Бир тунки, ёритмоқ маҳи тобон била олмас
Жаъфар Муҳаммад ТЕРМИЗИЙ
Муаллиф ҳақида:
Зуллисонайн шоир, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, Тожикистон Ёзувчилар иттифоқи аъзоси, Эрон Адабий танқиди илмий Академияси (Теҳрон Педагогика университети) аъзоси, файласуф ва шарқшунос-тасаввуфшунос олим, таржимон ва публицист Жаъфар Муҳаммад Термизий (Жаъфар Холмўминов) фалсафа фанлари доктори (DSc), Тошкент давлат Шарқшунослик университети профессори сифатида талаба-магистрларга тасаввуф илмидан сабоқ бериб келмоқда.
Жаъфар Муҳаммад Термизий ислом фалсафаси, тасаввуф тарихи, ирфон фалсафаси, тасаввуф адабиёти, диншунослик, форс-тожик ва ўзбек адабиёти, манбашунослик, маънавиятшунослик, адабий алоқалар ва таржимашуносликка оид 20 дан ортиқ монография ва рисолалар, 300 дан ортиқ илмий ва илмий-оммабоп мақолалар, форс-тожик ва ўзбек тилларида 10 дан ортиқ шеърий китоблар муаллифи, 20 га яқин шеърий ва илмий китоблар таржимони.
БИЛА ОЛМАС
Бир дардки, ки дармонини Луқмон била олмас,
Бир ғуссаки, юз Кулбаи эҳзон1 била олмас.
Бир ҳажрки, юз васл бўлолмас унга маҳрам,
Бир тунки, ёритмоқ маҳи тобон била олмас.
Бир шаҳрки, деву дадининг2 сонини ҳатто
Осонлик ила шоҳ Сулаймон била олмас.
Бир макрки, маккораи даврон унга ҳайрон,
Бир фитнаки, услубини шайтон била олмас.
Тан жон ила, жон тан ила ҳарчанд тирикдир,
Тан ўз ичида не чекадир жон, била олмас.
Бир файзки, у бизда-ю бебаҳра биз ундан,
Бир Нурки, моҳиятин инсон била олмас.
Бир лутфки, ки қадрига етолмас бани Одам,
Бир Ақлки, поёнини Кайҳон била олмас.
Бир Ишқки, биз унга-ю у бизга қарамдир,
Ким кимга асир, ақли паришон била олмас…
НЕГА ҚИЗҒОНДИНГ?
Лутфингни ситамгорим, мендан нега қизғондинг,
Меҳрингни жафокорим, мендан нега қизғондинг?
Бир қарз саломингни, бир ҳадя каломингни,
Тўтийи шакарборим, мендан нега қизғондинг?
Ҳуснинг, рухи моҳингни, бир қатра нигоҳингни,
Эй кўзлари хумморим, мендан нега қизғондинг?
Кетди-ку саболарга, ҳам боди фаноларга,
Зулфингни дилозорим, мендан нега қизғондинг?
Бир қатра тараҳҳумни, бир байт табассумни,
Эй ҳийласи бисёрим, мендан нега қизғондинг?
Бир жилвали нозингни, бир жумлали розингни,
Ганжинайи асрорим, мендан нега қизғондинг?
СЕНСИЗЛИКДА ЯШАЁТГАН ШЕЪР
Нигоҳларинг нақадар тиниқ,
Хаёлларинг нақадар мовий.
Нафас олар нақадар нафис,
Қалбингда бир туйғу самовий.
Очилади нафасларингдан,
Муҳаббатга муштоқ ғунчалар.
Наҳот, наҳот инсон дегани,
Гўзал бўлар, латиф шунчалар?
Сен мен учун яралган эдинг,
Сени мендан қизғанди қисмат.
Латифалар айтиб авради
Юрагимни афанди қисмат.
Сенинг ипак хаёлларингни
Юрагимга тўзарди ғазал.
Икки қошинг – байтингдан нусха
Олиб девон тузарди ғазал.
Биласанми, мен сени ҳатто
Қизғонганман шеъру ғазалдан.
