғисига ишондим бекор,
Тонгда тарк этди-ку сохта, ҳийлакор,
Мениям ардоқлаб соғинганлар бор,
Мендан кулган экан суйдим деганлар,
Гул деб қучганларим санчди тиканлар.
Васлин қизғаниб рашк берди атайин,
Хотирларни ўтга ташлашим тайин,
Қанча совитса ҳам соғиндим лекин,
Мендан кулган экан суйдим деганлар,
Гулим деб қучганим санчди тиканлар.
Саройга суюкли сотилган санам,
Бағри тош замонда тошдил муҳтарам,
Худонинг жазоси бордир сенга ҳам,
Мендан кулган экан суйдим деганлар,
Гулим деб қучганим санчди тиканлар.
Гўзаллар томонга боссам бир қадам,
Ошиқликдан бездим, эмасман одам,
Унинг исмин қайта тилимга олмам,
Мендан кулган экан суйдим деганлар,
Гулим деб қучганим санчди тиканлар.
Қалдирғочойим
Сим узра куйлайди вижир-вижирлаб,
Жуфтини йўқотган ёлғиз қалдирғоч.
Ўттиз йил сукунат, шунча йил азоб,
Жуфтин кутаётган ёлғиз қалдирғоч.
Сим узра қунишар мўмин жонивор,
Қанотларин ожиз силкир беозор,
Кеч кузда ҳам кечмас сўнмас умид бор,
Жуфтин кутаётган ёлғиз қалдирғоч.
Висол кунларини кам қилди ҳаёт,
Ҳижрон шаробини мўл қилди, ҳайҳот,
Ҳаётда учрамас бундан ортиқ дод,
Жуфтин кутаётган ёлғиз қалдирғоч.
Кўзларини тутиб олмоқлик гумон,
Бош эгиб юришда қанча дард пинҳон,
Вайроналар ичра юраги вайрон,
Жуфтин кутаётган ёлғиз қалдирғоч.
Киприкка илиниб турар орзуинг,
Унгача узилиб кетмасин умринг,
Мардинг келар, кутгин, қалдирғочойим,
Жуфтин кутаётган ёлғиз қалдирғоч.
Қадрингни хор қилиб жуфтлик топгандан,
Минг марта яхшироқ ёлғиз яшаган,
Севгининг исботи кўзидаги нам,
Жуфтин кутаётган ёлғиз қалдирғоч.
* * *
Эй, кўзлари мастона,
Ошиқ этдинг девона,
Севмайман деб пинҳона,
Севишларинг ёмон-да.
Ширин севги суҳбати,
Келар сўнар муддати,
Рашкда ошиб диққати,
Совишларинг ёмон-да.
Инкор сўз айта-айта,
Иқрорлик қайта-қайта,
Мен нима, сен не дардда,
Ёнишларинг ёмон-да.
Лабларда тугиб асал,
Тилидан тўкиб ғазал,
Гўзал айби ҳам гўзал,
Келишларинг ёмон-да.
Майли, номим зор ата,
Лек жонга жонинг қада,
Ёддан ўчгувчи ваъда,
Беришларинг ёмон-да.
* * *
Ҳасратга қоришиб қолма, шеърият,
Ғийбатга қовишиб қолма, шеърият,
Ўчмасин қўлингда юрак машъала,
Эзгулик йўлида толма, шеърият.
Сафларни бузмасин ҳийла-ю алам,
Шайтонга хизматкор риёкор қалам,
Қўшилиб қолмасин ортиқча рақам,
Номаъқулнинг сўзин олма, шеърият.
Париларнинг пичир-пичирлари — шеър,
Ёниқ ёш ташна қалб шивирлари шеър,
Бойларни мискинга эгилгани шеър,
Чиркни қофияга солма, шеърият.
Аларда йўқ ахир бизлардаги кўз,
Халқ қўйнидан йиққан хирмон-хирмон сўз,
Бизга ўхшамоқчи ҳув тақлидчи дўст,
Маддоҳларга назар солма, шеърият.
Дарғалар, даҳолар муқаддас сўзи,
Халқининг қалбида ҳар босган изи,
Миллатга хизматкор миллат юлдузи,
Сарой пойида хор қолма, шеърият.
* * *
Косадай гулларни билмадим-да, ҳай,
Ифори бўлакча кичкина гулнинг,
Қандай ухларкин-а бизни ухлатмай,
Олисдан ўғирлаб тинчини дилнинг.
* * *
Бир сирли нигоҳдан бошланар ҳаёт,
Гўзал тарихимиз бордир бизнинг-да,
Қувончда тўлиқиб айтаман раҳмат,
Умрингни мен билан боғлаганингга.
* * *
Кечагидан кўра бугун бошқача,
Қуёшли файзи ҳам бутун бошқача,
Энди кунлар яхши пойдан бошгача,
Барини бошқатдан бошлайлик, кел, ёр.
Муҳаббатимизга болалик гувоҳ,
Бизни айирганлар бандалар гумроҳ,
Асли биз билмаган ёшликда гуноҳ,
Бошқатдан бошласак бўларми, ҳей, ёр.
Гулдай зулфинг тафти менга майхона,
Афсоналар излаб бўлдик девона,
Юрагим табиби ўзинг бийдона,
Бариси бошқатдан бошлансайди, ёр.
Осмонда ой нима, бўлолмас сендек,
Оқбилак ойтилла бўлолмас сендек,
Шунингдек, ўшалар бўлолмас мендек,
Бошқатдан бошласак бўларми, ёрим?
Ишқдан тушган учқун ёндирмай қўймас,
Ишқдан ёришмаган йўлларинг йўлмас,
Нурни йиғиб юрган шоирингман, бас,
Барини бошқатдан бошласайдик, ёр.
Муҳаббат мадҳияси
Тунингни ёритса қуёш ғалати,
Ғам, қувонч қоришиқ кўзёш ғалати,
Муҳаббат — худонинг ажиб неъмати,
Кўнгил нозга келса, тил розга келса.
Ернинг баракаси деҳқони билан,
Яшил боғлар файзи боғбони билан,
Кўнгил тирик севги доғлари билан,
Дил нозга келганда тил розга келар.
Муҳаббат муждаси, умиди висол,
Икки олис дилни боғлайди висол,
Ҳижроннинг енгилган чоғлари висол,
Кўнгил нозга келса, тил розга келса.
Соғинч булоқлари бирдан очиб кўз,
Тутдай дув тўкилди кўзёш мисли сўз,
Ёр васли — ёз фасли қанча бўлса оз,
Кўнгил нозга келса, куй розга келса.
Суяр суюклисин ҳусн-у ақлини,
Хаёлни ҳаёт деб айтган нақлини,
Ҳам хуш, нохушини, ўтли жаҳлини,
Кўнгил нозга келса, куй розга келса.
Ҳар ким ўз бошига тушганни сўйлар,
Ким қафасда қушдай қўшиқлар куйлар,
Ким эса самода шодликдан бўйлар,
Кўнгил нозга келса, куй розга келса.
Хатосиям гўзал гўзал қизларни,
Теран танлар унга ғазал сўзларни,
Кипригида тутиб роз-у нозларни,
Кўнгил нозга келса, куй розга келса.
Кўнгил нозга келди, куй розга келди.