Юрагимдан сени рашк этиб,
Келар эдим ўзи азалдан.
Энди Юрак билан ҳасратин,
Айтар умрин ошаётган шеър.
Энди тортар ҳижрон азобин
Сенсизликда яшаётган шеър.
МЕНШУНОСЛИК
Мен
Сеншуносман,
касбим – шу,
корим – шу!
Лекин Сен
Меншунослик факултетида
ўқишни ҳеч қачон
истамагансан
бўлмағур соҳа деб…
Не қилай,
Борим – шу!
ВАҚТ ЗАХМИ
Ниҳоят, келдинг –
Юзларингда
Вақт захми,
Кўзларингда
Вақт ваҳми,
Сўзларингда
Вақт таъми.
Мен эса
Вақт хумида
эзилиб-эзилиб
Шаробга айланиб кетган узумман…
ВАҚТ АНАТОМИЯСИ
Вақт –
чопиш бўйича
чемпион бўлган
бир қуён билан
пойгага тушган
зил-замбил донишманд тошбақа.
Вақт –
туннинг шап-шаффоф
ойналарини
чил-чил-чил синдирган
қўшиқчи қурбақа.
Вақт –
сарой лаззатин тарк этган
бўлажак Будда.
Вақт –
эридан эрта ажралган
аёлга берилган уч ойлик идда.
Вақт –
Кумуш юзида
чимирилган қош.
Вақт –
Зайнаб кўзидан оққан ёш.
Вақт –
Бир ёш гўдакка айланган
юз ёшли қария.
Вақт –
қонга бўялган,
кўзлари ўйилган
бечора Сурия.
Вақт –
Қарз десалар,
Азроилни кўргандек қалтирайдиган,
қорни тўқ-у кўзи оч,
хасис бойнинг юзларида гуллаган ажин.
Вақт –
Сеҳрли чироқнинг ичида
камбағал бир Алоуддинни
кутаётган жин.
Вақт –
Арафот тоғида
жиққа терга ботиб,
комфорт ҳотелнинг
музхонаси ё музқаймоғини,
Ва ёки
кимгадир фойизга
берган долларлари
туғаётган фойдани
лип этиб хаёлдан ўтказган зойир.
Вақт –
Маҳбубасининг
камон қоши,
оҳу кўзини
эслаган чоғида
улоғини бой берган чавандоз ботир.
Вақт –
Рустами достоннинг номард тиғидан
жон бераётган
жавонмарг Суҳробга кечикиб етган
бефойда малҳам.
Вақт –
сафро ортидан тўпланган балғам.
Вақт –
Тоза ва нарму мулойим чармнинг
Пўлатдан-да қаттиқ жонига
Санчиқли,
Илмоқли
Ниш ураётган
Бешафқат бигиз.
Вақт –
биянинг ярим оч тойчоғи
ризқидан қийиб
мешвойинг еб тўймас
қорнига тўкилаётган
субҳидам қимиз…
Вақт…
ВАҚТ
Вақт бир ҳакам
У ҳеч кимсага
Туҳмат қилмайди.
Вақт бир солик
У тўхталишни
Одат қилмайди.
Вақт бир ориф
У ҳеч кимсани
Ғийбат қилмайди.
Вақт бир бўри
У ҳеч кимсага
Шафқат қилмайди…
ДУНЁ НИМА?
Дунё нима?
Юз туя гуноҳ…
Дунё нима?
Бир чумчуқ савоб…
Дунё нима?
Бир кулба роҳат…
Дунё нима?
Бир сарой азоб…
Дунё нима?
Бир чимдим таскин…
Дунё нима?
Бир тоғ изтироб…
Дунё нима?
Бир дарё умид…
Дунё нима?
Бир саҳро сароб…
Дунё нима?
Бир хирмон савол…
Дунё нима?
Бир тариқ жавоб…
1Кулбаи эҳзон – Яъқуб (а) Юсуф (а) фироқида ғам-андуҳга ботиб, узлатга чекинган жойи – ғам кулбаси.
2Дад – махлуқ; инс-жин; ёвуз мавжудот.